Ислом уммати тобеъликдан етакчиликка

    1951 марта кўрилган

    الأمة الإسلامية من التبعية إلى الريادة

    Шайх Муҳаммад Ҳассон
    Ислом Нури таржимаси

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

    Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

    Аммо баъд…

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугунги суҳбатимизни «Ислом уммати тобеъликдан етакчиликка» деб номладик. Мавзунинг узунлиги ва муҳимлигини ҳисобга олиб, суҳбатимизни қуйидаги моддаларга бўлиб олиб борамиз:

    • Биринчи: Аллоҳ таоло бу умматнинг яхшилигига гувоҳлик беради.
    • Иккинчи: Умматнинг йўлдан оғиб кетганлиги.
    • Учинчи: Тобеъликдан етакчилик сари олиб чиқувчи йўлни ёритиб берувчи белгилар. Уларнинг энг муҳимлари:
      • 1) Жиноятчилар йўлини очиб берадиган исломий фурқон (яъни, ҳақ ва ботил ўртасини ажратувчи мезон) барпо этиш;
      • 2) Ақидани мусаффо қилиш, шариатни тозалаш, ақида ва шариатни ҳаёт йўлига айлантирадиган мусулмон шахсни вужудга келтириш;
      • 3) Исломий ҳаёт йўли ва ахлоқ-одобларини кенг ёйиш;
      • 4) Дўстлигимиз фақат Исломга бўлсин, ундан бошқасига эмас;
    Биринчи: Аллоҳ таоло бу умматнинг яхшилигига гувоҳлик беради

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

    Инсоният ҳаёти халқлар ўртасидаги даҳшатли курашлар майдонидир.. Ҳар бир халқ ўзининг бошқалардан афзал ва юқори эканини даъво қилади.. Шундан келиб чиқиб, халқлар устидан ҳукмронлик ва мутлақ раҳбарлик фақат унга хос эканини айтади.

    Яҳудий ва насронийлар, шунингдек бутпараст мушриклар ўзларини бошқа халқлардан афзал ва юқори эканини, бошқа халқлар ҳаммаси уларга қарам ва тобеъ бўлиши лозимлигини даъво қилдилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Яҳудийлар: «Насронийлар ҳақ эмаслар», де­йишди. Насронийлар: «Яҳудийлар ҳақ эмаслар», дейишди. Ҳолбуки улар (яъни яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам) китоб (яъни Таврот, Инжил) тиловат қиладилар, шунингдек, билмайдиган кимсалар уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар» (Бақара: 113).

    Ушбу оятда айтилган «билмайдиган кимсалар»дан мурод араб мушрикларидир. Яҳудий ва насронийлар ўз даъволарида ўта чуқур кетиб, ҳатто ўзларини Аллоҳнинг фарзандлари ва севикли кишилари деб ҳам даъво қилишди. Аллоҳ таоло айтади: «Яҳудий ва насронийлар: «Биз Аллоҳнинг суюкли болаларимиз», дедилар. Айтинг: У ҳолда нега сизларни гуноҳларингиз сабабли азоблайди?! Йўқ! Сизлар ҳам У яратган барча одамлар каби одамсизлар. Ўзи истаган кишисини мағфират қилур, истаган кишисига азоб берур» (Моида: 18).

    Сўнг улар яна ҳам чуқур кетиб, жаннатни ўзларига хос эканини ва унга улардан бошқалар кирмаслигини даъво қилишди: «Жаннатга фақат яҳудий ёки насроний бўлганлар киради», дейишди. (Яъни яҳудийлар: «Биз кирамиз», дейишса, насронийлар: «Биз кирамиз», дейишди.) Бу уларнинг хом хаёлларидир. Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжат келтиринг!» (Бақара: 111).

    Ер юзидаги бошқа халқлар ҳам то бугунги кунгача ҳам шу каби даъволар қилиб келишади.

    Яқин тарихда Олмония ўзининг «Олмония ҳаммадан олий» деб аталган, немис халқининг олий ирқ эканини даъво қилувчи шиорини кўтариб чиқди.

