025. Uhud jangidan keyin

    Нажд ғазоти

    Мусулмонлар Бану Назир ғазотида жангсиз ва қурбонлар беришсиз эришган ғалабалари туфайли Мадинадаги нуфузларини мустаҳкамлаб олишди ва мунофиқлар уларга очиқ-ошкор фириб-найранглар қилишга ботинолмай қолишди. Шу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга Уҳуддан сўнг зиён-заҳматлар етказиб келаётган, уларнинг даъват учун бораётган вакилларини пасткашлик ва хиёнаткорона ҳужум билан ўлдиришга ва ҳатто Мадинага бостириб келишга тайёргарлик кўра бошлашга журъат қилган бадавий араб қабилалари билан ҳисоб-китоб қилиш учун бемалолроқ вақт топиш имконига эга бўлдилар.

    Бироқ, ҳали у хиёнаткорларнинг таъзирини бериб қўйиш учун ҳаракат бошламасларидан туриб, хабарчилар Ғатафоннинг Бану Муҳориб ва Бану Саълаба қабилаларидан ташкил топган саҳройи араблар тўдалари бир жойга йиғилишаётгани хабарини келтиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ҳам бошқа ҳаммаслаклари каби мусулмонларга қарши разолатларга қўл уришмасин деб, бу тошбағир, тўпори бадавийларнинг дилларига қўрқув уруғини ташлаб қўйиш мақсадида Нажд даштлари оша улар устига тезлик билан юриш бошладилар.

    Қароқчилик ва босқинчиликни ўзларига касб қилиб олишган бу бадавийлар мусулмонларнинг келаётгани хабарини эшитиб, қўрқиб, тоғларнинг тепаларига чиқиб кетишди. Шундай қилиб, мусулмонлар бу босқинчи қабилаларнинг попукларини пасайтириб, дилларига қўрқув солиб қўйдилар. Сўнгра соғ-омон Мадинага қайтиб келдилар.

    Ғазотшунос ва сийратшунос олимлар шу ўринда мусулмонлар тўртинчи ҳижрийнинг рабиус-соний ёки жумодул-уло ойида Нажд ўлкасида олиб борган бир ғазот ҳақида ёзишади ва бу ғазотни «Зотур-риқоъ» жанги деб аташади. Шу айтилган пайт оралиғида бир жанг бўлиб ўтгани ҳақиқат. Чунки, Мадинадаги вазият шуни тақозо қилаётган эди. Яъни, Уҳуддан қайтиш олдидан Абу Суфён билан ваъдалашилган муҳлат – Бадр ғазоти вақти яқинлашиб келар, бадавийларнинг димоғи кўтарилиб турган бир пайтда Мадинани бўш қолдириб, Қурайш билан бўлажак мана шундай жиддий жангга чиқиб кетиш ҳарбий-сиёсий жиҳатдан мусулмонлар манфаатига хизмат қилмас эди. Шу боис аввал бадавийларнинг шавкатини синдириб қўйиш ва ёмонликларидан хотиржам бўлиб олиш зарур эди.

    Аммо ўша пайтда, яъни тўртинчи ҳижрийнинг рабиул-охир ё жумодул-уло ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб борган бу жанг Зотур-риқоъ ғазоти экани ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки, Абу Ҳурайра ва Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳумо Зотур-риқоъ ғазотида иштирок этганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Хайбар ғазотидан бир неча кун илгари мусулмон бўлган, Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Хайбарда учрашган. Демак, бундан Зотур-риқоъ ғазоти Хайбар ғазотидан кейин бўлгани келиб чиқади. Зотур-риқоъ ғазотининг тўртинчи йилдан кейин бўлганига яна бир далил шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ғазотда хавф намозини ўқиганлар. Хавф намози биринчи бўлиб Усфон ғазотида ўқилган. Хилоф йўқки, Усфон ғазоти Хандақ ғазотидан кейин бўлган. Хандақ ғазоти эса бешинчи йилнинг охирларида бўлган эди.

    Иккинчи Бадр ғазоти

    Мусулмонлар саҳройи арабларнинг шавкатини синдириб, ёмонликдан тийиб қўйганларидан сўнг энг катта душманлари билан тўқнашувга ҳозирлана бошладилар. Чунки, йил ўтиб, Уҳуд ғазоти сўнгида Қурайш билан ваъдалашилган пайт яқинлашиб қолганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфён ва унинг қавми билан юзма-юз келиш учун асҳобларини ушбу жангга олиб чиқишлари, иш узил-кесил ҳал бўлиб, мутлақ ғалаба унга лойиқ бўлган кишиларга ёр бўлиши учун уруш тегирмонини яна бир бор ишга туширишлари керак эди.

    Тўртинчи ҳижрийнинг шаъбонида – 626 йил январ ойида – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир минг беш юз жангчи билан ваъдалашилган жойга чиқиб бордилар. Қўшинда ўнта от бор эди, жанг байроғи Алий ибн Аби Толибнинг қўлида эди. Мадинага Абдуллоҳ ибн Равоҳани халифа қилиб қолдирдилар ва Бадрга етиб бориб, мушрикларнинг келишини кута бошладилар.

    Абу Суфён ҳам икки минг аскари билан йўлга чиқди, унинг қўшинида элликта от бор эди. Қўшин Маккадан бир марҳала узоқликдаги Марруз-Заҳронга етиб келгач, ўша ердаги Мажанна номли бир сув ёнига тушди.

    Абу Суфённинг Маккадан чиқишиданоқ шашти анча паст бўлган, мусулмонлар билан кечажак жанг оқибатларини ўйлаб, юрагига қўрқув оралаган, ҳисларини ҳадиксираш эгаллаб олган эди. Марруз-Заҳронга тушгач эса азму қарори бутунлай синиб, ортга қайтишга йўл қидира бошлади. Сўнг шерикларига хитоб қилиб: «Эй Қурайш жамоаси, сизларга серҳосил ва серобчилик йили бўлмаса тўғри келмайди, уловларни ўтлатишингиз, ўзингиз ҳам сут ичишингиз зарур. Бу йил эса кўриб турганингиздек, қурғоқчилик йили бўлди. Мен ортга қайтмоқчиман, сизлар ҳам қайтинглар», деди.

