Ислом Нури

«Ҳиснул муслим» шарҳи (10): зикр ва дуога тааллуқли масалалар (4-6)

Тўртинчиси: дуонинг қабул бўлиши

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қай бир мусулмон Аллоҳдан гуноҳ нарсани ёки қариндош-уруғ билан алоқани узишни сўраб дуо қилмаса, Аллоҳ унга ушбу уч нарсадан бирини беради: ё сўраган нарсасини беради, ё уни охиратга сақлаб қўяди, ё дуоси миқдорича ундан бир ёмонликни аритади”. Саҳобалар: “Унда дуони кўпайтирайлик”, дейишди. У зот: “Аллоҳ(нинг марҳамати) кўпроқ[1], дедилар.

Бешинчиси: кимнинг дуоси қабул бўлмайди?

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ таоло покдир, фақат пок нарсаларни қабул қилади. Дарҳақиқат, Аллоҳ пайғамбарларга буюрган ишни мўминларга ҳам буюрди. Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбарлар, пок ва ҳалол нарсалардан енглар ва солиҳ амал қилинглар»[2]. Яна айтади: «Эй иймон келтирганлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг пок ва ҳалолидан еб-ичингиз»[3]. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини мисол ўлароқ зикр қилдилар: «У соч-соқоли тўзғиган ва чанг-тўзонга ботган ҳолида узоқ сафар қилади. Қўлларини самога чўзиб: «Ё Раб, ё Раб!» дея дуо қилади. Ҳолбуки, еб-ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаром билан озиқланган бўлади. Шундай экан, қаёқдан дуоси ижобат бўлсин!»[4].

Олтинчиси: дуода тақиқланган ишлар

1. Қилган гуноҳига жазо-уқубат шу дунёнинг ўзида берилишини сўраш тақиқланган. Анас разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоб ётган мусулмон бир кишининг зиёратига бордилар. Касалнинг оғриғидан овози зўрға чиқар, жўжадек озғин ва заиф бўлиб қолган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: “Аллоҳга бирон нарса деб дуо қилган ёки бирон нарсани сўраганмидинг?” деб сўрадилар. У: “Ҳа, Аллоҳим, менга охиратда берадиган жазоингни шу дунёда бергин, деб дуо қилардим”, деди. Пайғамбаримиз: “Субҳоналлоҳ, бунга тоқатинг етмайди ёки бардош беролмайсан. Аллоҳим, менга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва дўзах азобидан сақла, деб дуо қилсанг бўлмасмиди?!” дедилар, унга шифо тилаб дуо қилдилар ва у тузалиб кетди”[5].

2. Дуода ҳаддан ошиш тақиқланган. Бир куни Абдуллоҳ ибн Муғаффал разияллоҳу анҳу ўғли бундай деб дуо қилаётганини эшитиб қолади: “Аллоҳим, агар жаннатга кирсам, менга жаннатнинг ўнг тарафидан оқ қаср ато этишингни сўрайман”. Шунда у деди: “Эй болам, Аллоҳ таборака ва таолодан жаннатни ва дўзах азобидан қутқаришини сўра. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳали дуо ва таҳоратда ҳаддан ошадиган одамлар пайдо бўлади”, деганларини эшитганман”[6].

3. Гуноҳ ишни ёки қариндош уруғ билан алоқани узишни сўраб дуо қилишдан қайтарилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Модомики банда гуноҳ нарсани ёки қариндош-уруғ билан алоқани узишни сўраб дуо қилмаса, бетоқатлик қилмаса, унинг дуоси ижобат қилинаверади”. Шунда саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, бетоқатлик нима?”, деб сўрашди. Пайғамбаримиз: “Дуо қилдим, дуо қилдим, ҳеч дуойим ижобат бўлганини кўрмадим”, дея малолланиб дуони тарк қилишдир”, деб жавоб бердилар”[7].

4. Инсон ўз жонини, фарзандини, хизматчиларини ва мол-дунёсини баддуо қилишидан қайтарилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “На ўзларингизни, на фарзандларингизни, на хизматчиларингизни, на мол-дунёларингизни дуоибад қилманглар. Аллоҳ таборака ва таолонинг марҳматига эришиладиган (дуоларни қабул қиладиган) вақтга тўғри келиб қолса, ижобат бўлиб қолади[8].

5. Ўлимни орзу қилишдан қайтарилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ҳеч бирингиз бошига тушган қийинчилик сабабли ўлимни орзу қилмасин. Агар ўлимни орзу қилишдан бошқа чораси қолмаса, у ҳолда бундай десин: “Аллоҳим, агар ҳаётда яшашим мен учун хайрли бўлса, яшатгин. Агар ўлиш мен учун хайрли бўлса, жонимни олгин[9].

[1] Аҳмад, 3/18. Ҳасан ҳадис. (М).
[2] Мўъминун сураси, 51-оят.
[3] Бақара сураси, 172-оят.
[4] Муслим, 1015. (М).
[5] Муслим, 2688. (М).
[6] Аҳмад, 5/55 ва Абу Довуд, 96. Албоний саҳиҳ деган. (М).
[7] Муслим, 2735 (92). (М).
[8] Абу Довуд, 1532 ва Муслим, 920. (М).
[9] Бухорий, 1532 ва Муслим, 2680. (М).