084. Бомдод намозида қироатни узун қилиш

    Аллоҳ таоло Исро сурасининг 78-оятида шундай дейди:

    «أَقِمِ الصَّلاةَ لِدُلُوكِ الشَّمْسِ إِلَى غَسَقِ اللَّيْلِ وَقُرْآَنَ الفَجْرِ إِنَّ قُرْآَنَ الفَجْرِ كَانَ مَشْهُودًا»

    «Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (тўкис адо қилинг). Зеро тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир».

    عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ إِنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقْرَأُ فِي الفَجْرِ بِـ (ق وَالقُرْآنِ المَجِيدِ) (رواه مسلم).

    Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозида “Қоф вал қуръанил мажид” сурасини ўқир эдилар.»

    عَنْ أَبِي بَرْزَةَ الأَسْلَمِيِّ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ فِي الفَجْرِ مَا بَيْنَ السِّتِّينَ إِلَى المِائَةِ آيَةً (رواه مسلم).

    Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозида олтмиш оятдан юз оятгача қироат қилар эдилар.»

    عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي بِنَا فَيَقْرَأُ فِي الظُّهْرِ وَالعَصْرِ فِي الرَّكْعَتَيْنِ الأُولَيَيْنِ بِفَاتِحَةِ الكِتَابِ وَسُورَتَيْنِ وَيُسْمِعُنَا الآيَةَ أَحْيَانًا وَكَانَ يُطَوِّلُ الرَّكْعَةَ الأُولَى مِنْ الظُّهْرِ وَيُقَصِّرُ الثَّانِيَةَ وَكَذَلِكَ فِي الصُّبْحِ (متفق عليه).

    Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абу Қатода розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз билан бирга намоз ўқирдилар, пешин ва асрнинг аввалги икки ракъатида “Фотиҳа” сурасини ва иккита сура ўқирдилар, гоҳо оятни бизга эшиттириб қўярдилар. Пешиннинг биринчи ракъатини узунроқ, иккинчисини қисқароқ ўқирдилар. Бомдодда ҳам шундай қилар эдилар.

    عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ فِي الجُمُعَةِ فِي صَلاةِ الفَجْرِ الم تَنْزِيلُ السَّجْدَةَ وَهَل أَتَى عَلَى الإِنْسَانِ حِينٌ مِنْ الدَّهْرِ (متفق عليه).

    Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жума куни бомдод намозида “Алиф. Лам. Мим. Танзил ус-сажда” ва “Ҳал ата алал инсани” сураларини ўқир эдилар.

    عَنْ مُعَاذِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ الجُهَنِيِّ أَنَّ رَجُلاً مِنْ جُهَيْنَةَ أَخْبَرَهُ أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ فِي الصُّبْحِ إِذَا زُلزِلَتْ الأَرْضُ فِي الرَّكْعَتَيْنِ كِلتَيْهِمَا (رواه أبو داود).

    Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Жуҳайна қабиласидан бўлган бир саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозининг ҳар икки ракъатига “Иза зулзилатил арзу” сурасини ўқиганларини эшитдим, дейди.

    Шарҳ:

    Бомдод намозида бошқа намозларга нисбатан узунроқ қироат қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари эди, чунки бомдод намози кеча ва кундуз фаришталари ҳозир бўладиган намоздир. Баъзи ҳолатларда қисқа қилиб ҳам қироат қилганлар.

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
    1. Бомдод намозида узун қироат қилиш суннат.
    2. Баъзан қисқартирса ҳам бўлади.
    3. Жума куни бомдод намозида “Сажда” ва “Инсон” сураларини ўқиш суннат.
    4. Бир сурани икки ракъатда такрорлаб ўқиш жоиз.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962