022. Ухуд жанги (давоми)

    Саҳобаларнинг Расулуллоҳ (сав) атрофларига йиғила бошлашлари

    Бу воқеаларнинг ҳаммаси бир неча дақиқа ичида, жуда катта тезликда бўлиб ўтди. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдинги қаторларда жанг қилаётган сара саҳобалари ҳолатнинг ўзгарганини кўришлари биланоқ ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларини эшитишлари биланоқ у зотга бирон кўнгилсизлик етишини олдини олиш учун тезлик билан ўша тарафга шошилдилар. Бироқ, улар етиб келишганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга аллақачон жароҳатлар етган, олтита саҳобалари ўлдирилиб, еттинчиси жароҳатланган, Саъд ва Талҳа шиддатли жанг олиб боришаётганди. Улар етиб келишгач, у зотнинг атрофларида жонли девор ҳосил қилиб, ўраб олишди ва у кишини душман зарбаларидан қаттиқ ҳимоя қилишди. Биринчи бўлиб ёнларига садоқатли дўстлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу етиб келди.

    Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: Абу Бакр Сиддиқ деди: «Уҳуд куни ҳамма Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан узоқлашиб кетган эди. Биринчи бўлиб ёнларига мен етиб келдим. Қарасам, олдиларида бир киши у зотни ҳимоя қилиб жанг қилаётган экан. «Илоҳим, Талҳа бўлсин-да, ота-онам унга фидо бўлсин, илоҳим, Талҳа бўлсин-да, ота-онам унга фидо бўлсин», дердим. (Чунки, бу иш ўзимга насиб қилмагани учун у одамнинг менинг қавмимдан бирон киши бўлиб чиқишини истардим.) Зум ўтмай орқамдан Абу Убайда ибн Жарроҳ етиб келди, у ўқдек учиб келаётганди. Иккаламиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб отилдик. Қарасак, Талҳа у кишининг олдиларида йиқилиб ётибди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингизга қарашинглар, дарҳақиқат у (жаннатни ўзига) вожиб қилди», дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларидан жароҳатланиб, дубулғаларининг иккита ҳалқаси юзларининг ичига кириб қолган экан. Мен уларни суғуриб олмоқчи бўлган эдим, Абу Убайда: «Аллоҳ ҳаққи, эй Абу Бакр, шу ишни менга қўйиб беринг», деди. Сўнг ҳалқани тишлари орасига олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор бермаслик учун қимирлатиб-қимирлатиб суғуриб олди, бироқ ўзининг олди тиши тушиб кетди. Кейин мен иккинчи ҳалқани суғуриб олмоқчи бўлсам, у яна: «Аллоҳ ҳаққи, эй Абу Бакр, шу ишни менга қўйиб беринг», деди. Сўнг уни яна тишлари билан тортиб суғуриб олди, шунда иккинчи тиши ҳам тушиб кетди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингизга қарашинглар, у (ўзига жаннатни) вожиб қилди», дедилар. Шундан сўнг биз Талҳага юзланиб, уни муолажа қилишга киришдик. Унга ўндан ортиқ зарба етган экан. «Таҳзибу тарихи димашқ» асарида (7/78) айтилади: «Сўнг биз уни ўша чуқурлардан бирига олиб бордик. Қарасак, унинг баданида найза, камон ўқи, қилич зарбаси аралаш олтмиш нечта ҳам жароҳат бор экан, битта бармоғи кесилиб кетибди. Биз унинг ҳолини яхшилашга ҳаракат қилдик».

    Бу орада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларига бир гуруҳ баҳодир мусулмонлар келиб йиғилишди. Улар ичида Абу Дужона, Мусъаб ибн Умайр, Алий ибн Аби Толиб, Саҳл ибн Ҳаниф, Молик ибн Синон (Абу Саид ал-Худрийнинг отаси), Умму Аммора Нусайба бинт Каъб ал-Мозиния, Қатода ибн Нуъмон, Умар ибн Хаттоб, Ҳотиб ибн Аби Балтаъа ва Абу Талҳалар бор эди.

    Мушриклар сиқувининг кучайиши

    Мушрикларнинг сони дақиқа сайин кўпайиб боргани учун, табиийки уларнинг мусулмонлар устига ҳамлалари кучайиб, сиқувлари ҳам ортиб борди. Шу орада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Омир Фосиқ тарафидан тайёрлаб қўйилган бир чуқурга йиқилиб, тиззалари шилиниб кетди. Алий у кишининг қўлларидан тутиб, тортиб чиқарди, Талҳа ибн Убайдуллоҳ қучоқлаб, ўринларидан туришларига ёрдам берди.

    Нофеъ ибн Жубайр айтади: Мен муҳожирлардан бир кишининг шундай деганини эшитганман: «Уҳудда иштирок этганман. Шунда кўрганманки, камон ўқлари ҳар тарафдан келар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртада турар, ўқлар у кишидан четлаб ўтарди. Ўша куни Абдуллоҳ ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийни кўрдимки: «Менга Муҳаммадни кўрсатинглар, у қутулса мен қутулмаганим бўлсин» (яъни, ё у ўлади, ё мен), дер, ваҳоланки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёнгинасида ёлғиз тургандилар. У у зотнинг ёнгиналаридан ўтиб кетди. Кейин Сафвон бу ҳақда уни маломат қилганида: «Худо ҳаққи, мен уни кўрмадим. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, у биздан ҳимояланган. Биз тўрт киши уни ўлдиришга аҳдлашиб чиққан эдик, бироқ бунга муваффақ бўлмадик», деди.

