18.2 Молнинг мулкдор зиммасидаги ҳақлари

    Закот бериш лозим бўлмаган ёки закот нисобига
    етмаган моллардан яхшилик йўлларига, Аллоҳнинг розилигини истаб инфоқ ва эҳсон
    қилишнинг фазилати

    Аллоҳ таоло айтади:

    «(У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик килувчиларни севади» (Оли Имрон: 134).

    «Сўровчи гадони эса (бирон нарса бермасдан) ҳайдаманг!» (Ваз-зуҳа: 10).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар тонг икки фаришта (осмондан) тушадилар. Улардан бири: «Эй Аллоҳим, инфоқ-эҳсон қилувчига эваз бергин», дейди. Иккинчиси: «Эй Аллоҳим, мумсик-бахилга талафот бергин», дейди» (Муттафақун алайҳ).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло айтади: Эй одамзот, инфоқ қил, Мен сенга инфоқ қиламан» (Муттафақун алайҳ).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар менда Уҳуд тоғича тилла бўлса, уч кечага қолмай ҳузуримда ундан – қарз тўлаш учун олиб қўйган нарсадан бошқа – бирон нарса қолмаслиги мени хурсанд қилган бўларди» (Муттафақун алайҳ).

    Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг олдимда мана бу Уҳуд тоғича тилла бўлиб, уч кун ўтиб ундан – қарз узишга олиб қўйган динордан бошқа – бирон динор қолган бўлишини истамаган бўлар, Аллоҳнинг бандалари ичида мана бундай қилиб сочиб юборишни истар эдим» деб қўлларини ҳовуч қилиб, ўнг томонларига ва чап томонларига сочдилар (Муттафақун алайҳ).

    Убайдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: Менга Абу Зар дедилар: «Эй жиян, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга, у зотнинг қўлларидан тутиб турган эдим, менга шундай дедилар: «Эй Абу Зар! Уҳуд тоғича тилла ва кумуш меники бўлиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ қилиб, ўлаётган пайтимда ундан бир қийрот қолдириб кетишни истамас эдим». «Ё Расулуллоҳ, бир қинтор (эмасми?)», дедим. «Эй Абу Зар, мен озайтирмоқчи бўлсам, сен кўпайтирмоқчи бўласан?! Мен охиратни истасам, сен дунёни истайсан?! Бир қийрот! Бир қийрот! Бир қийрот!» деб такрорладилар (Баззор «Муснад»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3491).

    Асмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга айтдилар: «Инфоқ-эҳсон қилинг. Санамангки, Аллоҳ ҳам сизга (ризқни ёки молни) саноқли қилиб қўяди. (Молингизни инфоқ қилмасдан олиб қўйиш мақсадида) идишга жойламангки, Аллоҳ ҳам идишга жойлаб қўяди (яъни молни сиздан тўсиб қўяди). Оз бўлса ҳам қўлингиздан келганича садақа қилинг» (Муттафақун алайҳ).

    Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй одамзот, (эҳтиёждан) ортиқча молни инфоқ қилишинг ўзинг учун яхшидир, (инфоқ қилмай) ушлаб қолишинг ўзинг учун ёмондир, (оилангга) етарли нарсани (ушлаб туришингга) айб-маломат қилинмайсан, (инфоқни) ўз қарамоғингда бўлган кишилардан бошла» (Муслим ривояти).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, қайси бир садақанинг ажри улуғроқ бўлади?» деб сўради. «Танинг соғ, бахил бўлган ҳолингда, камбағалликдан қўрқиб, бой бўлишни орзу қилган ҳолингда садақа қилишинг ва (садақа қилишни) ортга сурмаслигинг, жон ҳалқумга етган пайтда: «Фалончига шунча, фалончига шунча» дейсан, энди у фалончиники (яъни ворисники) бўлган бўлади», дедилар (Муттафақун алайҳ).