    Америка жаҳон халқларини ўз йўриғига солиш учун сиқув остига олмоқда, бўйин эгмаганларни аёвсиз жазоламоқда, бугун у ўзини бошқалардан тамомила фарқли, олий ирқ деб кўради.

    Қуръони карим эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг барча халқлар ичидаги ўрнини очиқ-равшан баён қилиб келди. Аллоҳ таоло айтади:

    «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган дин вакилларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» (Оли Имрон: 110).

    «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир уммат қилдик» (Бақара: 143).

    Имом Бухорий ва бошқалар Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни Нуҳни чақирилади. У: «Лаббай, амрингга ҳозирман, эй Парвардигор», дейди. «(Менинг рисолатимни) етказдингми?», деб сўрайди. У: «Ҳа», деб жавоб беради. Унинг умматидан: «Сизларга етказганми?», деб сўралади. Улар: «Бизга ҳеч қандай огоҳлантирувчи (пайғамбар) келган эмас», дейишади. «Сенга ким гувоҳ бўлади, эй Нуҳ?», деб сўрайди Аллоҳ таоло. «Муҳаммад ва у кишининг умматлари», деб жавоб беради Нуҳ. Шунда улар унинг етказган эканига гувоҳлик берадилар, пайғамбар эса сизлар устингизда гувоҳ бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг: «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир уммат қилдик» (Бақара: 143), деган ояти маъносидир». Сўнг: «Ўрта – адолатдир», дедилар. (Саҳиҳул-жомиъ: №8034, Бухорий: №4487, Аҳмад, Термизий, Насоий, Ибн Можа).

    Уммат учун бўлган бу яхшилик унинг зотига ё ирқига ё миллатига боғлиқ эмас, балки у уммат зиммасига бутун дунёга етказиш юклатилган ушбу рисолат яхшилигидан келиб чиққан яхшиликдир.

    Бу умматнинг бу қадар мукаррам ва муфаззал этилиши тасодиф эмасди, балки бу мукаррамлик Аллоҳнинг динида устивор бўлган, Исломни ҳам эътиқодда, ҳам ибодатда, ҳам қонунчиликда, ҳам муомалаларда, ҳам ахлоқда ҳаёт йўлига айлантириб олган, тарқоқ қабилалардан Ислом давлати барпо этган уммат учун бўлганди.

    Бу уммат форс кисроларини мағлуб этди, рум қайсарларини хорликка гирифтор этди, жуда оз фурсат ичида тарих ғилдираги йўналишини бутунлай ўзгартириб юборди, ярим асрга бориб-бормай ер шарининг ярмини фатҳ этди.

    Иккинчи: Умматнинг йўлдан оғиб кетганлиги

    Аммо, кейинроқ уммат ўз азизлигининг асли-асосидан ва шарафининг манбаъидан битта-битта узоқлашиб бораверди.

    Охир оқибат, ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган улкан ёмонлик содир бўлди.. Аллоҳ азза ва жалланинг шариатини ҳаётдан четлатиб, шарқ ва ғарб қонунларини ҳоким қилган кундан бошлаб, уммат хорлик ва зиёнкорлик сари юз тутди.. Ўзи эгаллаб турган олийликлардан бугунги кунда етиб келган хорлик ва хўрлик жарликларига қулади.

    Натижада у ғолиблар тугул мағлублар ҳам, кучлилар у ёқда турсин, заифлар ҳам кўз олайтирадиган тайёр луқмага айланди.

    Имом Аҳмад ва Абу Довуд Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳали устингизга халқлар худди емакхўрлар товоғига ташланганидек ёпирилиб келади», дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, ўша куни озчилик бўлганимизданми?», деб сўрадик. «Сизлар у куни кўпчилик бўласизлар, лекин худди селнинг кўпиги каби кўпик бўласизлар, душманларингиз қалбидан маҳобат (қўрқув) олиб қўйилади ва қалбларингизга ваҳн солиб қўйилади», дедилар. «Ваҳн нима?», дедик. «Дунёга муҳаббат ва ўлимни ёмон кўриш», дедилар» (Саҳиҳул-жомиъ: №8183, Абу Довуд: №958, Аҳмад: 5/278 ва бошқалар).

