Бизга боғланинг
137. Кофирларга ўзини ўхшатиш
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا : أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «لَيْسَ مِنَّا مَنْ تَشَبَّهَ بِغَيْرِنَا» (رواه الترمذي).
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзини биздан бошқаларга ўхшатган киши биздан эмас», дедилар.
عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ تَشَبَّهَ بِقَوْمٍ فَهُوَ مِنْهُمْ» (رواه أبو داود).
Имом Абу Довуд Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, у ўша қавмдан», дедилар.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقولُ: «الأَرْوَاحُ جُنُودٌ مُجَنَّدَةٌ فَمَا تَعَارَفَ مِنْهَا ائْتَلَفَ وَمَا تَنَاكَرَ مِنْهَا اخْتَلَفَ» (رواه البخاري).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Руҳлар – жинсларга бўлингандир. (жамланган лашкарлардир.) Улар ичидан жинси бир-бирига мос келгани (таниганлари) улфатлашади, мос келмагани (танимаганлари) бир-бири билан чиқиша олмайди (юз ўгириб кетади)», деганларини эшитганман.
Шарҳ:
Мусулмон кишининг бошқалардан ажралиб турадиган шахсияти бор. Аллоҳ таоло мусулмон кишини мушрик ва кофирлардан ажралиб туришини хоҳлаган. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрик ва кофирларга ўзини ўхшатишдан қаттиқ қайтарганлар. Кўп ўринларда уларга хилоф иш қилишга буюрганлар ва ташқи кўринишларда ҳам уларга мутлақо эргашмасликка буюрганлар. Бу масала бугунги кунда – айниқса ёшларимиз бошқа миллатларга ҳамма томонлама кўр-кўрона эргашиб кетаётган бир кунда – долзарб мавзулардан бирига айланиб қолди. Маҳалла имомлари, оқсоқоллар ва ҳар бир ота-она бу мавзуга жиддий эътибор беришмаса тез кунда динидан узоқ, бошқа миллатларга эргашган бир авлод етишиб чиқади.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Мусулмон киши ўзини мусулмон бўлмаган миллатларга ўхшатиш ҳаром.
- Ўзини ғайридинларга ўхшатиш уларнинг динига киришга сабаб бўлгани учун, бу амал гуноҳи кабиралардан ҳисобланади.
- Ўзини бошқаларга ўхшатиш деганда уларга ўхшаб кийиниш, муомала қилиш, юриш-туришда ёки одатларда ва шунга ўхшаш нарсаларда уларга тақлид қилиш киради.
- Булардан ҳам хатарлироғи ўзга миллатлар билан фахрланиш ёки уларга ўхшашни орзу қилишдир.