Ислом Нури

«Ҳиснул муслим» шарҳи (14): Зикрнинг фазилати (2)

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларга энг яхши амалингиз ҳақида хабар берайми? У шундай амалки, Малийк зотнинг ҳузурида энг покиза, даражаларингизни энг кўп кўтарувчи, тилло ва кумушлар инфоқ қилишингиздан ҳам яхшироқ, душманларингизга тўқнашиб, уларнинг бошларини таналаридан, улар ҳам сизларнинг бошларингизни танангиздан жудо қилишларидан ҳам афзалроқ бир амалдир”. Саҳобалар: “Ҳа, албатта (хабар беринг)!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолони зикр қилиш”, деб жавоб бердилар[1].

Ҳадисни Абу Дардо Уваймир ибн Омир разияллоҳу анҳу ривоят қилган.

Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш барча амаллардан афзал, амаллар орасида энг покизаси, банданинг даражасини энг кўп кўтарадиган, садақа беришдан ҳам яхшироқ амал саналади. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тилло ва кумушлар инфоқ қилишингиздан ҳам яхшироқ”, дедилар. Шунингдек, у жиҳоддан ҳам афзалдир. Чунки у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “…душманларингизга тўқнашиб, уларнинг бошларини таналаридан жудо қилишингиздан афзал”, дедилар. Жангда душманнинг бошини танасидан жудо қилиш ўша ерда шаҳид бўлишдан афзал ҳисобланади. Зеро, ҳадис давомида: “улар ҳам сизларнинг бошларингизни танангиздан жудо қилишларидан ҳам”, дедилар. Шаҳидликнинг афзал тури Аллоҳ йўлида жанг қилиб, душманлар қўлида бошдан айрилишдир.

Пайғамбаримизнинг “хабар берайми”, деган сўзлари у зот хитоб қилаётган саҳобаларга айтмоқчи бўлган сўзларининг муҳимлиги ва гап жуда улуғ иш ҳақида бораётганини билдиради.

Малийк зотнинг ҳузурида” – “Малийк” Аллоҳ таолонинг исмларидан биридир. У зотнинг Малик, Молик, Малийк деган гўзал исмлари бор бўлиб, арабча “мулк” – яъни эга бўлиш, деган маънони англатадиган сўздан олинган.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Бандам Мен ҳақимда қандай фикрда бўлса, Мен ҳам унга нисбатан ўйлаганидай бўламан. Агар мени эсласа, мен у билан биргаман. Агар мени ичида ёдига олса, мен ҳам уни “ичимда” (нафсимда) ёдимга оламан. Агар мени одамлар орасида эсласа, мен ҳам уни улардан ҳам афзалроқ зотлар ичида эслайман. Агар у менга бир қарич яқинлашса, мен унга бир газ яқинлашаман. Агар у менга бир газ яқинлашса, мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у менга юриб келса, мен унга йугуриб бораман[2].

Ҳадисни Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган. Абу Ҳурайранинг исми борасида уламолар турли фикрларни айтишган. Тўғрироқ фикрга кўра унинг исми Абдураҳмон ибн Сахрдир.

Бандам Мен ҳақимда қандай фикрда бўлса, унга нисбатан ўйлаганидай бўламан”. Яъни Аллоҳ ҳақида яхши ўйда бўлса, Аллоҳ уга ўша ўйлаганидек муомала қилади. Агар ёмон ўйда бўлса, муомаласи ҳам шунга яраша бўлади.

Бошқа бир ривоятда: “Аллоҳ таоло айтади: “Бандам Мен ҳақимда қандай ўйда бўлса, унга нисбатан ўйлаганидай бўламан. Агар яхши ўйда бўлса яхши, ёмон ўйда бўлса, ёмон[3], дейилган.

