Бизга боғланинг
190. Меҳр-мурувватли бўлиш ҳақида
Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 128- оятида пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида: «Барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар» деди, Фатҳ сураси 29- оятида мўминлар ҳақида: «Ўзаро бир-бирларига раҳм-шафқатлидирлар», деди.
عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لا يَرْحَمُ اللَّهُ مَنْ لا يَرْحَمُ النَّاسَ» (رواه البخاري)
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамларга раҳм қилмайдиган кишига Аллоҳ раҳм қилмайди» (Имом Бухорий ривояти).
عَنْ أُسَامَة بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ أَرْسَلَتْ ابْنَةُ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَيْهِ إِنَّ ابْنًا لِي قُبِضَ فَأْتِنَا فَأَرْسَلَ يُقْرِئُ السَّلامَ وَيَقُولُ: «إِنَّ لِلَّهِ مَا أَخَذَ وَلَهُ مَا أَعْطَى وَكُلٌّ عِنْدَهُ بِأَجَلٍ مُسَمًّى فَلْتَصْبِرْ وَلْتَحْتَسِبْ» فَأَرْسَلَتْ إِلَيْهِ تُقْسِمُ عَلَيْهِ لَيَأْتِيَنَّهَا فَقَامَ وَمَعَهُ سَعْدُ بْنُ عُبَادَةَ وَمَعَاذُ بْنُ جَبَلٍ وَأُبَيُّ بْنُ كَعْبٍ وَزَيْدُ بْنُ ثَابِتٍ وَرِجَالٌ فَرُفِعَ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الصَّبِيُّ وَنَفْسُهُ تَتَقَعْقَعُ فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ فَقَالَ سَعْدٌ يَا رَسُولَ اللَّهِ مَا هَذَا فَقَالَ: «هَذِهِ رَحْمَةٌ جَعَلَهَا اللَّهُ فِي قُلُوبِ عِبَادِهِ وَإِنَّمَا يَرْحَمُ اللَّهُ مِنْ عِبَادِهِ الرُّحَمَاءَ» (متفق عليه).
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир қизлари ўғли жон таслим қилаётганини айтиб, етиб келишларини сўраб у зот ҳузурларига одам юборди. У зот салом йўлладилар ва «Албатта, олгани ҳам, бергани ҳам Аллоҳнинг Ўзиники. Ҳар бир жон Унинг ҳузурида маълум муҳлат билан (белгиланган)дир. Сабр қилгин, Унинг ҳузуридаги ажру савобни умид этгин» деб айтиб юбордилар. Қизлари қасам билан: «Албатта келсинлар» деб айтиб юборди. Шундан сўнг у зот қўзғалдилар, Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бошқа кишилар ҳамроҳ бўлишди. Болани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларига берилди, у жон таслим қилиш ҳолатида эди. Шунда у зотнинг кўзларидан ёш қуйилди. Саъд: «Ё Расулуллоҳ, бу нимаси?» деган эди, «Бу Аллоҳ таоло бандаларининг қалбига ўрнатган раҳм-шафқатдир. Аллоҳ бандалари ичидан фақат раҳмдил кишиларгагина раҳм қилади», дедилар (Муттафақун алайҳ).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ أَبَا الْقَاسِمِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ «لا تُنْزَعُ الرَّحْمَةُ إِلاَّ مِنْ شَقِيٍّ» (أخرجه الترمذي).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Абулқосим соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Раҳм-шафқат фақат бадбахт одамдан олиб қўйилади» (Имом Термизий ривояти).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَيْنَمَا رَجُلٌ يَمْشِي بِطَرِيقٍ اشْتَدَّ عَلَيْهِ الْعَطَشُ فَوَجَدَ بِئْرًا فَنَزَلَ فِيهَا فَشَرِبَ ثُمَّ خَرَجَ فَإِذَا كَلْبٌ يَلْهَثُ يَأْكُلُ الثَّرَى مِنْ الْعَطَشِ فَقَالَ الرَّجُلُ لَقَدْ بَلَغَ هَذَا الْكَلْبَ مِنْ الْعَطَشِ مِثْلُ الَّذِي كَانَ بَلَغَ مِنِّي فَنَزَلَ الْبِئْرَ فَمَلا خُفَّهُ مَاءً ثُمَّ أَمْسَكَهُ بِفِيهِ حَتَّى رَقِيَ فَسَقَى الْكَلْبَ فَشَكَرَ اللَّهُ لَهُ فَغَفَرَ لَهُ قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ وَإِنَّ لَنَا فِي هَذِهِ الْبَهَائِمِ لاجْرًا؟ فَقَالَ: «فِي كُلِّ كَبِدٍ رَطْبَةٍ أَجْرٌ» (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир киши йўлда бораркан, қаттиқ ташна бўлди. Бир қудуқ топиб, унга тушди ва сувидан ичиб чиқди. Қараса, бир ит ташналикдан тилини осилтириб, тупроқ ялаб турибди. У: «Бу итга ҳам худди менга етгандек ташналик етибди» деди-да, қудуққа тушиб, маҳсисини тўлдириб сув олиб, уни тишлаганича тепага кўтарилди ва итни суғорди. Аллоҳ унинг бу ишидан мамнун бўлиб, гуноҳларини мағфират қилди», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бизга ҳайвонларга қилган яхшилигимизда ҳам ажр бўладими?» деб сўрадилар. «Ҳар бир қуримаган жигарда (яъни тирик жонда) ажр бор», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ:
Мусулмонларнинг динлари раҳм-шафқат устига қурилган. Парвардигорлари уларга меҳрибондир, пайғамбарлари уларга меҳрибондир, Аллоҳ таоло уларни ўзаро бир-бирларига раҳм-шафқатли деб сифатлаган. Раҳмдиллилик Аллоҳ таоло яхши кўрадиган мақтовли хулқлардан бўлиб, У зот Ўзининг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиллари орқали бандалари ичидан фақат раҳмли кишиларга раҳм қилишини хабар берган.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Раҳм-шафқат мўминларнинг сифатларидан;
- Одамларга раҳм-шафқатли бўлиш Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлиш сабабларидан;
- Қалбдан раҳм-шафқат олиб қўйилиши инсоннинг бадбахтлиги аломатидир;
- Ҳайвонларга яхшилик қилиш савобли иш.