    Афтидан, қўрқув ва ҳадик бутун лашкарни ўраб олган эди. Шу боис ҳеч кимдан бу таклифга бир оғиз қарши гап ё юришни давом эттириш ва мусулмонлар билан жангга киришга истак ва чорлов чиқмади.

    Мусулмонлар Бадрда душманни кутиб саккиз кун турдилар. Ёнларида бўлган тижорат молларини сотиб, бир дирҳамга икки дирҳамдан фойда қилдилар, сўнг Мадинага қайтиб кетдилар. Энди устунлик тамомила улар қўлига кўчган, ҳайбатлари яна қайта дилларга ўрнашган ва назоратни тўла қўлларига олган эдилар.

    Бу ғазот «Ваъдалашилган Бадр», «Иккинчи Бадр», «Сўнгги Бадр», «Кичик Бадр» деган номлар билан маъруф бўлди.

    Дувматул Жандал ғазоти

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадрдан қайтдилар. Минтақага тинчлик-осойишталик ҳукмронлик қила бошлади. Давлатлари барқарор бўлиб, эндиликда мусулмонлар мавқифни тўлалигича ўз назоратлари остига олишлари ва дўсту душманлар ажралиши учун араб оламининг ичкари ҳудудларигача кириб боришга яхши имконият пайдо бўлди.

    Кичик Бадр ғазотидан сўнг Мадинада олти ой турдилар. Шундан сўнг у зотга Шом яқинидаги Дувматул Жандал атрофидаги қабилалар йўлтўсарлик қилиб, ўтган-кетганни талаётганлари, Мадинага босқин уюштириш мақсадида каттагина лашкар ҳам жамлашаётгани хабари етиб келди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага Сибоъ ибн Урфута ал-Ғифорийни халифа қилиб қолдириб, минг кишилик қўшин билан бешинчи ҳижрийнинг рабиул-аввал ойидан сўнгги беш куни қолганида йўлга чиқдилар. Бану Узра қабиласидан Мазкур исмли бир кишини йўл кўрсатувчи қилиб олдилар.

    Душманни ғафлатда қолдириш мақсадида кундузлари яшириниб, тунлари йўл юриб бордилар. Яқинлашиб боргач, маълум бўлдики, улар узоқроқа жўнаб кетишган экан. Уларнинг чорваларига ва чўпонларига ҳужум қилдилар, қўлга тушган тушиб, қочган қочиб қолди.

    Дувматул Жандал аҳолиси эса ҳар тарафга қочиб тумтарақай бўлиб кетди. Мусулмонлар уларнинг диёрига тушиб, ҳеч кимни учратмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча кун туриб, кичик-кичик гуруҳ ва бўлинмаларни атрофларга юбордилар. Ҳеч ким топилмагач, Мадинага қайтиб келдилар. Шу ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уяйна ибн Ҳисн билан сулҳ туздилар. Дувматул Жандал Шом тепаликларидаги маъруф бир жой номи бўлиб, у билан Дамашқ ораси беш кунлик йўл, Мадинадан узоқлиги эса ўн беш кунлик йўл эди.

    Мана шундай тез ва кескин амалиётлар ҳамда пухта ва оқилона тузилган режалар туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минтақада тинчлик-осойишталик ўрнатишга, ҳолатни тўла назоратлари остига олишга, замон чархпалагини мусулмонлар фойдасига айлантиришга, уларни ўраб келаётган ички ва ташқи машаққатлар юкини енгиллатишга ва таранглашган вазиятни юмшатишга муваффақ бўлдилар. Мунофиқлар ҳам анча тинчиб қолишди, яҳудларнинг бир қабиласи сургун қилинди, қолганлари қўшничилик ҳаққини чиройли адо этишга ва аҳду паймонларга вафо қилишга мажбур бўлишди. Саҳройи арабларнинг ҳам попуклари пасайиб қолди, Қурайшнинг ҳам мусулмонлар билан урушишга юраги бетламай қолди. Шундай қилиб, мусулмонлар Исломни ёйиш ва Парвардигори оламнинг рисолатини етказиш учун анча қулай фурсатга эга бўлдилар.

    АҲЗОБ (ЖАМОАЛАР) ЖАНГИ

    Тинчлик ва хотиржамлик қайтиб келди, бир йилдан ортиқроқ вақт давомида кечган уруш ва жангу жадаллардан сўнг Арабистон оролида осойишталик ҳукм сура бошлади. Бироқ, ўзларининг хиёнат ва ғаддорликлари, макр-ҳийла ва фириб-найранглари натижаси ўлароқ кўп хору зорлик тотишга мажбур бўлган яҳудларнинг кўзлари барибир очилмади, хиёнатлари туфайли бошларига келган мусибат ва хўрликлардан ибрат олишмади. Улар Хайбарга сургун қилинганларидан кейин мусулмонлар билан бутпарастлар орасида кечган жангларда мусулмонларга қақшатқич мағлубият етишини кутиб яшаётган эдилар. Аммо, давр чархпалаги мусулмонлар фойдасига айланиб, кун сайин уларнинг нуфузлари ошиб, давлатлари мустаҳкамланиб боргач, яҳудлар алам ва нафратдан ўз ёғларига ўзлари қовурила бошлашди.

    Шундан сўнг улар мусулмонлар қаршисига янгидан тил бириктирувлар қилишга, уларга тузалмас ва ўнглаб бўлмас даражада оғир зарба беришга тайёргарлик кўришга киришдилар. Мусулмонлар билан юзма-юз жангга киришга ўзларида журъат топишолмагач, мақсадга эришиш учун жуда хавфли бир режа ишлаб чиқдилар.

    Яҳудийларнинг бошлиқлари ва Бану Назир раисларидан 20 киши Маккага, Қурайш ҳузурига бориб, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши уруш қилишга ундадилар ва ўзлари тарафидан уларга катта ёрдамлар ваъда қилдилар. Қурайш ҳам рози бўлди. Чунки, Қурайш бу таклифда ўзининг Бадрда учрашиш ваъдасига хилоф қилиши билан йўқотган обрўсини қайта тиклаш имкониятини кўрди.

