Бизга боғланинг
107. Доим ўқиладиган суннат намозлар
عَنْ أُمِّ حَبِيبَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْها قالت: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقولُ: «مَنْ صَلَّى اثْنَتَيْ عَشْرَةَ رَكْعَةً فِي يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ بُنِيَ لَهُ بِهِنَّ بَيْتٌ فِي الجَنَّةِ» (رواه مسلم).
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо шундай дейди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким бир кеча-кундузда ўн икки ракъат нафл намоз ўқиса, бунинг учун унга жаннатда бир уй қурилади» деганларини эшитдим.
عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ حَفِظْتُ مِنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَشْرَ رَكَعَاتٍ رَكْعَتَيْنِ قَبْلَ الظُّهْرِ، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَهَا، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ المَغْرِبِ، فِي بَيْتِهِ وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ العِشَاءِ فِي بَيْتِهِ، وَرَكْعَتَيْنِ قَبْلَ صَلاةِ الصُّبْحِ. (متفق عليه).
Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўн ракъат нафл намозини ёдда сақлаб қолганман: пешиндан аввал икки ракъат, пешиндан кейин икки ракъат, шомдан кейин уйларида икки ракъат, хуфтондан кейин ҳам уйларида икки ракъат ва бомдоддан аввал икки ракъат.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ لا يَدَعُ أَرْبَعًا قَبْلَ الظُّهْرِ وَرَكْعَتَيْنِ قَبْلَ الغَدَاةِ. (رواه البخاري).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешиндан аввал тўрт ракъат ва бомдоддан аввал икки ракъатни ҳеч қўймас эдилар.
عَن ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ : صَحِبْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَلَمْ أَرَهُ يُسَبِّحُ فِي السَّفَرِ. (رواه البخاري).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳамсафар бўлдим, (фарздан аввал ёки кейин) бирон нафл намоз ўқиганларини кўрмадим.
Шарҳ:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз намозларидан аввал ё кейин давомли ўқиб юрган нафл намозлари бор эди. Бу намозлар суннати муъаккада бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни мазкур намозларни ўқишга тарғиб қилганлар. Мўъмин киши суннатга тўлиқ эргашишни истаса бу намозларни мунтазам ўқиши керак.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Суннат намозларни доимо ўқиб юриш суннат.
- Суннат намозлар пешин фарзидан аввал тўрт ракъат, фарзидан кейин икки ракъат, шомдан кейин икки ракъат, хуфтондан кейин икки ракъат ва бомдоддан аввал икки ракъат.
- Кундалик суннат намозларни ўқиган кишига ҳар куни эвазига Жаннатда бир уй ваъда қилинган.
- Сафарга чиққанда суннат намозларни ўқимаслик суннат.