016. Биринчи босқич: янги жамият барпо қилиш

    Юқорида айтиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага келиб, Бану Нажжорга тушишлари 1- ҳижрийнинг 12- Рабиул-Аввалига, 622- милодийнинг 27- сентябрига тўғри келади.

    У киши Абу Айюб ҳовлиси олдидаги ерга борганларида, Инша Аллоҳ, мана шу ерга манзил қурамиз, дегандилар. Кейин Абу Айюб розияллоҳу анҳунинг уйига ўтгандилар.

    Масжиди набавияни қуриш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундан кейинги биринчи қилган ишлари масжиди набавияни қуриш бўлди. Бунинг учун туялари чўккан жойни танладилар. Жойни унинг эгалари бўлган икки етим болалардан сотиб олдилар. Масжид қурилишига бевосита ўзлари қатнашиб, ғишт ва тош ташиб, шундай дердилар:

    ‏‏هذا الحِمَالُ لا حِمَال خَيْبَر
    هــذا أبـَــرُّ رَبَّنَا وأطْـهَر‏

    Бу юклар Хайбарнинг юклари эмас,
    Бу юклар савоби битмас-туганмас.

    Яна шундай дердилар:

    ‏اللهم لا عَيْشَ إلا عَيْشُ الآخرة
    فاغْفِرْ للأنصار والمُهَاجِرَة‏

    Худоё, чин ҳаёт фақат охират,
    Муҳожир, ансорни этгин мағфират.

    Бу нарса саҳобаларнинг ғайратларига ғайрат қўшарди. Улардан бири шундай деганди:

    لئن قَعَــدْنا والنبي يَعْمَل
    لـذاك مِــنَّا العَمَــلُ المُضَلَّل

    Пайғамбар ишласа, бизлар ўтирсак,
    Асло тўғри келмас бизга бу маслак.

    Ўша жойда мушрикларнинг қабрлари, харобалик, хурмолар ва ғарқад дарахти бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан мушрикларнинг қабрлари қўчириб юборилди, харобалик текисланди, хурмо ва дарахтлар кесилиб, масжиднинг қибла тарафига териб қўйилди. Масжид қибласи Байтул-Мақдис томонга бўлди, эшик кесакилари тошдан қилинди, деворлари ғишт ва лойдан тикланди, шифти хурмо баргларидан, устунлари хурмо танасидан қилинди. Оёқ остига қум ва майда тошлар тўшалди. Масжидга учта эшик қилинди. Узунлиги қибладан тортиб охиригача юз газ, икки тарафи ҳам шунча ёки сал камроқ, пойдевори уч газга яқин бўлди.

    Масжид ёнида тош ва ғиштдан қурилиб, шифти хурмо барглари билан тўсилган хоналар бино қилинди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларининг ҳужралари бўлиб, қуриб битказилгач, у зот Абу Айюб хонадонидан уларга кўчиб чиқдилар.

    Мазкур масжид ёлғиз намоз ўқиладиган жойгина бўлиб қолмади, балки у мусулмонлар Ислом таълимотлари ва йўл-йўриқларини оладиган олийгоҳ, жоҳилий талотўп ва жангу-жадаллар ўрталарини бузиб юборган турли қабилалар бир-бирлари билан учрашиб, ораларини тузатиб оладиган мунтадо (клуб), барча ишларни бошқариб ва келди-кетдиларни тартибга солиб туриладиган марказ, маслаҳат ва ижроий мажлислари ўтказиладиган парламент вазифасини ҳам ўтарди. Шу билан бир қаторда у уй-жойи, мол-мулки ва бола-чақаси бўлмаган қочқин ва камбағал муҳожирларни ўз бағрига жойлаган маскан ҳам эди.

    Ҳижратнинг бошларида азон машруъ бўлди, уфқларни тўлдириб ва борлиқни ларзага келтириб ҳар куни беш марта ягона Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигини ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг элчиси эканини эълон қилувчи ҳамда борлиқдаги Аллоҳнинг буюклигидан бошқа барча буюкликни, вужуддаги Муҳаммад Расулуллоҳ олиб келган диндан ўзга барча динларни рад қилувчи олий нидо чор-атрофга тарала бошлади. Азон калималари улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Абду Роббуҳ розияллоҳу анҳуга тушида билдирилди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг туши ҳам унинг тушига мувофиқ келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу калималарни тасдиқладилар. Бунинг қиссаси ҳадис ва сийрат китобларида тўлалигича ривоят қилинган.

