Ислом Нури

Она васияти

Умома бинти Ҳорис арабларнинг фозила аёлларидан эди. У аёлнинг одоб-ахлоқ ва панду насиҳат бобида машҳур ҳикматли сўзлари кўп бўлган.

Кинда подшоҳи Ҳорис бин Амрга бу аёлнинг қизи Умму Иёс бинти Авф турмушга чиққан. Келинни куёвнинг уйига олиб кетиладиган зифоф (келин тушириладиган) кечасида  Умома жуда ҳам қимматли, бебаҳо сўзлар билан қизига васият қилган эди:

Эй қизалоғим!

Агар бир инсоннинг насли, улуғлиги ёки обрўси баландлиги учун унга васият қилмай қўйилганида, сизга васият қилмаган бўлар эдим. Лекин васият ақлли одамга эслатма, ғофилга эса танбеҳдир.

Эй қизалоғим!

Агар бирор аёл отасининг бойлиги учун эрсиз ўтиши мумкин бўлганида, мен эрсиз ўтар эдим. Лекин аёллар эркаклар учун, эркаклар аёллар учун яралган.

Эй қизалоғим!

Сиз улар орасида тинч-тотув яшаб турган аҳлингизни ташлаб, ўзингиз танимаган, билмаган манзилга, танимаган  кишилар ҳузурига кетмоқдасиз. Эрингиз бу ҳаётда сиз учун подшоҳдир. Агар сиз унга чўри бўла олсангиз, у сизга қул бўлади.

Эй қизалоғим!

Мендан ўн васиятни ёдлаб олинг, улар сизга ҳам озуқа ва ҳам обрў бўлади:

1. Қаноатли бўлинг, зеро қаноат қалбнинг роҳатидир.

2. Эрингизга қулоқ солишингиз ва итоатингиз чиройли бўлсин. Аллоҳ чиройли ҳаётдан рози бўлади.

3. Эрингизнинг кўзлари тушадиган ерга эътибор беринг, сиздан ҳеч қачон хунук нарсани кўрмасин. (Аёл киши ўзида бор зийнатини турмуш ўртоғигагина кўрсатсин.) Зийнатнинг энг яхшиси сурмадир.

4. Димоғи сиздан фақат ширин ҳидларни топсин, хушбўйликнинг афзали сувдир.

5-6. Таомланиш ва дам олиш вақтига бепарво бўлманг. Чунки очлик инсон ичидаги аланга, чарчоқ эса ғам-ғуссадир.

7. Унинг ота-онаси ва қариндошларини ҳурмат қилинг, бу гўзал тадбирдир.

8. Унинг молу мулкини сақланг, бу тартиб-интизомдир.

9. Унинг сирини сақлашга ўрганинг, йўқса уни ўзингизга душман қилиб оласиз.

10. Буйруқларига итоатли бўлинг, йўқса қалбини гинага тўлдириб қўясиз.

Шунингдек, унинг ғамгин ҳолатида шодланишдан, шодлигида ғамгин бўлишдан сақланинг. Чунки унинг ғамгинлигида шодланишингиз ақлингиз қосирлигига далолат қилади, шодлигида ғамгин бўлиб олишингиз тотув ҳаётингизни булғайди.

Унга қанчалар ҳурматда бўлсангиз, у ҳам сизга шунчалар иззатда бўлади. Унга қанчалар келишимли бўлсангиз, ҳаётингиз шунчалар тотув давом этади.

Манба: www.islomnuri.com