    Ноёб қаҳрамонлик намуналари

    Шу куни мусулмонлар тарихда мисли кўрилмаган ноёб қаҳрамонлик ва ажойиб фидокорлик намуналарини кўрсатишди. Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида тирик девор бўлиб туриб олган, у кишини душман ўқларидан сақлаш учун кўксини қалқон қилган эди.

    Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Уҳуд куни одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан узоқлашиб кетишган, ёлғиз Абу Талҳа у кишининг ёнларида туриб, қалқони билан тўсиб турарди. У билаги бақувват камончи эди, ўша куни у иккита ё учта камон синдирди. Ўқдонида ўқи бор бирон киши ўтиб кетаётган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўқларингни Абу Талҳага бер», дердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душман томонга бўйин чўзиб қарасалар, Абу Талҳа: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, қараманг, улар отган ўқлардан биронтаси тегиб кетмасин, кўксим сизга қалқон бўлсин», дерди». Анас розияллоҳу анҳудан яна ривоят қилинади: «Абу Талҳа билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам битта қалқон билан ҳимояланишар, Абу Талҳа уста мерган бўлиб, у ўқ отганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўйинларини чўзиб, унинг ўқи етиб борган жойга қарардилар».

    Абу Дужона ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиб, келаётган ўқларга орқасини тутиб, тошдек қотиб турарди.

    Ҳотиб ибн Аби Балтаа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак тишларини синдирган Утба ибн Аби Ваққоснинг ортидан бориб, қиличи билан калласини сапчадек узиб ташлади, сўнг унинг оти билан қиличини олиб кетди. Саъд ибн Аби Ваққос укаси Утбани ўзи ўлдиришга қасд қилганди, бироқ бу иш унга эмас, Ҳотибга насиб этди.

    Саҳл ибн Ҳунайф ҳам баҳодир камончилардан бири бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўлимга байъатлашган эди. У ҳам мушрикларни даф қилишда фаол иштирок этди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бевосита ўзлари ҳам камон отардилар. Қатода ибн Нўъмондан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камондан ўқ отдилар, ҳатто камон эгилган жойидан синиб кетди». Кейин ўша камонни у асраб қўйган ва кейинчалик ҳам унда қолганди. Ўша куни Қатоданинг кўзига жароҳат етган ва кўзи оқиб, юзига тушиб қолган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз қўллари билан жойига қайтариб қўйдилар, шундан сўнг у тузалиб, аввалгидан ҳам яхшироқ бўлиб кетди.

    Абдурраҳмон ибн Авф ҳам катта жасорат билан жанг қилди, оғзига жароҳат етиб, тишлари тўкилиб тушди, йигирмадан ортиқ жойидан жароҳатланди, оёғи шикастланиб, оқсоқ бўлиб қолди.

    Абу Саид ал-Худрийнинг отаси Молик ибн Синон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларидаги қонни сўриб тозалаб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Қонни тупуриб ташланг», деган эдилар, у: «Йўқ, ҳаргиз тупуриб ташламайман», деди, сўнг яна жангга киришиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким жаннат аҳлидан бўлган одамни кўришни истаса, шунга қарасин», дедилар. Молик шу куни шаҳид бўлди.

    Умму Амора ҳам жанг қила туриб, бир тўп мусулмонлар ичида Ибн Қамиъага тўқнаш келди. Ибн Қамиъанинг қилич билан берган зарбаси унинг елкасида чуқур жароҳат қолдирди. У ҳам қиличи билан Ибн Қамиъага бир неча зарбалар берди, лекин у устидаги икки қават совути туфайли қутулиб қолди. Умму Амора шу куни ўн икки жойидан жароҳатланди.

    Мусъаб ибн Умайр ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ибн Қамиъа ва шерикларидан ҳимоя қилиб, шиддат билан урушди. Байроқ унинг қўлида эди, уларнинг қилич зарбаларидан ўнг қўли узилиб тушди. Шунда у байроқни чап қўлига олиб, душман қаршисида матонат билан туришда давом этди. Чап қўлини ҳам чопиб ташлашгач, то ўлгунича чўккалаб, байроқни бўйни билан қисиб, тик тутиб турди. Уни Ибн Қамиъа ўлдирди ва кўринишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшаб кетгани учун уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам деган гумонда мушриклар ёнига қайтиб: «Муҳаммад ўлдирилди!», деб ҳайқирди.

    Набий (сав)нинг ўлдирилганликлари ҳақида хабар тарқалиши ва бунинг жангга кўрсатган таъсири

    Бир неча дақиқа ичида бу хабар мушриклар ичида ҳам, мусулмонлар ичида ҳам тарқалиб улгурди. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлмаган ва қуршовда қолган кўпчилик саҳобаларнинг жанговор азму қарорлари сусайиб кетишига ва маънавий руҳиятлари емирилишига сабаб бўлди. Ҳатто уларнинг сафлари ичида қаттиқ парокандалик ва тартибсизликлар пайдо бўлди. Иккинчи томондан, ушбу хабар мушрикларнинг шиддатли ҳужумлари бироз сусайишига ҳам сабаб бўлди. Чунки, баъзилари ўзларини асосий мақсадларига эришган ҳисоблаб, жангни тўхтатиб, мусулмонларнинг ўликларини мусла (қулоқ, бурун каби аъзосини кесиш) қилишга киришиб кетишди.