    Ҳа.. Уммат бугун инсоният ҳаёти оқими четида тарқоқ ва бир-бири билан урушиб ётган кучсиз давлатлар шаклида яшаб келаётган башарият чиқиндилари кўпигига айланиб қолди. Ўрталарини жуғрофий ҳудудлар ва сохта миллий наъралар бўлиб юборган, осмонида миллатчилик байроғи хилпирайди, дунёвийлик асосидаги ғарб қонунлари ҳукм суради, сиёсатлар гирдоби ичра ихтиёрсиз равишда айланади, бу гирдоб ичида ўзи учун муносиб ўрин танлаш имконига ҳам эга эмас!.

    Иззатдан сўнг хорликка, қудратдан кейин заифликка, илму маърифатдан сўнг жаҳолатга дучор бўлди, куни кеча башарият карвонини муносиб равишда бошқариб турган уммат бугунга келиб карвоннинг энг охирида қолиб кетди.

    Яқин ўтмишда зулматларда йўл йўқотиб, саҳроларда тентираб, адашиб юрган халқларга маёқ ва ҳидоят машъаласи вазифасини ўтаб келган уммат бугунга келиб инсоний мафкуралар дастурхонига қўл чўзиб, тиланчилик қиладиган аҳволга тушиб қолди.

    Куни кеча тажрибали йўлбошчилардан бошқаси йўл топиб юролмайдиган чангалзор тўқайлар ва ҳалокатли саҳролардаги сўқмоқлар ичра йўлбошловчилик вазифасини қойил қилиб адо этиб юрган уммат бугунга келиб тўғри йўлда ҳам қоқиладиган, ҳатто йўлини топиб юролмайдиган бир аҳволга тушиб қолди.

    Шуни асло унутмаслигимиз керакки, уммат бошига келган бу кўргуликларнинг ҳаммаси асло ўзгармайдиган ва алмашмайдиган, ҳеч кимга тарафкашлик қилмайдиган раббоний қонуниятга мувофиқ содир бўлди. Энди уммат ўзининг қўлдан берган бошқарувчилик ўрнига ҳам заковат эгаларининг ошиқишлари ва талант соҳибларининг ўй-гумонлари фойда бермайдиган айни шу раббоний қонуниятга мувофиқгина яна қайта келиши мумкин.

    Ушбу мағлубият ва қолоқлигимизга бошдан-оёқ ўзимиз жавобгармиз, биз барча мағлубиятларимиз учун жавобгарлик юкини бошқа халқлар зиммасига юклашга уринадиган ўзимизни оқлашга бўлган ҳаракатларни кескин рад этамиз.

    Аллоҳ азза ва жалла бизни аллақачон бундай салбий кўринишлардан огоҳ этиб қўйган.

    Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), агар сизларга (Ухудда душман томонидан) бир мусибат етса (сизлардан етмиш кишининг ўлдирилиши) — ҳолбуки, сизлар (Бадр жангида улардан етмиштасини ўлдириб, етмиштасини асирга олиб) унга икки баробар мусибат етказган эдингиз — «Бу бало қайдан келди?» — дейсизми?! (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларга: «Бу мусибат — мағлубият ўз қилмишларингиздан», деб айтинг!» (Оли Имрон: 165).

    Тўғри, биз уммат бошига келган мусибатда уммат душманлари жуда катта рол ўйнаган эканини инкор қилмаймиз. Лекин, шу билан бир қаторда ўз иллатларимиздан ҳам кўз юммаслигимиз зарур.

    Шундан келиб чиқиб, исломий уйғониш йўлини ёритиб берувчи белгиларни билиб олишимиз зарур. Токи, биз Исломни ўзимизга ғоя қилиб олган эканмиз, унга олиб борувчи воситаларда ҳам Исломдан узоқлашиб кетмаслигимиз, башарият йўлбошчилигига худди хаёлпарастлар ўз орзу-хаёлларига уларни ҳаётда амалий йўлга айлантириш режасига эга бўлмаган ҳолда узоқдан интилгани каби интилиб қолмаслигимиз лозим.

