Ислом Нури

«Ҳиснул муслим» шарҳи (16): Зикрнинг фазилати (4)

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:  “Ким бир жойда ўтирса ва Аллоҳни зикр этмаса, унга Аллоҳ тарафидан “тираҳ” етади. Ким тўшагига ётса-ю, Аллоҳни зикр этмаса, унга Аллоҳ тарафидан “тираҳ” етади[1].

Ҳадисни Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган.

Яъни ким бир ерда ўтирганда Аллоҳни зикр қилмай ўтирса, унга Аллоҳ тарафидан тираҳ – ноқислик етади. Аслида “тираҳ” сўзи ватара, ятиру, тиратан феълидан олинган бўлиб, ноқислик маъносини билдиради. Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ сизларнинг амалларингизни витр қилмайди (камайтирмайди)” (Муҳаммад, 35) деган сўзи ҳам шу маънода.

Замахшарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир кишини “витр қилдим” дегани унинг фарзанди, ака-укаси ё яқинларидан бирини ўлдирдим, деганидир. Аслида “ватара” деб бирор кишини яқини ва мол-мулкидан ажратишга айтилади ва у “витр” сўзидан олинган. Хуллас, витр – бирон кишини ёки нарсани ёлғиз қилиш деган маънони билдиради. Кишининг қилган амалини зое қилиш ва савобини йўққа чиқаришни витр қилишга ўхшатилди. Бу фасоҳатли сўз бўлиб, Пайғамбаримизнинг: “Ким аср намозини қўлдан бой берса (қазо қилса), аҳли ва мол-дунёсидан витр (айрилгандек) бўлибди[2] деган сўзлари ҳам шу маънодадир”. 

(Бинобарин, ким бир жойда ўтириб, Аллоҳни зикр қилмаса, ўша ерда қилган амали ноқис саналади).

Ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам банда ҳамиша ва ҳар қандай ҳолатда Аллоҳни зикр қилиши ва зикр қилишда ҳеч қачон бўшашмаслиги кераклигига ишора қилмоқдалар. Зеро, зикрни ташлаб қўйиш ҳасрат ва надоматдир.

Яна у зот айтадилар: “Қай жамоат бир йиғинда Аллоҳни зикр этмай ва Расулига салавоту саломлар айтмай ўтирсалар, уларга Аллоҳ тарафидан тираҳ етади. Аллоҳ хоҳласа уларни азоблайди, хоҳласа мағфират қилади[3].

Ҳадисни Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган.

Тираҳ – камчилик, ҳасрат ва надомат.

Аллоҳ хоҳласа уларни азоблайди…”, яъни йиғинларида Аллоҳни зикр қилмай ва Пайғамбаримизга саловат айтмай камчиликка йўл қўйганлари учун Аллоҳ истаса уларни азоблайди.

…хоҳласа мағфират қилади”, яъни Аллоҳ истаса, ўз фазлу марҳамати ила уларинг бу камчиликларини кечиради.

Ҳадисда агар одамлар йиғинларида Аллоҳни зикр қилишса, Аллоҳ таоло уларни азобламасилиги, балки уларни мағфират қилиши аниқ эканига ишора қилинмоқда.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қайсики жамоат жамланган ўринларидан Аллоҳ таолони зикр қилмай турар экан, гўё эшак ўлимтиги қўйилган йиғиндан тургандек бўладилар ва бу улар учун ҳасрат-надомат бўлади[4].

Ҳадисни Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган.

…гўё эшак ўлимтиги қўйилган йиғиндан тургандек бўладилар”, яъни эшак ўлимтиги қўйилган йиғиндан турган одамлар ушбу йиғиндан олган фойдалари фақат зарарли ва сассиқ ҳид ҳамда кетар пайтларида ҳасрат ва надомат бўлади. Ўтирган жойларидан Аллоҳни зикр қилмай тарқалган одамларнинг ҳолати ҳам худди шундай. Улар бу йиғиндан гарданларига беҳуда ва сафсата сўзнинг гуноҳини, охиратларига зарари тегадиган нарсаларни ортган ҳолларида тарқалишади ва бунга ҳали (охиратда) ҳасрат-надоматлар чекишади.

[1] Абу Довуд (4856) ва бошқалар ривоят қилган. Қаранг: “Саҳиҳ ал-жомеъ”, 5/342, 6477-рақам. (Қ).
[2] Бухорий (522) ва Муслим (626) ривояти. (М).
[3] Термизий ривояти, 3380. Қаранг: “Саҳиҳ ал-жомеъ”, 3/140. (Қ).
[4] Абу Довуд (4855-ҳадис, 4/264) ва Аҳмад (2\389) ривояти. Қаранг: “Саҳиҳ ал-жомеъ”, 5/176 (5750-рақам). (Қ).