    Расулуллоҳ (сав) жангни давом эттириб, аҳволни ўнглашга муваффақ бўладилар

    Мусъаб шаҳид қилингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқни Алий ибн Аби Толибга топширдилар. Шиддатли жанг давом этди ва шу ерда бўлган бошқа саҳобалар ҳам етук қаҳрамонлик ва жасорат намуналарини кўрсатишди.

    Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душман сафларини ёриб ўтиб, қуршовда қолган лашкарга қўшилишга муваффақ бўлдилар. Биринчи бўлиб, у кишини Каъб ибн Молик таниди ва бор овози билан: «Эй мусулмонлар! Хушхабар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тирик эканлар!», деб қичқирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга у кишининг турган ўринлари маълум бўлиб қолмаслиги учун Каъбга: «Жим бўл» деб ишора қилдилар. Бироқ, Каъбнинг овози мусулмонларнинг қулоқларига етиб борди ва эшитганки одам у зотнинг ёнларига қараб интилиб, атрофларида ўттиз чоғли саҳоба жамланишди.

    Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужум қилаётган мушриклар сафини ёриб ўтиб, тоғ даралари сари тартибли равишда чекина бошладилар. Мушриклар чекинишни барбод қилиш мақсадида ҳужумни яна ҳам кучайтиришди. Бироқ, мусулмон баҳодирларнинг матонати олдида бунга муваффақ бўлишолмади.

    Мушрикларнинг отлиқ аскарларидан бири – Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Муғийра «Қани Муҳаммад?! У қутулса мен қутулмаганим бўлсин!» (яъни, у тирик қолса, менинг ўлганим яхши), деганча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига яқинлашиб кела бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан тўқнашиш учун ўринларидан қўзғолдилар, бироқ унинг оти бир чуқурга қоқилиб кетди, шунда Ҳорис ибн Симма у билан олишиб, оёғига уриб, ўтиргизиб қўйди, сўнг уни саранжомлаб, қуролини олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб қўшилди.

    Макка суворийларидан Абдуллоҳ ибн Жобир деган яна бириси Ҳорис ибн Симмага ҳамла қилиб, қиличи билан елкасига уриб, ярадор қилди, уни мусулмонлар кўтариб олдилар. Шунда қизил пешонабанд соҳиби, ботир жангчи Абу Дужона Абдуллоҳ ибн Жобирга ҳамла қилиб, қиличи билан калласини сапчадек узиб ташлади.

    Мана шундай шиддатли жанг асносида Аллоҳ тарафидан мўминларга ором уйқуси тушиб, Қуръонда айтилгани каби уларни мудроқ ола бошлади. Абу Талҳа айтади: «Уҳуд куни мудроқ олган кишилар ичида мен ҳам бор эдим, ҳатто қиличим бир неча марта қўлимдан тушиб кетди. Мен уни олардим, у яна тушиб кетарди, яна олардим».

    Ушбу гуруҳ мана шундай матонат билан, тартибли равишда чекиниб, тоғ дараларига етиб олди ва қўшиннинг қолган қисмига ҳам мана шу бехавотир жойга етиб олишлари учун йўл очиб берди, шу билан улар ҳам келиб қўшилишга муваффақ бўлишди. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳарбий маҳоратлари олдида Холиднинг маҳорати енгилди.

    Убай ибн Халафнинг ўлдирилиши

    Ибн Исҳоқ айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарага етиб келган ҳам эдиларки, орқаларидан: «Қани Муҳаммад?! У қутулса мен қутулмаганим бўлсин!», деб бақирганича Убай ибн Халаф етиб келди. Мусулмонлар: «Ё Расулуллоҳ, биронтамиз унга қарши жангга чиқайликми?», деб сўрашган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўяверинглар, келаверсин», дедилар. У яқин келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳорис ибн Симманинг найзасини қўлга олдилар-да, шаҳд билан қўзғолиб унга пешвоз чиқдилар ва совути билан дубулғаси ўртасида очилиб турган ўмровига кўзлари тушиб, найзани ўша ерига шундай урдиларки, унинг зарбидан Убай отидан қулаб, бир неча марта юмалаб кетди. У томоғидаги унча катта бўлмаган жароҳатидан қон сизиб турган ҳолида Қурайш олдига қайтиб бориб: «Худо ҳаққи, мени Муҳаммад ўлдирди», деди. Улар: «Қўй-е, юрагинг чиқиб кетибди, Худо ҳаққи, жароҳатинг оғир эмас», дейишди. Шунда у: «У менга Маккада: «Мен сени ўлдираман», деб айтган эди, Аллоҳга қасамки, агар юзимга тупурса, тупуги ҳам мени ўлдирган бўларди», деди. Шундан сўнг бу Аллоҳнинг душмани Маккага қайтишаётганида йўлда, Сариф деган жойда ўлди. Абул Асваднинг Урвадан ривоят қилишича, шунингдек, Саид ибн Мусайяб отасидан қилган ривоятда айтилишича, Убай ҳўкиздек бўкирар ва: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар менинг бошимга тушган нарса Зул-Мажоз аҳли бошига тушса эди, ҳаммаси ўлиб кетган бўларди», дерди. Талҳа Набий (сав)ни йўлаб юборади

    Тоққа чекинаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан катта бир харсанг чиқиб қолиб, унга чиқмоқчи бўлиб ҳаракат қилдилар, бироқ ёшлари бироз улғайгани, боз устига икки қават совут кийиб олганлари туфайли чиқолмадилар. Қолаверса, олган жароҳатлари туфайли анча ҳолдан тойган ҳам эдилар. Шунда Талҳа ибн Убайдуллоҳ елкасини у зотга тутиб, тош устига чиқиб олишларига ёрдамлашиб юборди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Талҳа (жаннатни) вожиб қилди», дедилар.

