Ислом Нури

«Ҳиснул муслим» шарҳи (2): Зикр ва дуога тааллуқли масалалар (1)

(Биринчиси: зикрнинг фойдалари)

Мазкур масалаларни имом, аллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ “Ал-вобил ас-саййиб” китобида келтирган фойдалар билан бошлайман[1].

Биринчиси: зикр шайтонни ҳайдайди, (унинг васвасасини) қайтаради ва (макрини) синдиради.

Иккинчиси: чексиз марҳаматли Аллоҳни рози қилади.

Учинчиси: қалбдан ғам-ташвишни аритади, қалбга қувонч ва бахт олиб келади ҳамда уни фаоллаштиради.

Тўртинчиси: қалб ва баданни кучайтиради.

Бешинчиси: юз ва қалбни нурлантиради.

Олтинчиси: ризқни жалб қилади.

Еттинчиси: зикр қилувчи инсонга ҳайбат, гўзаллик ва мунавварликни ато этади.

Саккизинчиси: Ислом динининг руҳи, таянчи ва бахт-саодат ва нажот топишнинг асоси бўлган муҳаббатни пайдо қилади.

Тўққизинчиси: Аллоҳ таоло ҳамиша кўриб турганини ҳис қилишни пайдо қилиб, эҳсон мартабасига кўтаради. Натижада худди Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилади. Зикрдан ғофил инсон эҳсон мартабасига асло кўтарила олмайди.

Ўнинчиси: Аллоҳ таолога тавба қилишга ва (Унинг шариатига) қайтишга олиб боради.

Ўн биринчиси: Аллоҳ таолога яқинлаштиради. Банда Аллоҳни қанча кўп зикр қилса, шунча Унга яқин бўлади. Зикрдан қанча узоқ бўлса, Аллоҳдан ҳам шунча узоқ бўлади.

Ўн иккинчиси: бандага маърифатнинг буюк эшикларидан бирини очади. Кўп зикр қилгани сари маърифати ошиб бораверади.

Ўн учинчиси: Аллоҳдан ҳайбатланиш ва Уни улуғлаш ҳиссини пайдо қилади. Чунки зикр қилган банданинг қалбини Аллоҳнинг зикри қамраб олади ва Аллоҳни ҳамиша ёдда тутади. Ғофил банданинг ҳолати бунинг тамоман акси. Чунки, Аллоҳдан ҳайбатланиш ҳисси унинг қалбида ўта оз.

 Ўн тўртинчиси: Аллоҳ таоло уни зикр қилади. Аллоҳ таоло айтади: “Мени зикр қилинглар. Мен ҳам сизларни зикр қиламан (мақтовлар билан ҳузуримда ёд этаман)” (Бақара, 152). Зикрнинг бундан бошқа фазилати бўлмаган тақдирда ҳам шунинг ўзи унинг фазилати ва шарафи олий эканига кифоя қилар эди.

Ўн бешинчиси: қалбни тирилтиради. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Балиққа сув қанчалик зарур бўлса, қалбга зикр шунчалик зарур. Балиқ сувдан чиқса унинг ҳоли не кечади?!”

Ўн олтинчиси: Зикр қалб ва руҳнинг озуқасидир.

Ўн еттинчиси: қалбни занглардан тозалайди.

Шубҳасиз, қалб ҳам мис, кумиш ва бошқа маъданлар занглаганидек занглайди. Уни тозалашнинг йўли зикр. Зеро, зикр қалбни тозалаб, худди тиниқ ойнадек топ-тоза қилиб қўяди. Зикрни ташлаб қўйса, қалб занглайди. Агар зикр қилса, тозаланади.

Қалб икки нарса сабабли занглайди: ғафлат ва гуноҳ. Уни икки нарса тозалайди: истиғфор ва зикр. 

Кимнинг кўп вақти ғафлатда ўтадиган бўлса, қалбини қалин занг босади. Қалбдаги зангнинг миқдори ғафлатнинг оз-кўплигига қараб бўлади. Агар қалб зангласа, маълумотлар асл кўринишида акс этмайди. Ботил ишни ҳақ суратида, ҳақ ишни ботил суратида кўради. Чунки қалбини занг қоплагач, унинг ичи қоронғулашади. Натижада ишларнинг асл ҳақиқати кўринмай қолади. Агар қалбдаги занг қалинлашиб, қалб қоронғулашса ва занг қопласа, тўғри тасаввур қилиш ва англаш қобилияти бузилади. Оқибатда ҳақни қабул қилмайдиган, ботилни инкор этмайдиган бўлиб қолади. Бу қалбга бериладиган энг оғир жазодир.

Ўн саккизинчиси: гуноҳлар кечирилишига ва ўчирилишига сабаб бўлади. Зеро, зикр энг катта ҳасанот (савоб)лардан бири саналади. Савоблар эса гуноҳларни ўчиради.

Ўн тўққизинчиси: банда билан Аллоҳ ўртасидаги алоқани яхшилайди. Чунки ғофил банда билан Аллоҳ ўртасидаги алоқа яхши бўлмайди. Уни фақат зикр яхшилайди.

Йигирманчиси: банда Аллоҳни улуғлаб, Унга тасбеҳ ва ҳамдлар айтиб қилган зикри банданинг бошига қийинчилик тушган вақтда эсга олинади (яъни асқатади).

Йигирма биринчиси: банда эсон-омонлик пайтида зикр қилиш ила Аллоҳ таолога яқинлашса, қийинчилик пайтида Аллоҳ уни таниб, ёрдам беради.

Йигирма иккинчиси: Аллоҳнинг азобидан қутқаради.

Йигирма учинчиси: хотиржамлик берилиши, раҳмат қамраб олиши, фаришталар ўраб олишига сабаб бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда хабар берганлар[2].

Йигирма тўртинчиси: тилни ғийбат, чақимчилик, ёлғон, фаҳш ва ботил сўзларни айтишдан машғул бўлишига сабаб бўлади.

Йигирма бешинчиси: зикр айтиладиган давра фаришталар давраси, беҳуда сўзлар айтиладиган ва ғофиллика элтадиган давра шайтон даврасидир.

(Давоми бор)

[1] Айрим ўзгартиришлар билан нақл қилдим.

[2] Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қай бир жамоат Аллоҳ таолони зикр қилиб ўтирса, уларни фаришталар ўраб олади, Аллоҳнинг раҳмати қоплайди ва уларга хотиржамлик берилади ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар олида зикр қилади” (Муслим ривояти, 2700-ҳадис).