007. Тилнинг офати

    Аллоҳ таоло Қоф сурасининг 17- оятида шундай дейди: «Бирон сўзни талаффуз қилса унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)».

    Имом Бухорий Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Менга икки жағи орасидаги нарсани – яъни тилини – ва икки оёғи орасидаги нарсани – яъни фаржини – сақлашга кафил бўлса, мен уни жаннатга киришига кафил бўламан», дедилар.

    Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу шундай дейди: Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб:

    – Ё Расулуллоҳ, менга мени жаннатга киргизадиган ва жаҳаннамдан узоқлаштирадиган амални билдиринг дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

    – «Дарҳақиқат, жуда улуғ нарса ҳақида сўрадинг, лекин Аллоҳ кимга бу амалларни енгил қилса, албатта улар жуда енгилдир. «Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қиласан ва унга бирон нарсани шерик қилмайсан, намозни барпо қиласан, закотни ўтайсан, рамазонда рўза тутасан ва қодир бўлсанг ҳаж қиласан», дедилар. «Сени яхшилик йўлларига йўллаб қўяйми?», дедилар. «Рўза қалқондир, сув ўтни ўчиргани каби садақа гуноҳларни ўчиради ва кишининг кечаси туриб ўқиган намози», дедилар, кейин Сажда сурасининг 16- ва 17- оятларини ўқидилар: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунларни ибодат билан ўтказиб оз ухлайдилар) Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қиладилар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ эҳсон қилурлар. Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўз қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас».

    Кейин айтдилар: «Сенга ишнинг боши, устуни ва энг чўққиси ҳақида хабар берайми?»

    – Орий, ё Расулуллоҳ, дедим.

    «Ишнинг боши Исломдир — яъни, калимайи шаҳодат —, устуни намоздир ва энг баланд чўққиси жиҳоддир», дедилар. Сўнгра, «бу амалларнинг ҳаммасини маҳкам қиладиган нарсани айтайми?», дедилар.

    Бале, ё Расулуллоҳ, дедим. Пағамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларини ушлаб:

    «Мана буни тийгин», дедилар. Мен – ажабланиб:

    – Ё Расулуллоҳ, биз гапираётган нарсаларимиз ҳақида ҳам сўраламизми?! дедим.

    – Сени қарая, эй, Муъоз! Одамларни жаҳаннамга юзлари билан ағдарадиган нарса тилларининг ҳосиллари-да», дедилар.

    Шарҳ:

    Тилнинг офати жуда хатарли бўлгани учун жуда кўп оят ва ҳадисларда тилнинг жиловини маҳкам ушлаш, унга эрк бериб юбормасликка буюрилган. Тил офатларига тушиб қолиш жуда осон бўлганидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дўзахга энг кўп киришга сабаб бўладиган нарса тил эканининг хабарини бердилар. Аллоҳ таоло ҳаммамизнинг тилимизни ўзи рози бўладиган сўзларни гапиришга муваффақ қилсин.

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
    1. Тилнинг офати жуда хатарли бўлиб ундан сақланиш вожиб.
    2. Инсон эътибор бермай айтиб кўйган бир калима сабабли бутун амаллари ҳабата бўлиб, жаҳаннам аҳлидан бўлиб қолиши мумкин.
    3. Гуноҳ сўзларда тилга эрк бериш дўзахга кириш сабабларидан бири, улардан тилни сақлаш эса жаннатга кириш сабабларидандир.
    4. Аксар одамларнинг бефойда сўзлар билан вақтларини ўтказишлари катта хатодир.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962