    Мушриклар уюштирган охирги ҳужум

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоғ дарасидаги бошқарув қароргоҳларига ўрнашиб олганларидан кейин мушриклар мусулмонлар устига сўнгги бор ҳужум уюштирдилар. Ибн Исҳоқ айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарада эканларида Абу Суфён ва Холид ибн Валид бошлиқ бир қанча мушриклар тоққа кўтарила бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Парвардигор! Уларга биздан устун келиш лойиқ бўлмайди», дедилар. Шундан сўнг Умар ибн Хаттоб бир гуруҳ муҳожирлар ҳамроҳлигида жанг олиб бориб, уларни тоғдан тушириб юбордилар.

    «Мағозий ал-Умавий»да айтилишича, мушриклар тоғ устига чиқиб келишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъдга: «Уларни қайтаринг!», дедилар. «Бир ўзим қандай қилиб қайтараман?», деди у. У зот яна шу гапларини қайтардилар. Учинчи марта айтганларидан сўнг Саъд ўқдонидан ўқ олиб, мушриклардан бирини отиб ўлдирди. Саъд айтади: «Сўнг ҳалиги ўқни олиб, таниб олдим-да, бошқасига отиб, уни ҳам ўлдирдим. Кейин яна биттасини шу ўқ билан ўлдирдим. Шундан сўнг улар пастга тушиб кетишди. Шундан сўнг: «Бу муборак ўқ» деб, уни ўқдонимга солиб қўйдим». Саъд ўша ўқни то вафот этиб кетгунича ёнида сақлади, сўнг болаларида қолди.

    Шаҳидларни таҳқирлаш

    Ушбу ҳужум мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши олиб борган энг сўнгги ҳужумлари бўлди. Шундан сўнг улар у кишини ўлдирилган бўлса керак, деган гумонда қароргоҳларига қайтиб, Маккага қайтиб кетишга тайёргарлик кўра бошладилар. Баъзилари – шунингдек, аёллари ҳам – шаҳид бўлган мусулмонларни мусла қилишга – қулоқларини, бурунларини ва жинсий аъзоларини кесишга, қоринларини ёришга тушишди. Ҳинд бинт Утба Ҳамзанинг жигарини суғуриб олиб, чайнай бошлади, кейин ютишга қурби келмай, тупуриб ташлади. Шунингдек, у кесилган қулоқ ва бурунлардан шодалар ясаб, бўйин ва оёқларига тақиб олди.

    Баҳодир мусулмонларнинг урушнинг сўнгги лаҳзаларигача жангга ҳозир туришлари

    Охирги дамларда паҳлавон мусулмон жангчиларининг жангга ва Аллоҳ йўлида ўзларини фидо қилишга нақадар тайёр эканларини кўрсатиб берадиган иккита воқеа содир бўлди:

    1) Каъб ибн Молик айтади: «Мусулмонлар сафида Уҳудда иштирок этдим. Мушрикларнинг ўлган мусулмонларни мусла қилишаётганини кўриб турардим. Қарасам, мушриклардан бири мусулмонлар ичида: «Сўйилган қўйлардек уюлиб кетгурлар», деганча қурол-яроғларини йиғиштириб юрган экан. Шунда қуролланган бир мусулмоннинг ўша мушрикни пойлаб турганини кўриб, ўша томонга қараб юрдим ва орқаларидан иккаласини кузата бошладим. Кофир кўринишидан ҳам, қурол жиҳатидан ҳам мусулмондан устунроқ эди. Иккаласи юзлашгач, мусулмон кофирга қилич солиб, то думбасигача кесиб ташлади ва у иккига бўлиниб кетди. Сўнг мусулмон юзини очиб: «Бопладимми эй Каъб, мен Абу Дужонаман», деди».

    2) Жанг ниҳоялангач, бир гуруҳ мўмина аёллар жанг майдонига келишди. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Оиша бинт Абу Бакр ва Умму Сулайм иккаласини енг шимариб, елкаларида сув солинган мешларни кўтариб, мусулмонларга сув ичириб, бўшаган мешларни яна тўлдириб келиб, яна мусулмонларга сув бериб юрганларини кўрдим». Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Ансор аёлларидан бўлган Умму Салит Уҳуд куни бизга мешда сув ташиган эди».

    Ўшандай қаҳрамон аёллар ичида Умму Айман ҳам бор эди. У айрим мусулмонларнинг чекиниб, Мадинагача кириб боришганини кўргач, улар юзига тупроқ сочиб: «Мана бу урчуқни олгин-да, қиличингни бу ёққа бер», деб, жанг майдонига қараб ошиқди. Етиб келгач, ярадорларга сув бера бошлади. Ҳиббон ибн Арақа унга қараб камондан ўқ узган эди, унинг ўқидан Умму Айман ерга йиқилиб, баданининг баъзи жойлари кўриниб қолди. Шунда бу Аллоҳнинг душмани қотиб кула бошлади. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга оғир ботди ва учсиз бир камон ўқини Саъд ибн Аби Ваққосга узатиб: «Шу ўқни унга отинг!», деб буюрдилар. Саъд ўқни отган эди, у Ҳиббоннинг томоғига қадалиб қолди ва у гурсиллаганича ерга қулаб, ҳамма ёғи очилиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, ҳатто озиқ тишлари кўринди. Сўнг: «Саъд унинг ўчини олди, Аллоҳ дуоларини қабул қилсин», дедилар. Расулуллоҳ (сав) дарага етиб олганларидан сўнг

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарадаги қароргоҳларига ўрнашганларидан кейин Алий ибн Аби Толиб бориб, қалқонида Миҳрос (харсангни ўйиб қилинган ҳовуз ёки Уҳуддаги қудуқ)дан сув келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тутди. Сув ҳидланиб қолган экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ёқтирмасдан ичмадилар. «Пайғамбарининг юзини қонга белаган кимсага Аллоҳнинг ғазаби жуда қаттиқ бўлади», деганларича юзларидаги қонни ювдилар, бошларидан сув қуйдилар.

