155. Алдоқчиликдан огоҳлантириш

    عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ عَلَى صُبْرَةِ طَعَامٍ فَأَدْخَلَ يَدَهُ فِيهَا فَنَالَتْ أَصَابِعُهُ بَلَلاً فَقَالَ: «مَا هَذَا يَا صَاحِبَ الطَّعَامِ؟» قَالَ أَصَابَتْهُ السَّمَاءُ يَا رَسُولَ اللَّهِ، قَالَ: «أَفَلا جَعَلتَهُ فَوْقَ الطَّعَامِ كَيْ يَرَاهُ النَّاسُ، مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّي» (رواه مسلم)

    Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам озиқ-овқат (дон-дун маҳсулоти) уюми ёнидан ўтиб кетатуриб, қўлларини унинг ичига тиққан эдилар, бармоқлари намликни ҳис қилди. Шунда: – «Бу нимаси, эй дон соҳиби?!», дедилар.

    У: – «Ёмғир ёғиб қўйганди, ё Расулуллоҳ», деди.

    – «Одамлар кўрадиган қилиб устига чиқариб қўймабсан-да! Ким алдаса, мен(инг умматим)дан эмасдир», дедилар.

    عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «مَنْ حَمَلَ عَلَيْنَا السِّلاحَ فَلَيْسَ مِنَّا وَمَنْ غَشَّنَا فَلَيْسَ مِنَّا» (رواه مسلم).

    Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизга қурол кўтарса, у биздан эмас. Ким бизни алдаса, у биздан эмас», дедилар.

    عَنْ تَمِيمٍ الدَّارِيِّ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «الدِّينُ النَّصِيحَةُ» قُلنَا لِمَنْ؟ قَالَ لِلَّهِ وَلِكِتَابِهِ وَلِرَسُولِهِ وَلِأَئِمَّةِ المُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ (رواه مسلم)

    Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дин – насиҳат (холислик)дир» дедилар. «Ким учун, ё Расулуллоҳ?» – деб сўраган эдик, «Аллоҳ учун, Унинг китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун», деб жавоб бердилар.

    Шарҳ:

    Мусулмонларга нисбатан самимий муносабатда бўлиш вожиб ва у диннинг асосларидан. Олди-сотди ёки бошқа муомалаларда уларни алдаш катта гуноҳлардан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ёмон иллатдан огоҳлантириб, мусулмонларни алдаган одам мусулмон бўлмаслигини айтганлар.

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
    1. Мусулмонларни алдаш ҳаром ва гуноҳи кабиралардан.
    2. Мусулмонларга нисбатан холис бўлиш ва уларга яхшилик исташ вожиб.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963