Ислом Нури

«Ҳиснул муслим» шарҳи (17): Уйқудан уйғонганда айтиладиган дуолар (1)

1 – أذكار الاستيقاظ من النوم

Уйқудан уйғонганда айтиладиган дуолар

1 – [الحمد لله الذي أحيانا بعد ما أماتنا وإليه النشور]

Маъноси: “Бизларни ўлдиргандан сўнг қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин ва биз қайта тирилиб, Унинг ҳузурига борамиз[1].

Ҳадисни Ҳузайфа ибн Ямон ва Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳумо ривоят қилишган.

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин” – ҳамд бу гўзал сифатлар билан гўзал Зотни яхши кўриб, улуғлаб васфлашдир. Баъзи олимлар ҳамдни мақтов деб изоҳлаган.

Бизларни ўлдиргандан сўнг” – бу ерда ўлимдан уйқу назарда тутилган. Зеро, уйқу кичик ўлим ҳисобланади.

…биз қайта тирилиб, Унинг ҳузурига борамиз” – қиёмат куни ҳисоб-китоб учун қайта тирилиб, Унинг ҳузурида жамланамиз.

Ҳадисда кичик ўлим бўлмиш уйқудан кейин уйғонганимиз каби ўлимдан кейин ҳам қайта тирилишимиз ҳақ эканини эслатмоқдалар.

2 – [لا إله إلا الله وحده لا شريك له له الملك وله الحمد وهو على كل شيء قدير سبحان الله والحمد لله ولا إله إلا الله والله أكبر ولا حول ولا قوة إلا بالله العلي العظيم رب اغفر لي]

Маъноси: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз шериксиз зотдир. Барча мулк уникидир, ҳамдлар ҳам Унга хосдир ва У ҳамма нарсага қодир зотдир. Субҳоналлоҳ – Аллоҳ покдир, ҳамду санолар Унга хосдир, Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ ва Аллоҳ буюкдир. Бир ҳолатдан бошқасига ўтиш ҳам, куч-қувват ҳам ёлғиз, олий ва улуғ Аллоҳ мадади иладир. Раббим, мени мағфират қилгин”.

Ҳадисни Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳу ривоят қилган.

Ушбу сўзлар ҳақида: “Бу сўзларни айтган кишининг гуноҳи кечирилади, дуоси қабул бўлади ва таҳорат олиб намоз ўқиса, намози қабул бўлади”, дейилган.

Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” – бу тавҳид калимаси эканига барча уламолар ижмо қилишган. Ушбу сўз Аллоҳдан бошқа бирон кимса ёки нарсада илоҳлик хусусияти борлигини йўққа чиқаради ва илоҳлик сифати фақат Аллоҳда борлигини билдиради. Мана шу икки маъно ила у шаҳодат ва тавҳид калимасига айланган. Шунингдек, тавҳид калимаси Аллоҳ таолодан бошқа ҳақиқий илоҳ йўқлигини англатади.

У ёлғиз, шериксиз зотдир” – “шериксиз” сўзи “ёлғиз” деган сўзни таъкидлаш учун айтилган. Чунки ёлғиз дегани шериги йўқ демакдир.

Барча мулк уникидир”. Яъни еру осмонлардаги барча нарса Унинг мулкидир.

…ҳамдлар ҳам Унга хосдир”. Яъни осмонлару ердагиларнинг барча ҳамд ва мақтовлари ва жамийки мақтовлари Унга хосдир.

Субҳоналлоҳ” – “Аллоҳни поклайман” деган жумлага қўлланиладиган атоқли исм. Худди Усмон бир кишига қўйилган атоқли исм бўлганидек. Яъни Аллоҳнинг шериги, фарзанди, аёли ва ҳар қандай айбу нуқсонлари йўқ деб У зотни поклайман, деганидир.

Аллоҳ буюкдир” – Аллоҳ барча нарсадан буюк ва улуғдир.

Бир ҳолатдан бошқасига ўтиш ҳам, куч-қувват ҳам ёлғиз, олий ва улуғ Аллоҳ мадади иладир”. Яъни Аллоҳнинг истаги ва ёрдамисиз на бирон ишни бажара оламиз, на бирон ҳолатни ўзгартира оламиз.

Раббим, мени мағфират қилгин”. Яъни гуноҳларимни дунё ва охиратда яширгин.

[1] Изоҳ: Машҳур ҳанафий уламолардан бўлган Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон ухлаши билан ақл-идроки ва хатти-ҳаракати амалдан тўхтагани учун уйқу ўлим деб аталган бўлса керак. Яна бундан ташқари араб тилида сукунатни ўлим деб ҳам номлашади. Масалан, шамол эсишдан тинса, “шамол ўлди” – дейдилар”. Демак уйқуни ўлим деб номланиши мажозий атама экан. Сўнг бу аллома айтадики: “Менимча ҳақиқатга яқинроғи инсон ухлаши сабабли ҳаракатдан тўхтагани учун уни ўлик деб эътиборга олинган бўлса керак. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
У сизлар ором олишингиз учун кечани ва (касбу кор, сайру саёҳат қилишингиз учун) очиқ-ёруғ бўлган кундузни яратиб қўйган зотдир. Албатта, бунда қулоқ тутиб англовчи қавм учун оят-аломатлар бордир“, (Юнус, 67) деган – деб сўзларига далил қилади.
Биз ҳам шунга яқинроқ маънода келган, уйқуни ўлим ибораси билан таъриф этган бошқа бир ояти каримани мисол қилишимиз мумкин:
У кечаси «жонингизни оладиган» (яъни уйқу берадиган), кундузи қилган ишингизни биладиган зотдир. Сўнгра айтилган ажал (яшаш учун берилган муҳлат) адо қилиниши учун унда (яъни кундузи) сизларни «тирилтирур». Кейин Ўзига қайтишингиз бордир. Сўнгра сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур” (Анъом, 60).
Яна шу маънода келган оятлардан яна бири ушбу оятдир:
Жонларни ўлим вақтларида, (ҳали-ҳануз) ўлмаганларини эса ухлаётган пайтларида Аллоҳ олур. Бас Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (баданларга қайтармасдан) ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган бир муддатгача (яъни ажаллари етгунича) қўйиб юборур. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир” (Зумар, 42).