068. Масжид одоблари (2)

    عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ فِي غَزْوَةِ خَيْبَرَ مَنْ أَكَلَ مِنْ هَذِهِ الشَّجَرَةِ يَعْنِي الثُّومَ فَلاَ يَقْرَبَنَّ مَسْجِدَنَا (متفق عليه).

    Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар жанги куни: «Ким мана бу ўсимликдан – яъни саримсоқдан – еган бўлса, масжидларимизга яқинлашмасин», дедилар.

    عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ أَكَلَ الْبَصَلَ وَالثُّومَ وَالْكُرَّاثَ فَلاَ يَقْرَبَنَّ مَسْجِدَنَا فَإِنَّ الْمَلاَئِكَةَ تَتَأَذَّى مِمَّا يَتَأَذَّى مِنْهُ بَنُو آدَمَ (رواه مسلم).

    Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким пиёз ёки саримсоқ ёки кўк пиёз еган бўлса масжидларимизга яқинлашмасин, чунки Фаришталар ҳам Одам боласи озорланган нарсадан озорланади», дедилар.

    عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْها قَالَتْ أَمَرَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِبِنَاءِ الْمَسَاجِدِ فِي الدُّورِ وَأَنْ تُنَظَّفَ وَتُطَيَّبَ (رواه أبو داود).

    Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳаллаларга масжидлар қуришга ва уларни тозалаб, ҳушбўйлантириб туришга буюрдилар, дейди.

    عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا أُمِرْتُ بِتَشْيِيدِ الْمَسَاجِدِ.

    وَقَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما لَتُزَخْرِفُنَّهَا كَمَا زَخْرَفَتْ الْيَهُودُ وَالنَّصَارَى (رواه أبو داود).

    Имом Абу Довуд Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Масжидларни баланд қилиб, кўтариб қуришга буюрилмадим», дедилар.

    Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: Сизлар ҳам масжидларингизни яҳуд ва насоролар (ибодатхоналарини) зийнатлаганидай зийнатлайдиган бўласизлар, деди.

    Шарҳ:

    Масжидлар одамлар учун тозалаб, ёмон ҳидларни кетказиб, ҳушбўйликлар сепиб ибодат ва зикрга ҳозирлаб қўйилган макон бўлиши керак. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлланмаларига зид равишда масжидларни баланд қилиб кўтариб солишдан ва уларни зийнатлашдан кўра мана бу томонларга эътибор қаратиш яхшироқ ва афзалроқдир.

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
    1. Ёқимсиз ҳиди бўлган одам масжидга яқинлашишдан қайтарилган.
    2. Масжидлар қуришга буюрилдик, бироқ уларни ўта баланд қилиб қуришдан ва зийнатлашдан қайтарилдик.
    3. Масжидларни покиза ва ҳушбўй ҳолатда сақлашга буюрилдик.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962