100. Шомни тезлатиш ва хуфтонни кечиктириш афзаллиги

    عَنْ رَافِع بْن خَدِيجٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قال: كُنَّا نُصَلِّي المَغْرِبَ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَيَنْصَرِفُ أَحَدُنَا وَإِنَّهُ لَيُبْصِرُ مَوَاقِعَ نَبْلِهِ (متفق عليه).

    Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Рофеъ ибн Хадиж розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга шом намозини ўқир эдик, сўнг бизлардан биримиз (отган) найзаси бориб тушадиган ўринни аниқ кўрадиган ҳолда кетар эдик.

    عَنْ أَبي أَيُّوبٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «يَقُولُ لا تَزَالُ أُمَّتِي بِخَيْرٍ أَوْ قَالَ عَلَى الفِطْرَةِ مَا لَمْ يُؤَخِّرُوا المَغْرِبَ إِلَى أَنْ تَشْتَبِكَ النُّجُومُ» (رواه أبو داود).

    Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Умматим модомики, шом намозини юлдузлар чиққунича кечиктирмаса, яхшиликда – ёки фитратда – давом этаверади», деганларини эшитдим, дейди.

    عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْها قَالَتْ: أَعْتَمَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَاتَ لَيْلَةٍ حَتَّى ذَهَبَ عَامَّةُ اللَّيْلِ وَحَتَّى نَامَ أَهْلُ المَسْجِدِ ثُمَّ خَرَجَ فَصَلَّى فَقَالَ: «إِنَّهُ لَوَقْتُهَا لَوْلا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي» (رواه مسلم).

    Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозини кечиктирдилар, ҳатто кечанинг кўп қисми ўтиб кетди, масжид аҳли ухлаб ҳам қолди, сўнгра чиқиб намозни ўқидилар, сўнг: «Хуфтоннинг вақти мана шу, Умматимга машаққат бўлмаса эди шу вақтда ўқирдим», дедилар.

    عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُؤَخِّرُ صَلاةَ العِشَاءِ الآخِرَةِ (رواه مسلم).

    Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Жобир Ибн Самура розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозини кечиктириб ўқир эдилар.

    Шарҳ:

    Юқоридаги ҳадис шарифлардан намоён бўлмоқдаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари шом намозини аввалги вақтида ўқиш бўлган экан. Хуфтон намозини эса намозхонларга машаққат бўлмаслиги учун гоҳо кечиктириб ўқир эканлар.

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
    1. Шом намозини вақти киргач, тезроқ ўқиш суннат.
    2. Шом намозини юлдузлар кўриниб қолгунга қадар кечиктириш макруҳ.
    3. Хуфтон намозини кечанинг учдан биригача кечиктириш суннат.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962