“Бандам Мен ҳақимда қандай ўйда бўлса, унга нисбатан ўйлаганидай бўламан”. Ушбу жумланинг маъноси шуки, банда дуо қилганида унинг ижобат бўлиши, тавба қилганда тавбасининг қабул бўлиши, кечирим сўраганида кечирилиши, бирон ибодатни шартларига риоя қилган ва Аллоҳнинг рост ваъдасига ишонган ҳолда бажарганида унга мукофот берилиши ҳақида қандай ўйда бўлса, натижаси ҳам шунга яраша бўлади. Буни Пайғамбаримизнинг: “Аллоҳга дуойим аниқ ижобат бўлади деган ишонч билан дуо қилинглар[4], деган сўзлари қўллаб-қувватлайди. Шу сабабли киши зиммасидаги бурчни адо қилар экан, Аллоҳ уни қабул қилишига ва (камчилик-хатоларини) кечиришига ишонган ҳолда тўкис бажариши лозим бўлади. Чунки Аллоҳ қабул қилишга ваъда берди ва У асло ваъдасига хилоф қилмайди. Борди-ю, Аллоҳ амалимни қабул қилмайди, бунинг фойдаси йўқ, деб эътиқод қилса ёки ўйласа, бу Аллоҳнинг марҳаматидан умид узиш бўлади. Бу эса катта гуноҳларнинг биридир. Ким мана шу ҳолда вафот этса, ўйлаганига яраша муомала кўради. Лекин гуноҳни тарк этмай, унда бардавом бўлатуриб Аллоҳнинг мағфирати ҳақида ўйлаш бу қип-қизил жоҳиллик ва ўзни алдаш холос”[5].

“Агар мени зикр қилса, мен у билан биргаман”. Мазкур жумла ушбу оят билан бир маънода: “Аллоҳ тақво қилган ва муҳсин бандалари билан биргадир[6].

Ҳадис ва оятда айтилган Аллоҳнинг “бирга бўлиши” мўмин бандаларгагина хос бўлиб, Аллоҳ ўша бандани ҳимоя қилиши, унга ғамхўрлик кўрсатиши, тавфиқ ва мадад беришини англатади. Бу барча бандалар учун омматан бўлган Аллоҳнинг “бирга бўлиши”дан фарқли маънодадир. Иккинчисининг маъноси, Аллоҳ илми билан (яъни барча бандаларини ва уларнинг ҳамма амалларини билиб туриши билан) бирга бўлиши, демакдир. Масалан, Аллоҳ таоло айтади: “Уч кишининг ўзаро шивир-шивирлари бўлса, албатта У зот уларнинг тўртинчисидир, беш кишининг (ўзаро шивир-шивирлари бўлса), албатта У зот уларнинг олтинчисидир. (Ўзаро сирлашаётган кишилар) бундан оз бўладими, ё кўп бўладими, албатта У зот қаерда бўлсалар ҳам улар билан биргадир[7].

Агар мени ичида ёдига олса, мен ҳам уни “ичимда” (нафсимда) ёдимга оламан”. Яъни агар бандам Мени ичида барча айбу нуқсонлардан поклаб, муқаддас санаб, улуғлаб зикр қилса, шунингдек, холи қолганида Мендан қўрқиб ва хавфсираб Мени ёдга олса, Мен ҳам унга мукофот ва неъматларимни ато этиш, ҳифз-ҳимоямда сақлаш ва унга ғамхўрлик қилиш ила ичимда зикр қиламан.

Агар мени одамлар орасида эсласа, мен ҳам уни улардан ҳам афзалроқ зотлар ичида эслайман”. Яъни бир жамоат орасида зикр қилса, Мени зикр қилган жамоатидан яхшироқ жамоат – фаришталар жамоати орасида Мен уни зикр қиламан.

Агар у менга бир қарич яқинлашса, мен унга бир газ яқинлашаман”. Яъни банда Аллоҳ таолога тоат-ибодатлар, У зот буюрган ва тарғиб қилган амалларни бажариш билан муайян миқдорда – кўпми озми – яқинлашса, Аллоҳ таоло мукофот (савоб) бериш, неъмат ато этиш, раҳматини ёғдириш ила унинг амалидан буюкроқ ва тезроқ мукофотлар билан унга яқинлашади.

Газ – узунлик ва масофани ўлчаш учун мўлжалланган  ўлчов бирлиги; аршин. Ўрта Осиё, шу жумладан Ўзбекистоннинг баъзи жойларида “зар” деб ҳам юритилган. Қиймати 0,71 м деб қабул қилинган.

Қулоч – елка баландлигида керилган ҳар икки қўлнинг ўрта бармоқ учлари орасидаги масофа.

[1] Термизий, 3377 ва Ибн Можа, 3790. Қаранг: Саҳиҳи Термизий, 3/139 ва Саҳиҳи Ибн Можа, 2/316. (Қ).
[2] Бухорий, 7405 ва Муслим, 2675. Мазкур ривоят Бухорийга тегишли. (Қ).
[3] Қаранг: “Силсилатул-аҳодис ас-саҳиҳа”, 1663. (М).
[4] Термизий, 3479. Қаранг: “Саҳиҳ ал-жомеъ”, 243-рақам. (М).
[5] Қаранг: “Фатҳул Борий”, 13/387. (М).
[6] Наҳл сураси, 128-оят.
[7] Мужодала сураси, 7-оят.