095. Ташаҳҳудга ўтириш

    عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهَا قَالَتْ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْتَفْتِحُ الصَّلاةَ بِالتَّكْبِيرِ وَالقِرَاءَةَ بـِ { الحَمْد لِلَّهِ رَبِّ العَالَمِينَ } وَكَانَ إِذَا رَكَعَ لَمْ يُشْخِصْ رَأْسَهُ وَلَمْ يُصَوِّبْهُ وَلَكِنْ بَيْنَ ذَلِكَ وَكَانَ إِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ مِنْ الرُّكُوعِ لَمْ يَسْجُدْ حَتَّى يَسْتَوِيَ قَائِمًا وَكَانَ إِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ مِنْ السَّجْدَةِ لَمْ يَسْجُدْ حَتَّى يَسْتَوِيَ جَالِسًا وَكَانَ يَقُولُ فِي كُلِّ رَكْعَتَيْنِ التَّحِيَّةَ وَكَانَ يَفْرِشُ رِجْلَهُ اليُسْرَى وَيَنْصِبُ رِجْلَهُ اليُمْنَى وَكَانَ يَنْهَى عَنْ عُقْبَةِ الشَّيْطَانِ وَيَنْهَى أَنْ يَفْتَرِشَ الرَّجُلُ ذِرَاعَيْهِ افْتِرَاشَ السَّبُعِ وَكَانَ يَخْتِمُ الصَّلاةَ بِالتَّسْلِيمِ (رواه مسلم).

    Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни (такбиратул-эҳромга) такбир айтиш ва “Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн”ни ўқиш билан бошлардилар. Рукуъ қилсалар бошларини кўтариб ҳам, пастга эгиб ҳам юбормасдилар, балки шу икки ҳолатнинг ўртасида қилардилар. Рукуъдан бош кўтарсалар, қадларини тўла ростламагунча саждага бормас эдилар. Саждадан бош кўтарсалар, тўғри, текис ўтирмаганча иккинчи саждага бормас эдилар. Ҳар икки ракъатда ўтирганда “Ат-таҳийёт”ни айтардилар, чап оёқларини тўшаб, ўнг оёқларини тиклар эдилар. Намозда «уқбатуш-шайтон»дан (яъни болдир ва сонларни тиклаган ҳолда қўлларни ерга тираб ўтиришдан) ва тирсакларни ҳайвонлар каби ерга тўшашдан қайтарардилар. Намозни салом билан тугатар эдилар.

    عَنْ أَبي حُمَيْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ رَأَيْتُ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا كَبَّرَ جَعَلَ يَدَيْهِ حِذَاءَ مَنْكِبَيْهِ وَإِذَا رَكَعَ أَمْكَنَ يَدَيْهِ مِنْ رُكْبَتَيْهِ ثُمَّ هَصَرَ ظَهْرَهُ فَإِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ اسْتَوَى حَتَّى يَعُودَ كُلُّ فَقَارٍ مَكَانَهُ فَإِذَا سَجَدَ وَضَعَ يَدَيْهِ غَيْرَ مُفْتَرِشٍ وَلا قَابِضِهِمَا وَاسْتَقْبَلَ بِأَطْرَافِ أَصَابِعِ رِجْلَيْهِ القِبْلَةَ فَإِذَا جَلَسَ فِي الرَّكْعَتَيْنِ جَلَسَ عَلَى رِجْلِهِ اليُسْرَى وَنَصَبَ اليُمْنَى وَإِذَا جَلَسَ فِي الرَّكْعَةِ الآخِرَةِ قَدَّمَ رِجْلَهُ اليُسْرَى وَنَصَبَ الأُخْرَى وَقَعَدَ عَلَى مَقْعَدَتِهِ (رواه البخاري).

    Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳумайд ас-Соъидий розияллоҳу анҳу айтади: Кўрдимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (намозда такбиратул-эҳромга) такбир айтганларида икки қўлларини икки елкалари баробарида кўтарар эдилар. Рукуъ қилганларида икки қўлларини икки тиззаларига маҳкамлардилар, сўнг орқаларини бир текис букардилар. Бошларини (рукуъдан) кўтарганларида қад ростлаб турардилар, ҳатто умуртқанинг ҳамма суяклари ўз ўрнига қайтарди. Сажда қилганларида икки қўлларини тўшамаган ва (ёнларига) қисмаган ҳолда қўярдилар ва икки оёқлари бармоқларининг учини қиблага қаратардилар. Икки ракъатдан кейин ўтирсалар чап оёқларига ўтириб, ўнг оёқларини тиккалардилар. Охирги ракъатда ўтирсалар чап оёқларини (ўнг оёқлари остидан) олдинга чиқариб, ўнг оёқларини тиккалардилар ва думбаларига ўтирардилар.

    عَن ِ الزُّبَيْرِ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا قَعَدَ فِي الصَّلاةِ جَعَلَ قَدَمَهُ اليُسْرَى بَيْنَ فَخِذِهِ وَسَاقِهِ وَفَرَشَ قَدَمَهُ اليُمْنَى وَوَضَعَ يَدَهُ اليُسْرَى عَلَى رُكْبَتِهِ اليُسْرَى وَوَضَعَ يَدَهُ اليُمْنَى عَلَى فَخِذِهِ اليُمْنَى وَأَشَارَ بِإِصْبَعِهِ (رواه مسلم).

    Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Зубайр розияллоҳу анҳу шундай деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда ўтирсалар, чап оёқларини (ўнг) сон ва болдирлари орасига қўйиб, ўнг оёқларини ётқизардилар. Чап қўлларини чап тиззалари устига, ўнг қўлларини эса ўнг сонлари устига қўярдилар ва (ўнг қўл) кўрсаткич бармоқлари билан ишора қилардилар.

    Шарҳ:

    Намозхон биринчи ташаҳҳудда ўтирганида ўнг оёғини тиклаб, чап оёғи устига “ифтирош” қилиб ўтиради. Уч ё тўрт ракъатлик намозларда иккинчи ташаҳҳудда ўтирганида «Таваррук» қилиб – яъни, ўнг оёқ қадамини тиклаб, чап оёқни ўнг оёқ остидан ўтказиб, думбаси билан ўтиради. Бу ҳадисларнинг зоҳирий маъноси ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганлари. Бироқ, имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи мазҳабларида тўртинчи ракъатдан кейин ҳам худди иккинчи ракъатдан кейин ўтиргандай ўтиради, дейилади.

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
    1. Саломдан аввал ташаҳҳудга ўтириш намоздаги рукнлардан биридир.
    2. Биринчи ташаҳҳудга ўтирганда ўнг оёқни тиклаб, чап оёқ устига ифтирош қилиб ўтирилади. Иккинчи ташаҳҳудда «таваррук» қилиб ўтириш суннат.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962