    Мусулмонларни бир-бирлари билан оға-ини тутинтириш

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларни жамловчи ва қалбларни бир-бирига боғловчи марказ бўлмиш масжид қуриш билан бир қаторда тарихда мисли кўрилмаган яна бир ажойиб ишга ҳам қўл урдилар. Яъни, муҳожирлар билан ансорларни бир-бирига биродар тутинтирдилар. Ибнул Қаййим айтади: «Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Анас ибн Моликнинг ҳовлисида муҳожирлар билан ансорларни бир-бирларига биродар тутинтирдилар. Улар тенг ярми муҳожирлар, тенг ярми эса ансорлардан иборат жами тўқсон киши эдилар. Уларни жонажон дўст ва ўлганидан сўнг меросига қариндошларидан кўра ҳақлироқ бўлган биродар қилдилар. То Бадр ҳодисасига қадар мана шу ҳукмга амал қилиб келинди. Аллоҳ таоло: «Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар» (Анфол: 75) оятини нозил қилганидан кейин биродарлик аҳди сақланиб қолгани ҳолда уларнинг бир-биридан мерос олишлари бекор бўлди.

    Баъзи қавлга кўра, муҳожирларнинг ўзларини ҳам бир-бирларига биродар тутинтирган эканлар… Бироқ, аввалгиси собитроқ. Чунки, муҳожирлар Ислом биродарлиги, ватандошлик биродарлиги ва насл-насаб жиҳатидан қариндошликлари туфайли яна ўрталарида алоҳида биродарлик аҳди тузилишидан беҳожат эдилар. Муҳожирлар ва ансорлар ўртасидаги ҳол ундай эмас эди». Бу биродар тутинтиришлари маъноси – қабила-уруғчилик руҳи эриб йўқ бўлиб кетиши, насаб, ранг, ватанга боғлиқ бўлган фарқлар орадан кўтарилиши, дўстлик ва душманлик фақат Ислом асосига барпо бўлиши дегани эди.

    Биродарини ўзидан афзал кўриш, яхши кўрган нарсасини унга илиниш, улфат ва ҳамдард бўлиш ҳис-туйғулари ушбу биродарлик ичига сингиб кетган ва янги жамиятни ҳайратомуз намуналар билан тўлдирган эди.

    Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Муҳожирлар Мадинага келганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдурраҳмон ибн Авф билан Саъд ибн Рабиъни биродар тутинтириб қўйдилар. Саъд Абдурраҳмонга: «Мен Мадинанинг энг бой кишилариданман. Мол-мулкимнинг тенг ярмини сизга бўлиб бермоқчиман. Иккита аёлим бор, улардан истаганингизни танланг, мен уни талоқ қилай, иддаси чиққанидан кейин сиз унга уйланинг», деди. Абдурраҳмон: «Аллоҳ оилангизга ва молингизга баракот берсин. Мени бозорга йўллаб қўйинглар», деди. Шундан сўнг уни Бану Қайнуқоъ бозорига йўллаб қўйдилар. Шу куниёқ у (олди-сотди қилиб) бир оз қурут ва сарёғ кўтариб келди. Сўнг эртасига ҳам бозорга йўл олди. Бир куни у кийимида суфра (хушбўй модда) излари кўринган ҳолда келиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нима гап?», деб сўрагандилар, Абдурраҳмон: «Уйландим ё Расулуллоҳ», деди. «Унга қанча маҳр бердингиз?», дедилар. «Беш дирҳам оғирлигида олтин», деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, зиёфат беринг», дедилар».

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ансорлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Хурмозорларимизни биз билан биродарларимиз ўртасида тақсим қилинг», дедилар. У зот: «Йўқ», дедилар. Шунда улар: «Ундай бўлса, сизлар меҳнатига қаралашинглар, ҳосилига сизларни шерик қилайлик», дедилар. Улар ҳам: «Хўп», дейишди.

    Бу ансорларнинг муҳожир биродарларига нисбатан ўта самимий муносабатда бўлганликларига, уларга бутун борлиқларини фидо қилишга тайёр бўлганликларига ва шу билан бир қаторда муҳожирларнинг ҳам ансорларнинг бу меҳмоннавозликларини қадрлай билганликларига, уни суиистеъмол қилмасдан, фақат эҳтиёжларига яраша миқдордагисини қабул қилишган эканига далолат қилади.

