Ислом Нури

Мусулмон кишининг мусулмон биродарларига муносабати қандай бўлиши керак?


Доктор Али ибн Умар Бодаҳдаҳ

Исмоил Ёқуб таржимаси

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳга, у зотнинг аҳли-оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Мусулмон киши ўзининг зиммасида мусулмон биродарларига нисбатан вожиб бўлган бир неча ишларни билиши ва уларни ўзига лозим тутиши керак:

1) Уларга ёмонлик қилиш ва озор етказишдан тийилиши.

Аллоҳ таоло айтади: «Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб, 58).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон кишини қуйидагича сифатлаганлар: «Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир» (Бухорий (10) ва Муслим (40) ривояти).

2) Уларга нисбатан яхши гумонда бўлиш ҳамда ёмон гумонлардан сақланиш.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир!» (Ҳужурот, 12).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Гумондан сақланинглар, зеро гумон сўзларнинг энг ёлғонидир» (Бухорий (5144) ва Муслим (5263) ривояти).

3) Ўзига яхши кўрган нарсани биродарларига ҳам илиниши. Зеро, бу биродарлик тақозоси саналади: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот, 10). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни иймоннинг камолидан санаганлар: «Сизларнинг бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунча иймони комил бўлмайди» (Бухорий (13) ва Муслим (45) ривоятлари).

4) Уларга моддий-маънавий кўмак ва ёрдам кўрсатиши, дилларига шодлик киритиши, мусулмоннинг мусулмон устида вожиб бўлган ҳақларини адо этиши, зулмга учраган пайтларида ёнларини олиши, туҳматга дучор бўлганларида ҳимоя қилиши.

Мусулмон кишига мусулмон биродарлари ҳақида ёмон сўз ёки айблов етган ҳолларда эса – юқорида айтилганларга қўшимча равишда – бу борада шаръий йўлни тутиши лозим. Бу эса қуйидаги ишларда кўринади:

а) Аниқлаш, ҳақиқатини билиш, текшириб кўрмай шошқалоқлик билан ҳукм чиқармаслик. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!» (Ҳужурот, 6).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «“Айтишларича” (яъни, эмишки) деган сўз кишининг (мақсадга етказувчи) нақадар ёмон уловидир» (Аҳмад (17076) ва Абу Довуд (4972) ривояти). Аксарият айбловлар ботил ва асоссиз туҳматлар бўлади. Миш-миш ва ботил сўзларни кўр-кўрона, текширмасдан қабул қилиш ярамайди. Бу гапнинг асли қаердан чиққани, ким томонидан айтилган эканини суриштириб билиш керак бўлади. Жуда кўп туҳматларни текширилганда унинг ким томонидан чиқарилган экани топилмайди. Топилган ҳолларда эса кофир ё фосиқ бир кимса тарафидан ё эса хусумати бор одам томонидан айтилган бўлиб чиқади. Бундай гап эътиборга олинмаслиги лозим. Аҳли илмлар сўзларига кўра, замондош ва (илмда) баробар кишиларнинг бир-бирлари ҳақидаги танқидий гапларидан кўз юмилади ва ривоят қилинмайди, айблов ва танқиднинг сабаби рақобат ва ҳасад ёки зиддият ва нафрат бўлганида эса уни чуқур ўрганмай ва яхшилаб текширмай туриб қабул қилинмайди.

Ибн Жарир раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: «Агар тубан ва номаъқул мазҳаб (фикр) унга нисбат берилган киши ҳақидаги ҳар қандай даъволар рост бўлаверганида ва бу билан унинг адолати соқит бўлиб, гувоҳлиги ботил бўлаверганида эди, жуда кўп муҳаддисларни тарк қилиш лозим келган бўларди».