    Шундан сўнг бу вакиллар Ғатафон ҳузурига бориб, уларни ҳам Қурайшни чақирган ишга чақирдилар. Ғатафон ҳам рози бўлди. Сўнг улар бошқа араб қабилаларини айланиб, бирма-бир шу ишга чорлай бошладилар. Улардан қабул қилганлари қабул қилди. Шундай қилиб, яҳудларнинг бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва мусулмонларга қарши кофир жамоаларни гижгижлаб, қўзғотишга муваффақ бўлишди.

    Бунинг оқибатида Қурайш, Кинона ва уларнинг иттифоқчилари бўлмиш Тиҳома аҳлидан ташкил топган тўрт минг кишилик қўшин Абу Суфён бошчилигида жануб томондан йўлга чиқди, Марруз-Заҳронда уларга Бану Сулайм қабиласи ҳам келиб қўшилди. Шарқ томондан Ғатафон қабилалари – Уяйна ибн Ҳисн бошчилигидаги Бану Фазора қабиласи, Ҳорис ибн Авф бошчилигидаги Бану Мурра қабиласи, Мисъар ибн Руҳайла бошчилигидаги Бану Ашжаъ қабиласи, шунингдек, Бану Асад ва бошқа қабилалар йўлга чиқишди.

    Ушбу жамоалар ҳаммаси ўзаро келишув асосида Мадина томонга қараб ҳаракатлана бошлади.

    Бир неча кундан сўнг Мадина атрофида ўн минг кишилик улкан қўшин йиғилди. Уларнинг сони Мадинанинг эркагу аёл, ёшу қари барча аҳолиси сонидан ҳам кўп эди.

    Агар йиғилган бу гуруҳлар тўсатдан Мадинага бостириб келганида борми, мусулмонларнинг вужудига қиёс қилиб бўлмас даражада улкан хатарга айланар ва ҳатто уларнинг бутунлай қирилиб кетишларига ва таг-томирлари билан йўқ қилиб юборилишларига ҳам олиб келиши мумкин эди. Аммо, Мадинанинг раҳбарияти ҳамиша уйғоқ ва сергак раҳбарият бўлганидан чор-атрофдаги вазиятлардан мудом бохабар бўлиб, кутилажак воқеаларнинг олдини олишга ҳаракат қилиб келарди. Бу сафар ҳам мазкур қўшинлар ҳали ўрнидан қўзғолишга улгурмай туриб, уларнинг хабари Мадинага, раҳбатиятга етиб келди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зудлик билан олий ҳарбий кенгаш чақириб, Мадинани мудофаа қилиш режасини ишлаб чиқишга киришдилар. Кенгаш аҳли тарафидан ўртага ташланган таклифларни ўрганиб чиқилгач, улуғ саҳобий Салмон Форсий розияллоҳу анҳу тақдим этган режани амалга оширишга қарор қилдилар.

    Салмон: «Ё Расулуллоҳ, биз форс диёрида эканимизда агар қамалга олинсак, атрофимизга хандақ қазиб, ҳимояланардик», деди. Дарҳақиқат, бу жуда оқилона режа бўлиб, шу пайтгача араблар ичида маълум эмасди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зудлик билан ушбу режани амалга оширишга киришдилар ва ҳар ўн кишига қирқ газдан хандақ қазиш ишини топширдилар. Мусулмонлар бу ишга астойдил, жидду жаҳд билан киришдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам бевосита улар билан бирга ишлаб, уларга намуна кўрсатиб турдилар. Бухорий ривоят қилган ҳадисда Саҳл ибн Саъд айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга хандақда эканмиз, тупроқни елкаларимизда ташиб чиқардик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим, охират ҳаётидан бошқа ҳаёт ҳаёт эмасдир, муҳожир ва ансорларни Ўзинг мағфират этгин», дердилар.

    Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хандаққа чиқдилар. Муҳожирлар ва ансорлар совуқ кунда хандақ қазиётган эдилар. Уларга бу ишларни қилиб берадиган қуллари бўлмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардаги машаққат ва очликни кўриб, дедилар:

    اللهم إن العيش عيش الآخرة
    فاغفـر للأنصـار والمهـاجرة

    Аллоҳим, чин ҳаёт фақат охират,
    Муҳожир, ансорни этгин мағфират.

    Саҳобалар у зотга жавобан дедилар:

    نحـن الذيـن بايعـوا محمـداً
    على الجهـاد ما بقيـنا أبداً

    Муҳаммадга бердик биз аҳду паймон,
    Жиҳод қилажакмиз, борки танда жон!»

    Бухорий Баро ибн Озибдан ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни хандақ тупроғини ташиётганларини кўрдим, қоринларининг териси чангдан кўринмай кетган эди, ваҳоланки у зот сертук эдилар. Мен у зотнинг Ибн Равоҳанинг шеърини ҳиргойи қилаётганларини эшитдим, тупроқ ташиган ҳолларида айтардилар:

    Аллоҳим, Сен бўлмасанг, ҳидоят не, билмасдик,

    Намоз ҳам ўқимасдик, садақа ҳам қилмасдик.

    Ўзинг қил қалбимизни осойишта, хотиржам,

    Ҳам ёвга йўлиққанда қадамимиз мустаҳкам.

    Устимизга бостириб келмоқдалар ёғийлар,

    Кўнмагаймиз фитналаш истасалар боғийлар.

    Сўнг охирги мисрани овозларини чўзиб қайтарардилар. Бир ривоятда:

    Тамаъ қилиб келдилар устимизга ёғийлар,
    Кўнмагаймиз фитналаш истасалар боғийлар.»
    اللهم لولا أنت ما اهتدينا
    ولا تصـدقنـا ولا صلينــا
    فأنزلن سكينـة علينـا
    وثبت الأقـدام إن لاقينــا
    إن الألى رغبوا علينـا
    وإن أرادوا فتـنـة أبينـــا

    قال‏:‏ ثم يمد بها صوته بآخرها، وفي رواية‏:‏

    إن الألى قـد بغـوا علينـا
    وإن أرادوا فـتنـة أبينـا

    Мусулмонлар жигарларни тилкалаб ташлайдиган қаттиқ очлик азобини ҳис қилишар, бироқ бу нарса уларни завқу шавқ билан меҳнат қилишдан тўсолмас эди. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Хандақ аҳлига бир ҳовучдан арпа бериларди, уни эскириб, ҳидланиб қолган ёғда пишириб, олиб келинарди, қавм оч эди, таомнинг эса томоқда ёқимсиз таъми ва ҳиди бўларди».