    Буср ибн Жаҳҳош ал-Қураший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (бир куни кафтларига туфлаб, унга кўрсаткич бармоқларини қўйдилар ва) айтдилар: «Аллоҳ таоло айтади: Эй одамзот, сен мени қандай қилиб ожиз қолдира олардинг, ҳолбуки Мен сени мана бу каби нарсадан яратдим, Мен қадди-қоматингни расо қилиб қўйгач, иккита бурдага (кийимга) ўралиб (гердайиб) юрдинг, ернинг ҳам сендан шикоят-оғриқи бор, (мол-дунёни) жамғардинг, (закоту садақотини) бермадинг, жон ҳалқумга етган пайтда: «садақа қиламан» дейсан, садақа қилиш вақти аллақачон ўтган бўлади!» (Ибн Можа, Ҳоким, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1143).

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Талҳа Мадинада ансорлар ичида энг хурмоси кўп киши эди. Унинг энг суюмли мулки Байруҳо номли боғи бўлиб, у масжид рўпарасида жойлашган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга кириб, ширин сувидан ичиб турар эдилар. «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз» (Оли Имрон: 92) ояти нозил бўлгач, Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таборака ва таоло: «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз» демоқда. Менинг энг суюкли мулким Байруҳо эди. У Аллоҳ учун садақа, мен унинг яхшилигини ва ажрини Аллоҳ ҳузуридан умид қиламан. Ё Расулуллоҳ, уни сиз Аллоҳ кўрсатган ўринга сарфланг», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бай-бай, бу фойда келтирувчи (яъни ажру-савоби мўл) мол, бу фойда келтирувчи мол! Сўзларингизни эшитдим ва мен уни қариндошларингизга (тақсим) қилишингизни маслаҳат бераман», дедилар. Абу Талҳа: «Хўп бўлади, ё Расулуллоҳ», деди ва уни яқинлари ва амакиваччаларига бўлиб берди (Муттафақун алайҳ).

    Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Улар қўй сўйишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўй гўштидан қолдими?» деб сўрадилар. «Фақат кураги қолди», дедилар. «Курагидан бошқа ҳамма жойи қолибди», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Термизий, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2544).

    Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Зулмдан сақланинглар! Чунки, зулм қиёмат кунидаги кўп зулматлардир. Бахилликдан сақланинглар! Чунки, сизлардан аввалгиларни бахиллик ҳалок қилди, уларни қонларини тўкишга ва ҳаромларини ҳалол санашга олиб борди» (Муслим ривояти).

    Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига бордим, у зот Каъбанинг соясида ўтирган эдилар. Менга кўзлари тушгач: «Каъбанинг Роббига қасамки, улар зиёнкорлардир», дедилар. Мен: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, улар деганингиз кимлар?», деб сўрадим. «Улар мол-дунёси кўп одамлар, фақат олдиларига, орқаларига, ўнг ва чап томонларига мана бундай, мана бундай, мана бундай қилганлари (яъни бериб-бериб инфоқ-эҳсон қилганлари) бундан мустасно, бироқ улар жуда оз», дедилар (Муттафақун алайҳ).

    Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Садақа ўз эгаларидан қабр ҳароратини сўндиради, мўмин киши қиёмат куни фақат ўз садақасининг сояси билан сояланади» (Табароний «Ал-муъжам ал-кабир»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3484).

    Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Махфий садақа Парвардигорнинг ғазабини сўндиради» Табароний ва бошқалар ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1908).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Етти киши борки, Аллоҳ Ўзининг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда уларни Ўз соясида соялантиради: Адолатли имом-халифа; Парвардигорининг ибодатида улғайган йигит; қалби масжидларга боғланган киши; Аллоҳ йўлида дўстлашган, Унинг йўлида бирлашиб, Унинг йўлида ажрашувчи икки киши; мансабдор ва соҳибжамол аёл ўзига чорлаганда: «Мен Аллоҳдан қўрқаман», деган киши; махфий ҳолда садақа берган, ҳатто ўнг қўли берганини чап қўли билмаган киши; Аллоҳни холий зикр қилиб, кўзёши тўккан киши» (Муттафақун алайҳ).

    Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда бирга бўлганимда у зот: «Сизни яхшилик эшикларига йўллаб қўймайми?», дедилар. «Ҳа, (йўллаб қўйинг) ё Расулуллоҳ», дедим. «Рўза қалқон, садақа гуноҳни худди сув ўтни ўчирганидек ўчиради», дедилар. (Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ ҳадис деган, Саҳиҳут-тарғиб: 868).

    Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Сизлардан кимки, яримта хурмо (садақа қилиш) билан бўлса-да, дўзахдан тўсинишга қодир бўлса, шундай қилсин» (Муслим ривояти).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолнинг олдига кирдилар, унинг олдида бир уюм хурмо бор эди. «Бу нима, эй Билол?», дедилар. «Эртанги кун учун жамғариб қўйдим», деди Билол. «Эртага қиёмат куни жаҳаннам ўтида унинг асарини кўришдан қўрқмайсизми?! Инфоқ қилинг эй Билол, Арш соҳибидан сизга камбағаллик етиб қолишидан хавф қилманг!» (Мишкотул-масобийҳ: 1885, Албоний саҳиҳ деган).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ансорлардан бир кишининг жанозаси олиб келинди. Унга намоз ўқигач: «Нима мерос қолдирди?» деб сўрадилар. «Икки ё уч динор қолдирди», дейишди. «Икки ё уч (марта ўтда) куйдиришни қолдирибди», дедилар (Ибн Аби Шайба «Мусаннаф»да ва Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3483).

    Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло баъзи кишиларни бандаларга манфаатлар етказиб туришлари учун неъматлар (қобилият ва имкониятлар) билан хослаган бўлади. Модомики, ўша неъматларни сарф қилиб туришаркан, уларни унда мустаҳкам қилади. Агар ман қилишса улардан олиб қўйиб, бошқаларга бериб қўяди» (Ибн Абид-Дунё ва Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2617).

    Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ўзининг бир ер-мулкидаги омилига шундай деб ёзиб юборган экан: «Ортиқча сувингни ман қилма (яъни қизғанма), чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким ортиқча сувини ёки ортиқча ўт-ўланини ман қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни ундан Ўз фазли марҳаматини ман қилади», деганларини эшитганман» (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1422).

    Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмонлар уч нарсада: сувда, яйловда ва ўт-оловда шерикдирлар» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 2004).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч нарсадан ман қилинмайди: сув, ўт-ўлан (яйлов) ва ўт (олов)дан» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 2005).

    Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фақат ўз диндошларингизга садақа қилинглар», дедилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «Уларни ҳидоят қилиш Сизнинг зиммангизда эмас. Балки Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилади. Қандай яхшилик (мол) инфоқ-эҳсон қилсангизлар, ўзингиз учундир. Фақат Аллоҳ юзини истаб яхшилик инфоқ-эҳсон қилингиз! Қилган ҳар бир яхшилигингиз зулм қилинмаган ҳолида ўзингизга тўла-тўкис қайтарилади» (Бақара: 272) оятини нозил қилди. (Сўнг) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бошқа динлар аҳлига ҳам садақа қилаверинглар», дедилар[7] (Ибн Аби Шайба «Мусаннаф»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2766).

    Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ фазлу карам эгаларини яхши кўрувчи Соҳибкарамдир, сахийларни яхши кўрувчи Саховатпешадир, У олий хулқларни яхши кўради, тубан хулқларни ёмон кўради» (Ибн Асокир ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 1800).

    Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши жаннатга кириб, унинг эшигида шундай ёзувни кўрди: «Садақа ўн баробарича, қарз эса ўн саккиз баробарича (ажр билан мукофотланади)» (Табароний «Ал-муъжамул-кабир»да ва Байҳақий «Шуъабул-иймон»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3407).

    Садақа дуруст ва мақбул бўлиши учун покиза ва ҳалолдан топиб қилинган бўлиши шарт бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло пок Зот, фақат покиза нарсани қабул қилади.

