120. Кусуф (кун ва ой тутилиш) намози

    عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ كُنَّا عِنْدَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَانْكَسَفَتِ الشَّمْسُ فَقَامَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَجُرُّ رِدَاءَهُ حَتَّى دَخَلَ المَسْجِدَ فَدَخَلنَا فَصَلَّى بِنَا رَكْعَتَيْنِ حَتَّى انْجَلَتِ الشَّمْسُ فَقَالَ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ الشَّمْسَ وَالقَمَرَ لا يَنْكَسِفَانِ لِمَوْتِ أَحَدٍ فَإِذَا رَأَيْتُمُوهُمَا فَصَلُّوا وَادْعُوا حَتَّى يُكْشَفَ مَا بِكُمْ (رواه البخاري).

    Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абу Бакра (Нофеъ ибн ал-Ҳорис) розияллоҳу анҳу шундай дейди: Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида эканимизда кун тутилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шошиб турдиларда, ридоларини судраганча масжидга кирдилар. Биз ҳам кирдик. То кун очилиб кетгунича биз билан икки ракъат узун намоз ўқидилар. Сўнг: «Албатта, кун ва ой бирон кишининг ўлими сабабли тутилмайди. Агар уларнинг тутилганини кўрсангизлар, то очилиб кетгунича намоз ўқингиз ва дуо қилингиз», дедилар.

    عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْها أَنَّهَا قَالَتْ خَسَفَتِ الشَّمْسُ فِي عَهْدِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَصَلَّى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِالنَّاسِ فَقَامَ فَأَطَالَ القِيَامَ ثُمَّ رَكَعَ فَأَطَالَ الرُّكُوعَ ثُمَّ قَامَ فَأَطَالَ القِيَامَ وَهُوَ دُونَ القِيَامِ الأَوَّلِ ثُمَّ رَكَعَ فَأَطَالَ الرُّكُوعَ وَهُوَ دُونَ الرُّكُوعِ الأَوَّلِ ثُمَّ سَجَدَ فَأَطَالَ السُّجُودَ ثُمَّ فَعَلَ فِي الرَّكْعَةِ الثَّانِيَةِ مِثْلَ مَا فَعَلَ فِي الأُولَى ثُمَّ انْصَرَفَ وَقَدْ انْجَلَتِ الشَّمْسُ فَخَطَبَ النَّاسَ فَحَمِدَ اللَّهَ وَأَثْنَى عَلَيْهِ ثُمَّ قَالَ إِنَّ الشَّمْسَ وَالقَمَرَ آيَتَانِ مِنْ آيَاتِ اللَّهِ لا يَخْسِفَانِ لِمَوْتِ أَحَدٍ وَلا لِحَيَاتِهِ فَإِذَا رَأَيْتُمْ ذَلِكَ فَادْعُوا اللَّهَ وَكَبِّرُوا وَصَلُّوا وَتَصَدَّقُوا ثُمَّ قَالَ يَا أُمَّةَ مُحَمَّدٍ وَاللَّهِ مَا مِنْ أَحَدٍ أَغْيَرُ مِنْ اللَّهِ أَنْ يَزْنِيَ عَبْدُهُ أَوْ تَزْنِيَ أَمَتُهُ يَا أُمَّةَ مُحَمَّدٍ وَاللَّهِ لَوْ تَعْلَمُونَ مَا أَعْلَمُ لَضَحِكْتُمْ قَلِيلاً وَلبَكَيْتُمْ كَثِيرًا (رواه البخاري).

    Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида кун тутилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар билан намоз ўқидилар. Қиёмда турдилар, қиёмда узоқ турдилар. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда ҳам узоқ турдилар. Сўнг қиёмга қайтиб, узоқ қиёмда турдилар ва бу аввалги қиёмларидан қисқароқ бўлди. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар ва бу аввалги рукуъларидан қисқароқ бўлди. Сўнг сажда қилиб, саждаларида узоқ турдилар. Сўнг иккинчи ракъатда ҳам худди биринчи ракъатдагидек қилдилар. Сўнгра намозларини тугатдилар, бу пайтда кун очилиб бўлганди. Кейин одамларга ваъз қилдилар, ваъзда Аллоҳга ҳамду сано айтиб, сўнг шундай дедилар: «Албатта, кун ва ой Аллоҳнинг оят-аломатларидан иккисидир. Улар бировнинг ўлиши ё туғилиши сабабли тутилмайди. Агар улардан бирининг тутилганини кўрсангизлар, Аллоҳга дуо қилинг, такбир айтинг, намоз ўқинг ва садақа қилинг!» Кейин айтдилар: «Эй уммати Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, қулининг ёки чўрисининг зино қилишига Аллоҳдан кўра ғаюрроқ бирон кимса йўқдир! Эй уммати Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, мен билган нарсани билганингизда, кам кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз!»

    عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ لَمَّا كَسَفَتِ الشَّمْسُ عَلَى عَهْدِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نُودِيَ «إِنَّ الصَّلاةَ جَامِعَة»ٌ (رواه البخاري).

    Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида қуёш тутилганда: «Ассолату жаамиъа» (Жамоат намози!) деб нидо қилинган эди.

    Шарҳ:

    Қуёш ва ой тутилиши Аллоҳ таолонинг бандаларини қўрқитадиган, қиёматни ёдларига соладиган оят-аломатлардан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ҳолатда тезлик билан зикр, истиғфор, Аллоҳ таолога илтижо, тазарруъ ва намозга киришар эдилар. Бу ҳолатда то кун ёки ой очилиб кетгунича давом этардилар.

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
    1. Қуёш ёки ой тутилган вақтда намоз ўқиш суннатдир.
    2. Қуёш ёки ой тутилганда «Ассолату жаамиъа» деб нидо қилинади.
    3. Кусуф намозининг сурати: намоз икки узун ракъат бўлиб, ҳар бир ракъатда икки рукуъ сўнгра икки сажда бўлади.
    4. Намоздан кейин имом одамларга ваъз қилади.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962