Ислом Нури

«Ҳиснул муслим» шарҳи (6): зикр ва дуога тегишли одоблар (2)

7) Дуо ва зикрни махфий тарзда қилиш. Яъни муножот қилаётган Зотдан бошқасига эшиттирмаслик. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтади: “Рабларингизга хокисорлик билан ва махфий тарзда дуо қилинглар[1].

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мусулмонлар (саҳоба ва тобеинлар) берилиб дуо қилишар, аммо уларнинг овозлари эшитилмас, чиқса ҳам Рабларига қилаётган дуоларидан шивирлашларигина эшитилар эди”.

8) Аллоҳ таолодан бирон нарса сўрасангиз ўзингизни хокисор ва паст тутинг, Аллоҳнинг кўмагисиз ҳеч нарсага кучингиз етмасилигини эътироф қилиб, такаббурликни бир четга суриб қўйинг. Ахир Яъқуб алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзини эшитмаганмизсиз: “Ҳукм ёлғиз Аллоҳнинг измидадир. Мен фақат У зотнинг ўзига таваккул қилганман-суянганман. Барча таваккул қилувчилар Унинг ўзигагина таваккул қилсинлар-суянсинлар[2]. Натижада Аллоҳ унга сўраган нарсасини берди. Юсуф алайҳиссалом деди: “Парвардигорим, мен учун булар мени чорлаётган нарсадан кўра зиндон яхшироқдир. Агар Ўзинг мендан уларнинг макрларини нари қилмасанг, уларга кўнгил бериб нодон кимсалардан бўлиб қолурман. Бас, Парвардигори (Юсуфнинг дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрларини ундан нари қилди. У зот шак-шубҳасиз эшитувчи, билувчидир[3]. Яъни дуоларни эшитувчи Зотдир. Ўзини Аллоҳга муҳтож эканини ва Унинг ёрдамисиз қўлидан ҳеч нарса келмаслигини эътироф қилганидан ва барча ишини Аллоҳга топширганидан кейин сўраган нарсаси берилди.

9) Энг комил суратда зикр қилиш. Масалан, агар бир ерда ўтирган ҳолда бўлса, қиблага юзланиб, хотиржамлик ва жиддийлик ила ўзини хокисор ва тавозели тутиб, бошини эгган ҳолда ўтиради. Агар бошқача кўринишда зикр қилса, бу ҳам жоиз, ҳеч қандай макруҳлик жойи йўқ. Аммо бирон узрсиз шундай қилса, афзал кўринишни тарк қилган бўлади. Мазкур кўринишдан бошқача кўринишда зикр ё дуо қилиш макруҳ эмаслигига Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади: “Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб турувчи зот мавжуд эканига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил![4].

10) Ялиниб-ёлвориб дуо қилиш. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Байт (Каъба)нинг олдида намоз ўқиётган эдилар. Абу Жаҳл ва унинг шериклари ҳам ўша ерда ўтиришган эди. Шу пайт улар бир-бирларига: “Қайси бирингиз фалончилар сўйган туянинг қоғоноғини[5] олиб келиб, Муҳаммад сажда қилганда унинг устига ташлайди?”, дейишди. Улар орасидаги энг бадбахти ирғиб туриб, уни олиб келди-да, қараб турди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилганларида, у зотнинг устиларига – икки кураклари ўртасига ташлади. Мен эса ҳеч нарсага аралаша олмай қараб турардим. Қани энди менинг у зотни ҳимоя қилишга кучим етса… Улар кулавериб, бир-бирларига суяниб қолишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса саждада эдилар. Бошларини кўтара олмасдилар. Ниҳоят, Фотима разияллоҳу анҳо келиб, уни устиларидан олиб, отиб юборди. Шундагина у зот бошларини кўтардилар. Сўнг уч марта: “Аллоҳим, Қурайшни Ўзингга солдим!” дедилар. Дуоибад қилганлари уларга оғир ботди. Улар бу шаҳарда (Маккада) дуо албатта мустажоб бўлади, деб билишарди. Сўнгра номма-ном айтдилар: “Аллоҳим, Абу Жаҳлни Ўзингга солдим! Утба ибн Рабиани, Шайба ибн Рабиани, Валид ибн Утбани, Умайя ибн Халафни, Уқба ибн Абу Муайтни Ўзингга солдим!” – Еттинчи одамнинг номини ҳам санаган эдилар, аммо (Абдуллоҳ ибн Масъуд) уни эслаб қолмаган – “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам санаган кишиларнинг ташландиқ қудуқда – Бадр қудуғида ўлиб ётганларини кўрганман”[6].

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади: “Жума куни бир киши минбарнинг тўғрисидаги эшикдан кириб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тик туриб хутба қилаётган эдилар. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўпараларида туриб: “Эй Аллоҳнинг эличси! Чорвалар ҳалок бўлди, йўллар тўсилиб қолди. Аллоҳга дуо қилинг, бизга ёмғир ёғдирсин”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтариб: “Аллоҳим, бизга ёмғир ёғдир! Аллоҳим, бизга ёмғир ёғдир! Аллоҳим, бизга ёмғир ёғдир!” дедилар.

Аллоҳга қасамки, осмонда ҳеч нарса – на тўп булутни, на тарқоқ булутни кўрмаётган эдик. Биз билан Салъ тоғларининг оралағида на бирор уй, на ҳовли бор эди. Бир пайт унинг ортидан қалқонсимон бир булут кўринди. У осмоннинг ўртасига келганда ёйилди, сўнг ёмғир ёғди. Аллоҳга қасамки, бир шанба (бир ҳафта) қуёшни кўрмадик. Кейинги жума куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тик туриб хутба қилаётганларида ҳалиги эшикдан бир киши кириб келиб, у зотнинг рўпараларига келиб турди-да: “Эй Аллоҳнинг элчиси! Чорвалар ҳалок бўлди, йўллар тўсилиб қолди. Аллоҳга дуо қилинг, ёмғирни тўхтатсин!” деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтардилар-да: “Аллоҳим, устимизга эмас, атрофимизга! Аллоҳим, қумтепаларга, тоғларга, чангалзорларга, қирларга, водийларга, яйловларга (ёғдир)!” дедилар. Ёмғир шу заҳоти тинди. Биз (Жума намозидан) чиқиб, қуёш нури остида юрдик”[7].

[1] Аъроф сураси, 55-оят.
[2] Юсуф сураси, 67-оят.
[3] Юсуф сураси, 33-34 оятлар.
[4] Оли Имрон сураси, 190-191 оятлар.
[5] Қоғоноқ – урғочи ҳайвоннинг ҳомиласини ўраб турувчи шиллиқ парда.
[6] Бухорий, 240 ва Муслим, 1794. (М).
[7] Бухорий, 1013 ва Муслим, 897. (М).