Бизга боғланинг
070. Жамоат намозининг фазли
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلاةُ الرَّجُلِ فِي الْجَمَاعَةِ تُضَعَّفُ عَلَى صَلاتِهِ فِي بَيْتِهِ وَفِي سُوقِهِ خَمْسًا وَعِشْرِينَ ضِعْفًا وَذَلِكَ أَنَّهُ إِذَا تَوَضَّأَ فَأَحْسَنَ الْوُضُوءَ ثُمَّ خَرَجَ إِلَى الْمَسْجِدِ لا يُخْرِجُهُ إِلا الصَّلاةُ لَمْ يَخْطُ خَطْوَةً إِلا رُفِعَتْ لَهُ بِهَا دَرَجَةٌ وَحُطَّ عَنْهُ بِهَا خَطِيئَةٌ فَإِذَا صَلَّى لَمْ تَزَلْ الْمَلائِكَةُ تُصَلِّي عَلَيْهِ مَا دَامَ فِي مُصَلاهُ اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَيْهِ اللَّهُمَّ ارْحَمْهُ وَلا يَزَالُ أَحَدُكُمْ فِي صَلاةٍ مَا انْتَظَرَ الصَّلاةَ (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишининг жамоат билан ўқиган намози уйида ёки бозорида ўқиган намозидан йигирма беш марта ортиқ бўлади, сабаби агар у таҳорат олса ва таҳоратини мукаммал қилса, сўнг фақат намоз қасди билан масжидга чиқса, ҳар бир босган қадами баробарида бир даражаси биттага кўтарилади ва битта хатоси ўчирилади. Агар намоз ўқиса, модомики намозгоҳида турар экан, фаришталар унга: “Эй Аллоҳ, уни ўзинг мағфират қил, унга ўзинг раҳм қил” деб дуо қилиб туришади. Биронтангиз (масжидда) намозни кутиб ўтирар экан, намозда тургандай (савобга эга) бўлади», дедилар.
عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ مَا مِنْ ثَلاثَةٍ فِي قَرْيَةٍ وَلا بَدْوٍ لا تُقَامُ فِيهِمْ الصَّلاةُ إِلا قَدْ اسْتَحْوَذَ عَلَيْهِمْ الشَّيْطَانُ فَعَلَيْكَ بِالْجَمَاعَةِ فَإِنَّمَا يَأْكُلُ الذِّئْبُ الْقَاصِيَةَ (أخرجه أبو داود).
Имом Абу Довуд Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирон қишлоқда ёки саҳрода учта мусулмон бўлса-ю, ичларида (жамоат билан) намоз ўқилмаса, шайтон уларга ғолиб бўлиб олади. Жамоатни лозим тутингиз, чунки бўри ҳам подадан четланган қўйни ейди», дедилар.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ صَلاةُ الْجَمَاعَةِ تَفْضُلُ صَلاةَ الْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ دَرَجَةً (متفق عليه).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жамоат намози ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража ортиқ бўлади», дедилар.
Шарҳ:
Жамоат намози катта аҳамиятга эга бўлгани ва кўп тарафлама фойдалари бўлгани учун Аллоҳ таоло унга улуғ савобларни ваъда қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоат намозига кўп тарғиб қилганлар ва ундаги савоб ёлғиз ҳолда ўқилган намоздан йигирма етти баробар ортиқ эканини, шунингдек, жамоат билан ўқилган намоз шайтонлардан сақланишга сабаб бўлишини хабар берганлар.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Жамоат намози фазилатли, улуғ амаллардан.
- Жамоат намози ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти баробар афзал.
- Жамоат билан намоз ўқимаган одамга шайтон ғолиб бўлади.