    Абу Талҳа айтади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга очликдан шикоят қилиб, қоринларимизга биттадан боғлаб олган тошни кўрсатдик. Шунда у зот қоринларини очдилар, қарасак иккита тош боғлаб олган эканлар».

    Шу муносабат билан Хандақ қазиш мобайнида кўрилган пайғамбарлик аломатлари бўлмиш баъзи мўъжизалар ҳақида айтиб кетмоқчимиз:

    Жобир ибн Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг очликдан қаттиқ қийналганларини кўриб, бир жонлиқ (улоқ) сўйди, аёли бир соъ арпани туйиб хамир қорди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина эшиттириб, бир неча асҳоблари билан таомга таклиф қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун Хандақ аҳлини етаклаб келдилар, улар минг киши эди. Ҳаммалари ўша таомдан еб, тўйдилар. Қозондаги гўшт эса қандай бўлса шундоқлигича қайнаб турар, хамир ҳам нон қилингани сари камаймасдан турган эди.

    Нўъмон ибн Баширнинг синглиси отаси ва тоғасига деб Хандаққа бир ҳовуч хурмо олиб келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан ўтиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмоларни ундан сўраб олиб, бир мато устига тўкдилар, сўнг Хандақ аҳлини чорладилар. Ҳаммалари ундан ер, хурмо эса кўпайиб борарди. Ҳатто Хандақ аҳлининг ҳаммаси тўйиб, туриб кетишди, хурмолар эса мато атрофидан тўкилиб турарди.

    Бундан ҳам каттароқ мўъжизалари ҳақида имом Бухорий Жобирдан ривоят қилади: «Хандақ қазиётганимизда жуда ҳам қаттиқ заранг ерга дуч келдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдига бориб: «Хандақда жуда ҳам қаттиқ заранг ерга дуч келдик», деб айтишди. «Мен ўзим тушаман», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сўнг ўринларидан турдилар, қоринларига тош боғлаб олган эдилар – уч кундан бери туз тотмаган эдик – у зот чўкични қўлларига олиб, зарб билан урган эдилар, ер қумдек уқаланиб кетди.

    Баро айтади: «Хандақнинг бир жойида катта бир харсангтош чиқиб қолиб, чўкичларимизнинг кучи етмай қолди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган эдик, келиб, чўкични қўлларига олдилар, сўнг: «Бисмиллаҳ» деб бир зарба уриб, унинг бир бўлагини кўчириб юбордилар ва: «Аллоҳу акбар, менга Шом калитлари ато этилди. Аллоҳга қасамки, мен ҳозир унинг қизил қасрларини кўриб турибман», дедилар. Сўнг иккинчи зарба билан харсангнинг яна бир бўлагини синдирдилар ва: «Аллоҳу акбар, менга Форс ерлари ато этилди. Аллоҳга қасамки, мен ҳозир Мадоинннинг оқ қасрини кўриб турибман», дедилар. Сўнг «Бисмиллаҳ» деб, учинчи бор зарба уриб, харсангнинг қолганини бўлиб ташладилар ва: «Аллоҳу акбар, менга Яман калитлари ато этилди. Аллоҳга қасамки, мен шу жойда туриб Санъонинг дарвозаларини кўриб турибман», дедилар.

    Ибн Исҳоқ Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ҳам худди шундай ривоят келтирган.

    Мадинанинг шимолидан бошқа барча тарафи қирралик тошлоқлар (ҳарра) ва тоғлар билан, хурмозор боғлар билан ўралган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай катта қўшин Мадинага фақат шимол томондангина ҳужум қила олиши мумкинлигини билганларидан шу тарафни хандақ билан ўраттирдилар.

    Мусулмонлар қазиш ишларини тўхтовсиз давом эттиришар, кун бўйи хандақ қазиб, кечқурун уйларига қайтишарди. Шундай қилиб, хандақ қазиш ишлари кутилган режа бўйича, мушрикларнинг улкан қўшини Мадина ҳудудига етиб келмасидан илгари охирига етказилди.

    Қурайш 4000 кишилик қўшини билан келиб, Журф ва Зағоба оралиғида бўлган Румадаги сел сувлари тўпланадиган бир сайхонликка тўхтади. Ғатафон ўзига қўшилган Нажд аҳли билан бирга 6000 кишилик лашкари билан Уҳуд яқинидаги Занаб Нақмо деган жойга тушди.

    «Мўминлар у жамоаларни кўрган вақтларида: «Бу Аллоҳ ва пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни имтиҳондир). Аллоҳ ва пайғамбарининг сўзи ростдир», дедилар ва (устиларига бостириб келаётган жамоаларнинг сон-саноқсизлиги) уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос» (Аҳзоб: 22).

    Бу қўшинни кўриб, мунофиқ ва қўрқоқ кишиларнинг юраклари қалтираб қолди: «Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган кимсалар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар» (Аҳзоб: 12).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч минг мусулмон билан чиқиб бордилар ва қўшиннинг орқасини Салъ тоғига қилиб ўрнаштирдилар, улар билан кофирлар ўртасини хандақ ажратиб турарди. Уларнинг шу кунги шиорлари (пароллари) «Ҳа мим, ла юнсоруун» (ҳа мим, уларга нусрат келмайди) деган сўзлар эди. Мадинага Ибн Умму Мактумни халифа қилиб қолдирдилар. Аёллар ва ёш болаларни Мадинанинг қўрғонларига киритиб қўйдилар.

    Мушриклар Мадинага ҳужум бошлаш учун ёпирилиб келиб қарашсаки, улар билан мусулмонлар ўртасини кенг хандақ ажратиб турибди. Шундан сўнг улар мусулмонларни қамал қилиб туришга мажбур бўлишди. Ҳолбуки, диёрларидан чиқаётган пайтларида бунга ҳозиргарлик кўриб келишмаган эди. Чунки, хандақ билан ҳимояланиш – юқорида айтилганидек – арабларга шу пайтгача маълум бўлмаган жанг ҳийлаларидан эди. Шу туфайли бу нарсани умуман ҳисобга олмаган эдилар.

