099. Намоз вақтлари

    Аллоҳ таоло Исро сурасининг 78-оятида шундай дейди:

    «أَقِمِ الصَّلاةَ لِدُلُوكِ الشَّمْسِ إِلَى غَسَقِ اللَّيْلِ وَقُرْآَنَ الفَجْرِ إِنَّ قُرْآَنَ الفَجْرِ كَانَ مَشْهُودًا»

    «Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (тўкис адо қилинг). Зеро тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир».

    Нисо сурасининг 103-оятида эса:

    «إِنَّ الصَّلاةَ كَانَتْ عَلَى المُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَوْقُوتًا»

    «Албатта намоз мўъминларга вақти тайинланган ҳолатда фарз бўлди», дейди.

    عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «وَقْتُ الظُّهْرِ إِذَا زَالَتْ الشَّمْسُ وَكَانَ ظِلُّ الرَّجُلِ كَطُولِهِ مَا لَمْ يَحْضُرِ العَصْرُ وَوَقْتُ العَصْرِ مَا لَمْ تَصْفَرَّ الشَّمْسُ وَوَقْتُ صَلاةِ المَغْرِبِ مَا لَمْ يَغِبْ الشَّفَقُ وَوَقْتُ صَلاةِ العِشَاءِ إِلَى نِصْفِ اللَّيْلِ الأَوْسَطِ وَوَقْتُ صَلاةِ الصُّبْحِ مِنْ طُلُوعِ الفَجْرِ مَا لَمْ تَطْلُعْ الشَّمْسُ فَإِذَا طَلَعَتِ الشَّمْسُ فَأَمْسِكْ عَنْ الصَّلاةِ فَإِنَّهَا تَطْلُعُ بَيْنَ قَرْنَيْ شَيْطَانٍ» (رواه مسلم).

    Имом Муслим Абдуллоҳ Ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пешиннинг вақти қуёш чўққидан ботиш томонга оғгач, кишининг сояси бўйи баробари бўлиб, аср вақти киргунга қадар. Асрнинг вақти то қуёш ботгунича, шом вақти қуёш ботгандан шафақ йўқолгунча, хуфтоннинг вақти ярим кечагача ва бомдоднинг вақти субҳ содиқдан то қуёш чиққунга қадар. Агар қуёш чиқса намоз ўқиманг, чунки у шайтоннинг икки шохи орасидан кўтарилади», дедилар.

    عَنْ أَبِي بَرْزَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي الصُّبْحَ وَأَحَدُنَا يَعْرِفُ جَلِيسَهُ وَيَقْرَأُ فِيهَا مَا بَيْنَ السِّتِّينَ إِلَى المِائَةِ وَيُصَلِّي الظُّهْرَ إِذَا زَالَتْ الشَّمْسُ وَالعَصْرَ وَأَحَدُنَا يَذْهَبُ إِلَى أَقْصَى المَدِينَةِ رَجَعَ وَالشَّمْسُ حَيَّةٌ وَنَسِيتُ مَا قَالَ فِي المَغْرِبِ وَلا يُبَالِي بِتَأْخِيرِ العِشَاءِ إِلَى ثُلُثِ اللَّيْلِ ثُمَّ قَالَ إِلَى شَطْرِ اللَّيْلِ (متفق عليه).

    Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абу Барза розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдодни ўқирдилар, шу ҳолда бизларнинг биримиз ёнида ўтирган одамни таний оларди, унда 60 оят билан 100 оят ўртасида қироат қилардилар. Пешинни қуёш чўққидан ботиш томонга оғганда ўқирдилар. Асрни ўқирдилар, (шундан сўнг) бизлардан биримиз Мадинанинг четига бориб, қайтиб келар, куннинг тафти ҳали сўнмаган бўларди. (Ровий айтади: Абу Барза) шом ҳақида нима деганини унутдим. Хуфтонни эса парво қилмасдан кечанинг учдан биригача кечиктирардилар. (Кейин деди: «Кечанинг ярмигача»).

    عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ سَأَلَ رَجُلٌ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ مَوَاقِيتِ الصَّلاةِ فَقَالَ صَلِّ مَعِي فَصَلَّى الظُّهْرَ حِينَ زَاغَتْ الشَّمْسُ وَالعَصْرَ حِينَ كَانَ فَيْءُ كُلِّ شَيْءٍ مِثْلَهُ وَالمَغْرِبَ حِينَ غَابَتْ الشَّمْسُ وَالعِشَاءَ حِينَ غَابَ الشَّفَقُ قَالَ ثُمَّ صَلَّى الظُّهْرَ حِينَ كَانَ فَيْءُ الإِنْسَانِ مِثْلَهُ وَالعَصْرَ حِينَ كَانَ فَيْءُ الإِنْسَانِ مِثْلَيْهِ وَالمَغْرِبَ حِينَ كَانَ قُبَيْلَ غَيْبُوبَةِ الشَّفَقِ قَالَ عَبْدُ اللَّهِ بْنُ الحَارِثِ ثُمَّ قَالَ فِي العِشَاءِ أُرَى إِلَى ثُلُثِ اللَّيْلِ (رواه النسائي).

    Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда Жобир розияллоҳу анҳу шундай дейди: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намоз вақтларини сўради. У зот: «Мен билан бирга намоз ўқинг», дедилар. Пешинни кун (тиккадан) мойил бўлган вақтда, асрни ҳамма нарсанинг сояси ўзининг бўйи баробари бўлганда ўқидилар. Шомни қуёш ботган пайтда, хуфтонни шафақ ғойиб бўлган вақтда ўқидилар. Кейинги куни пешинни кишининг сояси ўзи билан баробар бўлганда, асрни кишининг сояси ўзига икки баробар бўлганида, шомни шафақ йўқолишидан сал олдин, хуфтонни кечанинг учдан бирига бориб ўқидилар.

    Шарҳ:

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларнинг вақтларини сўзда ва амалий равишда белгилаб берганлар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум ўша вақтларни аниқ-тиниқ белгилаб, бизларга омонат билан нақл қилишган. Намозларни узрсиз ўз вақтидан кечиктириш мумкин эмас.

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
    1. Намоз дуруст бўлиши учун вақти кирган бўлиши шарт.
    2. Пешин намозининг вақти кун тиккадан оғганидан то аср вақти киргунича.
    3. Аср намозининг вақти ҳамма нарсанинг сояси ўзига бир баробар бўлганида бошланади.
    4. Шом намозининг вақти қуёш ботгандан бошлаб қизил шафақ ғойиб бўлгунга қадар.
    5. Хуфтоннинг вақти шафақ кетгандан бошлаб ярим кечагача, бомдодгача зарурат учун кечикса жоиз.
    6. Бомдоднинг вақти субҳи содиқдан бошлаб қуёш чиққунга қадар.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962