030. Салом бериш одобларидан (2)

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Отлиқ пиёдага, пиёда юрган ўтирганга ва озчилик кўпчиликка салом беради», дедилар.

    Имом Бухорий ривоятида: «Кичик каттага салом беради», дедилар.

    Имом Абу Довуд ва Термизий Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлардан Аллоҳнинг раҳматига яқинроғи саломни биринчи бошлаган кишидир», дедилар.

    Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абу Ҳурайа розияллоҳу анҳу – намозни ёмон ўқиган одам қиссасида – шундай дейди: Бир киши масжидга кириб намоз ўқиди, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саломига алик қайтариб: «қайт, намозингни бошқа ўқи, сен намоз ўқимадинг» деди. У киши қайтиб яна намоз ўқиди, кейин келиб пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берди. Мана шу холат уч марта такрорланди.

    Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар биронтангиз биродарига йўлиқса унга салом берсин — икковлари кетаётганида— ўрталарини дарахт, девор ёки харсангтош ажратса, сўнгра яна бирлашишса биродарига салом берсин».

    Имом Абу Довуд ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар биронтангиз мажлис устидан чиқиб қолса салом берсин. Агар мажлисда ўтиргиси келса ўтирсин, мажлисдан турса яна салом берсин. Биринчи салом иккинчи саломдан хақлироқ эмас- яъни иккала саломнинг ҳукми баробардир-», дедилар.

    Шарҳ

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга таълим берган саломнинг суннат ва одобларидан баъзилари ушбулардир: Бирор нарсани миниб олган одам пиёда одамга, пиёда одам ўтирганга, тавозуъ бобидан ва биродарининг кўнглини хушлаш учун салоам беради. Озчилик кўпчиликка ва ёшлар катталарга хурматлаб салом беради. Агар икки мусулмон учрашиб қолса Аллоҳнинг раҳматига яқинроғи биринчи салом берганидир, чунки у яхшиликка интилувчироқ эди. Мусулмон киши биродари билан сўрашган бўлсаю, яна бироздан кейин учрашиб қолса қайта салом бериши мустаҳабдир, бунга юқоридаги учинчи ва тўртинчи ҳадислар далолат қилмоқда. Шунингдек бирон мажлисга келганда ва мажлисдан турганда салом бериш ҳам суннат.

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
    1. Маркабдаги одам пиёдага, пиёда одам ўтирганга, озчилик кўпчиликка ва ёшлар катталарга салом беради.
    2. Саломни аввал берган Аллоҳнинг раҳматига кейинги бергандан яқинроқ экани.
    3. Икки мусулмон ўртасини бирор нарса ажратса, сўнгра яна бирлашишса биродарига салом беришнинг мустаҳаблиги.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962