    Мушриклар хандақ атрофида ғазаб билан уёқ-буёққа бориб келишар, кесиб ўтиш учун заифроқ нуқтасини қидиришарди. Мусулмонлар эса уларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатларини диққат билан кузатиб туришар, хандаққа яқинлашиб, уни кесиб ўтишга ёки тупроқ тўлдириб йўл очишга уринмасликлари учун улар устига камондан ўқ ёғдиришарди.

    Қурайш суворийлари хандақ атрофида қамал натижасини кутиб, бефойда тураверишдан чарчашди, чунки бу уларнинг феъл-атворларига тўғри келмасди. Шундан сўнг улар ичидан Амр ибн Абдувуд, Икрима ибн Аби Жаҳл, Зирор ибн Хаттоб ва бошқа бир неча кишилик тўда хандақнинг торроқ жойига от солиб, кесиб ўтишга муваффақ бўлишди ва хандақ билан Салъ ўртасидаги шўрҳок ерга от чоптириб келишди. Алий ибн Аби Толиб бошлиқ бир неча мусулмонлар улар томон чиқиб бориб, улар кесиб ўтишган туйнукни тўсиб қўйдилар. Амр муборазага (яккама-якка олишувга) чақирди. Унга Алий ибн Аби Толиб талабгор бўлиб чиқди ва унинг ҳамиятига тегадиган бир сўз қилди. Амр мушрикларнинг энг шижоатли ва жасур кишиларидан эди. Шунда у шартта отидан тушди-да, отни қиличи билан чопиб ташлади ва ўзининг юзига шапати уриб, Алий томон ваҳшат билан кела бошлади. Икковлари бир-бирларига ташланиб, олиша кетдилар. Охири Алий розияллоҳу анҳу уни ўлдиришга муваффақ бўлди. Қолганлари эса чекиниб, ўзларини яна хандаққа уриб, нариги томонига ўтиб олишди. Қаттиқ қўрқиб кетишганидан, чекинаётиб Икрима ҳатто найзасини ташлаб кетди.

    Баъзи кунлари мушриклар хандақни кесиб ўтиш ёки унинг устидан йўл солиш учун қаттиқ ҳаракатлар қилиб кўришди. Лекин, мусулмонлар ҳимояда қаттиқ турдилар, улар устига ўқ ёғдириб, ўтишларига имкон бермадилар ва мушрикларнинг бари уринишлари чиппакка чиқди.

    Мана шундай шиддатли курашлар билан овора бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, мусулмонлар ҳам баъзи намозларни ўз вақтида ўқий олишмади. «Саҳиҳайн»да Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу Хандақ жанги куни кун ботганидан сўнг келди-да, Қурайш кофирларини сўка кетди, «Ё Расулуллоҳ, асрни ўқиёлмадим, ҳатто кун ботаёзди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамки, мен ҳам ўқимадим», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Бутҳон водийсига келдик. Ул зот намозга таҳорат қилдилар, биз ҳам таҳорат қилдик. Сўнг асрни кун ботганидан кейин ўқидилар, сўнгра ортидан шомни ўқидилар».

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни ўтказиб юборганларидан кўп хафа бўлдилар, ҳатто мушрикларни дуоибад қилдилар. Бухорий Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хандақ куни: «То кун ботиб кетгунича бизни ўрта (аср) намозидан машғул қилишгани каби (учун) Аллоҳ уларнинг уйларини ва гўрларини ўтга тўлдирсин», деб дуо қилдилар. Имом Шофеий ва Аҳмаднинг «Муснад»ларида айтилишича, мушриклар у зотни пешин, аср, шом ва хуфтон намозларидан қолдиришди, сўнг уларни жамлаб ўқиб олдилар. Нававий айтади: «Бу ривоятлар орасини бирлаштириш йўли шуки, Хандақ ғазоти бир неча кун давом этган, униси бир куни бўлган бўлса, бошқаси бошқа кун бўлган бўлиши мумкин».

    Шундан билинадики, мушрикларнинг кесиб ўтишга бўлган уринишлари ва мусулмонларнинг тинимсиз давом этган қаршиликлари бир неча кун давом этди. Фақат Хандақ иккала қўшин ўртасини ажратиб тургани боис юзма-юз жанг ёки қонли кураш юз бермади ва икки тараф ҳам камондан ўқ узиш билан чекланди.

    Мана шу отишмаларда иккала қўшиндан ҳам бир неча киши ҳалок бўлди. Ҳаммаси бўлиб, мусулмонлардан олти киши ва мушриклардан ўн киши ўлдирилди, булар ичидан бир-иккитасигина қилич зарбидан ўлди.

    Мана шу ўқлардан бири Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуга тегиб, билак томирини (венани) кесиб юборди, уни Қурайшлик Ҳаббон ибн Ариқа деган одам отганди. Саъд шундай дуо қилди: «Эй Аллоҳим, Ўзинг яхши биласанки, мен учун Сенинг пайғамбарингни ёлғончи қилиб, ўз диёридан қувиб чиқарган қавмга қарши жанг қилишдан кўра суюмлироқ иш йўқ. Эй Аллоҳим, ўйлайманки, бизларнинг ўртамиздаги урушни шу билан тўхтатдинг. Агар Қурайшга қарши уруш шу билан охирига етмаса, мени Ўзингнинг йўлингда улар билан жанг қилиш учун қолдиргин! Агар урушни тўхтатган бўлсанг, жароҳатимни ёриб юборгин ва ўлимимни шунда қилгин!» Дуосининг охирида: «То Бану Қурайза хусусида кўнглим шод бўлмагунча мени вафот эттирмагин», деган эди.

