Бизга боғланинг
002. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиш
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 65- оятида шундай дейди: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйсунмагунларича зинҳор мўъмин бўла олмайдилар»
«Аллоҳ ва унинг Пайғамбари бир ишни хукм қилган-буюрган вақтида бирон мўъмин ва мўъмина учун (Аллоҳнинг хукмини қўйиб) ўзлари хоҳлаган ишларини ихтиёр қилишлари жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди.» Ахзоб: 36
Нур сурасининг 51 ва 63- оятларида эса шундай дейди: 51. «Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида мўъминларнинг сўзи “эшитдик ва бўйсундик”, демоқдир. Ана ўшаларгина нажот топгучилардир».
63. ….»(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар».
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
— Жаннатга Умматимдан бош тортмаганларидан бошқа ҳаммалари киради дедилар –Саҳобалар ажабланишиб:
— Ё Расулуллоҳ, ким ҳам бош тортарди?! деб сўрашди.
— Ким менга итоат қилса жаннатга киради, ким менга осий бўлса, (жаннатга киришдан) бош тортибди, дедилар.
Шарҳ:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш, эргашиш У кишининг гапларини олиб бошқаларнинг гапларини кўйишлик динимиз барпо бўлган иккинчи устундир. Яъни, “Мухаммад-ур-расулуллоҳ” деб берган шаҳодатимизнинг маъноси ва амаллар қабул бўлишининг иккинчи шартидир.
Динимиз икки устун узра барпо бўлган; Аллоҳ таолонинг ўзигагина ибодат қилиш ва ҳамма амаллларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ қилиш. Дунё ва охират саодати, фитналардан саломат қолиш ва жаннатга киришнинг ягона йўли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишдир. Қаранг, имоми Абу Ҳанифа – Нўъмон ибн Собит – раҳматуллоҳи алайҳ бу бобда нима деганлар: «Агар қайси бир ҳадис саҳиҳ (у кишининг назарида заиф бўлгану кейинчалик унинг саҳиҳлиги аник) бўлса у менинг мазҳабимдир». Яъни Пайғамбар алайҳис саломга тўлиқ эргашиш менинг мазҳабим демоқчилар. Бу ривоятни Ибни Обидийн “Хошияда” нақл қилган. Ал-Фалланий “Ал-Ийқоз” китобида у кишидан нақл қилган ривоятда: «Агар гапим Қуръон ва ҳадисга хилоф бўлса гапимни деворга уриб, Қуръон ва ҳадисни олинглар»,- деганлар. Имомдан бундай таълим-тарбияни олган шогирдлари Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ Мадинага сафар қилиб, Мадинада Имом Молик билан учрашиб илмий мунозаралар олиб боради. Мунозаралар мобайнида ўзининг саҳиҳ ҳадисларга хилоф бўлган бир нечта фатволари борлигини билиб дарҳол фатволаридан қайтади. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг суннатга бунчалик қаттиқ туриб амал қилиши ҳозиргача илмий китоб ва мажлисларда тасаннолар билан зикр қилинади. Улар ҳақида бундай ривоятлар жуда кўп. Қаранг бизнинг имомларимиз Умматга ўрнак бўлиш учун суннатни қандай маҳкам ушлаганлар. Улар суннатни шундай маҳкам ушлаганларидан кейингина имомлик даражасига етганлар. Аллоҳ таоло ҳаммамизни Қуръон ва Суннатга амал қилишга муваффақ қилсин.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Қилинаётган амал қабул бўлиши учун иккита асосий шарт топилиши керак. Улар: Ихлос ва Суннатга мувофиқ бўлишдир.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишнинг яна бир маъноси У кишининг каломини – ким бўлишидан қатъий назар – ҳар қандай одамнинг гапидан устун қўйиш демакдир.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш жаннатга киришга сабаб бўлади.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлиш, амрига хилоф қилиш дунёда фитнага ва амалларнинг ҳабата бўлишига, охиратда эса жаҳаннамга киришга сабаб бўлади.