    Саҳл айтади: «Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жароҳатини ким ювганини, ким сув қуйиб турганини, нима билан даво қилинганини яхши биламан. Қизлари Фотима жароҳатни ювди, Алий ибн Аби Толиб қалқонида сув қуйиб турди. Сув қон келишини тўхтатиш ўрнига, уни баттар кучайтираётганини кўрган Фотима бир бўлак бўйрани куйдириб жароҳатга босди ва шу билан қон тўхтади».

    Муҳаммад ибн Маслама тоза ва ширин сув келтирган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ичдилар ва Муҳаммад ибн Масламанинг ҳаққига дуо қилдилар.

    Жароҳатлари таъсирида пешин намозини ўтириб ўқидилар, мусулмонлар ҳам у кишининг орқаларида ўтириб ўқидилар.

    Абу Суфённинг жангдан сўнг айтган сўзлари ва унинг Умар билан сўзлашуви

    Мушриклар йўлга чиқишга тахт бўлганларидан кейин Абу Суфён тоғ устига чиқиб: «Орангизда Муҳаммад борми?», деб қичқирди. Унга жавоб бермадилар. «Орангизда Ибн Аби Қуҳофа (Абу Бакр) борми?», деб қичқирди. Яна жавоб бермадилар. «Орангизда Умар ибн Хаттоб борми?», деб қичқирди. Яна жавоб бермадилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жавоб қайтаришга ижозат бермаган эдилар. Абу Суфённинг ўзи ҳам, қавми ҳам шу уч кишини Исломнинг асоси ва тиргаги деб билганларидан у фақат шу кишилар ҳақидагина сўради. Мусулмонлар тарафидан жавоб бўлмагач, қавмига қараб: «Улардан қутулибсизлар!», деб қичқирди. Шунда Умар чидай олмай: «Эй Аллоҳнинг душмани! Сен айтган одамларнинг барчаси ҳаёт, Аллоҳ сени хафа қиладиган ишни сақлаб қолди», деб хитоб қилди. Абу Суфён: «Сизларнинг одамларингизни мусла қилишибди, мен бунга буюрганим йўқ, бироқ бундан хафа ҳам бўлмадим», деди.

    Кейин: «Яшасин Ҳубал!», деб қичқирди.

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга жавоб бермайсизларми?!», дедилар. «Нима деб жавоб берайлик?», деб сўрашганди: «Аллоҳ олийроқ ва буюкроқдир», денглар», дедилар.

    Кейин Абу Суфён: «Бизлар учун Уззо бор, сизларнинг Уззонгиз йўқ», деди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Унга жавоб бермайсизларми?!», дедилар. «Нима деб жавоб берайлик?», деб сўрашганди: «Аллоҳ бизнинг хожамиздир, сизларнинг хожангиз йўқ», денглар», дедилар.

    Шундан сўнг Абу Суфён: «Бугунги жанг Бадрга жавоб бўлди, уруш дурангдир, (бир сафар сизлар ғолиб бўлган бўлсангиз, бир сафар биз ғолиб бўлдик)», деди.

    Умар: «Йўқ, баробар бўлмади! Бизлардан ўлганлар жаннатда, сизлардан ўлганлар дўзахдадир», деб жавоб берди.

    Абу Суфён: «Эй Умар, яқинроқ кел», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Борингчи, нима демоқчи экан», дедилар. Умар яқин борган эди, Абу Суфён: «Худо ҳаққи, тўғрисини айт эй Умар, биз Муҳаммадни ўлдирдикми, йўқми?», деб сўради. Умар: «Йўқ, Аллоҳ шоҳид, ҳозир у киши сенинг сўзларингни эшитиб турибдилар», деди. Шунда Абу Суфён: «Сен менинг наздимда (Муҳамад ўлдирилди деб гап тарқатган) Ибн Қамиъадан ростгўйроқ ва яхшироқсан», деди.

    Бадрда учрашишга ваъдалашув

    Ибн Исҳоқ айтади: Абу Суфён қўшини билан йўлга чиқиш олдидан: «Сизлар билан келгуси йил Бадрда учрашамиз!», деб қичқирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан бирига: «Келишдик, ўша ерда учрашамиз», деб айтинг» деб буюрдилар. Мушрикларнинг ҳаракат йўналишига ишонч ҳосил қилиш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий ибн Аби Толибни мушриклар ортидан юбордилар, унга: «Уларнинг ортидан боринг, нима қилишаяпти, нима қилишмоқчи, ўрганинг. Агар отларини етаклаб, туяларга миниб олишган бўлса, демак, Маккага йўл олишган бўлади. Агар туяларини ҳайдаб, отларга минишган бўлса, Мадинани кўзлаган бўлишади. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Мадинани қасд қилган бўлишса, мен Мадинага бориб, улар билан жангга кираман», дедилар. Алий айтади: «Қавмнинг изидан бордим. Кўрдимки, улар отларини етаклаб, туяларига миниб, Маккага қараб йўл олишди».

