125. Шариатимиз қайтарган баъзи ишлар

    Бир пой оёқ кийимда юришдан қайтарганлари:

    عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «قَالَ لا يَمْشِ أَحَدُكُمْ فِي نَعْلٍ وَاحِدَةٍ لِيُنْعِلهُمَا جَمِيعًا أَوْ لِيَخْلَعْهُمَا جَمِيعًا» (متفق عليه).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биронтангиз бир пой оёқ кийимда юрмасин, ё иккаласини ҳам кийсин ё иккаласини ҳам ечиб қўйсин», дедилар.

    عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا انْقَطَعَ شِسْعُ (نَعْلِ) أَحَدِكُمْ فَلا يَمْشِ فِي الأُخْرَى حَتَّى يُصْلِحَهَا» (رواه مسلم).

    Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар биронтангиз оёқ кийимининг боғичи узилса, уни тўғрилаб олмагунича иккинчи пойининг ўзи билан юрмасин», деганлар.

    Азоб тушган диёрларга киришни тақиқлаганлари:

    عَنْ عَبْدِ اللَّهِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَمَّا مَرَّ بِالحِجْرِ (أي مدائن صالح) قَالَ: لا تَدْخُلُوا مَسَاكِنَ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَنْفُسَهُمْ إِلا أَنْ تَكُونُوا بَاكِينَ أَنْ يُصِيبَكُمْ مَا أَصَابَهُمْ» ثُمَّ تَقَنَّعَ بِرِدَائِهِ وَهُوَ عَلَى الرَّحْلِ (متفق عليه).

    Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Солиҳ алайҳис-саломнинг диёри бўлган) Ҳижрдан ўтганларида: «Ўзларига зулм қилган қавмлар диёрига фақат йиғлаган ҳолатдагина киринглар, токи уларга етган азоб сизларга ҳам етиб қолмасин» деб, маркаблари устида турган ҳолда чопонлари билан юзларини ўраб олдилар.

    Олов билан азоблашдан таъқиқлаганлари:

    عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ النَّارَ لا يُعَذِّبُ بِهَا إِلا اللَّهُ» (رواه البخاري).

    Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олов билан фақат Аллоҳ таоло азоблайди», дедилар.

    عَن ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما عَن النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لا تُعَذِّبُوا بِعَذَابِ اللَّهِ» (رواه البخاري).

    Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг азоби (яъни, ўтда куйдириш) билан азобламанглар», дедилар.

    Шарҳ:

    Шариатимиз бизларни айрим ишлардан қайтарганки, бунинг ҳикмати ва манфаатларидан баъзисини биламиз, кўпини билмаймиз. Бироқ мусулмон киши бунинг остида бўлган ҳикматини билгани учун эмас, балки Аллоҳ ва Расулига бўйсунгани учун бу тақиқларга амал қилади. Зеро, шариатда бирон буйруқ ёки қайтариш келган бўлса дарҳол бўйсуниш вожиб, чунки Аллоҳ таоло Ахзоб сурасининг 36-оятида шундай дейди: «Аллоҳ ва унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилган-буюрган вақтида бирон мўъмин ва мўъмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озибди».

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
    1. Бир пой оёқ кийим билан юриш макруҳ.
    2. Солиҳ алайҳис-саломнинг диёрига ўхшаш азоб тушган диёрларга кириш мумкин эмас, аммо шундай ўриндан ўтиш зарур бўлиб қолса, ибрат олган ҳолда, йиғлаб ўтилади.
    3. Олов билан азоблаб бўлмайди.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962