Ислом Нури

Кўзни ҳаромдан тийиш


Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳ таоло Нур сурасининг 30-31 оятларида бундай марҳамат қилади:

قل للمؤمنين يغضوا من أبصارهم ويحفظوا فروجهم ذلك أزكى لهم إن الله خبير بما يصنعون {30} وقل للمؤمنات يغضضن من أبصارهن ويحفظن فروجهن…{31}

Бу оятлар маъносини Аллома Абдураҳмон ибн Носир ас-Саъдий раҳимахуллоҳ қуйидагича тафсир қилади: “Ножоиз ишлар қилишдан тўсиб қолувчи иймони бор бўлган мўминларга тўғри йўл кўрсатиб, уларга бундай денг: авратларга, номаҳрам аёлларга, қараганда фитналаниш хавфи бўладиган ёш ўсмирларга (яъни мўйлаби бироз сабза уриб, ҳали соқоли чиқмаган ёш йигитларга), фитнага соладиган дунё зийнатига ва ҳаромга олиб борадиган нарсаларга қарашдан кўзларини пастга туширсинлар- сақласинлар. Ҳамда олди ё орқа тарафига ёки бундан бошқа ўринларга ҳаром жинсий алоқа қилишдан, бировга ушатишдан ва қаратишдан фаржларини (жинсий аъзоларини) сақласинлар. Бу сақланиш улар учун энг покиза ва ниҳоятда яхши ишдир. Чунки ким фаржи ва кўзини сақласа, фоҳишабоз эрлару аёллар кирланадиган разил қилмишлардан ўзини пок тутиб қолади. Нафсни ўзига жалб қиладиган ҳаромни тарк этгани учун амаллари ҳам тоза бўлади. Шундай экан, ким бир нарсани Аллоҳ учун тарк этса, ўшандан яхшироғини Аллоҳ унга беради. Ким кўзини сақласа, унинг кўзини Аллоҳ мунаввар қилади. Чунки қачон банда ҳаромдан ва шаҳватни ўйғотадиган нарсалардан фаржи ва кўзини сақлай олса, бошқа аъзоларини тўлик сақлай олади. Шунинг учун бу сақлашни Аллоҳ ҳифз қилиш, деб номлади. Чунки ҳифз қилинган нарсани унинг ҳофизи-сақловчиси ўша нарсани олиб қолишда тиришмаса ва сақлаб қоладиган сабабларга риоя қилмаса, албатта у нарса сақланмас. Кўз ва фарж ҳам шундай. Агар банда уларни сақламаса, улар бандани бало ва офатлар жарлигига итариб юборади.

Аллоҳ таоло фаржни мутлақо, ҳар қандай ҳолатларда ҳам ҳаромдан сақлашга буюрди. Фақат ҳалол жуфти ва қўл остидаги чўриси бундан мустаснодир. Аммо кўз билан қараш баъзи ўринларда жоиз бўлади. Масалан, гувоҳликка ўтганда, закот берувчи киши ва уйланмоқчи бўлганидаги ҳолатлар каби.

Бандалар қилаётган ишлардан Аллоҳ хабардор зотдир.

Аллоҳ таоло мўмин эрларни кўзлари ва фаржларини сақлашга буюргач, мўмина аёлларга ҳам шу нарсани амр қилиб айтадики: “Мўмина аёлларга ҳам айтинг: авратларга ва эр кишиларга шаҳват назари билан қарашдан кўзларини пастга туширсинлар ҳамда фаржларини ҳаром жимоъ қилинишдан, ушлатиш ё қаратишдан сақласинлар” (“Тафсири Саъдий”дан иқтибос тугади).

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: “Аллоҳ таоло: “Мўминларга айтинг, кўзларини (ҳаром нарсаларга қарашдан) тийсинлар”, деди (Нур, 30). Аёл кишининг чиройли жойларига қарашимиздан Аллоҳ рози бўлмади. У билан зино қилган кишининг ҳоли не кечаркин?! Аллоҳ таоло: “Ўлчов ва тарозидан уриб қолгувчиларга вайл (жаҳаннам) бўлсин!” деди (Мутаффифун, 1). Молнинг ҳаммасини зулм билан олган кишининг ҳоли не кечаркин?! Аллоҳ таоло: “Бир-бирингизни ғийбат қилманглар”, деди (Ҳужурот, 12). Одам ўлдирган кишининг ҳоли не кечаркин?!”

Эй Аллоҳ, ҳаромга қарашдан ва ҳаром ишни қилишдан бизларни сақлагин!