    Учинчи: Тобеъликдан раҳбарлик сари олиб чиқувчи йўлни ёритиб берувчи белгилар

    Севикли биродарларим! Суҳбатимиз давомида энди Умматни яна қайта уйғотиш, уни қарамлик ва тобеъликдан ўзининг асл вазифаси бўлмиш раҳбарлик ва йўлбошчилик сари олиб чиқиш йўлининг баъзи белги ва аломатларини айтиб ўтмоқчиман. Хусусан, ҳозирги даврда бизлар умматни қўзғота бошлаган ва қарамликдан халос бўлиш йўлини сўраб, мухлис ва содиқ овозлар кўтарила бошлаган муборак исломий уйғониш паллаларида яшаб турибмизки, буни инкор қилиш учун инсон ўта ноинсоф ва ғоят қайсар бўлиши керак.

    1) Жиноятчилар йўлини очиб берадиган исломий фурқон (яъни, ҳақ ва ботил ўртасини ажратувчи мезон) барпо этиш.

    Бу уммат душманлари умматни ўз дини ҳақида шубҳалар тўрига тушириш мақсадида Исломнинг соф ва ёруғ юзини булғашнинг уддасидан чиқдилар, умматни Аллоҳнинг динидан буриб ташлаш учун Исломни ақидаси, шариати ва манҳажи билан биргаликда ёмонотлиқ қилишга эришдилар.

    Бу ер юзида исломий ҳаракат бошидан кечираётган энг оғир кўринишлардан бўлиб, Ислом душманлари ҳам буни яхши англаб, уммат биносига етган бу ёриқни яна ҳам кенгайтиришга, ҳақиқий мўминлар йўли билан жиноятчилар йўлини аралаштириб ташлашга жон жаҳди билан уринмоқда. Натижада, жиноятчилар йўлини содиқ мўминлар йўлидан ажратиб берувчи ҳар қандай овоз оёқ-қўлга кишан урилишига олиб келадиган айбловга айланиб қолди.

    Бинобарин, умматни етакчилик вазифасига, Исломни яна қайта ер юзига қайтаришнинг узундан-узоқ ва машаққатли йўли мана шу ердан бошланади.

    Омма халқни ўз дини ва ақидасидан чалғитиш учун ортига Ислом душманлари яшириниб олган ҳар хил алдоқчи шиорлар ва адаштирувчи чақириқларни фош қилиш, улар ҳақиқатини баён қилиб бериш зарур бўлади.

    Фақат шундагина одамлар икки гуруҳга – нифоқ аралашмаган мўминлар ва иймон аралашмаган мунофиқлар гуруҳига ажралади.

    Шундагина уммат зулматларда тентираш ва тараддудланиш ҳолатидан ўзининг динига чин дилдан ёрдам берадиган ҳолатга чиқади.

    Ҳозир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи лаҳзадан бошлаб ўз асҳобларини тарбия қилган исломий фурқон кўринишларидан нурли бир кўриниш зеҳнимга лоп этиб келди.

    Ибн Жарир Табарий ривоят қилади:

    «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Абдулоҳ ибн Убайнинг ўғли Абдуллоҳни менга чақиринглар», дедилар.

    У етиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Отангизнинг гапларига нима дейсиз, эй Абдуллоҳ?», дедилар.

    «Ота-онам сизга фидо бўлсин, отам нима депти, ё Расулуллоҳ?», деди Абдуллоҳ.

    «У: «Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта азиз-кучлилар хор-кучсизларни ундан қувиб чиқаргай», деяпти экан», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

    Шунда Абдуллоҳ: «У тўғри айтибди, ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, сиз азизсиз, у эса хордир. Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, сиз Мадинага келганингизда Ясриб аҳли мендан кўра отасига меҳрибонроқ кишини билмасди. Аммо, у шу гапни айтган бўлса, энди албатта сизни хурсанд қиладиган гап қулоғингизга етиб келади», деди.

    Лашкар Мадинага етиб келгач, Абдуллоҳ шаҳар эшиги олдида қилич яланғочлаб туриб олди ва отаси келгач, унга: ««Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта азиз-кучлилар хор-кучсизларни ундан қувиб чиқаргай» деб айтган сен бўласанми?! Аллоҳга қасамки, иззат-азизлик сенинг қўлингдами, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларидами, ҳозир яхши билиб оласан. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ва Расулининг изнларисиз бу кеча Мадинага бир қадам ҳам босолмайсан», деди.