    Дарҳақиқат, бу биродар тутинтириш мислсиз ҳикмат, доно сиёсат, мусулмонлар юзланиб турган кўпгина муаммоларга энг тўғри ечим бўлган эди.

    Исломий иттифоқ битими

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларни бир-бирларига биродар тутинтиришдан ташқари, улар ўртасида яна бир аҳдлашув битимини ҳам тузиб, бу билан улар орасида жоҳилият давридан қолган хусуматларни бекор қилдилар ва қабилавий низоларга бутунлай барҳам бердилар ҳамда шу битим туфайли кенг қамровли исломий бирликни вужудга келтиришга эришдилар. Қуйида мазкур битим бандлари келтирилади:

    «Бу Муҳаммад Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан Қурайшлик ва Ясриблик мўмин-мусулмонлар ҳамда уларга эргашган, уларга қўшилган ва улар билан бирга жиҳод қилган кишилар ўртасида (амал қилиниши учун) тузиб берилган келишув бандларидир:

    1) Улар бошқалар қаршисида ягона умматдирлар;

    2) Қурайшлик муҳожирлар бир-бирлари билан ўзларининг (Исломдан олдинги) ҳолларида боғланишда давом этадилар. Ўз асирларини яхшилик ва мўминлар ўртасидаги адолат билан қутқариб оладилар. Ансорларнинг ҳар бир қабиласи ҳам ўзларининг аввалги ҳолларида бўлиб, илгариги алоқаларини давом эттирадилар. Улардан ҳар бир тоифа ўз асирларини яхшилик ва мўминлар ўртасидаги адолат билан қутқариб оладилар.

    3) Мўминлар фидя ва тўлов кабиларни яхшилик билан бериб, ўрталарида оғирликларни қолдирмайдилар.

    4) Тақводор мўминлар зулм қилган ёки мўминлар ичида зулм, гуноҳ, адоват ва бузуқлик ёйилишини истаган кишиларга қарши турадилар.

    5) Унга (яъни, тажовузкорга) қарши – гарчи улардан бирининг фарзанди бўлса ҳам – улар бир тану бир жонга айланадилар.

    6) Мўмин киши кофирнинг муқобилида мўминни ўлдирмайди.

    7) Мўмин киши мўминнинг зиддига кофирга ёрдам бермайди.

    8) Аллоҳнинг зиммаси (ҳимояси) ягонадир, энг қуйи даражада бўлган мўминнинг (бировга берган) ҳимояси ҳам барча мўминларга жорийдир.

    9) Яҳудлар ичидан бизга эргашган кишиларни ўрнак қилинади, уларга ёрдам берилади, улар қаршисига ёрдам берилмайди, уларни мазлум ҳолда қўйилмайди.

    10) Мўминларнинг силми (иттифоқи) ягонадир, мўмин киши Аллоҳ йўлидаги жангда барча мўминлар билан баробар ва адолатли иттифоқда бўлади.

    11) Мўминлар Аллоҳ йўлида қонларига етган нарсаларда бир-бирларини ҳимоя қиладилар (яъни, бир-бирлари учун қасос оладилар) .

    12) Мушрик кимса Қурайшнинг молини ҳам, жонини ҳам ҳимоя қила олмайди, мўминни ундан тўса олмайди.

    13) Кимда-ким бир мўминни ноҳақ ўлдирса, ундан қасос олинади. Фақатгина ўлдирилган шахснинг валийси (эгаси) рози бўлсагина (қасос олинмайди).

    14) Мўминларнинг ҳаммаси унга қарши бўладилар, унга қарши туришдан бошқа нарса уларга ҳалол бўлмайди.

    15) Мўмин киши учун бирон бидъатчига ёрдам бериш ва унга паноҳ бериш ҳалол бўлмайди. Кимда-ким унга ёрдам берса ёки ўз паноҳига олса, қиёмат куни унга Аллоҳнинг лаънати ва ғазаби бўлади, ундан тавба ҳам, тўлов ҳам қабул қилинмайди.

    16) Сизлар нимаики нарсада ихтилоф қилсангизлар, уни Аллоҳ азза ва жаллага ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтариш (лозимдир).

    Мазкур маънавий тадбирларнинг жамиятга таъсири

    Мана шундай ҳикматли ишлар ва доно тадбирлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам янги жамиятнинг пойдеворларини ўрнатдилар. Бу жамият Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба бўлиш шарафига муяссар бўлган улуғ зотлар қалбларига ўрнашган маъноларнинг ташқи сурати ва уларнинг ҳаётдаги инъикоси эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга таълим-тарбия берар, нафсларини тозалар, улуғ ахлоқларга чорлар, биродарлик, меҳр-мурувват, оға-инилик, шараф ва тоат-ибодат одоблари билан одоблантирар эдилар.

