Бизга боғланинг
«Кутубус-ситта» – олти ҳадис китоб
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга Алоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
«Кутубус-ситта» муаллифлари қуйидаги зотлардир:
- Имом Бухорий (ҳижрий 194–256 й.);
- Имом Муслим (ҳижрий 204–261 й.);
- Имом Абу Довуд (ҳижрий 202–275 й.);
- Имом Термизий (ҳижрий 209–279 й);
- Имом Насоий (ҳижрий 215–300 й.);
- Имом Ибн Можа (ҳижрий 209–273 й.).
Қуйида уларнинг ҳар бири билан сизни қисқача таништириб ўтамиз:1. Имом Бухорий:
У зот Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизба ал-Жуъфий ал-Бухорий, куняси Абу Абдуллоҳдир.
Имом Бухорийнинг катта бобоси Муғийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг қўлида Исломга кирган, шунинг учун у кишига «Жуъфий» деб нисбат берилган (буни шариатда «вилоят», «мавло» дейилади).
Имом Бухорий ҳижрий 194 йилда Бухоро шаҳрида тавалуд топди. У киши етим бўлиб ўсди. Ўн ёшга етмай ҳадис ёдлашга киришди. 16 ёшида онаси ва акаси билан Маккага сафар қилди ва ҳаж фарзини адо этди. Ҳадис, усул ва фиқҳ уламоларидан илм олиш мақсадида бир мунча вақт Маккада истиқомат қилди. Айни мақсадда 16 йил давомида Ислом диёрида илм билан машҳур бўлган шаҳарларнинг биридан бошқасига кўчиб-ўтиб юрди, бу йиллар давомида илм билан донг таратган шаҳарларнинг кўпини айланиб чиқди.
Имом Бухорий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини тўплади. Ҳатто йиққан ҳадислари 600.000 дан ошиб кетди. Минглаб муҳаддисларга мурожаат қилиб, бу ҳадислар тўғрисида музокара олиб борди. Улар ростгўйлик, тақво ва соғлом ақида билан танилган зотлар эдилар.
Имом Бухорий ушбу катта миқдордаги ҳадислар ичидан саҳиҳларини саралаб олиб, уларни ўзининг «Саҳиҳ» китобига жамлади. Баҳс, текшириш, саҳиҳни носаҳиҳдан ажратиш ва ровийларни саралаш ишида энг нозик илмий услубни қўллаб, ўзининг бу китобига энг саҳиҳ ҳадисларни жойлади. Шундай бўлса-да, бу китоб барча саҳиҳ ҳадисларни қамраб олмади. Бу китобни «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари, суннатлари ва кунларидан иборат бўлган жомеъ саҳиҳ муснад» деб номлади.
Бухоро амири фарзандларига таълим бериш, уларга ҳадис ўргатиш учун уйига Имом Бухорийнинг келишини хоҳлади. Бироқ Бухорий бунга кўнмади ва: «Илмга келинади, илм бормайди», деб жавоб берди. Яъни ким уламолардан илм олишни хоҳласа, масжид ва уйларга уларнинг ҳузурига келади.
Шу сабаб амир Имом Бухорийга ғазаб қилиб, уни Бухородан чиқариб юборишга буйруқ берди. Сўнг у киши Самарқанд яқинида жойлашган Хартанг номли қишлоққа кўчиб борди. У ерда Бухорийнинг қариндошлари яшар эди. Шу ерда ҳижрий 256 йили 62 ёшида вафот этди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин.2. Имом Муслим:
Бу зот Муслим ибн Ҳажжож ал-Қушайрий ан-Найсобурий, куняси Абул Ҳусайндир. Буюк муҳаддислар ва ҳадис ҳофизларидан бўлган имомларнинг бири саналади. Имом Шофеий вафот қилган кун (204 ҳ.) Найсобурда дунёга келди, шу ерда илм талаб қилди. Вояга етгач, ҳадис талабида Ироқ ва Ҳижозга сафар қилди. Кўп шайхлардан ҳадис эшитди, у кишининг ўзидан ҳам талай ҳадис ровийлари ҳадислар ривоят қилдилар. Энг машҳур китоби «Саҳиҳи Муслим» деб танилган «Саҳиҳ» китобидир. Бу китоб ҳадис бобида энг мўътабар деб топилган олти китобнинг бири саналади. У киши мазкур китобни 15 йил давомида ёзди. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»и ҳадисларнинг қуввати ва мартабаси бўйича Бухорийнинг «Саҳиҳ»идан кейинги ўринда туради. Мазкур китоб кўп олимлар тарафидан шарҳланган.
Яна у кишининг китобларидан: «Табақот», «Жомеъ» ва «Ал-куно вал-асмо» китобидир. Улардан ташқари ҳали босмадан чиқмаган қўлёзма китоблари ҳам бор.
Имом Муслим ҳижрий 261 йилда 57 ёшида Найсобур яқинидаги Насробод шаҳрида вафот этди. У кишини Аллоҳ раҳматига олсин.3. Имом Абу Довуд:
У зот Сулаймон ибн Ашъас ибн Шаддод ибн Амр ибн Исҳоқ ибн Башир Аздий ас-Сижистоний, куняси Абу Довуддир.
У киши замонасида «ҳадис аҳлининг имоми» деб танилган. Ҳадис илмига оид «Сунан» китобининг муаллифидир. Бу китоб олти мўътабар китобнинг бири ҳисобланади.
Имом Абу Довуд ҳижрий 202 йилда туғилди. Илм талабида Бағдодга сафар қилди. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳга шогирд тушиб, у кишидан фиқҳ илмини таълим олди. Абу Довуд Имом Аҳмадга жуда ўхшар эди. Кейин Ҳижоз, Ироқ, Хуросон, Шом ва Миср каби диёрларга борди. У кишидан Насоий, Термизий ва бошқа муҳаддислар ҳадис ривоят қилди. У зот юксак даражада солиҳ ва обид инсон эди. «Сунан» китобида 5300 га яқин ҳадис жамлади.
Амир Абу Аҳмад Талҳа (аббосий халифа ал-Муваффақ) ундан уч нарсани талаб қилди.
Биринчиси: Басрага кўчиб келиб, уни ўзига ватан тутсин, токи илм толиблари у кишининг ҳузурида жамлансин, шаҳар у киши билан обод бўлсин.
Иккинчиси: халифанинг фарзандларига «Сунан»ни ривоят қилсин.
Учинчиси: фарзандларига алоҳида хос дарс берсин. Чунки халифаларнинг фарзандлари омма билан ўтирмайдилар.
Абу Довуд унга деди: «Биринчи ва иккинчи талабингизга розиман, аммо учинчисига йўл йўқ. Чунки одамлар илм олишда тенгдирлар». Шу боис Муваффақ Аббосийнинг фарзандлари илм мажлисида ҳозир бўлиб ўтирар, улар билан омма ўртасида парда тўсилар эди.
Шундай қилиб, у киши Басрада муқим ўрнашиб қолди ва шу ерда ҳижрий 275 йил 73 ёшда вафот этди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин.4. Имом Термизий:
У зот Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Суламий Термизий, куняси Абу Исодир.
Имом Термизий Мовароуннаҳр шаҳарларидан бири бўлган Термиз аҳлидан, ҳадис имомлари ва ҳофизларидан биридир. Ҳижрий 209 йил дунёга келди. У киши Имом Бухорийнинг шогирдларидандир. Бухорийга баъзи шайхларида шерик ҳам бўлган. Ҳадис талабида Хуросон, Ироқ ва Ҳижозга сафар қилди. Аҳмад ибн Ҳанбал ва Абу Довуд Сижистоний каби олимлар Термизийнинг устозларидандир. У киши олти мўътабар ҳадис китобларидан бири ҳисобланган «Жомеъ»ни ёзди. Бу китобда фақиҳлар учун манфаатли бўлган ҳадис иллатлари (яъни заифликка олиб борадиган яширин сабаблар) илмига оид кўп турларни жамлади. Масалан, у киши китобида (аксарияти фиқҳ ҳукмларига оид бўлган) ҳадисни зикр қилади, сўнг санадларини тўлиқ келтиради, ҳадисни ривоят қилган саҳобаларни бирма-бир санаб ўтади. Ўз наздида саҳиҳ бўлган ҳадисни саҳиҳ, заифини заиф деб айтади, ҳадисни фиқҳ олимларидан ким қабул қилгану ким қабул қилмаганини баён этади. У кишининг «Жомеъ» китоби «сунан»ларнинг энг жамловчиси, фақиҳ ва муҳаддис учун энг манфаатлисидир. Имом Термизий ишончли кишилардан саҳиҳ ривоятларни жамлаш мақсадида кўп юртларни кезганидан кейин ҳаётининг охирини кўзи ожиз бўлиб ўтказди, ҳижрий 279 йил 70 ёшда вафот этди. Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин.5. Имом Насоий:
У зот Аҳмад ибн Шуайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Насоий, куняси Абу Абдураҳмондир.
У киши асли Хуросоннинг Насо шаҳридан бўлиб, шу шаҳарга нисбатан «Насоий» деб аталган. Имом Насоий ҳижрий 215 йил дунёга келди. Ўз даврида ҳадис илмининг таянчи, аҳли замонасининг устуни, пешвоси, имоми ва диннинг буюк кишиларидан эди.
Ҳоким айтади: «Абул Ҳасан Дорақутний бир неча бор бундай деганини эшитдим: “Абу Абдураҳмоннинг замонасида яшаган жарҳ ва таъдил ҳамда ҳадис илми ровийларидан ким тилга олинса, у киши уларнинг барчасидан устундир”».
Насоий ниҳоятда парҳезкор ва тақволи киши бўлиб, энг афзал рўза ҳисобланмиш «Довуд рўзаси»ни канда қилмас эди. Яъни бир кун рўза тутар, бир кун тутмас эди.
У киши бир муддат Мисрда яшади ва ўша ерда одамлар орасида китоблари тарқалди. Кўплаб муҳаддислар у зотдан илм олишди. Сўнг Насоий Дамашқ шаҳрига кўчиб борди. Ҳижрий 300 йил сафар ойининг 13-кунида душанба куни 85 ёшда вафот этди. У кишини Аллоҳ раҳмат қилсин.6.Имом Ибн Можа:
У зот Муҳаммад ибн Язид Рибъий ал-Қазвиний, куняси Абу Абдуллоҳдир. Отаси Язид «Можа» деб танилган, шу боис у киши «Ибн Можа» (Можанинг ўғли) деб аталган эди.
Рабиъа қабиласига мавло бўлгани сабабли у кишига «Рибъий» деб нисбат берилди. Ибн Можа Қазвин шаҳрида ҳижрий 209 йилда туғилди. Ҳадис жамлаш учун Ироқ, Басра, Кўфа, Бағдод, Макка, Шом, Миср ва Рай шаҳарларига сафар қилди. Тафсир илмига оид бир китоб ҳамда тарихга оид бир китоб ёзди, бу китобда саҳобалар давридан то ўзининг замонасигача ҳадис билан шуғулланган кишилар хабарларини баён қилди. Шунингдек, машҳур «Сунан» китобини ёзиб, оммага тақдим этди.
Ҳижрий 273 йил рамазон ойининг 22-кунида душанба куни 64 ёшида вафот этди. Аллоҳ у кишини раҳматига буркасин.Мазкур олти китобдан ўрин олан ҳадисларнинг ҳукмлари
Имом Бухорий ва Муслимнинг «Саҳиҳ»ларини, уларда келтирилган ҳадисларни уммат қабул қилди, уламолар у иккисидан ўрин олган барча ҳадисларнинг саҳиҳ эканига иттифоқ қилдилар. Бухорий ва Муслим очиқ суратда ё ишора билан иллатини баён қилиш учун келтирган жуда оз лафзлар бундан мустаснодир. Бу икки китобни ўрганиб чиққан муҳаққиқ олимлар мазкур лафзлар хам саҳиҳ эканини баён қилдилар. Шайхулислом Ибн Таймийя шулар жумласидандир.
Аммо бошқа сунан китоблари заиф ҳадислардан холи эмас. Қолаверса, уларга озроқ тўқима ҳадислар ҳам аралашиб қолган. У ҳадисларнинг баъзиларини китобнинг соҳиби баён қилган бўлса, айримларини бошқа олимлар баён этганлар. Сунан муаллифлари барча заиф ҳадисни бирма-бир баён этиб ўтмаганлар. Чунки улар ҳадисларни санад (ровийлар силсиласи) билан келтирганлар. Бинобарин, илм аҳли ҳадис санадида келтирилган ровийларни ўрганиш билан ҳадис даражасини билиб, заифларини саҳиҳларидан осонгина ажратиб олаверадилар.
Шунингдек, Имом Аҳмад, Дорақутний, Яҳё ибн Маин, Ибн Ҳажар, Заҳабий, Вакеъ ва Саховий ўтмишда яшаб ўтган, ҳадис бобида машҳур бўлган олимлардандир. Замондош муҳаддислардан эса Албоний, Аҳмад Шокир, Шуайб Арноут, Мустафо Адавий ва бошқаларни айтиш мумкин. Барчаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.
Валлоҳу аълам.
«Ислом: савол ва жавоб» сайтидан жузъий ўзгартиришлар билан таржима қилинди.
Манба: Ислом Нури веб саҳифаси
www.islamnuri.com