Ислом Нури

«Ҳиснул муслим» шарҳи (9): дуо ижобат бўладиган вақтлар ва ҳолатлар (4-9)

4) Фарз намозларидан кейин. Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Саҳобалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Кўпроқ қандай дуо ижобат бўлади?” деб сўрашди. У зот: “Кечанинг охирги қисмида ва фарз намозлар ортидан қилинган дуо”, деб жавоб бердилар[1].

5) Азон ва иқомат ораси. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Азон ва иқомат ўртасида қилинган дуо қайтарилмайди[2].

Бошқа ҳадисда: “Икки ўринда дуо қайтарилмайди ёки деярли қайтарилмайди: азон айтилгандан сўнг қилинган дуо…”, деганлар.

6) Душманга йўлиққан пайт.  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юқорида келтирган ҳадисимиз давомида бундай деганлар: “Икки ўринда дуо қайтарилмайди ёки деярли қайтарилмайди… Жангда душманга юзма-юз келган пайтда қилинган дуо[3].

7) Лайлатул қадр кечаси. Бу кечада кўп яхшиликлар, дуолар ижобат бўлиши, амалларга бир неча баробар савоблар берилиши, гуноҳлар кечирилиши умид қилинади. У кунда қилинган бир амал бошқа вақтда қилинган амалдан минг баробар яхшироқ. Аллоҳ таоло айтади: “Лайлатул қадр кечаси минг ойдан яхшироқ[4]. Яъни лайлатул қадри бўлмаган минг ойдан яхшироқ. Баъзи уламоларнинг фикрича, у рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидир. Умматимизнинг буюк олими, Қуръони каримнинг муфассири Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо мазкур фикрни тўғри деб билар, бунга далил сифатида Қадр сураси ўттиз сўздан иборатлиги ва унинг йигирма еттинчи сўзи “у” (яъни қадр кечаси) эканини келтирар эди. Лекин тўғрироқ ва кучлироқ фикр шуки, у қайси кечада экани шариатимиз томонидан аниқ белгилаб кўрсатилмаган. Валлоҳу аълам.

8) Одил имом (раҳбар)нинг дуоси, рўзадорнинг то рўзасини очгунча қилган дуоси ва мазлумнинг дуоси. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Уч одамнинг дуоси қайтарилмайди: одил раҳбар, рўзадор то рўзасини очгунича ва мазлум. Аллоҳ таоло уларинг дуоларини булутлардан ҳам юқорига кўтаради, уларга осмон эшиклари очилади ва Аллоҳ таоло: “Қудратимга қасамки, сал кейинроқ бўлса-да, албатта сенга ёрдам бераман”, дейди[5].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз разияллоҳу анҳуни Яман диёрига юбораётганларида унга: “Мазлумнинг дуосидан қўрқ! Чунки у билан Аллоҳнинг ўртасида тўсиқ йўқ”, деганлар[6].

9) Ғойибона дуо қилиш. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мусулмон одамнинг биродари ҳаққига ғойибона қилган дуоси қабул бўлади. Унинг бошида вакил этилган бир фаришта бўлади. У биродарига қачон яхшилик тилаб дуо қилса, ушбу вакил қилинган фаришта: “Омин! Сенга ҳам шу нарса бўлсин”, дейди[7].

[1] Абу Довуд 3499. Албоний ҳасан деган. (М).
[2] Абу Довуд, 521 ва Термизий, 212. Албоний саҳиҳ деган. (М).
[3] Абу Довуд, 2540. Албоний саҳиҳ деган. (М).
[4] Қадр сураси, 3-оят.
[5] Ибн Можа, 1752. Албоний саҳиҳ деган. Қаранг: “Ас-силсила ас-саҳиҳа”, 1211-рақам. (М).
[6] Бухорий, 1496. (М).
[7] Муслим, 2733. (М).