    Мусулмонлар жанггоҳ ичра ана шундай машаққатларга юзланишаётган пайтда фитна ва фириб-найранг илонлари инида жим ётмаган, уларнинг жисмларига заҳар сочиш истагида ҳаракатга тушишганди. Бану Назир жиноятчиларининг каттаси Ҳуяй ибн Ахтоб Бану Қурайза диёрига, уларнинг бошлиғи, битим ва аҳдномаларига масъул шахс бўлган Каъб ибн Асад ал-Қуразийникига борди. Унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан уруш содир бўлганида ўзаро ёрдам бериш хусусида битими бор эди. Ҳуяй уникига келиб, эшигини қоққанида у эшик очмади. Ҳуяйнинг қайта-қайта аврашларидан сўнг у ниҳоят эшигини очди. Шунда Ҳуяй унга: «Эй Каъб, мен сенга умрбод азизлик ва лиммо-лим денгизни келтирдим. Қурайшни казо-казо бошлиқлари билан олиб келиб, Румадаги сайхонликка туширдим. Ғатафонни казо-казо бошлиқлари билан олиб келиб, Уҳуд яқинидаги Занаб Нақмога туширдим. Улар то Муҳаммадни унга эргашганлар билан қўшиб янчиб ташламагунларича ҳеч қаёққа кетмасликка аҳд беришган», деди.

    Каъб: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, сен менга умрбод хорлик ва суви қуриган булут келтирдинг, унинг чақмоғи ва момақалдироғи бор-у, бир томчи ҳам ёмғири йўқ. Қуриб кетгур эй Ҳуяй, мени ўз ҳолимга қўй. Мен Муҳаммаддан фақат тўғрилик ва вафо кўрганман», деди.

    Ҳуяй уёғидан кириб, буёғидан чиқиб, аврайверганидан сўнг охири Каъб ундан Аллоҳ номига қасам ичдириб: «Қурайш ва Ғатафон Муҳаммадга бирон зиён-заҳмат етказолмай қайтиб кетишгудек бўлса, мен сен билан бирга қўрғонингга кираман, бошингга нима тушса, биргалашиб тортаман» деган аҳд олганидан сўнггина сўзларига рози бўлди. Шундай қилиб, Каъб ибн Асад аҳдини бузди ва мусулмонлар билан ўрталарида бўлган битимдан хориж бўлиб, мусулмонларга қарши олиб борилаётган урушда мушриклар сафига қўшилди.

    Дарҳақиқат, шундан сўнг Бану Қурайза яҳудийлари уруш амалиётларини бошлаб юборишди. Ибн Исҳоқ айтади: Софийя бинт Абдулмутталиб Ҳассон ибн Собитнинг қалъасининг юқоридаги хонасида эди, Ҳассон ҳам аёллар ва болалар билан қалъа ичида эди. Софийя айтади: «Шунда бир яҳудий келиб, қалъа атрофида айлана бошлади. Бану Қурайза уруш ҳолатига ўтган ва ўзи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталаридаги битимни узган эди. Бизни улардан ҳимоя қиладиган ҳеч ким қолмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, мусулмонлар ҳам душман билан овора эдилар. Агар бизга биров бостириб келгудек бўлса, улар бизга ёрдамга келолмас эдилар. Шунда мен: «Эй Ҳассон, кўриб турганингиздек, мана бу яҳудий қалъа атрофида айланиб юрибди. Аллоҳга қасамки, у орқадаги яҳудларни бизнинг очиқ-заиф томонимизга йўллаб қўйишидан кўнглим хотиржам эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан саҳобалари бизга ёрдамга келолмайдилар. Шундай экан, сиз тушиб, уни ўлдиринг», дедим. Ҳассон: «Худо ҳаққи, ўзингиз яхши биласиз, мен бундай қила олмайман», деб жавоб берди. Шунда мен белимни боғладим-да, бир ходани олиб, қалъадан тушиб бориб, уни ўша хода билан уриб ўлдирдим. Сўнгра қалъага қайтиб кириб, Ҳассонга: «Боринг, унинг нарсаларини ўлжа сифатида олиб чиқинг, эркак киши бўлгани учун мен унга қўл теккизгим келмади», дедим. Шунда у: «Менга унинг нарсалари керак эмас», деб жавоб берди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари томонидан амалга оширилган жасурона бу ҳаракатнинг мусулмонларнинг аёллари ва бола-чақаларини сақлаб қолишда жуда катта таъсири бўлди. Чунки, шундан кейин яҳудлар Мадинанинг қўрғон ва қалъалари ислом лашкарининг ҳимоясида эканига ишониб қолишди – ҳолбуки, улар лашкардан батамом холи эди – ва қайта бундай ишларга журъат қилишмади. Аммо, улар мусулмонларга қарши урушда мушрикларга қўшилганликлари исботи сифатида улар қўшинини озиқ-овқат ва бошқа керакли нарсалар билан таъминлаб туришди, ҳатто мусулмонлар уларнинг озиқ-овқат ортилган йигирмата туясини олиб ҳам қўйишди.

    Бану Қурайзанинг битимни бузгани хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва мусулмонларга етиб келгач, у зот зудлик билан бу хабарнинг ҳақиқатини текширишга киришдилар. Чунки, Бану Қурайзага нисбатан тутиладиган мавқифни аниқлаб олиш ва шунга қараб ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш зарурати туғилганди. У зот Саъд ибн Муоз, Саъд ибн Убода, Абдуллоҳ ибн Равоҳа ва Хаввот ибн Жубайрни хабарнинг тагига етиш учун юбордилар ва уларга: «Бориб билинглар-чи, бу қавм ҳақида бизга етган хабар ростми, йўқми? Агар рост бўлса, менга ўзим билиб оладиган бир овоз билан ишора беринглар, одамларга ёйиб юборманглар. Агар қавм ўз аҳдида турган бўлса, буни одамларга эълон қилинглар», деб тайинладилар. Улар яҳудлар яқинига боришгач, аҳвол ғоят жиддийлиги маълум бўлди. Яҳудлар уларни сўкиш ва ҳақоратлар билан қаршиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаънларида бўлмағур гаплар айтдилар, «Ким Аллоҳнинг элчиси экан?! Муҳаммад билан бизнинг ўртамизда ҳеч қандай битим ҳам, аҳд ҳам йўқ», дедилар. Элчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қайтиб боришгач, у зотга ўзларигина тушуниб оладиган қилиб: «Азол ва Қора», дейишди, яъни бу билан яҳудлар худди Азол ва Қора қабилалари Ражиъда қилгани каби хиёнатга қўл уришибди, деган маънога ишора қилдилар.

    Ҳақиқатни яширишга ҳар қанча уринишмасин, одамлар аҳволдан хабар топдилар, улар олдида даҳшатли бир хатар пайдо бўлганди.

