Ислом Нури

Жаннатга элтувчи амаллар (2)

Учинчиси: Камбағал – бечорани таомлантиришнинг фазилати.

Аллоҳ таоло айтади:

«Ва таомни суюб-хоҳлаб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни таомлантирурлар. (Улар айтурлар): ″Биз сизларни Ёлғиз Аллоҳнинг Юзи учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу ишимиз учун) бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз – кутмасмиз. Албатта бизлар Раббимиз томонидан бўладиган, (даҳшатли азобдан юзлар) тиришиб, буришиб қолувчи бир Кундан қўрқурмиз″. Бас, Аллоҳ уларни ўша Куннинг ёмонлигидан сақлади ва улар(нинг юзлари)га жилва – нур, (дилларига) сурур бахш этди» (Инсон, 8-11).

Салафи солиҳлар таомлантиришни – хоҳ очни тўйдириш, хоҳ солиҳ биродарни таомлантиришни – бошқа кўп ибодатлардан олдинги ўринга қўйишар эди. Таомлантиришда таомлантирилувчи шахснинг фақир бўлиши шарт эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қайси бир мўъмин киши бошқа мўъминни очлигида таомлантирса, Аллоҳ таоло уни жаннат меваларидан таомлантиради. Кимки, мўъминни чанқоқлигида суғорса (яъни, сув ичириб қондирса), Аллоҳ таоло уни (қиёмат кунида) ″ар-раҳиқ ал-махтум″дан суғоради» (Имом Термизий ҳасан санад билан ривоят қилган).

Баъзи салафлар айтган экан: «Дўстларимдан ўн кишини чақириб, уларни ўзлари ёқтирган таом билан таомлантирмоғим менга Исмоил алайсаломнинг авлодларидан бўлган ўнта кулни озод қилганимдан кўра суюклироқдир». Салафлар кўплари ўзлари рўзадор бўлатуриб, ифторликларини муҳтожларга эҳсон қилиб юборишарди. Улардан баъзилари: Абдуллоҳ ибн Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳумо, Довуд ат-Тоий, Молик ибн Динор, Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа кўп зотлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо фақат мискину етим-есирлар билан бирга ифтор қилар, агар аҳли оилалари мискин ва етим-есирларга рухсат бермаганини билиб қолса, ўша кеча ифтор қилмай қўяверар эди.

Салафлардан яна баъзилари ўзи рўзадор ҳолатида дўстларини таомга таклиф этиб, уларга хизмат қилиб, кўнгилларини олар эди. Ҳасан Басрий, Абдуллоҳ ибн Муборак шулар жумласидан.

Абу Суввор Адавий айтади: «Мана шу масжидда номоз ўқийдиган Бани Адий қабиласининг одамларидан биронталари уйларида меҳмонсиз ифтор қилмасди, унга меҳмон бўлиб ифтор қиладиган бирор киши бўлмаса, таомини масжидга олиб чиқиб масжид аҳли билан бирга ифтор қиларди».

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Эй одамлар! (Ўрталарингда) саломни ошкор қилинглар, таом едиринглар, тунда одамлар ухлаб ётган пайтида (туриб, таҳажжуд) намоз ўқинглар. (Шундай қилсангизлар, мукофотига) тинчлик-омонлик билан жаннатга кирасизлар» (Имом Термизий ривоят қилган ва “бу ҳасан-саҳиҳ-ҳадисдир”, деган).

Тўртинчиси: Касал кўришнинг фазилати.

Аллоҳ таоло инсонга санаб тугатиб бўлмайдиган ҳисобсиз неъмат ато этди. Ана шу неъматлардан бири тан сиҳатлик неъматидир. Инсон эртаю кеч тан сиҳатлик неъмати ичига бурканиб юрса, у ушбу неъматдан ажрамагунча унинг қадрига асло етмайди. “Саҳиҳи Бухорий”да келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Икки неъмат борки, аксар одам уларга бепарводир. У иккиси – тан сиҳатлик ва бўш вақтдир». Яъни ушбу икки неъматдан фойдаланишдан маҳрумдирлар.

Салафлардан бири айтган эди: «Тан сиҳатлик соғломлар бошидаги тождир, уни фақатгина беморлар кўра оладилар».

Шунинг учун Ислом динимиз соғлом кишиларни Аллоҳ таолонинг неъмати ичида хотиржам юрганликларини ҳис этиб ва у неъматнинг қадрига етишлари ва бу неъмат учун Аллоҳ таолога шукр қилмоқларига ҳамда бемор биродарлари учун тан сиҳатлик, хотиржамлик тиламоқларига тарғиб қилди.

Касал кўрган одам ибратланади, ўзининг саломат эканини ёдга олади, булардан ҳам муҳимроғи касал зиёрат этиб, унинг кўнглини кўтарган кишига улкан ажру савоблар ваъда қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни дейди: ″Эй Одам фарзанди! Касал бўлдим, мени кўргани келмадинг″.