Аллоҳ таоло Исро сурасининг 36-оятида бундай марҳамат қилади:

“إن السمع و البصر و الفؤاد كل أولئك كان عنه مسئولا”

Маъноси: “Шубҳасиз инсон кўз, қулоқ ва қалб (каби аъзоларнинг) барчасидан қиёмат кунида сўралади”. Яъни инсон Аллоҳ таолонинг олдида қулоқ билан эшитган ва кўз билан кўрган барча нарсалари ҳақида сўралади. Шунингдек, қалб билан қилган барча эътиқоди ва ниятлари тўғрисида масъул бўлади. Шундай экан, ибодат учун яратилган бу аъзоларни ҳалол бўлмаган нарсаларга ишлатган кимсанинг ҳолига вой бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ хоҳлаганида, уларнинг кўз ва қулоқларини (кўрмайдиган ва эшитмайдиган қилиб) кетказган бўлар эди. Шубҳасиз Аллоҳ барча ишга қодир зотдир” (Бақара, 20).

Ғофир сурасининг 19-оятида эса бундай дейди:

“يعلم خائنة الأعين و ما تخفي الصدور”

Маъноси: “У зот кўзлар хиёнати ва қалблар яширадиган нарсаларни билади”. Одам бир аёлга ё йигитга қараётганида, зоҳирида тўғри маънони кўрсатиб, ичидаги шаҳват ғаризаси борлигини яшириши ёки ўғрикўз бўлиб назар солишига “кўз хиёнати” дейилади. Бундан кўринадики, демак бузғунчилик асли қалбда бўлар экан. Қалб тана аъзоларининг барчасини бошқаради. Айтингчи, жасаддаги соғлом қалб аъзолар ҳаром иш қилишига қўйиб берадими? Кўзни хиёнат ва зино қилишига ташлаб қўядими? Йўқ албатта! Азизлар, шундай экан, хоин ва зинокор кўзнинг муолажаси қалбда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“ألا وإن في الجسد مضغة إذا صلحت صلح الجسد كله، وإذا فسدت فسد الجسد كله، ألا وهي القلب” (البخاري: 52)

Маъноси: “Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор. Агар у соғлом бўлса, жасаднинг ҳаммаси соғлом бўлади. Агар у бузилса, жасаднинг ҳаммаси бузилади. Огоҳ бўлинг, у қалбдир” (Бухорий ривояти). Ибн Хажар раҳимахуллоҳ айтади: “Қалб баданнинг амиридир. Амир салоҳиятли бўлса, одамлар ҳам салоҳиятли бўлади. Агар у бузғунчи бўлса, тобеълари ҳам бузғунчи бўлади. Демак ақлнинг жойи ҳам қалбдадир”.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар:

” كتب على بن آدم نصيبه من الزنى مدرك ذلك لا محالة: فالعينان زناهما النظر والأذنان زناهما الاستماع واللسان زناه الكلام واليد زناها البطش و الرجل زناها الخطا والقلب يهوى و يتمنى و يصدق ذلك الفرج أو يكذبه”

( رواه البخاري:6243 و مسلم:2657)

Маъноси: “Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзиб қўйилган. Бу нарса унга етмай қолмайди, бунинг чораси йўқ. Кўзлар зино қилади, уларнинг зиноси қарашдир. Қулоқлар зино қилади, уларнинг зиноси эшитишдир. Тил зино қилади, унинг зиноси гапиришдир. Қўл зино қилади, унинг зиноси ушлашди. Оёқ зино қилади, унинг зиноси юриб боришдир. Қалб истайди ва хоҳлайди. Фарж бу қилмишларнинг барчасини тасдиқлаб (жинсий алоқа) қилади, ёки ёлғонга чиқариб (зинодан) тийилади” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Биродарлар, бу ҳадисга эътибор беринг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввал кўзни зикр қилдилар. Чунки инсон аввало кўзи билан боқади. Кейин бошқа аъзоларини ишга солиб, охирида зино қилади. Шундай экан, ҳалол бўлмаган нарсалардан кўз тийилса, қалб яраланмайди ва гуноҳдан омон қолади.

Эй Аллоҳ, бизнинг кўзларимизни хоин ва зинокор кўз бўлишидан асрагин!

Жарир разияллоҳу анху айтади: “Беҳосдан (ҳаромга) кўз тушиб қолиши тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадим”. Шунда ул зот: “Дарҳол кўзингни бошқа тарафга бургин”, деб жавоб қилдилар (Муслим ривояти).