    Мусулмонлар жуда оғир ва танг ҳолат қаршисида қолдилар. Бану Қурайза орқа томондан зарба бергудек бўлса, уларга қарши турадиган кучнинг ўзи йўқ эди, мусулмонлар олдиларида турган улкан қўшинни ташлаб кетолмас эдилар. Боз устига, аёллар ва бола-чақалар анови хиёнаткорларнинг шундоққина тумшуқлари олдида, ночор ва ҳимоясиз ҳолда туришар, Аллоҳ таоло қуйидаги оятда айтган ҳолат юзага келганди: «Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдинглар. Ана ўша жойда мўминлар (яна бир бор) имтиҳон қилиндилар ва (бу даҳшатдан) қаттиқ ларзага тушдилар» (Аҳзоб: 10, 11).

    Мунофиқ кимсалардан нифоқ зоҳир бўлиб, айримлари: «Муҳаммад бизга (форс шоҳи) Кисро ва (рум ҳукмдори) Қайсарнинг хазиналарини ваъда қилаётган эди, ваҳоланки бизлардан биримиз бугун ҳожатга боришга қўрқиб ўтирибмиз», деса, бошқа баъзилари қавмдошлари орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бизнинг уйларимиз душмандан ҳимояланмаган, очиқ-сочиқ ҳолда, ҳовли-жойимиз Мадинанинг ташқарисида эди, бизга изн беринг, уйларимизга қайтайлик», дейишга тушишди. Бану Салама ҳатто мағлубиятга ҳозирлана бошлади. Улар ҳақида Аллоҳ таоло оят нозил қилдики: «Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар. Ўшанда улардан бир тоифа одам деди: «Эй Ясриб (яъни Мадина) аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш имкони йўқдир, бас (ўз уйларингизга) қайтиб кетинглар». Улардан яна бир гуруҳ эса «Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди)» деб пайғамбардан изн сўрардилар. Ҳолбуки (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар» (Аҳзоб: 12, 13).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қурайзанинг хиёнати хабари келгач, бошларини ўраб ётиб олдилар ва шу ҳолда узоқ вақт қолиб кетдилар, ҳатто одамларнинг ваҳималари кучайиб кетди. Сўнг у зот хушҳол кайфиятда ўринларидан туриб келдилар ва: «Аллоҳу акбар! Эй мусулмонлар, Аллоҳнинг ғалабаси ва нусрати билан хушхабарланинглар!», деб хитоб қилдилар. Сўнг юзага келган вазиятдан чиқиш режасини ишлаб чиқишга киришдилар. Мана шу режанинг бир қисми сифатида аёллар ва болаларни ногаҳоний ҳужумдан ҳимоялаш мақсадида Мадинага қўриқчилар юбордилар. Лекин, шу билан бирга, жамоаларни кучсизлантиришга олиб келадиган бирон кескин чора кўриш зарур бўлиб турарди. Шу мақсад йўлида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ғатафон раислари бўлмиш Уяйна ибн Ҳисн ва Ҳорис ибн Авф билан улар ўз қавмларини қайтариб кетишлари эвазига Мадина ҳосилининг учдан иккисини беришга сулҳ тузмоқчи бўлдилар. Ана шунда мусулмонлар аввалдан синашта душманлари бўлмиш Қурайш билан яккама-якка қолиб, уларни узил-кесил мағлуб қилиш имкониятига эга бўлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу ҳақда сўров ўтказар эканлар, иккала Саъддан ҳам фикрларини сўрадилар. Улар: «Ё Расулуллоҳ, агар Аллоҳ сизни шундай қилишга буюрган бўлса, бош устига, буни албатта қабул қиламиз! Аммо агар ўзингиз бизнинг манфаатимизни кўзлаб шундай қилмоқчи бўлсангиз, бизга бунинг кераги йўқ. Чунки, биз худди улар каби бутпараст бўлган пайтимизда ҳам улар Мадина меваларини фақат меҳмон бўлиб келиб ёки сотиб олибгина ейиша оларди. Энди Аллоҳ бизни Ислом билан мукаррам қилиб, унга ҳидоятлаб қўйганидан ва сиз сабабли бизни азиз қилганидан сўнг-а?! Аллоҳга қасамки, биз уларга қиличларимиздан бошқа нарсани раво кўрмаймиз!», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг фикрларини маъқуллаб: «Мен арабларнинг сизларга қарши бир ёқадан бош чиқариб туришганини кўриб, сизларнинг манфаатингиз учун шундай қилсаммикин, дегандим», дедилар.

    Сўнг Аллоҳ азза ва жалла – Унга ҳамдлар бўлсин – Ўзи тарафидан душманнинг шаштини пасайтириб, бирдамлигини парчалаб ташлаган бир ишни вужудга келтириб қўйди. Ғатафонлик Нуайм ибн Масъуд ибн Омир ал-Ашжаъий номли бир киши – розияллоҳу анҳу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен мусулмон бўлдим, қавмимнинг бундан хабари йўқ, қандай хизмат бўлса, тайёрман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз бор-йўғи бир кишисиз, холос. Майли, қўлингиздан келганича душманни биздан қайтаринг. Чунки, уруш дегани макр-ҳийла демакдир», дедилар. У дарҳол Бану Қурайзага қараб йўл олди – жоҳилият пайтида улар билан яқинлиги бор эди – ва улар олдига келиб, шундай деди: «Сизларга нисбатан дўстона муносабатимни, хоссатан сизлар билан ўртамизда яқинлик борлигини яхши биласиз». Улар ҳам: «Ҳа, тўғри айтасиз», дейишди. «Ундай бўлса эшитинглар, Қурайш сизларга ўхшаган эмас. Бу ер сизларнинг диёрингиз, сизларнинг мол-мулкларингиз ва бола-чақаларингиз шу ерда. Бу ердан бошқа жойга кўчиб кетолмайсизлар. Қурайш билан Ғатафоннинг йўриғи бутунлай бошқа. Улар Муҳаммад ва унинг асҳоблари билан уруш қилишга келишган. Сизлар уларга ёрдам бермоқдасиз. Уларнинг ватанлари, мол-мулк ва бола-чақалари бошқа жойда. Фурсатини топишса, фойдаланиб қолишади. Йўқса, сизларни Муҳаммаднинг қўлига ташлаб, жўнаб юборишади. Шунда у сизларни аяб ўтирмайди», деди. «Унда нима қилишимиз керак, эй Нуайм?», дейишган эди: «Бир неча кишини гаровга бермагунларича уларга қўшилиб жангга кирманглар», деди. Шунда улар: «Тўғри маслаҳат бердингиз», дейишди.

