Бизга боғланинг
025. Аллоҳга таваккул қилиш
Аллоҳ таоло Талоқ сурасинг 3- оятида шундай дейди: «Ким Аллоҳга тавваккул қилса, бас (Аллоҳ) Ўзи унга етарлидир».
Тоғобун сурасинг 13- оятида эса «Бас мўъминлар ёлғиз Аллоҳга таваккул қилсинлар – суянсинлар». дейди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга ўтган умматлар кўрсатилди. Бир пайғамбарни кўрдим у билан бир неча киши бор эди. Бир пайғамбарни кўрдим у билан битта ва иккита киши бор эди. Бир пайғамбарни кўрдим у билан бирон киши йўқ эди. Тўсатдан менга катта жамоъат кўрсатилди, улар менинг умматим бўлса керак деб ўйладим, менга бу Мусо алайҳис саломнинг қавми дейилди. Қараб тургандим жуда катта жамоа кўринди, менга мана шу сизнинг умматингиз улар ичидан етмиш минги борки улар жаннатга ҳисобсиз ва азобсиз кирадилар дейилди.» дедилар. Кейин ўринларидан туриб уйларига кириб кетдилар. Саҳобалар – жаннатга беҳисоб кирадиганлар ҳақида– баҳсга кириб кетишди. Баъзилар: Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамсуҳбат бўлганлар (саҳобалар) бўлса керак деса, бошқалари: Улар Ислом келганидан кейин туғилиб, бирон ширк амалини қилмаганлар бўлса керак дейишди, шу зайлда бир қанча нарсани зикр қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларидан уларнинг ҳузурига қайтиб чиқдилар, улар ўзаро ўрталарида бўлган баҳсдан расулуллоҳни хабардор қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Улар ўзларига дам солишни бошқалардан талаб қилмайдиганлар, куйдириб даволанмайдиганлар, шумланмайдиган ва Роббиларига таваккул қиладиганлар».
Шарҳ
Таваккул қалб ибодатларининг энг улуғидир. Таваккулнинг маъноси: қалб Аллоҳнинг ўзигагина суяниши ва шаръий сабабларни қилгандан кейин ишларнинг ҳаммасини Аллоҳнинг ўзига топшириш. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак: Таваккул сабабларни тайёрлагандан кейин сабаблардан назарни узиш. Аллоҳ таоло Ўзига таваккул қилувчиларни кўп ўринларда мақтаган ва уларга улуғ мукофотларни ваъда қилган.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
- Таваккул манзилати улуғ, чунки таваккул улуғ ибодатлардан.
- Таваккулни амалий бажариш, жаннатга ҳисоб китобсиз киришга сабаб бўлади.
- Таваккул сабабларни қилиш билан бирга қилинади.