б) Яхши гумон билан улар учун узрлар қидириш, уларнинг гап-сўз ва иш-амалларини яхшилик тарафга таъвил қилиш. Саҳиҳ ҳадисда келганки: «Узр айтилишни Аллоҳдан кўра яхши кўрувчироқ бирон киши йўқдир. Шу боисдан ҳам У хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчиларни (яъни пайғамбарларни) юборди» (Бухорий (7416) ва Муслим (1499) ривояти). Ҳадис шарҳида айтилишича, бунинг маъноси: «Аллоҳ таоло сендан кўра (яъни, ҳадис Саъд ибн Убодага хитобан айтилган) ғаюрроқ бўлса ҳам У узрни яхши кўради, ҳужжат қоим бўлмасидан туриб азобламайди», демакдир. Абу Қилоба ал-Жармий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар бир биродарингиз ҳақида сизга ёқимсиз бирор гап айтилса, сиз имкон борича унга узр истанг. Узр тополмасангиз: «Биродаримнинг мен билмаган бирон узри бўлса керак», деган гумонда бўлинг» (Абу Нуъайм (2/285) келтирган).

в) Ҳикмат билан, таъсирчан услубда насиҳат қилиш ва тўғриликка йўллаш. Зеро, дин насиҳатдир. Хато ҳаммадан ҳам содир бўлади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳеч ким маъсум эмас. Насиҳатчининг мақсади ҳақни кўзлаш, тўғрилик исташ, насиҳат қилинаётган кишига яхшилик тилаш бўлмоғи керак. Аслида, насиҳат – насиҳат қилувчи билан насиҳат қилинувчи ўртасида махфий тарзда бўлиши керак, акс ҳолда у насиҳат қилиш эмас, шарманда қилиш бўлиб қолади.

г) Яшириш, ёйиб юбормаслик ва ғийбат қилмаслик. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Нур, 19). Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ оят тафсирида айтади: «Бу бирон нохуш хабарни эшитган киши уни ёйиб юбормаслиги кераклиги ҳақида кўрсатмадир». Мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларини унутмасинки: «Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг айбини яширади» (Бухорий (2442) ва Муслим (2580) ривоятлари.

д) Адолат ва инсоф қилиш, мўътадиллик билан ёндошиш, кишининг ҳолатига ҳар томонлама назар солиш, озгина хатосини деб кўп яхшиликларидан кўз юммаслик. Инсонга унда ғолиб бўлган сифатлари билан баҳо берилади, баъзан юз берадиган нодир ҳолатлари билан эмас. Мана, Ҳотиб ибн Аби Балтаъа розияллоҳу анҳу Макка фатҳи воқеасида (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фатҳ учун отланаётганлари ҳақида Қурайшга хабар йўллаб) катта хатога (гуноҳга) қўл урди, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кечирдилар ва: «Албатта Аллоҳ таоло Бадр жанги иштирокчиларини билган ва уларга: «Истаган ишингизни қилаверинглар, Мен сизларни кечирдим», деб айтган», дедилар (Бухорий (3007) ва Муслим (2494) ривояти). Шунинг учун Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ бу воқеани сўзлар эканл: «Бу катта хато унинг бошқа яхшиликлари олдида ювилиб кетди», дейди.

Инсофли одам – Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтганларидек – кўп яхшиликлари бўлган кишининг озгина хатоларини кечириб юборади, унинг кўп яхшиликларини эътиборга олади. Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ у кишининг бу гапларини қувватлаб бундай деган: «Қолаверса, бир катта олим кишининг тўғри ишлари кўп бўлиб, ҳақни мақсад қилиши маълум, илми чуқур, заковати ўткир бўлса, салоҳияти, тақвоси ва (Китобу Суннатга) эргашиши билан танилган бўлса, унинг хатоси кечирилади, уни залолатга нисбатламаймиз, ундан юз ўгирмаймиз, яхшиликларини эсдан чиқармаймиз. Тўғри, шу билан бирга бидъати ва хатосида унга эргашмаймиз ва бу ишидан тавба қилишини умид қиламиз».

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳдан гўзал бир иқтибос билан сўзимизни якунлаймиз: «Ҳар бир хато қилган одамни тарк қилинаверса, унинг яхшиликларидан кўз юмилаверса, илму ҳунарлар бузилган ва излари ўчиб кетган бўлар эди».

Манба: www.islomnuri.com