    Шунда Абдуллоҳ ибн Убай: «Эй Хазраж аҳли, ўғлим мени уйимдан тўсмоқда!», деб қичқирди.

    Одамлар йиғилиб келиб, унга насиҳат қила бошладилар.

    Бироқ, Абдуллоҳ қатъий равишда: «Аллоҳга қасамки, у Аллоҳ ва Расулининг изнларисиз ўз уйига асло кира олмагай!», деди.

    Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, бу ҳақда хабар бердилар. У зот: «Бориб, унга: «Расулуллоҳ унга уйига киришига изн бердилар», деб айтинглар», дедилар.

    Келиб, шу гапни айтишганидан сўнг у: «Модомики, Расулуллоҳдан буйруқ келган экан, хўп бўлади. Бу эса ким азиз-у ким хорлигини билиб олсин!», деди».

    Энг биринчи қадам шудир. Яъни, уммат фарзандлари ушбу чалғитиш ва адаштиришлар остида ҳақиқий мўминлар йўли билан гумроҳ жиноятчилар йўлини очиқ фарқлаб олиши лозим.

    2) Ақидани мусаффо қилиш, шариатни тозалаш, ақида ва шариатни ҳаёт йўлига айлантирадиган мусулмон шахсни вужудга келтириш

    Ислом – ҳаётнинг барча ишларини тартибга келтирувчи шариатга эга бўлган ақидадир.

    Ақида – шариат устунлари унинг устига қуриладиган биринчи асос-пойдевордир. Аллоҳ таоло одамлардан шариатни уларнинг ақидалари ва Аллоҳга иймонлари дуруст бўлгандагина қабул қилади.

    Ақида қалбдан мустаҳкам ўрин олгандан кейингина ҳамма жиҳатларда, Парвардигорига бўлган алоқасида ҳам, инсонга бўлган алоқасида ҳам, борлиқ ва ҳаётга бўлган алоқасида ҳам Аллоҳнинг шариатини лозим тутадиган жамиятни барпо этишимиз мумкин бўлади.

    Шунинг учун ҳам барча пайғамбарларнинг – уларга Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин – энг биринчи даъватлари ақидага чорлаш бўлганди. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, магар Менгина (барҳақдирман), бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25).

    Исломий ақида башарият ҳаётидан ажралган, фақат виждонгагина тааллуқли эътиқодлар мажмуаси эмас. Йўқ, ундай эмас!! Аллоҳ таоло ҳеч бир пайғамбарни шариатдан ажралган қуруқ ақиданинг ўзи билан юборган эмас.

    Ислом нури остидаги Ҳаёт:

    – Фазилатларни ёйиш ва разолатларга барҳам бериш ишини амалга оширадиган хулқий низомдир..

    – Аллоҳнинг динини ҳоким қилиш билан одамлар ўртасида адолат ўрнатиш асосидаги сиёсий низомдир..

    – Ўзаги солиҳ оила, асл-асоси одамлар ўртасидаги такофул (ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик) бўлган ижтимоий низомдир..

    – Асоси исломий дунёқарашга мувофиқ амал ва ишлаб чиқариш бўлган иқтисодий низомдир.

    Ақида ва шариатнинг энг биринчи манбаи Қуръондир.

    Қуръон Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, Аллоҳ азза ва жалла Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дилларига нозил қилган пайтидаги ҳолида, бир ҳарфи ҳам ўзгармаган ҳолда қўлимизда турибди.

    Аллоҳ таоло айтади: «Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз» (Ҳижр: 9).

    Иккинчи манба эса Суннатдир.

    Аллоҳ таоло Суннатни ёлғончиларнинг ёлғонларидан, ҳадис тўқувчиларнинг сохта ҳадисларидан ҳимоя қиладиган кишиларни чиқариб қўйди ва Суннат ҳам Аллоҳнинг изни билан Қуръон билан ёнма-ён асралиб қолди.

