Ислом Нури

«Ҳиснул муслим» шарҳи (12): Муаллиф муқаддимаси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман

Ҳиснул муслим

Муаллиф муқаддимаси

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир. Унга ҳамдлар айтамиз, Ўзидан ёрдам ва кечирим сўраймиз, нафсларимизнинг ёмонлигидан ва амалларимизнинг касофатидан Аллоҳдан паноҳ беришини тилаймиз. Аллоҳ кимни тўғри йўлга бошласа, уни ҳеч ким адаштира олмас, Аллоҳ кимни адаштириб қўйса, ҳеч ким уни тўғри йўлга бошлай олмас. Шериги бўлмаган, ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли-оиласига, саҳобаларга ва уларга яхшилик билан эргашган барча инсонларга Аллоҳ таоло кўп саловат ва саломлар йўлласин!

Бу рисола “Аз-зикру вад-дуоу вал-иложу бир-руқо мин ал-Китоби вас-суннати[1] (Қуръон ва ҳадисдан олинган зикр, дуо ва дам солиш орқали даволаш йўллари) деб номланган китобимнинг қисқартмасидир. Кўча-кўйда, сафарда олиб юришга енгил ва қулай бўлиши учун бу рисолада мазкур китобимдан фақат зикрга оид мавзуларнигина келтирдим.

Рисолада зикрнинг матнигагина чекландим. Ҳадиснинг манбаларини эса рисоланинг асли бўлмиш китобда мавжуд манбалардан бир ё иккитасини келтирдим. Рисоламиздаги ҳадисларни ривоят қилган саҳобий ким экани тўғрисида ёки бу ҳақда янада кўпроқ маълумотга эга бўлишни истаган киши асл китобга (“Қуръон ва ҳадисдан олинган зикр, дуо ва дам солиш оқрали даволаш йўллари”) мурожаат қилсин.

Аллоҳ таолодан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатларини васила қилиб, бу амалимни Ўзи учун холис қилинган амаллар қаторида қилишини ва кўзим очиқлигида ҳам, вафотимдан кейин ҳам шахсан ўзимга, сўнг бу китобни ўқиган ёки чоп этган ёки уни нашр қилишга ҳиммат кўрсатган ҳар бир мўмин-мусулмон биродаримга манфаатини етказишини сўрайман. Зеро, барча иш Аллоҳнинг қўлида ва У бунга қодир зотдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳли-аёлларию зурриётларига ва саҳобаи киромларига ҳамда уларга яхшилик билан эргашган барча зотларга Аллоҳ таолонинг салавоту саломлари бўлсин.

Муаллиф: Саид ибн Ваҳф ал-Қаҳтоний.

Китоб ҳижрий 1409 йили сафар ойида ёзилди.

[1] Ушбу китоб – Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки – бир неча бор босиб чиқарилди ва учинчи босмада ҳадисларининг манбалари зикр қилинди. Китоб тўрт жилддан иборат. (Мусаҳҳиҳ.)