Бизга боғланинг
003. Илмнинг фазли
Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 9-оятида шундай дейди: «Айтинг биладиган зотлар билан билмайдиган зотлар баробар бўладими?»
Мужодала сурасининг 11- оятида эса «Аллоҳ таоло сизлардан иймон келтирган ва илм ато этган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» дейди.
Тоҳа сурасининг 114- оятида эса «Роббим илмимни зиёда қил-деб айтинг» дейди.
Муовия розияллоҳу анҳу ривоят қилган, муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло кимга яхшиликни хоҳласа уни динда фақиҳ-олим қилиб қўяди», дедилар.
Имом Абу Довуд (3641) ва Термизий (2682) Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ким илм талаб қилиб, йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннатга борадиган йўлини енгил қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмнинг қилаётган амалидан рози бўлиб, қанотларини қўйиб туришади. Олим кишига ҳамма нарса, ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиб туради. Олим кишининг обид — яъни илми йўғу, лекин доимий ибодатдаги — одамдан фазли, Ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқлигига ўхшайди. Албатта олимлар пайғамбарларнинг меросхўридир, пайғамбарлар дийнор, дирҳамларни мерос қилиб ташлаб кетмаган, балки илмни колдирганлар, кимики уни олган бўлса насибасини тўлиқ олибди».
Имом Муслим (1631) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар инсон боласи ўлса унинг учта амалидан бошқа ҳамма амали тўхтайди. Улар: садақаи жория, фойдаланиб турилган илм ва унга дуъо қиладиган солих фарзанд. – дедилар.
Шарҳ:
Ислом дини илм-маърифат, тараққиёт ва инсонларни илм билан зулумотдан нурга олиб чиқувчи диндир. Чунки бу дин чексиз илмли бўлган Аллоҳ таоло томонидан ваҳий қилингандир. Шунга кўра динимизда шаръий илмнинг манзилати жуда улуғдир. Аллоҳ таоло бандаларини шаръий илмларни ўрганишга буюрганидек дунёвий илмларни ҳам таълим олишга тарғиб қилди ва шаръий илм эгасини бошқалардан афзалроқ қилди. Илм талаб қилиш ибодатларнинг энг афзалларидан бўлиб, жаннатга кириш сабабларининг энг катталаридан ҳисобланади. Чунки инсон илм билан Аллоҳни, Унинг буйруқларини, қайтарган нарсаларини ва диннинг асосларини ўрганиб боради. Шунинг учун ҳам уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар инсонларга шаръий илмни мерос қилиб ташлаб кетдилар. Ким илм талаб қилиб, илмига амал қилса, у албатта уларга меросхўр бўлади.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Динимизда илм ва олимларнинг фазли улуғдир, чунки улар пайғамбарларнинг меросхўларидир.
- Бирон кишининг динда фақиҳ бўлиши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода қилганлик аломатидир.
- Шаръий илмни талаб қилиш ва унга амал қилиш жаннатга киришга сабаб бўлади.
- Инсоннинг энг яхши мерос қилиб ташлаб кетадиган ҳазинаси фойдали илмдир, чунки унинг савоби ўлимидан кейин ҳам давом этиб туради.