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилинглар! Эҳсон қилиш учун улардан ўзингиз (га берилган тақдирда) кўз юмиб туриб оладиган паст-нопокларини танламангиз! Ва билингизки, албатта Аллоҳ беҳожат ва ҳамду санога лойиқ зотдир» (Бақара: 267).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй одамлар! Аллоҳ пок Зот, фақат покиза нарсаларни қабул қилади, Аллоҳ таоло пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам буюрди: «Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар!» (Муъминун: 51), «Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз покиза нарсалардан енглар» (Бақара: 172). Сўнг у зот узоқ йўл босиб, чангга беланган, қўлларини кўкка чўзиб: «Эй Парвардигорим, эй Парвардигорим!», деб дуо қилаётган, бироқ егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром бўлган ва ҳаром билан озиқланган киши ҳақида сўзлаб: «Унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!», дедилар (Муслим ривояти).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ҳаром мол жамғариб, ўшандан садақа қилса, бунда унга ажр бўлмайди, гуноҳи унинг бўйнига бўлади» (Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 880).

    Абут-Туфайл Омир ибн Восила ал-Киноний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ҳаромдан мол-дунё топиб, ундан қул озод қилса, силаи раҳм (қариндошларига яхшилик) қилса, бу иши унга гуноҳ бўлаверади» (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 1720).

    Қосим ибн Мухаймира розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким гуноҳ ишдан пул-мол топиб, у билан силаи раҳм қилса ё уни садақа қилса ё Аллоҳ йўлида инфоқ қилса, буларнинг ҳаммасини йиғиштирилиб, уни жаҳаннамга ташланади» (Абу Довуд ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 1721).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ҳалол-покдан топиб, бир дона хурмоча нарсани садақа қилса – Аллоҳ таоло фақат покиза нарсани қабул қилади – Аллоҳ таоло уни ўнг қўли билан қабул қилади, сўнг уни сизлардан бирингиз ўз тойчоғини ўстирганига ўхшаган ўз эгасига то тоғдек бўлгунича ўстириб беради» (Муттафақун алайҳ).

    Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида асо билан чиқиб келдилар. Биров бир бош ҳашаф (паст навли, яъни пишиб-етилмасдан туриб қуриб қолган пуч хурмо) илиб қўйган экан, (асолари билан) уни нуқиб туриб, дедилар: «Шу садақанинг эгаси агар хоҳласа бундан яхшироғини ҳам садақа қилган бўлар эди, бу садақанинг эгаси қиёмат куни ҳашаф ейди» (Насоий, Абу Довуд, Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 879).

    Олийҳиммат ва охират саодатини ўйлаган инсон ўзига фарз бўлган закот билангина кифояланмасдан, имкон қадар Аллоҳ ризоси учун ва Аллоҳ ҳузуридаги улуғ ажрлар талабида яхшилик йўлларида ихтиёрий (нафл) инфоқ-эҳсонлар ҳам қилиб туриши муносибдир.

    Қийрот – ярим дирҳам кумуш ёки бир олтин динорнинг ўндан бирига тенг. Қинторни баъзилар 1200 увқия олтинга, баъзилар 70000 мисқол олтинга, баъзилар 100 ратл олтинга тенг дейишган.

    Яъни, инфоқ-эҳсон ва садақа қилинган қисмининг ажри Аллоҳнинг ҳузурида боқийдир, қолгани, яъни кураги эса ейилиб йўқ бўлиб кетади.

    Садақанинг катта-кичиклиги ва фойдали асарларига қараб қиёмат куни унинг сояси ҳам катта-кичик бўлади. Ким қиёмат куни кўпроқ сояда бўлишни истаса, дунёда садақани кўпайтирсин.

    Шу ҳадисга кўра гуноҳ қилган мусулмон унинг ортидан садақа чиқариши керак. Садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради ва қалбдан гуноҳ асарини кеткизади. Хусусан махфий садақа, чунки у ихлосга яқинроқдир.

    Яъни, рўза мўминни шаҳват озорларидан ва унинг ҳаромга бўлган чақириғини ижобат қилишдан тўсади, сўнг у қиёмат куни уни дўзах азобидан сақлайди. Демак, рўза ҳар икки маънодаги қалқондир.

