Бизга боғланинг
134. Сафар одоблари ва суннатлари (1)
عَنْ كَعْبِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَرَجَ يَوْمَ الخَمِيسِ فِي غَزْوَةِ تَبُوكَ وَكَانَ يُحِبُّ أَنْ يَخْرُجَ يَوْمَ الخَمِيسِ (رواه البخاري).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук жангига пайшанба куни йўлга чиқдилар. Сафарга пайшанба куни чиқишни яхши кўрар эдилар.
عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِي الوَحْدَةِ مَا أَعْلَمُ مَا سَارَ رَاكِبٌ بِلَيْلٍ وَحْدَهُ») (رواه البخاري).
Имом Бухорий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар одамлар ёлғизликда бўладиган нохушликлардан мен билган нарсани билганларида эди, бирон киши кечаси ёлғиз (сафарда) юрмаган бўлар эди», дедилар.
عن عبد الله بن عمرو رضي الله عنهما: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «الرَّاكِبُ شَيْطَانٌ وَالرَّاكِبَانِ شَيْطَانَانِ وَالثَّلاثَةُ رَكْبٌ» (رواه الترمذي).
Имом Абу Довуд ва имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ёлғиз мусофир битта шайтон, икки мусофир икки шайтон бўлади. Учта одам (ҳамсафар бўлса) жамоъат бўлади», дедилар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «إِذَا كَانَ ثَلاثَةٌ فِي سَفَرٍ فَليُؤَمِّرُوا أَحَدَهُمْ» (رواه أبو داود).
Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар уч киши сафарда бўлса, ичларидан биттасини бошлиқ қилиб олсинлар», дедилар.
Шарҳ:
Сафарнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган ўзига хос одоб ва суннатлари бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайшанба куни сафар қилишни яхши кўрар эдилар ва ёлғиз сафарга чиқишдан қайтариб, сафарга ҳамроҳ билан чиқишга буюрганлар. Агар жамоат бўлиб сафарга чиқилса ихтилофлардан узоқ бўлиш ва ҳамманинг гапи бир жойдан чиқиши учун ўзларига ораларидан бир кишини бошлиқ қилиб олишга буюрар эдилар. Юқоридаги «Ёлғиз мусофир битта шайтон, икки мусофир икки шайтон бўлади.» ҳақида ҳадис шарҳловчилар турли фикрларни билдирганлар, жумладан “сафарга учдан кам одам чиқишидан қайтарилди, қайтариқни қилган одам шайтонга итоат қилган бўлади. Ким унга итоат қилса гўёки у ҳам шайтондир. Баъзи ривоятларда шайтон бир ёки икки кишига бемалол ҳамла қила олади улар уч киши бўлиб қолишса бундай қила олмайди.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Сафарга пайшанба куни чиқиш мустаҳаб.
- Ёлғиз сафар қилишдан қайтарилган.
- Сафарда жамоат ичидан бир кишини бошлиқ қилишга буюрилган.