Бизга боғланинг
126. Болалар тарбиясига оид пайғамбарлик йўлланмалари
Отанинг фарзандлари устидаги масъулияти ва уларга бепарво бўлиб қолмаслигининг лозимлиги
Аллоҳ таоло “Таҳрим” сурасининг 6-оятида шундай дейди:
«يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالحِجَارَةُ»
«Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз».
“Тағобун” сурасининг 15-оятида эса:
«إِنَّمَا أَمْوَالُكُمْ وَأَوْلادُكُمْ فِتْنَةٌ»
«Сизларнинг мол-мулкларингиз ва бола чақаларингиз фақат бир фитна – имтиҳондир, холос».
عَن عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما : سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقولُ: «كُلُّكُمْ رَاعٍ وَكُلُّكُمْ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ الإِمَامُ رَاعٍ وَمَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ وَالرَّجُلُ رَاعٍ فِي أَهْلِهِ وَهُوَ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ وَالمَرْأَةُ رَاعِيَةٌ فِي بَيْتِ زَوْجِهَا وَمَسْئُولَةٌ عَنْ رَعِيَّتِهَا وَالخَادِمُ رَاعٍ فِي مَالِ سَيِّدِهِ وَمَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ وَكُلُّكُمْ رَاعٍ وَمَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ» (متفق عليه).
Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз. Имом раҳбар ва у ўз раиятидан масъулдир. Эркак киши ўзининг оиласида раҳбар ва у ўз раиятидан масъулдир. Аёл киши эрининг уйида раҳбар ва у ўз раиятидан масъулдир. Хизматчи хожасининг мол-мулкида раҳбар ва у ўз раиятидан масъулдир. Ҳар бирингиз раҳбар ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз.»
عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقولُ: «مَا مِنْ عَبْدٍ يَسْتَرْعِيهِ اللَّهُ رَعِيَّةً يَمُوتُ يَوْمَ يَمُوتُ وَهُوَ غَاشٌّ لِرَعِيَّتِهِ إِلا حَرَّمَ اللَّهُ عَلَيْهِ الجَنَّةَ» (رواه مسلم).
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деяётганларини эшитдим: «Аллоҳ таоло қайси бандани бир жамоатга раҳбар қилса-ю, лекин бу киши жамоатига хиёнат қилиб ўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатни ҳаром қилади.»
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «إِذَا مَاتَ الإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلا مِنْ ثَلاثَةٍ إِلا مِنْ صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ أَوْ عِلمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ» (رواه مسلم).
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Инсон вафот этса, унинг барча амаллари тўхтайди, фақат учта амалидан (савоб етиб туради): Садақаи жория ёки фойдаланиб туриладиган илм ёки унга дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан», дедилар.
Шарҳ:
Фарзандлар ва уларнинг тарбияси оталар бўйнига юклатилган катта омонат бўлиб, улар ҳақида оталар қиёматда жавобгар бўладилар. Шунинг учун ҳам фарзандларини Аллоҳ таоло хоҳлагандай тарбиялаб, парваришлаш оталарнинг асосий вазифаси бўлмоғи керак. Фақатгина едириб-ичириш, кийинтириш билан кифояланиб, уларнинг тарбиясидан бепарво қолиш дунёда надомат ва пушаймонликка сабаб бўлса, охиратда эса бу буюк омонатни зое қилган оталарнинг оғир азобларга гирифтор бўлишларига сабабдир.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Фарзандлар оталар қўлидаги омонат бўлиб, уларнинг тарбияси ҳақида охиратда сўраладилар.
- Фарзандлар тарбиясига бепарво бўлиш дунё ва охиратда надоматга сабаб бўлади.
- Фарзандларни яхши тарбиялаб, солиҳ инсон қилиб етиштириш оталарнинг дунё ва охиратларига манфаатлидир.