    Бир киши у зотдан: «Ислом (амаллари)нинг энг яхшиси қайси?» деб сўраган эди, «Таом едиришинг ҳамда таниган ва танимаган кишиларингга салом беришинг» деб жавоб бердилар. Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу айтади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида мен у кишининг олдиларига келдим. Юзларига зеҳн солиб, ёлғончининг юзи эмаслигини билдим. У зот аввало, шундай дедилар: «Эй одамлар, саломни ёйингиз, таом едирингиз, қариндошлар билан алоқа қилингиз, тунлари одамлар ухлаётганда намоз ўқингиз, жаннатга саломатлик ила кирасиз».

    У зот яна айтганлар: «Озор-азиятидан қўшниси хотиржам бўлмайдиган кимса жаннатга кирмайди».

    Яна айтганлар: «Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир».

    Яна айтганлар: «Сизларнинг бирортангиз то ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунича иймонли бўлмайди».

    Яна айтганлар: «Мўминлар битта одамга ўхшашки, агар унинг кўзи оғриса ҳамма ери оғрийди, боши оғриса ҳамма ери оғрийди».

    Яна айтганлар: «Албатта, мўмин мўмин учун бир-бирини маҳкам тутиб турувчи бино (қисмлари) кабидир».

    Яна айтганлар: «Бир-бирингизга нафрат қилмангиз, бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингиздан юз бурмангиз, ўзаро биродар бўлинг эй Аллоҳнинг бандалари! Мусулмон киши биродари билан уч кундан ортиқ гаплашмай қўйиши дуруст эмас!»

    Яна айтганлар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, душманига топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқариш йўлида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқариш йўлида бўлади. Ким мусулмон кишидан битта ғам-ташвишини аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади». Яна айтганлар: «Ердагиларга раҳм қилинглар, осмондаги Зот сизларга раҳм қилади».

    Яна айтганлар: «Ён қўшниси оч-наҳор бўла туриб, ўзи тўқ юрадиган одам (комил) иймонли эмас».

    Яна айтганлар: «Мусулмонни сўкиш фосиқликдир, у билан жанг қилиш куфрдир».

    У зот йўлдан озорни четлатишни садақа деб, иймон бўлакларидан бир бўлаги деб санар эдилар.

    Саҳобаларни инфоқ-эҳсон қилишга тарғиб қилиб, унинг фазилатларини таъсирчан сўзлар билан қалбларга жойлаб қўярдилар.

    Бир ҳадисларида айтганлар: «Садақа гуноҳни худди сув ўтни ўчирганидек ўчиради».

    Яна айтганлар: «Қайси бир мўмин кийимсиз биродарини кийинтирса, Аллоҳ таоло уни жаннатнинг яшнаб турган либосларидан кийинтиради. Қайси бир мўмин оч биродарини таомлантирса, Аллоҳ таоло унга жаннат меваларидан едиради. Қайси бир мўмин чанқаган биродарига сув ичирса, Аллоҳ таоло унга раҳиқул махтум (яъни, соф ва қўл тегмаган, муҳрланган жаннат шаробидан)дан ичиради».

    Яна айтганлар: «Яримта хурмо (садақа қилиш) билан бўлса-да, у ҳам топилмаса, бир оғиз яхши сўз билан бўлса-да дўзахдан сақланингиз!».

    Шу билан бир вақтда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўраниш ва тиламчиликдан покланишга қаттиқ тарғиб қилардилар, сабру қаноатнинг фазилатларини баён қилардилар, қаттиқ эҳтиёжсиз сўраниб юришни сўровчининг юзига етадиган тирналиш ва нуқсон деб санардилар.

    Яна уларга ибодатларнинг фазилатларини ва ибодатлар учун Аллоҳ ҳузурида бериладиган ажру савобларни баён қилиб берардилар, уларни ўзларига самодан нозил бўлаётган ваҳий билан чамбарчас боғлаб қўярдилар, уни уларга ўқиб берардилар, улар ҳам бу каломи илоҳийни ўқишарди. Бу билан у зот асҳоблари даъватнинг ҳаққини ва рисолатнинг масъулиятини англашларини ва тадаббур қилишларини, нафақат англаш ва тадаббур қилиш, балки бу борада ўз зиммаларида бўлган бурчларини ҳис қилишларини истар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу йўллар билан уларнинг дунёқарашларини тарбиялар, маънавиятларини юксакликка кўтариб, иқтидорларини уйғотар, уларга энг олий ўлчов ва мезонларни тақдим этардилар. Шу билан улар башарият тарихида пайғамбарлардан кейинги ўринда турадиган энг юксак камолат чўққиларини эгалладилар.

    Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Ким эргашмоқчи бўлса, дунёдан ўтганларга эргашсин, чунки, тирик жон фитнадан омонда бўлмайди. Улар (яъни, дунёдан ўтиб кетганлар) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидир. Улар бу умматнинг афзаллари, қалби поклари, билими чуқурлари ва такаллуфи камлари бўлиб, Аллоҳ у инсонларни ўз пайғамбарига ҳамсуҳбат бўлиш ва ўз динини ўрнатиш учун танлагандир. Уларнинг қадрини, фазлини билингиз, изларидан эргашингиз! Қодир бўлганингиз қадар уларнинг ахлоқ ва сийратларини маҳкам тутингиз! Чунки улар тўғри йўлда бўлганлар».

    Қолаверса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюк йўлбошчи сифатида шундай маънавий ва зоҳирий сифатлар, олий фазилатлар, юксак иқтидор ва камолот, чиройли ахлоқ ва гўзал амалларни ўз шахсиятларида мужассамлаштирган эдиларки, мазкур сифатлар инсонларнинг қалбларини у зот сари интиладиган ва садоқат изҳор этадиган қилиб қўйган эди. Асҳоблари у зотнинг бир оғиз сўзларини бажаришга ошиқишар, бирор кўрсатма ёки тавсия берсалар, унга амал қилишга ўзаро мусобақалашар эдилар.

    Ана шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада инсоният тарихида мисли кўрилмаган янги бир жамият барпо қилишга, замона гирдоблари ва жаҳолат зулматлари ичра қолиб келаётган инсониятнинг муаммоларига ечим топиб беришга қодир бўлдилар. Давр йўналишини ва тарих чархпалагини бутунлай бошқа йўналишга буриб юборган бу жамиятнинг асоси мана шундай юксак маънавиятлар билан такомиллашган эди.

    Яҳудлар билан битим тузилиши

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар ўртасида ақидавий, сиёсий ва низомий бирликни вужудга келтириш орқали янги жамият ва янги исломий уммат пойдеворларини ўрнатиб олганларидан сўнг, энди мусулмон бўлмаган қавму қабилалар билан алоқаларни тартиблашга киришдилар. Бундан мақсадлари минтақада ягона келишувга эришиш ва унда яшаб турган барча инсонлар учун тинчлик-омонлик, бахт-саодат ва эмин-эркин ҳаракат қилишга имкон яратиб бериш эди. Бунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ирқий ва шахсий ғараз ҳамда таассубга тўла бўлган дунё ҳали кўрмаган бағрикенглик ва кечиримлилик асосидаги қонун-қоидаларни йўлга қўйдилар.

    Мадинага энг яқин бўлган ғайри мусулмон қўшнилар аввал айтиб ўтганимиздек, яҳудийлар эди. Уларнинг дилларида гарчи, мусулмонларга нисбатан адоватлари бўлса-да, ҳозирча бирон душманлик ёки хусуматни изҳор қилган эмасдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан битим тузиб, бу битимда улар учун яхшилик ва насиҳатни қарор топтирдилар. Уларнинг диний ва дунёвий эркинликларини тўлалигича қолдирдилар. Унда сургун, мусодара ёки адоват сиёсатига юз тутмадилар.

    Қуйида ушбу битимнинг энг муҳим бандлари билан танишасиз:

    1) Бану Авф яҳудийлари мўминлар билан бирга (яшаб турган) халқдир. Яҳудийлар учун ўз динлари, мусулмонлар учун ўз динлари бўлиб, уларнинг молу жонлари омондадир. Шунингдек, бу бошқа яҳудийларга ҳам тааллуқлидир.

    2) Яҳудийларнинг нафақалари ўз зиммаларида, мусулмонларнинг нафақалари ҳам ўз зиммаларида.

    3) Бу битим аҳлига уриш очган кимсаларга қарши улар бир-бирларига ёрдам беришлари лозим.

    4) Гуноҳ бўлмаган ишларда улар ўртасида бир-бирига нисбатан холис муносабат ва насиҳат ҳукм суради.

