Ислом Нури

«Ҳиснул муслим» шарҳи (8): дуо ижобат бўладиган вақтлар ва ҳолатлар (1-3)

Учинчиси: дуо ижобат бўладиган вақтлар ва ҳолатлар

1. Туннинг охирги учдан бир қисми. Қуръонда Яъқуб алайҳиссалом фарзандларининг қуйидаги сўзи келтирилган: “Улар дедилар: «Эй ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг. Албатта, бизлар хато қилувчилардан бўлдик». У айтди: «Албатта, Парвардигоримдан сизларни мағфират қилмоғини сўрайман. Зотан ёлғиз У зотгина мағфират қилувчи, меҳрибондир»[1].

Айтилишича, Яъқуб алайҳиссалом фарзандларининг гуноҳини кечиришини сўраб, истиғфор айтишни туннинг охирги учинчи қисмига қолдирган экан.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолганда Раббимиз таборака ва таоло дунё осмонига тушиб: “Ким Менга дуо қилади, ижобат қиламан. Ким Мендан сўрайди, унга (сўраган нарсасини) бераман. Ким Мендан мағфират тилайди, Мен уни мағфират қиламан”, дейди[2].

2. Сажда ҳолати. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мен руку ёки саждада Қуръон ўқишдан қайтарилдим. Рукуда Раб таолони улуғланглар, саждада эса кўпроқ дуо қилинглар. Зеро, (бу ўрин) дуоларингиз мустажоб бўлиши учун муносиброқдир[3].

Аллоҳ таоло айтади: “Раббингга сажда қил ва Унга яқинлаш[4].

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Сажда банданинг Раббига энг яқин ҳолати саналади. Унда кўп дуо қилинглар[5].

3. Жума кунидаги номаълум бир вақт. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қуёш чиққан кунларнинг энг яхши жума кунидир. Зеро, шу куни Одам алайҳиссалом яратилди, шу кунда жаннатга киритилди, шу куни тавбаси қабул қилинди, шу кунда ерга тушурилди ва шу куни қиёмат қойим бўлади[6].

Бошқа бир ҳадисда: “Жума кунида бир соат борки, мусулмон банда намоз ўқиб турган ҳолида унга мувофиқ келиб, Аллоҳдан бирон яхши нарсани сўраса, унга ўшани албатта беради[7], дедилар ва унинг оз муддат эканини билдириб, қўллари билан ишора қилдилар.

Уламолар ушбу вақт қачон экани борасида турли фикрларни айтишган. Бир гуруҳ уламолар “Қуёш чиқар пайт”, деса, баъзилар: “Завол вақти”, деган. Айримларининг фикрига кўра, жума намозига азон айтилган пайтдир. Имом минбарга кўтарилиб хутбани бошлаган пайт, деган фикр ҳам бор. Шунингдек, баъзи олимларимиз, одамлар намозга турган пайт, деган фикрни айтишган. Аммо кўпчилик уламолар асрдан кейин, деб айтган.

Ушбу сўнгги фикр эгаларининг ўзлари айнан қайси вақт экани борасида ихтилоф қилишган. Баъзилари: “Оқшом вақти”, деса, бошқалари “Кундузнинг охирги соатлари”, деган. Мана шу охиргиси тўғрироқ фикрдир. Бунга Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари далил бўлади: “Жума куни ўн икки соатдан иборат бўлиб, унда бир соат борки, қайси мусулмон банда ўша вақт Аллоҳ таолодан бирон нарса сўраса, Аллоҳ азза ва жалла албатта сўраганини беради. Уни аср вақтининг охирги соатларидан изланглар[8].

[1] Юсуф сураси, 97 ва 98-оят.
[2] Бухорий, 1145 ва Муслим, 758. (М).
[3] Муслим, 479. (М).
[4] Алақ сураси, 19-оят.
[5] Муслим, 482. (М).
[6] Муслим, 854. (М).
[7] Бухорий, 935 ва Муслим, 852. (М).
[8] Абу Довуд, 1048 ва Насоий, 3/99-100 ривояти, Албоний саҳиҳ деган. Қаранг: “Саҳиҳ ат-тарғиб”, 702-ҳадис. (М).