17. Етимнинг ҳаққи

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Етимнинг молига то вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билан яқинлашингиз!» (Анъом: 152).

    «(Вояга етганларидан кейин қўл остингиздаги) етимларга молларини берингиз ва сиз учун нопок бўлган (етимларнинг молларини ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган) пок нарсага алмаштириб олмангиз! Ва уларнинг молларини ўзингизнинг молингизга қўшиб емангиз! Зеро, бу катта гуноҳ бўлган ишдир» (Нисо: 2).

    «Сиздан етимларнинг (моллари) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизни) уларнинг (моллари) билан қўшиб юборсангиз (зарари йўқ). Зеро, улар биродарларингиздир: Аллоҳ ким бузғунчи, ким ўнгловчи ислоҳ қилувчи эканини билади. Агар истаса, сизларни машаққатга солган бўлур эди. Албатта Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Бақара: 220).

    «Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар!» (Нисо: 10).

    «Йўқ! Аксинча, сизлар етимни иззат-икром қилмайсизлар! Мискин-бечорага таом беришга ҳам бир-бирларингни тарғиб қилмайсизлар!» (Вал-фажр: 17,18).

    «Бас энди сиз ҳам етимга қаҳр қилманг! Сўровчи гадони эса (бирон нарса бермасдан) ҳайдаманг!» (Ваз-зуҳа: 9,10).

    «Бас, бу етим-есирни (қўполлик билан) ҳайдаб соладиган ва (кишиларни) мискин-бечорага таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир» (Моъун: 2,3).

    Етимнинг молини зулм ва тажовуз билан ейиш еттита катта ва ҳалок қилувчи гуноҳлардан биридир

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!» «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар (Муттафақун алайҳ).

    Муслим ривоятида: «етимнинг молини ейиш, судхўрлик» деб, етимнинг молини ейишни судхўрликдан аввал қўйилган.

    Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Хурсанд бўлингиз, хурсанд бўлингиз! Кимки беш вақт намоз ўқиса ва гуноҳи кабиралардан – ота-онага оқ бўлиш, Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, одам ўлдириш, покиза аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш, етимнинг молини ейиш, жанг пайтида ортга қочиш, судхўрликдан – сақланса, жаннатнинг истаган эшигидан киради» (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3451).

    Умайр ибн Қатода ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Гуноҳи кабиралар тўққизта: энг каттаси ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, покиза аёлни туҳматлаш, жангдан қочиш, ота-онага оқ бўлиш, тириклигингизда ҳам, ўлганингизда ҳам қиблангиз бўлмиш ал-Байтул-Ҳаромнинг ҳурматини поймол қилиш» (Абу Довуд ва бошқалар ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 4605).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Аллоҳим, мен икки заифнинг – етимнинг ва аёл кишининг ҳаққини (зое қилишни) оғир санайман» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 2967).

    Етимнинг кафили камбағал бўлса, у ўз қарамоғига олиб парвариш қилаётган етимнинг молидан яхшилик ва инсоф билан хизмат ҳақи сифатида ейиши мумкин

    Урва ибн Зубайрдан ривоят қилинади: У Оиша розияллоҳу анҳонинг шундай деганини эшитган экан: «(Етимни оталиққа олган киши) агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин. Бордию камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни қилган хизматига яраша) олиб есин» (Нисо: 6) ояти етимнинг уни парвариш қилиб, молини ислоҳ қилиб турувчи волийси ҳақида нозил бўлган, агар у камбағал бўлса, ундан яхшилик билан ейди» (Муттафақун алайҳ).

    Муслим ривоятида: «Етимнинг молини бошқариб, ислоҳ қилиб турувчи волийси ҳақида нозил бўлган, агар муҳтож бўлса, ундан ейиши мумкин».

    Бир ривоятда: «Агар муҳтож бўлса, эҳтиёжига яраша унинг молидан яхшилик билан олиши мумкин».

    Етимликнинг чек-чегараси ва муддати

    Аллоҳ таоло айтади: «Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар. У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар» (Нисо: 6).

    Зайёл ибн Убайддан ривоят қилинади: Бобом Ҳанзаланинг шундай деганини эшитганман: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эҳтилом (балоғат) ёшидан сўнг етимлик йўқдир, қиз бола ҳайз кўргач, етим бўлмайди», дедилар (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3180).

    Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эҳтилом ёшидан сўнг етимлик йўқ» (Абу Довуд ва бошқалар ривояти, Албоний «Ал-ирвоъ»да (1244) саҳиҳ санаган).

    Ибн Аббосдан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: «Ёш бола эҳтилом ёшига етса, ундан етимлик кетади» (Аҳмад ривояти, Албоний «Ал-ирвоъ»да (1244) саҳиҳ санаган).

    Имом Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилиб келтирган ҳадисда: «То балоғатга етмагунича ва рушд (эс-ҳушини топиш) билинмагунича ундан етимлик номи узилмайди».

    Етимни ўз кафиллигига олиб, уни парвариш ва тарбия қиладиган кишига етадиган ажру савоблар ва фазилатлар ҳақида

    Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ва етимни кафилликка олган киши жаннатда мана бундай турамиз» деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилдилар ва улар ўртасини бироз очдилар (Бухорий ривояти).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хоҳ ўзига, хоҳ бошқага қарашли етимни кафолатига олган одам мен билан жаннатда мана бундай туради», дедилар. Ровий шундай деб, кўрсаткич ва ўрта бармоғига ишора қилди (Муслим ривояти).

