033. Дуо одоблари

    Аллоҳ таоло Закариё алайҳис-салом ҳақида Марям сурасининг 3- оятида шундай дейди: «У Парвардигорига хуфёна дуо-илтижо қилди».

    Аъроф сурасининг 55- оятида эса: «Парвардигорингизга тазарру билан ичингизда (махфий) илтижо қилингиз! Зотан, У ҳаддан ошувчи кимсаларни (яъни, риёкорлик ва Аллоҳга бошқасини шерик қилиб дуо қилувчиларни) суймас».

    Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавомиъул калим – пурмаъно сўзлар билан дуо қилишни яхши кўрар, ундай бўлмаганини ташлар эдилар.

    Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фарзандларингиз ва молларингизни баддуо қилманглар, Аллоҳдан сўраладиган – дуо ижобат бўладиган бир соатга мувофиқ бўлиб қолманглар, натижада Аллоҳ дуойингизни қабул қилиб қўйса», дедилар.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар биронтангиз дуо қилса: Эй Аллоҳ агар хоҳласанг мени кечир, хоҳласанг ризқимни кенг қил демасин, балки дуода қатъий қилиб сўрасин, чунки Аллоҳ хоҳлаганини қилади. У зотни биров мажбурлай олмайди», дедилар.

    Шарҳ

    Дуо улуғ ибодат бўлгани учун Аллоҳ таоло дуо қилувчини Ўзига, дуони эса ижобатга яқин қиладиган одоблари қўйди. Шунинг учун дуо қилувчи бу одобларга ҳарис бўлиши керак. Дуонинг одоблари мана булар: Дуо қилаётганда ҳокисорлик ва муҳтожликни изҳор қилиш, овозни кўтармаслик, пурмаъно сўзларни танлаш. Мусулмон киши ўзини, бола чақасини ва мол-дунёсини баддуо қилмасин, мабодо у дуо қабул бўладиган вақтга тўғри келиб қолса, дуоси қабул бўлиб қолади-да, бахти қаро бўлади. Шунингдек дуодан беҳожат одамга ўхшаш “Эй Роббим хоҳласанг бер” демайди, балки дуосини қатъий қилиб, қаттиқ туриб сўрайди.

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
    1. Ҳокисорликка далолат қилгани учун дуода овозни қўтармасликнинг мустаҳаблиги.
    2. Пурмаъно сўзлар билан дуо қилишнинг суннатлиги.
    3. Одам ўзини, фарзандлари ва молу давлатини баддуо қилмаслиги.
    4. Дуони қатъий қилишнинг вожиблиги, «агар хоҳласанг» деб дуо қилишнинг макруҳлиги.
    5. Дуо одобларига риоя қилиш дуо қабул бўлишига сабаб бўлади.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962