058. Фитратдаги суннат амаллар: Мўйловни олиш ва қисқартириш

    عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ عَن النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ الْفِطْرَةُ خَمْسٌ أَوْ خَمْسٌ مِنْ الْفِطْرَةِ الْخِتَانُ وَالِاسْتِحْدَادُ وَتَقْلِيمُ الْأَظْفَارِ وَنَتْفُ الْإِبِطِ وَقَصُّ الشَّارِبِ (متفق عليه).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бешта нарса фитратдандир: хатна қилиш, аврат тукларини тозалаш, тирноқ олиш, қўлтиқ тагидаги тукларни юлиш ва мўйловни қисқартириш», дедилар.

    عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ عَن النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ أَحْفُوا الشَّوَارِبَ وَأَعْفُوا اللِّحَى (متفق عليه).

    Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўйловни қисқа қилинглар ва соқолни тўлиқ қўйинглар», дедилар.

    عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ لَمْ يَأْخُذْ مِنْ شَارِبِهِ فَلَيْسَ مِنَّا (رواه الترمذي).

    Имом Термизий Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким мўйловини олмаса биздан эмас», дедилар.

    عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ وُقِّتَ لَنَا فِي قَصِّ الشَّارِبِ وَتَقْلِيمِ الْأَظْفَارِ وَنَتْفِ الْإِبِطِ وَحَلْقِ الْعَانَةِ أَنْ لَا نَتْرُكَ أَكْثَرَ مِنْ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً (رواه مسلم).

    Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: Бизга мўйловни қисқартириш, тирноқни олиш, авратдаги тукларини қириш ва қўлтиқ тагидаги тукларни юлишни қирқ кундан ортиқ қолдириб юбормаслигимиз белгиланди.

    Шарҳ:

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ва тарғиб қилган фитрат суннатларидан бири – мўйловни қисқартиришдир. Мўйловни олмай ва қисқартирмай, ўсган ҳолича қолдириш мусулмонларнинг амалидан эмаслиги айтилмоқда. Юқорида зикр қилинган ҳадислар бизни бундай мункар амалдан четланишга чорлайди. Юқоридаги ҳадисларда зикри ўтган фитрат суннатларининг ҳаммасини ҳам тозаламасдан юришнинг энг сўнгги муддати 40 кун экан. Бироқ бу нарсаларни ҳар ҳафта тозаланиши мақсадга мувофиқ.

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
    1. Мўйловни олмай, узайтириб юришдан қаттиқ қайтарилган.
    2. Мўйлов борасидаги суннат – лабнинг атрофи кўриниб турадиган даражада қисқартиришдир.
    3. Мўйловни узоғи билан қирқ кундан ўтказиб юбормасдан қисқартириб туриш ҳам суннатдир.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962