    Ўлган ва яраланганларни сўраб-суриштириш

    Қурайш кетганидан сўнг одамлар ўлган ва яраланганларни аниқлашга киришдилар. Зайд ибн Собит айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд куни мени Саъд ибн Рабиъни қидириб топиш учун юбордилар ва: «Уни кўрсанг, мендан салом айтгин ҳамда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳволингиз қандай, деб сўраяптилар», дегин», дедилар. Мен ўликлар ичида айланиб юриб, уни сўнгги нафасларини олаётган ҳолда топдим. Унинг баданида найза, қилич ва камон ўқларидан қолган етмишдан ортиқ жароҳат бор эди. Мен унга: «Эй Саъд, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизга салом йўлладилар ва аҳволингиз қандайлиги билан қизиқдилар», дедим. У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айтинг ва у зотга етказингки, мен жаннатнинг ҳидини топаяпман. Қавмдошларим ансорларга шу сўзларимни етказингки, агар сизлар ҳаёт бўла туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга душман қўли етгудек бўлса, Аллоҳ ҳузурида сизлар учун бирон узр йўқдир», деди, сўнг шу оннинг ўзида жон таслим қилди».

    Ярадорлар ичида Усайрим – Амр ибн Собит – ҳам бўлиб, у ҳам сўнгги нафасларини олаётган эди. Шу пайтгача унга исломни қабул қилишни таклиф қилсалар, кўнмай келарди. Уни кўришиб: «Бу Усайрим-ку, нима мақсадда чиққан экан? Биз уни қўйиб келган эдик, у бу ишни ёқтирмас эди», дейишди. Кейин унинг ўзидан: «Сен нима мақсадда чиққан эдинг? Қавмингнинг ёнини олибми ё Исломга рағбат қилибми?», деб сўрадилар. У: «Йўқ, Исломга рағбат қилиб чиқдим, Аллоҳ ва Расулига иймон келтирдим, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жанг қилиб, мана кўриб турганингиз ҳолга тушдим», деб жавоб берди ва ўша заҳоти жон берди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб беришган эди, у зот: «У жаннат аҳлидан», дедилар. Абу Ҳурайра айтади: «У Аллоҳ учун ҳали бирон марта ҳам намоз ўқимаган эди».

    Қузмонни ҳам ярадорлар ичидан топишди. У паҳлавонларча жанг қилиб, бир ўзи етти ё саккиз мушрикни ўлдирган эди. Оғир жароҳатдан силласи қуриб қолган Қузмонни Бану Зафарнинг ҳовлисига кўтариб келишди ва унга яхшилик билан хушхабар беришди. Шунда у: «Мен фақат қавмимнинг обрўси учун жанг қилдим, агар шуни ўйламасам, урушга кирмаган бўлардим», деди. Кейин жароҳати кучайиб кетгач, оғриғига чидай олмай у ўзини ўлдирди. Шунгача ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон у ҳақда гапирилса: «У дўзах аҳлидан», деб қўяётган эдилар. Ҳа, ватанпарварлик қилиб ёки Аллоҳнинг калимасини олий қилишдан бошқа ҳар қандай мақсад йўлида жангга кирган кишиларнинг оқибати – гарчи улар Ислом байроғи остида ва ҳатто пайғамбар ва саҳобалар билан бирга жангга кирган бўлсалар ҳам – ана шундай ачинарли бўлади.

    Бунинг акси ўлароқ, ўликлар ичида Бану Саълабадан бўлган бир яҳудий ҳам бор эди. У қавмига: «Эй яҳудлар жамоаси, Муҳаммадга ёрдам кўрсатиш зиммамиздаги бурч эканини яхши биласизлар», деганида улар: «Бугун шанба куни, (яъни, биз шанба куни жанг қилмаймиз)», деб жавоб беришганди. Шунда у: «Сизлар учун шанба деган нарса йўқ», деди. Сўнг қиличини ва жангга керакли бошқа нарсаларини олиб: «Агар ҳалок бўлсам, мол-мулким Муҳаммаднинг ихтиёрида, у ўзи истаганидек тасарруф қилсин», деди, сўнг эрталабдан жангга кириб, то ўлгунича жанг қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақда: «Мухайриқ яҳудларнинг энг яхшисидир», дедилар.

    Шаҳидларнинг дафн қилиниши

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳидлар устида туриб: «Мен булар устида гувоҳманки, кимда-ким Аллоҳ йўлида жароҳатланса, Аллоҳ уни қиёмат куни жароҳатидан қон томиб турган ҳолида тирилтиради, қонининг ранги қон рангида, ҳиди эса мушк ҳидида бўлади», дедилар. Айрим саҳобалар ўзларига қарашли ўликларни Мадинага олиб кетишган экан, уларни қайтариб олиб келиб, шаҳид бўлган жойларига дафн қилишни, шаҳидларни ювмасдан, темир совут ва теридан қилинган жанговор либосларини ечиб олгач, устиларидаги кийимлари билан дафн қилишни буюрдилар. Икки кишини биттадан кафанга ўрадилар, битта қабрга иккита ва учтадан шаҳидни дафн қилдилар. Қабрга қўйишда: «Қайси бирлари Қуръонни кўпроқ ёд биларди?», деб сўраб, қай бирини кўрсатилса, ўшани биринчи қўйдилар, «Мен қиёмат куни буларга гувоҳман», дедилар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром билан Амр ибн Жамуҳ иккаласини ўрталарида бўлган ўзаро меҳр-муҳаббат туфайли битта қабрга қўйдилар.

