118. Сафарда намозларни жамлаб ўқиш

    عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَجْمَعُ بَيْنَ صَلاةِ الظُّهْرِ وَالعَصْرِ إِذَا كَانَ عَلَى ظَهْرِ سَيْرٍ وَيَجْمَعُ بَيْنَ المَغْرِبِ وَالعِشَاءِ (متفق عليه).

    Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўл устида бўлсалар, пешин билан аср ўртасини, шунингдек шом билан хуфтон ўртасини жамлаб ўқирдилар.

    عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا أَعْجَلَهُ السَّيْرُ فِي السَّفَرِ يُؤَخِّرُ صَلاةَ المَغْرِبِ حَتَّى يَجْمَعَ بَيْنَهَا وَبَيْنَ العِشَاءِ وَيُقِيمُ المَغْرِبَ فَيُصَلِّيهَا ثَلاثًا ثُمَّ يُسَلِّمُ ثُمَّ قَلَّمَا يَلبَثُ حَتَّى يُقِيمَ العِشَاءَ فَيُصَلِّيهَا رَكْعَتَيْنِ ثُمَّ يُسَلِّمُ وَلا يُسَبِّحُ بَيْنَهُمَا بِرَكْعَةٍ وَلا بَعْدَ العِشَاءِ بِسَجْدَةٍ حَتَّى يَقُومَ مِنْ جَوْفِ اللَّيْلِ (رواه البخاري).

    Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганманки, сафарда тез юраётган бўлсалар, шомни кечиктириб, хуфтон билан қўшиб ўқирдилар. Шом намозига иқома айтиб, 3 ракъат ўқирдилар, сўнг салом берардилар. Озгина турганларидан кейин хуфтонга иқома айтиб, уни 2 ракъат ўқирдилар, сўнг салом берардилар. Бу икки намоз ўртасида бирон ракъат намоз ўқимас эдилар, хуфтондан кейин ҳам то кечаси таҳажжуд намозига тургунларича бирон ракъат намоз ўқимас эдилар.

    عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ فِي غَزْوَةِ تَبُوكَ إِذَا زَاغَتِ الشَّمْسُ قَبْلَ أَنْ يَرْتَحِلَ جَمَعَ بَيْنَ الظُّهْرِ وَالعَصْرِ وَإِنْ يَرْتَحِل قَبْلَ أَنْ تَزِيغَ الشَّمْسُ أَخَّرَ الظُّهْرَ حَتَّى يَنْزِلَ لِلعَصْرِ وَفِي المَغْرِبِ مِثْلُ ذَلِكَ إِنْ غَابَتِ الشَّمْسُ قَبْلَ أَنْ يَرْتَحِلَ جَمَعَ بَيْنَ المَغْرِبِ وَالعِشَاءِ وَإِنْ يَرْتَحِل قَبْلَ أَنْ تَغِيبَ الشَّمْسُ أَخَّرَ المَغْرِبَ حَتَّى يَنْزِلَ لِلعِشَاءِ ثُمَّ جَمَعَ بَيْنَهُمَا (رواه أبو داود).

    Имом Абу Довуд ва имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Муоз ибн Жабал шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук жангидаги сафарларида агар йўлга тушишларидан аввал кун қиёмидан оғса, пешин билан асрни жамлаб ўқиб олар эдилар, аммо қуёш қиёмидан оғмасидан йўлга тушган бўлсалар, аср вақти киргунича пешинни кечиктириб турар эдилар. Шомда ҳам худди шундай – яъни – агар қуёш йўлга тушишларидан аввал ботса шом билан хуфтонни жамлаб ўқиб олар эдилар, аммо қуёш ботишидан олдин йўлга тушган бўлсалар, хуфтон вақти киргунича шомни кечиктириб, кейин шом билан хуфтонни жамлаб ўқир эдилар.

    Шарҳ:

    Аллоҳ таоло бандаларига бўлган марҳамати ва фазлу карами ила улардан қийинчиилик ва ҳаражни кўтаришни истади, сафарда тўрт ракъатли намозларни икки ракъатдан қилиб, жамлаб ўқишга изн берди. Зеро, мусофир киши йўлда бораркан, ҳар намоз пайтида маркабидан тушиши ёки кўпчилик минган умумий сайёраларда ҳайдовчини тўхтатиши иккала тараф учун ҳам ҳараж бўлиши мумкин. Шу боис мусофир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатиб берганларидай, пешин билан асрни қаср қилган ҳолатда жамлаши ва қайси бирининг вақтига тўғри келса, шу вақтда ўқиб олиши мумкин. Шом билан хуфтон ҳам шундай ўқилади, фақат бомдод намозини ўз вақтида, икки ракъат қилиб ўқийди, бомдоднинг суннатини сафарда ҳам ўқиш суннат.

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
    1. Сафарда пешин билан асрни, шом билан хуфтонни жамлаб ўқиш суннат.
    2. Қўшиб ўқилаётган икки намозни қайси бирининг вақти мусофирга муносиб бўлса, ўша вақтда ўқиш мумкин. Бу масала “жамъу тақдим” ва “жамъу таъхир” деб номланади.
    3. Бу икки намоз орасида суннат ёки нафл намозларини ўқимаслик айни суннат.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962