    Энди бизнинг зиммамизга ҳаётдаги ҳамма ишларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари қилганидек, соф ақида ва холис шариатдан келиб чиқиб юргизишга қодир бўладиган исломий мутахассисларни ҳозирлаш қолди.

    Бу, яъни Исломни ўзининг бутун ҳаётига, ишида ҳам, уйида ҳам ҳаёт манҳажига айлантириб олиш ҳар бир муслим ва муслиманинг масъулияти бўлиб қолади.

    Бу борада Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида ҳеч кимнинг узри йўқдир. Аллоҳ таолодан барчамизни бунга муваффақ этишини сўрайман.

    Иккинчи хутба

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    Аммо баъд…

    3) Исломий ҳаёт йўли ва ахлоқ-одобларини кенг ёйиш

    Агар умматнинг қолоқлигига энг катта сабаблардан бири унинг исломий ахлоқ-одоблардан четлангани бўлди, десак, асло хато қилмаган бўламиз.

    Қуйидаги мазмунда сўз айтган киши нақадар ҳақ:

    «Ахлоқ-одоби бўлган умматлар бор саналар,

    Ахлоқи ғойиб бўлган уммат ҳам ғойиб бўлар».

    Аллоҳга қасамки, уммат ахлоқини йўқотган кундан ўзлигини йўқотди.. Энди у яна ўз ахлоқига қайтмагунича, унга ўзини ер юзидаги энг яхши уммат қилган ўша ахлоқи қайтмагунича у ўзлигига қайтмайди.

    Мусулмон киши ахлоқ-одобнинг умматни янгидан уйғотиш воситаси сифатидаги вазифасини арзимас санамаслиги лозим.

    Ахлоқли ҳоким Аллоҳнинг ердаги раҳматидир.

    Ахлоқсиз ҳоким одамларнинг елкасини эзиб ётувчи, уларнинг номуслари ва мол-мулкларига зўравонлик қилувчи ваҳший оч бўридир.

    Ахлоқли олим йўл истаётган ва ҳақни қидираётган миллионлаб одамлар учун ҳидоят ва раҳмат чашмасидир.

    Ахлоқсиз олим барча замон ва маконларда минг-минглаб халқларни хароб ва вайрон қилиш қуролидир.

    Ахлоқли ҳарбий аскар майдонда мингта ахлоқсиз аскардан афзалдир.

    Ахлоқли савдогар ўз халқига мингта ахлоқсиз савдогардан кўра фойдалироқдир.

    Уммат ўзининг барча аъзолари билан бирга ушбу дин ахлоқига сидқидилдан қайтишга муҳтож эканини инсофли одам мутлақо инкор қилмайди.

    Кимдир уммат илм-фанга, бойликка ҳамда саноат ва қурол-аслаҳа оламидаги энг янги технологияларга кўпроқ муҳтож, деб эътироз билдириши мумкин.

    Жуда тўғри эътироз. Биз буни асло инкор қилмаймиз. Бироқ, шу билан бирга биз ахлоқ бўлмаган ҳолатда буларнинг ҳаммаси ҳеч қандай қиймат касб этмаслигига, балки улар ҳалокат ва вайронагарчилик манбаига айланиб қолишига ҳам ишончимиз комилдир.

    Мисол учун, айтайлик, бир киши жуда қобилиятли ва моҳир муҳандис, унга умматнинг бинокорлик ва ободончилигига тааллуқли жуда катта аҳамиятга молик лойиҳалари ишониб топширилган, бироқ у ахлоқсиз, рост гапирмайди, омонатга хиёнат қилади, алдов ва қалбакиликни хуш кўради, пул-молга ўч.

    Хўш, натижа нима билан тугаши мумкин?!

    Юзлаб биноларнинг емирилиши, юзлаб лойиҳаларнинг издан чиқиши, кўплаб инсонларнинг ёстиғи қуриши, умматнинг қанчадан-қанча куч-имкониятлари зое бўлиши..

    Шундай, азиз дўстлар. Баъзан назарий ахлоқий манҳаж (режа) тақдим қилиш жуда осон бўлиши мумкин, бироқ агар у одамларнинг дунёсида ҳаракатланадиган амалий манҳажга айланмас экан, қоғоздаги қуруқ сўзлар бўлиб қолаверади.

    Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло одамлар учун ушбу ахлоқий манҳажни одамлар орасида воқеликка айлантирадиган покиза намуна бўлиши зарурлигини билиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун инсонят учун покиза намуна бўлиш шарафига танлади. Аллоҳ таоло деди: «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал намуна бордир» (Аҳзоб: 21).

    Гўзал ахлоқларни мукаммал қилиш учун юборилган зот томонларидан содир бўлган, гўзалликда, олийликда ва улуғворликда тенгсиз порлаб турган воқеалардан биргинаси устида тўхталиб ўтмоқчиман.

    Ибн Исҳоқ ривоят қилади:

    Умайр ибн Ваҳб ал-Жумаҳийнинг ўғли Ваҳб ибн Умайр Бадр жангида асир олиниб, мусулмонлар қўлида эди. Бир куни Умайр ибн Ваҳб Сафвон ибн Умайя билан ҳижрда (яъни Каъба ёнида) ўтиришганди. Иккаласи Бадрда ҳалок бўлиб, чоҳга ташланган кишилар ҳақида сўзлашиб ўтиришаркан, Сафвон: «Худо ҳаққи, улардан кейин яшашнинг қизиғи қолмади», деди.

    Умайр ҳам : «Тўғри айтасан, худо ҳаққи, агар бўйнимдаги тўлай олмаётган қарзим бўлмаганда ҳамда мендан кейин бола-чақамнинг зое бўлиб кетишидан қўрқмаганимда эди, ҳозироқ бориб Муҳаммадни ўлдириб келар эдим. Чунки, менинг у ерга боришимга важ бор, ўғлим улар қўлида асир», деди.

    Сафвон ҳам темирни қизиғида босиб қолди: «Қарзинг менинг бўйнимга, ўзим тўлайман. Бола-чақанг менинг бола-чақам билан бирга бўлади, ўзим умрбод уларга қараб тураман», деди.

    Умайр: «Ундай бўлса, бу гап иккимиз ўртамизда қолсин», деди.

    Сафвон ҳам: «Келишдик», деди.

    Шундан сўнг Умайр қиличини ўткирлаб, тиғига заҳар суртди ва Мадинага қараб йўлга отланди. Мадинага етиб келиб, туясини масжид эшиги ёнига чўктираётганида унга Умар ибн Хаттобнинг кўзи тушди ва: «Қаранглар, бу кўппак Аллоҳнинг душмани Умайр-ку, у бу ерга яхши ниятда келмаган», деди. Сўнг Умар унинг қиличи тасмасидан маҳкам тутганича бир неча ансор йигитларига: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб, ёнларида ўтиринглар, мана бу ифлосга ҳушёр бўлинглар, чунки бунга ишонч йўқ», деди, сўнг уни ичкарига олиб кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умарни унинг бўйнидаги қиличи тасмасидан маҳкам тутиб турганини кўриб: «Уни қўйиб юборинг эй Умар», дедилар, сўнг: «Бери кел эй Умайр», дедилар. Умайр яқин келиб: «Хайрли тонг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло бизни сенинг бу саломлашувингдан яхшироқ саломлашув билан – жаннат аҳлининг саломи бўлмиш «Ассалом» билан мукаррам қилган эй Умайр», дедилар.

    Сўнг: «Нима мақсадда келдинг, эй Умайр?», деб сўрадилар.

    У: «Қўлларингизда бўлган асир (ўғлим) учун келдим, унга яхшилик қилинглар», деди.

    «Унда нега бўйнингга қилич осиб олдинг?», дедилар.

    «Қуриб кетсин қиличи ҳам, Бадр куни бизга унинг нима ҳам фойдаси тегди?!», деди.

    «Тўғрисини айт, нега келдинг?», дедилар.

    «Тўғриси шу, бошқа мақсадим йўқ», деди.