У айтади:

″Эй Раббим! Қандай қилиб сени кўришга борайин, Сен бутун оламнинг Рабби бўлсанг?!″

— ″Фалон бандам касал бўлди. Билмадингми? Уни кўришга бормадинг, агар сен уни кўришга борганингда, унинг ҳузурида Мени топган бўлардинг. Эй Одам фарзанди! Сендан таом сўрадим, сен Мени таомлантирмадинг″.

— ″Эй Парвардигор! Мен Сени қандай қилиб таомлантираман, Сен ўзинг бутун оламни тарбият қилгувчиси бўлсанг?!″

— ″Фалон бандам таом сўради. Билмадингми? Сен эса уни таомлантирмадинг. Агар сен уни таомлантирганингда унинг ажрини Менинг ҳузуримда топган бўлардинг″. Эй, Одам фарзанди! Сендан сув сўрадим, сен Мени суғормадинг.

— Эй Раббим! Қандай қилиб мен Сени суғорайин, Сен ўзинг бутун оламнинг Парвардигори бўлсанг!?.

— Фалончи бандам сендан сув сўради, сен эса уни суғормадинг, сен уни суғорганингда эди, шунинг (савобини) Менинг ҳузуримда топардинг!» (Имом Муслим ривояти).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Касални кўришга боринглар, очни таомлантиринглар, қулни озод қилинглар!» (Бухорий ривояти)

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қайси бир мусулмон киши (бошқа бемор) мусулмонни кундуз кун кўришга борса, то кеч киргунча етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуо қилиб туради. Агар оқшом зиёрат қилса, етмиш минг фаришта то тонг отгунча унинг ҳаққига дуо қилиб туради ва жаннатда унга бир бўстон (боғ) бўлади» (Имом Термизий ривоят қилган ва ҳасан ҳадис, деган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай дейдилар: «Ким бир касални кўришга борса, ёки Аллоҳ йўлидаги дўстини зиёрат қилса, унга бир жарчи нидо қилади: ″Пок-хуш бўлдинг, босган ерларинг ҳам пок-хуш бўлди ва жаннатдан ўзиннга жой ҳозирладинг!″» (Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган. Термизий: “Бу саҳиҳ ҳадис”, деган).

Эй азиз дўстим, касалхоналардан бирига бориб, у ерда ётган касалларни ҳеч кўрганмисан?! Қара! Мана бу касалнинг юраги ҳаста, бунисининг буйрагида тош бор, мана бунинг бутун бадани куйиб кетган ва мана бу беморнинг эса оёк-қўли шол бўлиб қолган ва ҳоказо… Умуман олганда, бу беморларни ушбу даргоҳга етаклаб келиб тўшакка михлаган касаллик юзларидаги табассум ўрнига хафаликни, нур ўрнига сўлғинликни алиштиргани ҳамда кундалик ҳаётларини ҳам издан чиқариб юборганининг гувоҳи бўласан. Ўзинг ўйлаб кўр! Ҳозир сен соғломсан, бола-чақанг билан шод-хуррамликда ҳаёт кечирмоқдасан. Қани айтчи, сенинг асло касал бўлмаслигингга ҳамда бу тан сиҳат ва хотиржамлигинг абадий эканига ким кафолат бера олади?! Ўша беморларни касалхонага келтирган ҳасталик сени ҳам уларнинг қаторига кўшиб қўйиши мумкин эканини ҳеч ўйлаб кўрдингми?! Дўстим! Сўзларимни оғир олма, модомики сен ҳозир соғ-саломат экансан, бу неъматнинг қадрига ет! Аллоҳ таолодан савоб умид қилган ҳолингда ҳаста-беморларни зиёрат қилиб, уларнинг кўнгилларини кўтар! Ушбу амал жаннатга етакловчи амаллардан эканида асло шубҳа йўқдир.

Хотима ўрнида

Мазкур муборак ҳадисларда бу фоний дунёда яшашдан мақсад нима эканини идрок этиб, дунёларидан охиратлари учун захира ҳозирлаган, Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегарани босиб ўтмай, бутун аъзоларини маъсиятдан тийиб, ҳаром ва шаҳвониятдан ўзларини узоқ тутиб, бу дунё ҳақида оқилона фикр юргизган, ″маданият″ деб аталмиш бемаъни сафсата бўрони ва унинг макру ҳийлаларидан таъсирланмаган олий ҳиммат, ақли расо кишиларга ўз умматлари учун ота-оналариданда меҳрибонроқ бўлган ҳазратимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан оталарча қилинган панду насиҳат ва жаннатга элтувчи йулга тарғибу ташвиқ мавжуддир.