    Ўликлар ичида Ҳанзаланинг жасади кўринмади, уни қидириб, бир четда, баданидан сув томиб турган ҳолда топдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг жасадини малоикалар ювганини айтдилар. Сўнг: «Оиласидан сўрангларчи, нега шундай бўлди экан?», дедилар. Аёлидан сўралганда (Ҳанзала унинг, яъни янги келичакнинг оғушида эканида жарчининг жангга чорловини эшитиб, шошилиб, ғусл қилмасданоқ чиқиб кетганини) айтиб берди. Шундан Ҳанзаланинг номи «Ғасилул-малоика» (фаришталар томонидан ювилган) деб аталди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари ва эмикдош акалари бўлган Ҳамзанинг жасадига қилинган ваҳшийликни кўриб, қаттиқ изтироб чекдилар. Аммалари Софийя иниси Ҳамзани кўраман деб келганида унинг аҳволига кўзи тушиб қийналмасин, деган ниятда ўғли Зубайрга онасини у ердан олиб кетишни буюрдилар. Бироқ, Софийя: «Нега энди? Эшитишимча, укамнинг жасадини мусла қилишибди. Аллоҳ йўлида бўлган экан, биз бундан албатта рози бўламиз. Мен Аллоҳдан ажр истаб, иншоаллоҳ, албатта сабр қиламан», деди, сўнг инисини бориб кўрди, истиржоъ айтиб, унга дуо ва истиғфорлар айтди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамзани Абдуллоҳ ибн Жаҳш билан бирга дафн қилишга буюрдилар, у Ҳамзанинг опасининг ўғли ва эмикдош иниси эди.

    Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ҳамза ибн Абдулмутталибга йиғлаганларидан кўра қаттиқроқ йиғлаганларини ҳечам кўрмаганмиз. Уни қибла томонга қўйдилар, сўнг жанозаларида турдилар ва овоз чиқариб, ҳўнг-ҳўнг йиғладилар.

    Шаҳидларнинг аҳволи одамнинг юрак-бағрини эзиб юборадиган қайғули бир кўринишда эди. Хаббоб айтади: «Ҳамза учун битта йўл-йўл бурда (чопон)дан бошқа кафанлик топилмади. Бошини ўрасалар, оёқлари очилиб қолар, оёқларини ўрасалар боши очилиб қоларди. Уни бош томонига тортиб, оёқларини изхир (ўсимлиги) билан ўрадилар».

    Абдурраҳмон ибн Авф айтади: «Мусъаб ибн Умайр ўлдирилди, у мендан кўра яхшироқ одам эди, битта бурдага кафанланди, бошини ўралса оёқлари очилиб қоларди, оёқларини ўралса боши очилиб қоларди». Хаббобдан ҳам худди шундай ривоят қилинган. Унда айтилишича: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга: «У билан бошини ўранглар, оёқларига эса изхир тўшанглар», дедилар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Парвардигорга ҳамду сано айтиб, дуо қилганлари

    Имом Аҳмад ривоят қилади: Уҳуд куни мушриклар жўнаб кетишганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафларингизни текислангиз, мен Раббим азза ва жаллага ҳамду сано ўқимоқчиман», дедилар. Ҳаммалари у зотнинг орқаларида саф тортиб туришгач, қуйидаги дуоларни ўқидилар:

    اللَّهُمَّ لَكَ الْحَمْدُ كُلُّهُ اللَّهُمَّ لَا قَابِضَ لِمَا بَسَطْتَ وَلا بَاسِطَ لِمَا قَبَضْتَ وَلا هَادِيَ لِمَا أَضْلَلْتَ وَلا مُضِلَّ لِمَنْ هَدَيْتَ ولا مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ وَلَا مَانِعَ لِمَا أَعْطَيْتَ وَلا مُقَرِّبَ لِمَا بَاعَدْتَ وَلَا مُبَاعِدَ لِمَا قَرَّبْتَ اللَّهُمَّ ابْسُطْ عَلَيْنَا مِنْ بَرَكَاتِكَ وَرَحْمَتِكَ وَفَضْلِكَ وَرِزْقِكَ

    اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ النَّعِيمَ الْمُقِيمَ الَّذِي لَا يَحُولُ وَلَا يَزُولُ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ النَّعِيمَ يَوْمَ الْعَيْلَةِ وَالْأَمْنَ يَوْمَ الْخَوْفِ اللَّهُمَّ إِنِّي عَائِذٌ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا أَعْطَيْتَنَا وَشَرِّ مَا مَنَعْتَ اللَّهُمَّ حَبِّبْ إِلَيْنَا الْإِيمَانَ وَزَيِّنْهُ فِي قُلُوبِنَا وَكَرِّهْ إِلَيْنَا الْكُفْرَ وَالْفُسُوقَ وَالْعِصْيَانَ وَاجْعَلْنَا مِنْ الرَّاشِدِينَ اللَّهُمَّ تَوَفَّنَا مُسْلِمِينَ وَأَحْيِنَا مُسْلِمِينَ وَأَلْحِقْنَا بِالصَّالِحِينَ غَيْرَ خَزَايَا وَلَا مَفْتُونِينَ اللَّهُمَّ قَاتِلْ الْكَفَرَةَ الَّذِينَ يُكَذِّبُونَ رُسُلَكَ وَيَصُدُّونَ عَنْ سَبِيلِكَ وَاجْعَلْ عَلَيْهِمْ رِجْزَكَ وَعَذَابَكَ اللَّهُمَّ قَاتِلْ الْكَفَرَةَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ إِلَهَ الْحَقِّ