    «Йўқ, ундай эмас, Сен Сафвон ибн Умайя билан ҳижрда ўтириб, чоҳга жо бўлган қурайшликлар ҳақида сўзлашиб ўтириб: «Агар бўйнимда қарзим ва бола-чақам бўлмасайди, бориб Муҳаммадни ўлдирардим», дединг. Шунда Сафвон мени ўлдиришинг эвазига сенинг қарзингни ҳам, бола-чақангни ҳам ўз зиммасига олди. Лекин Аллоҳнинг Ўзи сени бу ишдан тўсувчидир», дедилар.

    Шунда Умайр: «Гувоҳлик бераманки, сиз дарҳақиқат Аллоҳнинг Расулисиз. Эй Расулуллоҳ, биз сизнинг осмондан хабар келтиришингизга ва сизга ваҳий тушишига ишонмас эдик. Аммо, мана бу ишда мен ва Сафвондан бошқа ҳеч ким бўлмаганди. Аллоҳга қасамки, буни сизга фақат Аллоҳнинг Ўзи аён қилган. Мени исломга ҳидоят қилган ва шу ерга етаклаб келган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди ва шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингизга динини ўргатинглар, Қуръон ўқитинглар, асирини эса бўшатиб юборинглар», дедилар. (Ибн Ҳишом, Ас-сийратун-набавийя: 2/443, 444).

    Кўплаб одамларни Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб киришларига сабаб бўлган ушбу юксак ахлоқ намунасини ифодалаб беришга қодир сўз инсонлар луғатида ва жаҳон қомусларида топилмаса керак, деб ўйлайман.

    Уммат бугун ана шундай ахлоқ намунасига нақадар муҳтож!!

    4) Дўстлигимиз фақат Исломга бўлсин, ундан бошқасига эмас.

    Мусулмонларнинг бирлигини парчалаш ва аҳиллигини йўқотишга хизмат қилувчи энг катта иллатлардан бири хусусан исломга амал қилувчи жамоатлар ва умуман исломий давлатлар ўртасида вақти-вақти билан ўртага чиқиб турадиган жирканч ва бадбўй таассубчилик ва миллий-ирқий бўлинишдир.

    Шак-шубҳа йўқки, Ислом мусулмонларнинг бошини бириктирадиган ва уларни бирлаштирадиган ягона алоқа Ислом алоқаси бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Ислом давлати ҳам ёлғиз мана шу алоқа асосига барпо бўлди, ушбу покиза қозон ичида жинсга, рангга, ватанга, насабга бўлган ҳар қандай таассублар эриб йўқ бўлиб кетди, Исломдан бошқа нарса устида ҳар қандай бирлашишлар Аллоҳ ва Расули ёмон кўрадиган жирканч жоҳилий бирлашиш деб эътибор қилинадиган бўлди.

    Имом Муслим Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким мавҳум (ҳақ ё ноҳақлиги номаълум) байроқ остида, таассубчиликка чақириб, таассубчиликка ёрдам бериб жанг қилса ва ўлдирилса, жоҳилият ўлимини топган бўлади» (Муслим: №1850, Насоий: 7/123).

    Бири муҳожир, иккинчиси ансорий бўлган икки киши жанжаллашиб қолиб, муҳожир: «Эй муҳожирлар!», ансорий: «Эй ансорлар!» деб нидо қилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўйинглар бу (гап)ни, у бадбўйдир», дедилар. (Бухорий: 6/398, Муслим: №2584, Термизий: №2312).

    Ушбу жирканч таассубчилик олови кейинги асрда ҳаддан ташқари аланга олдирилдики, бунинг оқибатида турли жинс, тил ва ватан аҳлларини бирлаштириб турган тирик алоқа емирилиб, вайрон бўлди.

    Тарқоқлик ва бўлиниш хорлик ва хўрлик сабаби бўлса, Ислом асосида бирлашиш иззат-азизликнинг, қарамликдан етакчиликка кўтарилишнинг ягона йўлидир.

    Эй Парвардигор! Умматни чиройли суратда ўз етакчилик ўрнига қайтаргин, дилларимизни тавҳиднинг ғалабаси, мўминларнинг иззати билан бахтиёр этгин, содиқ зотларнинг қалбларидаги ташналикни Ўзинг қондиргин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962