Бизга боғланинг
153. Касалликлар ва уларнинг гуноҳларга каффорат бўлиши ҳақида
وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «مَا يُصِيبُ المُسْلِمَ مِنْ نَصَبٍ وَلا وَصَبٍ وَلا هَمٍّ وَلا حُزْنٍ وَلا أَذًى وَلا غَمٍّ حَتَّى الشَّوْكَة يُشَاكُهَا إِلا كَفَّرَ اللَّهُ بِهَا مِنْ خَطَايَاهُ» (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон кишига етган машаққат, касаллик, ғам-ташвиш, ҳафагарчилик, азият, ҳатто баданига кирган бир тикан сабабли ҳам Аллоҳ таоло унинг гуноҳларидан ўчиради», дедилар.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: أَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي مَرَضِهِ وَهُوَ يُوعَكُ وَعْكًا شَدِيدًا وَقُلتُ إِنَّكَ لَتُوعَكُ وَعْكًا شَدِيدًا قُلتُ إِنَّ ذَاكَ بِأَنَّ لَكَ أَجْرَيْنِ قَالَ: «أَجَلْ، مَا مِنْ مُسْلِمٍ يُصِيبُهُ أَذًى إِلا حَاتَّ اللَّهُ عَنْهُ خَطَايَاهُ كَمَا تَحَاتُّ وَرَقُ الشَّجَرِ» (متفق عليه).
Муттафақун алайҳ ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига беморлик пайтларида бордим, у зот қаттиқ иситмалаб ётган эканлар. Мен: «Сиз иситмада куйиб-ёняпсиз, сизга бунинг учун икки карра ажр бўлар», дедим. «Ҳа шундай, қай бир мусулмон кишига бирон азият етса, шу сабабли Аллоҳ унинг гуноҳларини худди дарахтнинг барглари тўкилгани каби тўкиб юборади», дедилар.
عَن جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ دَخَلَ عَلَى أُمِّ السَّائِبِ فَقَالَ: «مَا لَكِ يَا أُمَّ السَّائِبِ تُزَفْزِفِينَ؟» قَالَتْ الحُمَّى لا بَارَكَ اللَّهُ فِيهَا، فَقَالَ: «لا تَسُبِّي الحُمَّى فَإِنَّهَا تُذْهِبُ خَطَايَا بَنِي آدَمَ كَمَا يُذْهِبُ الكِيرُ خَبَثَ الحَدِيدِ» (رواه مسلم).
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Соибнинг олдига кириб: «Сизга нима бўлди эй Умму Соиб, қалтираяпсиз?» дедилар. «Қуриб кетгур иситма», деди. «Иситмани сўкманг, чунки у одамзотнинг гуноҳларини худди темирчининг босқони темирнинг зангини кетказганидек кетказади», дедилар.
Шарҳ:
Аллоҳ таоло ўзининг раҳмати туфайли мусулмон кишига бу дунёда етган касаллик, мусибат каби нарсаларни унинг гуноҳларига каффорат қилиб қўйди. Мусулмон кишига етган ҳар бир мусибат – агар унга сабр қила олса – Аллоҳ таоло тарафидан унга бўлган неъматдир.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Инсон ўзига етган касаллик ва мусибатларга сабр қилиши лозим.
- Агар сабр қилиб, савоб умид қилса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади.
- Бандаларининг гуноҳларини мана шундай нарсалар сабабли каффорат қилиб туриши Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматидандир.