Бизга боғланинг
Таҳорат одоблари
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Инсонлар у зотга эргашиши ва итоат қилиши учун юборилган Пайғамбар Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оила аъзолари, саҳобаи киромлари ва уларга эргашган зотларга салавоту саломлар бўлсин.
Намоз дуруст бўлиши учун таҳорат шартдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деди:
(يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلاةِ فاغْسِلُواْ وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُواْ بِرُؤُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ)
«Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни тўпиқларигача ювингиз» (Моида, 6).
Таҳорат – намозга кириш ва Аллоҳга муножот қилишга тайёргарлик кўриш учун кўриниб турган тана аъзоларини сув билан тозалаш ҳамда бадан аъзоларини гуноҳ ва хатолардан поклаш белгисидир. Шунингдек, у қалбни Аллоҳдан машғул қиладиган, Унинг нурларидан, файзидан, илмидан ва илоҳий ҳикматларидан баҳра олишдан тўсиб қўядиган ғафлат ва ҳаром ишлардан тозалаш, демакдир.
Уламолардан бири бундай деган экан: «Шуни билгинки, таҳорат олганингдан сўнг албатта Раббингни зиёрат қиласан. Шундай экан, Унга тавба қил. Чунки У зот сув билан ювинишни гуноҳлардан покланиш учун муқаддима қилди. Оғзингни чайдингми, тилингни ёлғон, ғийбат ва чақимчиликдан сақла. Аллоҳ таоло тилингни зикр ва Қуръон тиловат қилишинг, одамларни тўғри йўлга чақиришинг ҳамда кўнглингдаги дунёвий ва диний эҳтиёжларингни баён этишинг учун яратган. Агар уни ноўрин жойларда ишлатсанг, бу аъзодаги Аллоҳнинг неъматига нонкўрлик қилган бўласан. Ҳар бир аъзойинг неъматдир, гуноҳ ишларни қилишда неъматлардан фойдаланиш эса нонкўрликнинг чўққисидир. Бурнингни чайсанг, ҳаром нарсани ҳидлашдан уни пок тут. Юзингни ювсанг, назарингни уч нарсадан четлат: ҳаромга қарашдан, мусулмон кишига паст назар билан қарашдан ва бирон кишининг айбига қарашдан. Кўз зулматларда йўл топишинг, ҳожатларингда фойдаланишинг, еру осмонлардаги ажойиботларга қарашинг ва у билан кўраётганинг ҳодисалардан ибрат олишинг учун яратилгандир. Қўлларингни сув билан покласанг, улар билан бирон мусулмонга озор беришдан, ҳаром молни ушлашдан ёки тил билан айтиб бўлмайдиган нарсаларни ёзишдан сақлан. Қалам икки тилнинг биридир. Демак, тилни сақлаш керак бўлган нарсадан уни ҳам сақлашинг вожиб. Бошингга масҳ тортсанг, билгинки, бу амал Аллоҳнинг буйруғини бажариш, унинг олийлиги олдида бош эгиш ва унга муҳтожлик изҳор қилишдир. Икки оёғингни покласанг, улар билан ҳаромга юришдан сақлан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларидек: «Ҳар бир банда бирон қадам босадиган бўлса, (қиёматда) албатта у билан нимани мақсад қилгани ҳақида сўралади» (Абу Нуайм «Ҳиля»да ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган гўзал таҳорат фазилати будир:
«من توضأ فأحسن الوضوء خرجت خطاياه من جسده حتى تخرج من أظفاره» رواه مسلم عن عثمان.
«Ким таҳорат қилса ва уни чиройли (мукаммал) қилса, хато-гуноҳлари унинг баданидан чиқиб кетади. Ҳатто гуноҳлари (қўл-оёқларини ювганида) тирноқлари орасидан чиқиб кетади» (Муслим ривояти).
Қуйидагилар таҳорат одобларидан саналади:
- Таҳоратни «бисмиллаҳ» билан бошлаш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар:
«لا وضوء لمن لم يذكر اسم الله تعالى» رواه أبو داود.
«Бисмиллаҳ демаган кишининг таҳорати (комил) таҳорат эмас» (Абу Довуд ривояти).
- Таҳорат асносида шошмаслик ва қалбнинг ҳозир бўлиши. Чунки таҳоратдаги сокинлик ва хушу намоздаги хушунинг муқаддимасидир.
- Ҳар таҳоратда мисвок ишлатиш. Чунки у оғизни поклайди ва Парвардигорни рози қилади.
عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: «لولا أن أشقّ على أمتي لأمرتهم بالسواك مع كل وضوء» رواه البخاري.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Умматимга оғир қилиб қўймаганимда, уларни ҳар бир таҳоратда мисвок ишлатишга буюрган бўлар эдим» (Бухорий ривояти).
- Таҳорат асносида беҳуда гаплашишдан, ҳазил-ҳузул қилишдан ва сув билан ўйнашдан четланиш.
- Юз ва пешонага сувни шапиллатиб уришдан четланиш.
- Таҳоратдан кейин қўлни силтамаслик.