    Ҳадисдан тушуниладики, мусулмонлар бошқа динларга мансуб бўлган эҳтиёжманд ва қийналган кишиларга ёрдам ва кўмак кўрсатишлари, уларга инфоқ-эҳсон қилишлари жоиз, Аллоҳ розилигини истаб қилсалар бунинг учун ажрланадилар.

    Қарз берган киши қарздорига чиройли муомала қилса, сабр-тоқат қилса, керак бўлса тўлов вақтини узайтирса, қолаверса бу яхшилиги ортидан миннат ва озорни эргаштирмаса, шундагина унга ўн саккиз баробар ажр берилади ва бу ишининг ажри садақа қилганнинг ажридан юқори бўлади.

    Одатда кўпчилик молларининг орасига ҳаром муомала ва ҳаром тижоратдан аралашиб келиб қолган ҳаром молни садақа қилиб юборади. Биз уларга айтамизки, Аллоҳ таоло фақат ҳалол-покдан қилинган садақани қабул қилади. Ҳалолдан топилган бир дирҳамни садақа қилиш ўз эгаси учун ҳаромдан топилган ё ҳаром аралашган миллион динорни садақа қилгандан кўра баракалироқ ва Аллоҳ таолога суюмлироқдир.

    Ибн Касир тафсирида айтади: «Ибн Аббос айтади: Аллоҳ таоло молнинг покизаси ва яхшисидан инфоқ қилишга буюрди, паст ва нопокини садақа қилишдан қайтарди. Шунинг учун: «Эҳсон қилиш учун улардан ўзингиз (га берилган тақдирда) кўз юмиб туриб оладиган паст-нопокларини танламангиз!» деди. Яъни, ўша нарсани ўзингизга берилса, олишга оғриниб, кўз юмиб олардингиз. Шундай экан, Аллоҳ таоло ундан сизлардан кўра ҳам беҳожат, ўзингиз ёмон кўрадиган нарсани Аллоҳ таолога ажратманглар! Ҳалол молдан бурилиб, ҳаромни қасд қилиб, инфоқингизни ундан қилманглар!»

    Алий ибн Аби Талҳа «Ўзингиз (га берилган тақдирда) кўз юмиб туриб оладиган паст-нопокларини танламангиз!» ояти ҳақида Ибн Аббосдан нақл қилади: «Агар бировда сизнинг ҳаққингиз бўлса, сиз берган нарсадан кўра пастроқ нарсани олиб келса, ўзингиз берган яхши нарса ҳисобида қабул қилмайсиз, уни нуқсонли-оз санайсиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам: «кўз юмиб туриб оладиган» дейди, яъни ўзингиз учун бўлишига рози бўлмайдиган нарсани қандай қилиб Мен учун бўлишига рози бўласиз?!»

    Абдурраҳмон ас-Саъдий тафсирда айтади: «Аллоҳ таоло бандаларини тижоратларидан топган пулларидан ва ер ундириб-ўстирган дон-дун ва ҳосиллардан инфоқ қилишга ундамоқда. Бу эса тилла-кумуш, тижорат моллари ва ердан чиққан дон ва ҳосиллар закотини ўз ичига олади, бунинг ичига фарзу нафл садақалар барчаси кириб кетади. Аллоҳ таоло ушбулардан фақат покизаларини қасд қилишга, Аллоҳ йўлида садақа учун хабис – паст ва нопокларини қасд қилмасликка буюрди. Агар бировда ҳақлари бўлса, у ўшандай паст нарсани олиб келса, жирканиб ва кўз юмибгина қабул қилишлари мумкин бўлган нарсани инфоқ учун қасд қилмасликка буюрди. Садақа учун ўртача молни чиқариш вожиб, олийсини чиқариш камолдир, тубан-паст нарсани чиқариш мумкин эмас. Зеро, бу фарз ўрнини босмайди ва унда мукаммал ажру савоб ҳосил бўлмайди.»

    Паст навли хурмони
    садақа қилган одамга шунчалар қаттиқ ваъид бўлса, ҳаромдан топиб садақа қилган
    одам ҳақида нима дейиш мумкин?!

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963