Бизга боғланинг
072. Намозга эрта бориб, уни кутиб ўтиришнинг фазли
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلاةُ الرَّجُلِ فِي الْجَمَاعَةِ تُضَعَّفُ عَلَى صَلاتِهِ فِي بَيْتِهِ وَفِي سُوقِهِ خَمْسًا وَعِشْرِينَ ضِعْفًا وَذَلِكَ أَنَّهُ إِذَا تَوَضَّأَ فَأَحْسَنَ الْوُضُوءَ ثُمَّ خَرَجَ إِلَى الْمَسْجِدِ لا يُخْرِجُهُ إِلا الصَّلاةُ لَمْ يَخْطُ خَطْوَةً إِلا رُفِعَتْ لَهُ بِهَا دَرَجَةٌ وَحُطَّ عَنْهُ بِهَا خَطِيئَةٌ فَإِذَا صَلَّى لَمْ تَزَلْ الْمَلائِكَةُ تُصَلِّي عَلَيْهِ مَا دَامَ فِي مُصَلاهُ اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَيْهِ اللَّهُمَّ ارْحَمْهُ وَلا يَزَالُ أَحَدُكُمْ فِي صَلاةٍ مَا انْتَظَرَ الصَّلاةَ (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кишининг жамоат билан ўқиган намози уйида ёки бозорида ўқиган намозидан йигирма беш марта ортиқ бўлади, сабаби агар у таҳорат олса ва таҳоратини мукаммал қилса, сўнг фақат намоз қасди билан масжидга чиқса, ҳар бир босган қадами баробарида бир даража юксалтирилади ва битта хатоси ўчирилади. Агар намоз ўқиса, то намозгоҳида ўтирар экан, фаришталар унга: “Эй Аллоҳ, уни ўзинг мағфират қил, унга ўзинг раҳм қил” деб дуо қилиб туришади. Биронтангиз (масжидда) намозни кутиб ўтирар экан, намозда тургандай (савобга эга) бўлади».
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِي النِّدَاءِ وَالصَّفِّ الأَوَّلِ ثُمَّ لَمْ يَجِدُوا إِلا أَنْ يَسْتَهِمُوا عَلَيْهِ لاسْتَهَمُوا وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي التَّهْجِيرِ لاسْتَبَقُوا إِلَيْهِ وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي الْعَتَمَةِ وَالصُّبْحِ لأتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْوًا (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар одамлар азон ва биринчи сафнинг фазилатини билишганда эди, унга эришиш учун қуръа ташлашдан бошқа йўл топмасалар, албатта қуръа ташлаган бўлишарди. Агар намозга эрта келишнинг фазилатини билишганда эди, ким ўзарга келган бўлишарди. Агар хуфтон ва бомдод намозининг фазилатини билишганда эди, бу икки намозга эмаклаб бўлса-да, келган бўлишарди», дедилар.
Шарҳ:
Намозга эртароқ бориш – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарғиб қилган амаллардан. Ул зот, шунингдек, мусулмон киши масжидда намозни кутиб ўтирар экан, уни масжидда ушлаб турган нарса намоз бўлгани учун шу ўтирганига ҳам намозда тургандек ажр олишини хабар берганлар. Яна айтганларки, агар инсонлар намозга эртароқ бориш билан топиладиган савобнинг нақадар улуғлигини билишганида эди, бу савобга етиш учун ким ўзарга мусобақа ўйнашган бўлишарди.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Намозга эрта боришнинг фазилати улуғдир.
- Намозни кутиб ўтиришнинг савоби намозда турганнинг савоби билан баробар.
- Азон айтиш ва биринчи сафда туришнинг чексиз фазли бор.