- Таҳоратда ювиш фарз бўлган аъзоларни ортиғи билан ювиш. Масалан, сувни тирсакдан юқорироққа ва болдирнинг ярмигача етказиш, хусусан совуқ кунларда. Чунки бу амал қиёмат кунида мўминнинг нури ва зийнати бўлади.
عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: «ألا أدلكم على ما يمحو الله به الخطايا، ويرفع به الدرجات، قالوا : بلى، يا رسول الله. قال: إسباغ الوضوء على المكاره، وكثرة الخطا الى المساجد، وانتظار الصلاة بعد الصلاة فذلكم الرباط، فذلكم الرباط» رواه مسلم.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ у туфайли хатоларни ўчирадиган ва даражаларни кўтарадиган нарсага сизларни йўллаб қўяйми?» дедилар. Саҳобалар: «Ҳа, албатта» дейишди. У зот айтдилар: «(Совуқ кунларда) таҳорат сувини ёқтирилмайдиган ўринларга (яъни, тирсак ва тўпиқдан юқорисига) етказиш, масжидларга кўп қадам босиб бориш ва бир намоздан кейин иккинчисини кутиш. Мана шу ишинглар риботдир, мана шу ишинглар риботдир» (Муслим ривояти). Изоҳ: «Рибот» деб Ислом диёрларининг душман томондаги чегараларида қўриқчилик қилишга айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ишларнинг муҳимлиги эътиборидан уларни риботга қиёсладилар.
وعنه قال: سمعت خليلي صلى الله عليه وسل يقول: « تبلغ الحلية من المؤمن حيث يبلغ الوضوء» رواه مسلم.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Халилим соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларни эшитдим: «(Қиёмат куни) мўминнинг зийнати баданининг таҳорат суви етган жойигача етади» (Муслим ривояти).
- Бармоқ ораларига, тўпиқнинг орқасига, умуман барча таҳорат аъзоларига сувни яхшилаб етказиш.
عن أنس قال: رأى النبي رجلا وفي قدمه مثل الظفر لم يصبه الماء. فقال له: «ارجع فأحسن وضوءك» رواه أبو داود والنسائي.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг оёғида тирноқчалик сув тегмаган жойни кўриб қолдилар ва унга: «Ортингга қайтиб, таҳоратингни яхшилаб қил», дедилар» (Абу Довуд ва Насоий ривояти).
- Таҳорат олиб бўлгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ушбу дуони ўқиш:
عن عمر رضي الله عنه أن رسول الله قال: «ما منكم من أحد يتوضأ فيحسن الوضوء ثم يقول حين يفرغ من وضوئه: «أشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له وأشهد أن محمدا عبده ورسوله، اللهم اجعلني من التوابين واجعلني من المتطهرين» إلا فتحت له أبواب الجنة الثمانية يدخل من أيّها شاء» رواه الترمذي.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан бирингиз таҳорат олса, таҳоратини чиройли қилса ва кейин ушбу дуони ўқиса, у учун жаннатнинг саккиз эшиги очилади ва у хохлаган эшигидан жаннатга киради: “Гувоҳлик бераман-ки, албатта Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ, Унинг шериги йўқ ва ёлғиздир. Яна гувоҳлик бераман-ки, албатта Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир. Эй Парвардигор, мени тавба қилувчилардан ва мени покланувчилардан қилгин”» (Термизий ривояти).
- Агар суннат намозининг вақти бўлмаса, ҳар бир таҳоратдан кейин икки ракаат нафл намоз ўқиш мустаҳаб (суннат)дир.
عن عقبة بن عامر رضي الله عنه قال: قال رسول الله : «ما من أحد يتوضأ فيحسن الوضوء ويصلي ركعتين يقبل بقلبه ووجهه عليهما إلا وجبت له الجنة» رواه مسلم وأبو داود.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бирор киши таҳорат олса ва таҳоратини мукаммал қилса, кейин юзи ва қалби ила юзланиб икки ракаат намоз ўқиса, унга жаннат вожиб бўлади» (Муслим ва Абу Довуд ривояти).
- Сувни тежаб ишлатиш, эҳтиёждан ортиқ сув қуймаслик ва аъзоларни уч мартадан кўп ювмаслик.
Амр ибн Шуайб бобосидан ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир аъробий келиб, таҳорат ҳақида сўради. У зот аъзоларни уч мартадан ювиб, кўрсатиб бердилар. Кейин: «Мана шу комил таҳоратдир. Ким бунга қўшимча қилса, ёмон иш қилибди — ёки ҳаддан ошибди ёки зулм қилибди —», дедилар» (Ибн Можа ва Абу Довуд ривояти).
- Доимо таҳоратли ҳолатда юриш. Чунки таҳорат мўминнинг руҳий қуролидир. У мўминнинг қалбидан ёмонликлар ва ғафлатни ҳайдайди, уни гуноҳ ва ҳаром ишлардан тўсади. Шунингдек, таҳоратли киши намоз ва Қуръон тиловати учун доим тайёр ҳолатда бўлади.
Анас розияллоҳу анҳу бундай дегани ривоят қилинади: «Агар доим таҳоратли бўлишга қодир бўлсанг, шундай қилгин».
Шайх Абдулҳафиз Домла (раҳимаҳуллоҳ) тайёрлади.