Абу Саиддан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“لا ينظر الرجل إلى عورة الرجل، و لا تنظر المرأة إلى عورة المرأة، و لا يفضي الرجل إلى الرجل في الثوب الواحد، و لا تفضي المرأة إلى المرأة في الثوب الواحد” (رواه مسلم:338)

Маъноси: “Эркак бошқа эркакнинг авратига қарамасин. Аёл ҳам бошқа аёлнинг авратига қарамасин. Эркак бошқа эркак билан (яланғоч ҳолатда) бир кийим ичида бўлмасин. Аёл ҳам бошқа аёл билан (яланғоч ҳолатда) бир кийим ичида бўлмасин” (Муслим ривояти).

Азизлар, аёл киши бошқаларни ўзининг авратига қаратиш учун тор ва юпқа либос кийиши ҳаромдир. Бундай тор либос кийган “ҳижобли”га эркаклар тугул аёлларнинг ҳам қараши ҳалол бўлмайди. Чунки бундай аёл ҳам жамиятни бузувчи бир бузғунчидир. Жаннатдан маҳрум бўлган аёллар тўғрисида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар:

“صنفان من أهل النار لم أرهما قوم معهم سياط كأذناب البقر يضربون بها الناس و نساء كاسيات عاريات مميلات مائلات رؤوسهن كأسنمة البخت المائلة لا يدخلن الجنة و لا يجدن ريحها و إن ريحها ليوجد من مسيرة كذا و كذا” (رواه مسلم: 2128)

Маъноси: “Дўзах аҳлидан бўлган икки тоифа одамлар борки, мен ҳали уларни кўрмаганман. Биринчиси қўлларида сигирнинг думига ўхшаш қамчилари бўлган, улар билан одамларни урадиган тоифадир. (Эй Аллоҳ, бизнинг зурриётимиздан бундай бадбахт шайтонлар чиқмаслигини Сендан илтижо қиламиз!) Иккинчиси эса (баданини тўсмайдиган даражада) кийим кийган, аслида эса яланғоч, эркакларга мойил бўлган, (жамолини кўз-кўз қилиш билан) эркакларни ҳам ўзига мойил қиладиган аёллардир. Уларнинг бошлари (сочларига ўралган ёхуд қистирилган нарсалар сабабидан) туянинг эгик ўркачи каби дўмпайиб туради. Бундай аёллар жаннатга кирмайдилар, унинг ҳидини ҳам топмайдилар. Жаннатнинг ҳиди фалон-фалон масофадан келиб туради”. (Эй Аллоҳ, бизнинг аёлларимиз ва қизларимиз шулардан бўлиб қолмаслигини Сендан ўтиниб сўраймиз!)

Эй Аллоҳ, аёлларимизни ҳидоят қил!

Азиз ака-укалар! Қалбларни титратиб юборадиган бу ҳадис фақат аёлларга тегишли деб ўйлаб, шайтонни севинтириб қўйманг! Тананинг аврат ерларини билдириб турадиган либос кийиш эркакларга ҳам ҳаромдир. Тор “жинси” шимлар тақводор мўминларнинг либоси эмас. Бунақа либос киядиганлар ҳам жамиятни бузувчи кимсалардир.

Абдуллоҳ ал-Бурайда отасидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алига бундай дедилар:

“يا علي لا تتبع النظرة النظرة فإن لك الأولى وليس لك الآخرة” ورواه الترمذي من حديث شريك وقال غريب لا نعرفه إلا من حديثه

Маъноси: “Эй Али, (ҳалол бўлмаган нарсага ё бегона аёлга) бир марта кўзинг тушиб қолганда, бу қарашдан кейин яна қайтадан қарама. Ногаҳон кўзинг тушиб қолгани сеники (яъни бу учун гуноҳ ёзилмас), аммо қайта қарашинг сеники эмас (бунисига гуноҳ ёзилади). Термизий ривояти.

Имом Аҳмад Абу Умома разияллоҳу анхудан ривоят қилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“ما من مسلم ينظر إلى محاسن امرأة ثم يغض بصره إلا أخلف الله له عبادة يجد حلاوتها”

Маъноси: “Қай бир мўмин аёл кишининг чиройли жойларига кўзи тушиб қолганида кўзини ерга қаратса, шубҳасиз Аллоҳ унинг ўрнига ҳаловат топадиган бошқа бир ибодатга уни йўллаб қўяди”.

Аллоҳ таоло барчамизнинг гуноҳларимизни кечириб, жаннатига киритсин!

Аллоҳ таоло Ўзининг қули ва пайғамбарларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, у зотнинг аҳли-оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар ва баракалар ёғдирсин! Омин!

Манба: www.islomnuri.com