    «Эй Аллоҳим, барча мақтовлар фақат Сенгагина хосдир. Эй Аллоҳим, сен мўл-кўл қилган нарсани камайтира олувчи ва Сен камайтирган нарсани кўпайтира олувчи йўқ. Сен адаштирган кимсани ҳидоят қила олувчи ва Сен ҳидоят қилган кишини адаштира олувчи йўқ. Сен бермаган нарсани берувчи ва Сен ато этган нарсани тўхтатиб қолувчи йўқ. Сен узоқлаштирган нарсани яқинлаштирувчи ва Сен яқинлаштирган нарсани узоқлаштира олувчи йўқ. Эй Аллоҳим, бизларга Ўз баракотинг, раҳматинг, фазлинг ва ризқингни кенг-мўл қилгин.

    Эй Аллоҳим, мен Сендан битмас туганмас неъмат сўрайман. Эй Аллоҳим, мен Сендан оғир кунда ёрдам, хавф-хатарли кунда омонлик-хотиржамлик сўрайман. Эй Аллоҳим, мен Сендан бизга ато этган нарсаларинг ёмонлигидан ҳам, бермаган нарсаларингнинг ёмонлигидан ҳам паноҳ сўрайман. Эй Аллоҳим, бизларга иймонни суюкли қилгин ва уни қалбларимизда зийнатли қилиб қўйгин. Бизларга куфрни, фосиқлик ва осийликни ёмон кўрсатгин. Бизларни тўғри йўлга йўлланганлардан қилгин. Эй Аллоҳим, бизларни мусулмон ҳолимизда, шарманда бўлмаган ва фитналанмаган ҳолимизда вафот эттириб, мусулмон ҳолимизда тирилтиргин ва солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин. Эй Аллоҳим, пайғамбарларингни ёлғончи қиладиган ва Сенинг йўлингдан тўсадиган кофирларни ҳалок қилгин. Уларга Ўз азоб-уқубатингни юборгин. Эй Аллоҳим, аҳли китоблардан бўлган кофирларни Ўзинг ҳалок қилгин, эй барҳақ Илоҳим!».

    Мадинага қайтишлари
    Муҳаббат ва фидокорликнинг ноёб намуналари

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳидларни дафн қилишдан ҳамда Аллоҳга ҳамду санолар айтиш ва дуою илтижолар қилишдан фориғ бўлганларидан сўнг Мадинага қараб йўл олдилар. Жанг асносида у зотга нисбатан мўминлар тарафидан қандай муҳаббат ва фидокорлик намуналари зоҳир бўлган бўлса, йўл асносида содиқ мўмина аёллар тарафидан ҳам худди шундай ноёб фидокорлик ва муҳаббат кўринишлари зоҳир бўлди.

    Йўлда Ҳамна бинт Жаҳшга дуч келдилар. Унга акаси Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг шаҳид бўлгани хабарини етказишди. У истиржоъ айтиб, акаси ҳаққига истиғфор айтди. Сўнг тоғаси Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг шаҳид бўлганини айтишди. Унга ҳам истиржоъ ва истиғфор айтди. Кейин эри Мусъаб ибн Умайрнинг шаҳид бўлгани хабари айтилди. Шунда у фарёд кўтариб, йиғлаб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёл кишининг қалбида эри алоҳида ўрин тутади», деб қўйдилар.

    Бану Динор қабиласидан бўлган бир аёлнинг ёнидан ўтдилар, унинг эри, акаси ва отаси Уҳудда шаҳид бўлган эди. Уларнинг хабари айтилганда у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима бўлдил?», деб сўради. «Аллоҳга шукур, эй умму фулон, у зот сиз хоҳлагандек соғ-саломатлар», деб жавоб берилди. «Кўрсатинглар, мен у зотни ўз кўзим билан кўрай», деди. У зотга кўзи тушгач: «Сиз саломат экансиз, бас, бошқа ҳар қандай мусибат биз учун енгил», деди.

    Саъд ибн Муознинг онаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонга қараб югуриб кела бошлади. Саъд у зотнинг отлари тизгинидан тутиб келаётган эди, «Ё Расулуллоҳ, онам», деди. «Хуш келибди», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сўнг у учун тўхтадилар. Етиб келгач, ўғли Амр ибн Муознинг шаҳидлиги муносабати билан таъзия билдирдилар. У: «Сизни саломат кўрдим, бас, мусибатим анча енгиллади», деди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳудда шаҳид бўлганларнинг оилалари ҳаққига дуо қилдилар ва: «Эй Умму Саъд, хурсанд бўлинг ва шаҳидларнинг оилаларига хушхабар бериб айтингки, уларнинг шаҳидлари ҳаммаси жаннатда йиғилдилар ва ҳаммалари ўз аҳли оилаларига шафоатчи қилиндилар», дедилар. Умму Саъд: «Мингдан-минг розимиз ё Расулуллоҳ, мана шундай хушхабардан кейин энди уларга ким ҳам йиғларди?!», деди, сўнг: «Ё Расулуллоҳ, уларнинг орқасида қолганлар ҳаққига дуо қилинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим, уларнинг дилларидаги ғам-ғуссани кетказгин, мусибатларига малҳам қўйгин, (шаҳидларнинг) орқаларида қолган аҳли-авлодларини Ўзинг чиройли тарбият қилгин», деб дуо қилдилар.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963