Саҳобайи киром розияллоҳу анҳумлар ушбу панд-насиҳатларни у муборак зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан бевосита эшитиб, бу фоний дунёнинг қадрсиз бир нарса эканини идрок этиб, иймон ва ишонч, ихлос ва ростгўйлик билан охират томонга одим отиб, Аллоҳ таолонинг тоъат-ибодатида жидди-жаҳд қилиб, хайрли ишларни амалга оширишда – худди аҳли дунёлар дунё устида мусобақалашганлари каби, балки унданда кучлироқ – мусобақалашиб, натижада Аллоҳ таолонинг розилигига сазовор бўлдилар.

Муҳтарам ўқувчи! Юқорида сиз билан биргаликда жаннат боғларида сайр этиб, солиҳ амаллар соясида сояланиб, у боғ сайридан фориғ бўлганимиздан кейин, энди сизнинг фикрингизни бир муҳим нуқтага қаратмоқчимиз. У қандай нуқта эканини биласизми?! У ихлос! Ҳа, у солиҳ амаллар охиратда бандага фойдали бўлиши учун ана шу амалларни ихлос билан Аллоҳ учун бажаришдир!

Қанча-қанча рўзадорлар борки, рўзаларидан кўрганлари фақатгина очлигу ташналик ва қанча-қанча касал кўрган, очни тўйдирган, таъомлантирган кишилар борки, улар бу қилган ишлари билан фақатгина кийналиб уйқудан қоладилар, холос. Сизни ҳам, мени ҳам шундай кишилардан бўлиб колишдан Аллоҳ таоло Ўзи сақласин!

Салафи солиҳлар амаллари ҳабата бўлиб кетишидан қўрққанлари боис амалларини яширишга қаттиқ ҳаракат қилишарди.

Улуғ тобеин Айюб ас-Сахтиёний ҳақида Ҳаммод ибн Зайд шундай дейди: ″Гоҳида Айюб ас-Сахтиёний бир ҳадисни айтиб, (таъсирланиб) қалби юмшаб, (кўзига ёш келарди) ва четга ўгирилиб, (бу ҳолатни яшириш учун) бурнини артиб, “тумов жуда ёмон иллатда!” дер эди”. Яъни ўзида содир бўлган йиғини яшириш мақсадида, гўё ўзини тумовлаган киши қилиб кўрсатар эди.

Муҳаммад ибн Восеъ айтади: ″Мен шундай зотларни кўрганманки, баъзилари аёли билан бир жойда – бир ёстиққа бош қўйиб ётган пайтида, (охиратни эслаб, кўнгли юмшаб) кўзидан ёш қуйилар, бироқ буни аёли ҳам сезмасди.

Баъзилари намозда сафда турганида кўзининг ёши соқолини ювар, бироқ буни ёнидаги кишига сездирмасди.

Айюб ас-Сахтиёний кечанинг ҳамма қисмида бедор бўлиб, махфий равишда – бировга сездирмай намоз ўқир, тонг отганида уйқудан ҳозир уйғонган киши каби овозини баландлатиб кўяр эди.

Ибн Абу Адий ўз ривоятида айтади: ″Довуд ибн Аби Ҳинд қирқ йил нафл рўза тутди, аммо бундан аҳли-оиласи бехабар эди. У киши бўзчи эди. Тонг-саҳар оиласи ҳозирлаб берган тушлик таомини уларнинг кўз ўнгида ўзи билан бирга олиб чиқиб кетар, йўлда эса уни садақа қилиб юборар, кечга қайтиб келиб, улар билан биргаликда кечки овқатда ифтор қилар эди″.

Суфён ас-Саврий айтади: ″Менга етиб келган хабарда айтилишича: ″Банда амални яширинча – бировларга кўрсатмай амалга оширса, уни бу каби яхши ҳолатда қолишини хоҳламаган шайтон уни васваса қилади, натижада (у банданинг баъзи бир нотўғри ҳатти-ҳаракати сабабли) унинг амаллари ошкора қилинган амаллар қаторига ёзилади. Кейин шайтон яна васваса қилишда давом этади, натижада банда мана шу амали устида уни мақташларини хуш кўриб қолади, охир-оқибат бу амал ошкор қилинган (холис) амаллар жумласидан ўчирилиб, риё билан қилинган амаллар қаторидан жой олади″. Аллоҳ таоло сизу бизни бу каби зиёнкорликдан паноҳида асрасин!

Ҳурматли қадрдон ўқувчи! Сўзимиз охирида Аллоҳ таолонинг Ўзига илтижолар қилиб, фойдали сўзларни эшитганда унга сидқидилдан, холис Аллоҳ учун амал қилишни ҳаммамизга У буюк зотнинг ўзи насиб этмоғини ва нафсимизнинг ёмонлиги, лаънати шайтоннинг макри ҳийласидан Ўзи паноҳ бериб, розилиги ва муҳаббатига мушарраф айламоғини сўраймиз. Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммадга, аҳли байтлари, саҳобалари ва то қиёмат уларга яхшилик билан эргашган зотларга салавоту саломлар айтамиз.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.