    5) Бирон киши ўз иттифоқчисига қарши жиноятга қўл урмайди.

    6) Мазлумга ёрдам берилади.

    7) Уруш ҳолатида яҳудийлар ҳам мусулмонлар билан бирга сарф-харажат қиладилар.

    8) Ясриб тупроғида ушбу битим аҳлига тажовуз қилиш ҳаромдир

    9) Бу битим аҳли ўртасида содир бўлган ҳар қандай ҳодиса ёки оқибати хатарли бўлган низолар ҳукми Аллоҳ азза ва жаллага ва Унинг элчиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳаволадир.

    10) Қурайшга ҳамда унга ёрдам берганларга ҳимоя берилмайди.

    11) Ясрибга босқин уюштирганларга қарши улар бир-бирларига ёрдам кўрсатадилар.

    12) Бу битим бирон золим ёки жиноятчини жазодан тўсиб қололмайди.

    Ушбу битим сабабли Мадина ва унинг атрофи тинч-тотув давлатга айланди, унинг пойтахти Мадина шаҳри, давлат бошлиғи эса – агар таъбир жоиз бўлса – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлдилар, ундаги нуфуз ва ҳукмронлик мусулмонлар қўлида бўлди.

    Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минтақа тинчлиги ва осойишталиги йўлида бошқа қабилалар билан ҳам шароит тақозосига кўра шу каби битимлар туздилар. Улар ҳақида кейинроқ, ўз ўринларида айтиб ўтамиз.

    Қонли кураш
    Қурайшнинг пўписа (провокация)лари ва Абдуллоҳ ибн Убай билан боғланишлари

    Мусулмонлар Маккада эканларида Макка кофирлари уларнинг бошига солган кўргулик ва азоб-уқубатлар, ҳижратга мажбур бўлганларида эса уларнинг мол-мулкларини зўрлик билан мусодара қилганликлари ҳақида юқорида айтиб ўтилганди. Кейин ҳам улар ўз туғёнларидан қайтишмади, тажовузларидан тийилишмади. Мусулмонлар уларнинг қўлларидан қутулиб, Мадинада ўзлари учун хавфсиз қароргоҳ топишгач, улар ғазабдан ўзларини қўйгани жой топа олмай қолишди. Мадинанинг ҳижратдан олдинги раиси сифатида Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулга мактуб йўллашиб – маълумки, у пайтда у мусулмонлик даъвосини қилмаган мушрик эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижрат қилиб келишлари ва у зотга иймон келтиришлари бўлмаганда эди, Ясриб (Мадина) аҳли уни ўзларига подшоҳ қилиб кўтаришга ва бошига тож кийдиришга иттифоқ қилишганди – унга ва бошқа мушрик дўстларига кескин талаблар қўйишди: «Сизлар бизнинг қавмдошимизга жой бердингиз, биз қасамёд қиламизки, ё унга қарши урушга кирасизлар ё уни чиқариб юборасизлар ёки бўлмаса биз сизнинг устингизга юриш қиламиз, жангчиларингизни ўлдириб, аёлларингизни асира қиламиз».

    Ушбу мактуб етиб келиши билан Абдуллоҳ ибн Убай Маккалик мушрик оғайниларининг буйруқларини бажо келтириш учун ҳаракатини бошлади. Зеро, унинг ўзида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши чуқур нафрат ўрнаган, сабаби, подшоҳликка етишолмай қолганига фақат у зотни айбдор деб биларди. Абдуллоҳ ибн Убай атрофига йиғилган бутпарастлар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши урушга ҳозирлана бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан хабар топгач, улар билан учрашиб: «Қурайшнинг пўписалари сизларга қаттиқ таъсир қилган кўринади. Бироқ, улар қилмоқчи бўлаётган фириб-найранг сизлар ўзингизга қилмоқчи бўлаётган фириб-найранг олдида ҳолва бўлиб қолади. Сизлар ўз фарзандларингиз ва қариндош-уруғларингизга қарши урушмоқчи бўлаяпсизлар», дедилар. Шундан сўнг улар у зотнинг сўзларидан таъсирланиб, тарқалиб кетишди.

    Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ўз ҳаммаслакларининг бўшашиб қолганини кўриб ўша пайтда урушдан тўхталган бўлса-да, унинг ҳаракатларидан Қурайш билан келишиб иш қилаётгани кўриниб турар, қулай фурсат бўлди дегунча мусулмонлар билан мушриклар ўртасига адоват оловини ёқишга уринарди. Бу ишда у яҳудийларни ўзига асосий ёрдамчи қилиб олганди. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳикмат билан иш тутишларигина уларнинг ёмонликлари алангасини ўчириб турарди.

    Ал-масжид ул-Ҳаромдан ман қилиш қарорининг эълон қилиниши

    Орадан кўп ўтмай ансорлар бошлиқларидан Саъд ибн Муъоз умра учун Маккага бориб, Убай ибн Халафнинг уйига тушди. Умайяга: «Холи пайт бўлганида айтгин, Байтуллоҳни тавоф қилиб олай», деди. Қоқ пешин пайти Байтуллоҳга қараб боришаркан, йўлда Абу Жаҳлга дуч келиб қолишди. Абу Жаҳл: «Эй Абу Сафвон, ким бу ҳамроҳинг?», деб сўради. Саъд эканини билгач, Абу Жаҳл унга: «Қандай қилиб сен Маккада хотиржам айланиб юрибсан, ҳолбуки сизлар динбузуқиларга жой бериб қўйибсизлар, яна уларга ёрдам беришни ҳам зиммангизга олибсизлар?! Қасамки, агар Абу Сафвон ёнингда бирга бўлмасайди, уйингга соғ қайтмаган бўлардинг!» деб пўписа қилди. Саъд ҳам унга овозини кўтарди: «Аллоҳга қасамки, агар сен мени бундан ман қиладиган бўлсанг, мен сени бундан ҳам каттароқ нарсадан – Мадина устидан ўтувчи йўлдан ман қиламан!»

    Қурайш муҳожирларга таҳдид қилади

    Афтидан, Қурайш бундан ҳам каттароқ ёмонликни дилига туккан, мусулмонларни янчиб ташлаш, хоссатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқ қилиш ҳақида ўйлаётган эди.

    Буни қуруқ хаёл ёки ваҳима деб бўлмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Қурайш ушбу шум режасини амалга оширмоқчи эканига ишонч ҳосил қилган, шу боис кечаларни бедорликда ёки саҳобалар қўриқчилигида ўтказаётган эдилар. Имом Бухорий ва имом Муслим «Саҳиҳ»ларида ривоят қилишларича, Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келган пайтлари бир кеча: «Кошки, асҳобларимдан бир солиҳ киши мени бу кеча қўриқлаб чиқса», дедилар. Шу ҳолда эканмиз, бирдан қуролнинг шарақлаган овози эшитилиб қолди. У зот: «Ким бу?» дедилар. «Саъд ибн Аби Ваққосман», деган овоз келди. «Нима қилиб юрибсиз?», деб сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирон хавф йўқмикин, деган фикр хаёлимни чулғаб олиб, у зотни қўриқлагани келдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳаққига дуо қилиб, ухлагани ётдилар».

    Бу қўриқчилик баъзи кечаларгагина чекланган бўлмай, бир қанча вақт тартибли равишда давом этди. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тунлари қўриқлардилар, бир кеча «Аллоҳ Сизни одамлар (зарари)дан сақлагай» (Моида: 67) ояти нозил бўлгач, у зот ҳужрадан бошларини чиқариб: «Эй одамлар, кетаверинглар, мени Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи сақлашга ваъда берди», дедилар».Хатар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина чекланган эмасди, балки у барча мусулмонларга хавф солиб турарди. Убай ибн Каъб ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари Мадинага келиб, ансорларнинг ҳимоясига киргач, араблар уларга қарши бирлашишди. Шундан сўнг улар қурол билан тунаб, қурол билан тонг оттирадиган бўлдилар».

    Жангга изн берилиши

    Мадинадаги мусулмонлар вужудига таҳдид солиб турган ва Қурайшнинг фириб-найранглардан бир зум ҳам тинмаётганидан хабар бериб турган ана шундай хатарли шароитда Аллоҳ таоло мусулмонлар учун жангга изн берди, бироқ жангни уларга фарз қилмади. Аллоҳ таоло деди: «Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир» (Ҳаж: 39).

    Бу оят билан бирга ушбу изн фақат ботилни суриб ташлаш ва Аллоҳнинг қонунларини ўрнатиш учунгина эканини баён қилувчи оятлар ҳам нозил бўлди: «Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак – улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)» (Ҳаж: 41).