    Имом Аҳмад келтирган ривоятда: «Хоҳ ўзига, хоҳ бошқага қарашли етимни кафолатига олган одам агар Аллоҳдан тақво қилса, мен билан жаннатда мана бундай туради».

    Бишр ибн Ақраба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Отам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлган ғазотлардан бирида шаҳид бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғлаётган ҳолимда менинг ёнимдан ўтиб қолдилар ва: «Тинчлан, мен отанг, Оиша эса онанг бўлишига рози бўлмайсанми?», дедилар (Бухорий «Ат-тарих»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3249).

    Молик ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким мусулмон ота-она ўртасида туғилган бир етимни емак-ичмагига то ундан беҳожат бўлгунича қўшса, унга жаннат вожиб бўлади» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 1895).

    Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу мол кўзни яшнатувчи, тотли нарсадир. У (яъни мол) ундан мискин, етим ва мусофирларга берадиган мусулмон кишининг нақадар яхши дўстидир. Ким уни ноҳақ олса, худди еб тўймайдиган одамга ўхшаган бўлади ва у қиёмат куни унинг зиёнига гувоҳ бўлади» (Муттафақун алайҳ).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бева-бечора учун саъй-ҳаракат қилувчи киши Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчи, тунлари тўхтовсиз намозда қоим бўлувчи ва давомий рўза тутувчи киши кабидир» (Муттафақун алайҳ).

    Абу Бакр ибн Ҳафсдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд овқатланганида дастурхонида албатта етим бўлар эди» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 103).

    Етимга раҳм-шафқат кўрсатиш билан диллар юмшаб, ҳожатлар раво бўлади

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дили қаттиқлигидан шикоят қилган эди, у зот: «Дилинг юмшашини истасанг, мискинга таом бер ва етимнинг бошини сила», дедилар (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 854).

    Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Етимни ўзингга яқинлаштир, унга меҳр кўрсат, бошини сила, таомингдан едир, мана шу дилингни юмшатиб, ҳожатингни раво қилади» (Хароитий «Макоримул-ахлоқ»да, Ибн Асокир ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 250).

    Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бир киши қалби қотиб қолаётганидан шикоят қилиб келган эди, унга: «Қалбинг юмшаб, ҳожатингга етишни истайcанми? Етимга меҳрибонлик қилиб, бошини cила, таомингдан едир, шунда қалбинг юмшаб, ҳожатингга эришаcан!», дедилар (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 80).

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Парвардигор! Мени мискин ҳолда яшаттириб, мискин ҳолда вафот эттиргин, қиёмат куни маҳшарда мискинлар жамоасида қилгин», дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо: «Нима учун, ё Расулуллоҳ?» деб сўраган эдилар, «Улар жаннатга бойлардан қирқ йил аввал кирадилар. Эй Оиша, мискинни яримта хурмо билан бўлса-да қуруқ қайтарманг. Эй Оиша, мискинларни яхши кўринг, уларни ўзингизга яқин тутинг, қиёмат куни Аллоҳ сизни Ўзига яқин қилади», дедилар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 1916).

    Аллоҳ таолодан қалбларимизни фақир-мискинларга, заиф-бечораларга, хусусан етимларга раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват билан тўлдиришини, уларга нисбатан зиммамизда бўлган вазифаларни адо этишимизга Ўзи ёрдам беришини, бизни мискинларни яхши кўрадиган кишилардан қилишини, қиёмат куни мискинлар билан ва улар жамоасида тургизишини сўраймиз. Зеро, У Эшитувчи, Яқин ва Ижобат қилувчи Зотдир.

    Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар йўлласин.

    * * *

    Етим – отаси вафот этган ва ҳали балоғат ёшига етмаган боладир. Аслида болани парвариш қилиш, бошқариш ва унинг нафақаси фақат отанинг зиммасида бўлади. Отаси валийлик, бошқарув ва нафақа қилиш шартларини йўқотган бўлса, яъни ақлидан айрилган, молни тасарруф қила олмайдиган мажнун бўлса ёки болаларини умуман парвариш қилишга қодир бўлмайдиган оғир касал бўлса, бундай бола ҳам етимлар қаторида саналади. Шунингдек, ота-онаси ва насл-насаби маълум бўлмаган ташландиқ бола ҳам етим қаторидадир. Бундай боланинг бошидаги бало отасини йўқотган етимнинг балосидан қаттиқроқ, уни риоя ва парвариш қилиш бошқалардан кўра ҳам зарурроқдир. Аллоҳ таоло айтади: «Энди агар уларнинг оталарини билмасангизлар, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир» (Аҳзоб: 5).

    Ҳадисда айтилган
    оталикдан мурод – парвариш, эътибор, меҳр-муҳаббат кўрсатиш ва яхшилик қилиш
    маъносидаги оталикдир. Асранди ўғил қилиб олиш маъносидаги оталик эмас. Бундай
    қилишни ҳаром қилувчи оят нозил бўлган.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962