    Шундан сўнг Нуайм улар олдидан чиқиб, тўппа-тўғри Қурайш ҳузурига жўнади. Уларга ҳам: «Менинг сизларга дўстлигимни ва холис муносабатда эканимни билсангизлар керак деб ўйлайман», деган эди: «Ҳа, биламиз», деб жавоб беришди. Шунда у: «Яҳудлар Муҳаммад билан бўлган аҳдларини бузишганидан қаттиқ пушаймон қилишмоқда. Улар Муҳаммадга элчи юбориб, сизлардан бир неча кишини гаров сифатида олиб, унга топширмоқчи эканликларини айтишибди. Шундан сўнг унинг ёнига кириб, сизларга қарши урушишармиш. Менинг сизларга насиҳатим, агар улар сизлардан гаров сўрашса, берманглар», деди. Кейин Ғатафон ҳузурига бориб, уларга ҳам шундай деди.

    Бешинчи ҳижрий шаввол ойининг шанба оқшомида мушриклар яҳудларга: «Бу ерда туравериш биз учун жуда ноқулай бўлмоқда, мол-ҳолларимиз нобуд бўлиб кетаяпти. Тезроқ бизга қўшилинглар, Муҳаммадни тезроқ бир ёқли қилайлик», деб элчи юборишди. Яҳудлар уларга: «Бугун шанба бўлиб қолди, шанба куни қилган ишлари туфайли аждодларимизнинг бошига келган мусибатлардан хабарингиз бор. Қолаверса, биз то бир неча кишини гаровга бермагунингизча сизлар билан бирга жангга кирмаймиз», деб жавоб айтиб юборишди. Элчиларидан бу гапни эшитгач, Қурайш ҳам, Ғатафон ҳам: «Худо ҳаққи, Нуайм тўғри айтган экан», дейишди. Яҳудларга яна одам юбориб: «Биз сизларга бирорта ҳам одам юбормаймиз, чиқинглар, тезроқ жанг бошлайлик», дейишди. Шунда Қурайза ҳам: «Худо ҳаққи, Нуаймнинг гапи тўғри экан», деб қолди. Шундай қилиб, ҳар икки гуруҳнинг бир-бирига ишончи йўқолиб, ўрталарида ажралиш юзага келди ва қатъиятлари сусайиб қолди.

    Мусулмонлар тинмай Аллоҳ таолога дуо қилиб: «Эй Парвардигор! Бизларнинг айбу нуқсонларимизни Ўзинг яширгин ва қўрқинчларимизни бартараф этгин» деб тилашарди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам аҳзобларга қарши дуо қилиб дедилар: «Эй Китоб нозил қилган ва ҳисоб-китоби тез бўлган Аллоҳим, бу жамоаларни Ўзинг мағлуб этгин! Эй Аллоҳим, уларни мағлуб этгин ва титратгин!»

    Аллоҳ таоло Расулининг ва мусулмонларнинг дуоларини ижобат қилди. Мушриклар сафлари ичида ажралиш юзага келганидан ва ўрталарида ўзаро ишончсизлик вужудга келганидан сўнг Аллоҳ таоло улар устига Ўз лашкари бўлмиш бўронни юборди. Бўрон уларнинг чодирларини ағдариб ташлар, қозонларини тўнкариб юборар, арқон тортган қозиқларини суғуриб ташлар эди. Шундай қилиб, улар бир жойда ўрнашолмай қолишди. Бунинг устига, Аллоҳ таоло уларга малоикалардан бўлган лашкарини туширди, малоикалар уларни титратиб, дилларига даҳшат ва қўрқув солдилар.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша бўронли ва қаттиқ изғиринли тунда Ҳузайфа ибн Ямонни мушрикларнинг хабарини билиб келишга юбордилар. Ҳузайфа уларни юқоридаги аҳволда, кўчишга ҳозирлик кўраётган ҳолда топди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига қайтиб, уларнинг кетишаётгани хабарини етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу тонгни Аллоҳ таоло у кишининг душманларини ҳеч нарсага эришолмай, аламлари ичида бўлган ҳолда орқаларига қайтариб юборган ҳолатда кутиб олдилар. Дарҳақиқат, уларга Аллоҳ Ўзи бас келди, У Ўзининг ваъдаси устидан чиқди, Ўзининг лашкарини азиз қилди, бандасига ёрдам берди, фирқаларни ёлғиз Ўзи мағлуб қилди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага қайтиб келдилар.

    Саҳиҳроқ қавлга кўра, Хандақ жанги бешинчи ҳижрийнинг шаввол ойида бўлиб ўтди. Мушриклар қўшини мусулмонларни бир ой ёки шунга яқин муддат қамал қилиб турди. Тарихий манбаларни бир-бирига боғлаш ва текширишдан сўнг маълум бўлишича, қамал шавволда бошланиб, зул-қаъдада тамом бўлган. Ибн Саъд ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Хандақдан қайтишлари зул-қаъда ойининг тугашига етти кун қолганида, чоршанба кунига тўғри келди.

    Аҳзоб жангги катта талафотлар кўрилган жанг бўлмади, балки асаблар жанги бўлди. Унда шиддатли жанг бормади, бироқ у Ислом тарихидаги энг улкан жанглардан бирига айланди. Унда мушрикларнинг куч-қудратлари ҳеч нарсага арзимаслиги кўриниб қолди. У араблардаги ҳеч бир куч Мадинада вужудга келаётган кичиккина бир кучни таг-томиридан йўқотиб юборишга қодир эмаслигини кўрсатиб берди. Чунки, араблар Аҳзоб ғазотида жамлаганидан кўра каттароқ куч-қувват жамлашга қодир эмасдилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло аҳзобларни аритганидан сўнг: «Энди биз уларга ғазот қиламиз, улар бизга ғазот қилишолмайди, биз улар устига юриш қиламиз», дегандилар.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963