    Изн фақат Қурайш билан жанг қилишга чекланган эди. Кейинчалик шароитлар ўзгариши билан жанг ҳақидаги ҳукм ҳам босқичма-босқич ривожланиб, охир-оқибат вожиблик даражасига етди ва Қурайшдан бошқаларга ҳам умумийга айланди. Воқеалар ривожига киришишдан аввал ана шу босқичларни қисқача баён қилиб ўтиш фойдадан холи бўлмаса керак:

    1) Қурайш мушрикларини уруш ҳолатидаги душман деб эътибор қилиш. Чунки, душманликни улар биринчи бўлиб бошлашди, шу боис мусулмонлар бошқа араб мушрикларидан фарқли ўлароқ уларга қарши уруш қилишга ва мол-мулкларини мусодара қилишга ҳақли бўлдилар.

    2) Қурайш сафига ўтган ва у билан бирлашган араб мушрикларидан ҳар бирига қарши уруш қилиш, шунингдек, Қурайшга алоқаси бўлмаган ҳолда ўзи мустақил равишда мусулмонларга тажовуз қилган ҳар бир кишига қарши урушиш.

    3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўрталарида битим ва (урушмасликка) аҳду паймонлари бўлган яҳудлардан хиёнатга қўл урганлари ёки мушрикларни қўллаб-қувватлаганлари билан жанг қилиш ва улар билан тузилган аҳду паймонларни бекор ҳисоблаш.

    4) Мусулмонларга биринчи бўлиб адоватни бошлаган насоро каби аҳли китобларга қарши то улар хорланган (мағлуб) ҳолларида ўз қўллари билан жизя (солиқ) тўламагунларича жанг қилиш.

    5) Исломга кирган кишилардан қўл тортиш, илгари мушрик бўлганми, яҳудийми, насронийми, бошқами, фарқи йўқ, уларнинг жони ва молига дахл қилинмайди – Исломнинг ҳаққи бундан мустасно – уларнинг ҳисоб-китоби Аллоҳга ҳавола қилинади.

    Урушга изн берувчи оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшнинг Макка-Шом йўналишидаги асосий тижорат йўлига ҳукмронликни қўлга киритишга қарор қилдилар. Бунинг учун эса иккита режа ишлаб чиқдилар:

    Биринчи: Мазкур йўлнинг яқин атрофларида яшовчи, шунингдек ушбу йўл билан Мадина оралиғида турувчи қабилалар билан тинчлик битимлари тузиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанговар ҳаракатлар бошлашдан олдин Жуҳайна қабиласи билан битим туздилар, уларнинг маскани Мадинадан уч босқич узоқликда эди. Шунингдек, ҳарбий ҳаракатлари асносида бошқа битимлар ҳам туздилар, улар ҳақида қуйироқда айтилади.

    Иккинчи: Ушбу йўлга кетма-кет кичик гуруҳлар юбориб туриш.

    Бадр жангидан олдин бўлиб ўтган ғазот ва сарийялар

    Жангга изн берувчи оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқорида айтилган икки режани амалга ошириш учун амалий ҳарбий ҳаракатларни бошладилар. Бу ҳаракатлар қидирув (разведка) ҳаракатларига ўхшаш бўлиб, улардан мақсад, айтиб ўтганимиздек:

    а) Мадина атрофидаги ва Маккага олиб борувчи йўлларни текшириш, улардан бохабар бўлиб туриш.

    б) Шу йўллар бўйида яшовчи қабилалар билан битимлар тузиш.

    в) Ясрибдаги мушрик ва яҳудийларга, шунингдек атроф қишлоқлардаги аъробийларга мусулмонлар куч-қувватга эгаликларини ва илгариги заифликдан халос бўлганликларини сездириб қўйиш.

    г) Қурайшни чуқур ўйламай қилинган ҳаракатлари оқибатидан огоҳлантириш, токи улар тобора чуқур кириб бораётган адоват ва тажовузларидан тийилсинлар ҳамда ўз иқтисодлари ва тирикчилик сабабларига бўладиган хатарлардан огоҳланиб, тинчликка мойил бўлсинлар, мусулмонлар устига бостириб келиш, Аллоҳнинг йўлидан тўсиш фикридан қайтсинлар, Маккада қолган заиф-ночор мўминларни азоблашдан тийилсинлар, охир-оқибат мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг рисолатини Араб жазирасининг чор-атрофига етказиш имкониятига эга бўлсинлар.

    Қуйида ушбу сарийялар ҳақида қисқача маълумотлар берамиз:

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963