Бизга боғланинг
22. Аллоҳ йўлидаги мужоҳиднинг ҳақ-ҳуқуқлари
Кимни Аллоҳ йўлидаги мужоҳид деб айтамиз?
Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва билингизки, албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Бақара: 244).
«Иймон эгалари Аллоҳ йўлида жанг қиладилар, кофир кимсалар эса шайтон йўлида жанг қиладилар. Бас, шайтоннинг дўстларига қарши жанг қилингиз! Шубҳасиз, шайтоннинг макри заиф бўлувчидир» (Бақара: 244).
«(Эй мўминлар), хоҳ енгил, хоҳ оғир ҳолингизда (яъни, истасангиз, истамасангиз жиҳодга) чиқингиз ва молу жонларингиз билан Аллоҳ йўлида курашингиз! Агар билсангизлар, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир» (Тавба: 41).
«Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлардир. Ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган зотлардир» (Ҳужурот: 15).
Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Бир киши ўлжа учун жанг қилади, бир киши шуҳрат қозониш учун ва обрў-эътиборга эга бўлиш жанг қилади. Қай бири Аллоҳ йўлида жанг қилган бўлади?», деб сўради. У зот: «Ким Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун жанг қилса, шу Аллоҳ йўлида (жанг қилган) бўлади», деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб деди: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жанг(нинг маъноси) нима? Зеро, бировимиз ғазабланганидан, (бировимиз) ҳамият қилиб жанг қилади». У зот дедилар: «Ким Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун жанг қилса, шу одам Аллоҳ азза ва жалла йўлида (жанг қилган бўлади)» (Муттафақун алайҳ).
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жасурлигини кўрсатиб қўйиш учун урушадиган ва риё учун урушадиган киши ҳақида: «Уларнинг қай бири Аллоҳ йўлида бўлади?», деб сўралганларида: «Ким Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун жанг қилса, шу одам Аллоҳ азза ва жалла йўлида (жанг қилган бўлади)», деб жавоб бердилар.
Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Бир одам ажр ва зикр (шон-шуҳрат) талаб қилиб жангга кирса, у нима (ажр)га эга бўлади?», деб сўраган эди: «Ҳеч қандай ажрга эга бўлмайди», деб жавоб бердилар. Уч қайта сўраган эди ҳам: «Ҳеч нарсага эга бўлмайди», деб жавоб бердилар, сўнг: «Аллоҳ таоло фақат Ўзи учун холис бўлган ва Унинг Юзи исталган амалнигина қабул қилади», дедилар (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 2943).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Қай бир лашкар Аллоҳ йўлида жанг қилиб, ўлжага эришар эканлар, охиратдаги ажрларининг учдан иккисини нақд олган бўладилар ва улар учун учдан бири қолади. Агар ўлжага эришмасалар, ажрлари тўлалигича қолади» (Имом Муслим ривояти).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳ йўлида ғазот қилса-ю, фақат биргина тушовни (ўлжа сифатида қўлга киритишни) ният қилган бўлса, унга ният қилган нарсаси бўлади» (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 2941).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ йўлидаги мужоҳиднинг мисоли – ким Унинг йўлида жиҳод қилаётганини Аллоҳнинг Ўзи яхши билувчироқ – кундузлари рўзадор ва кечалари намозда қоим турувчи кишининг мисолига ўхшайди. Аллоҳ таоло Ўзининг йўлидаги мужоҳидни ё вафот эттириб, жаннатга киритишга ё эса ажр ё ўлжа билан саломат қайтаришга кафилдир» (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бир киши Аллоҳ йўлида жароҳатланган бўлса – Аллоҳ Унинг йўлида жароҳатланган одамни яхшироқ билувчидир – қиёмат куни ранги қоннинг ранги, ҳиди эса мушкнинг ҳиди бўлган ҳолда келади» (Муттафақун алайҳ).
Аллоҳ йўлидаги мужоҳиднинг фазли
Аллоҳ таоло айтади:
«Мўминлардан ўзлари бешикаст бўлиб туриб (жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилар билан Аллоҳ йўлида мол ва жонлари ила курашган зотлар баробар бўлмайди. Аллоҳ молу жонлари билан курашган зотларни (бирон узр сабабли жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилардан бир даража афзал қилди ва барчаларига гўзал оқибатни (яъни жаннатни) ваъда қилди. Ҳамда Аллоҳ жиҳод қилувчиларни ўтириб олувчилардан улуғ мукофот — Ўз томонидан бўлажак юксак даражалар, мағфират ва марҳамат билан афзал қилди. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо: 95, 96).
«Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида молу жонлари билан курашган зотларнинг Аллоҳ наздидаги даражалари жуда улуғдир ва ўшалар (бахт-саодатга) эришувчидирлар» (Тавба: 20).
«Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва (Расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) урушган кишилар (Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан) баробар бўлмас. Улар кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (оқибат – жаннат) ваъда қилгандир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳадид: 10).
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир кишининг Аллоҳ йўлида бир соат (лаҳза) туриши (унда жиҳод бўлмаган) олтмиш йиллик ибодатдан афзалроқдир» (Уқайлий «Аз-зуъафо»да, Хатиб «Ат-тарих»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1901).
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир кишининг Аллоҳ йўлида бир соат сафда туриши Аллоҳ наздида бир кишининг олтмиш йиллик ибодатидан афзалроқдир» (Ҳоким ривоят қилиб: «Бухорий шартига кўра саҳиҳ» деган, Саҳиҳут-тарғиб: 1303).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ йўлида бир соат туришлик қадр кечаси ҳажарул-асвад ёнида намоз ўқиб чиққандан яхшироқ» (Ибн Ҳиббон ва Ибн Асокир ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1068).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ йўлидаги мужоҳиднинг мисоли давомий рўзадор ва намозда қоим бўлган, то (мужоҳид жангдан) қайтгунича намоз ва рўзада давом этган кишининг мисолига ўхшайди» (Молик «Муватто»да ва бошқалар ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2896).
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир кун Аллоҳ йўлидаги рибот (яъни, чегарада қўриқчилик қилиб туриш) дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир» (Муттафақун алайҳ).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларга қадр кечасидан ҳам афзалроқ бир кечани айтиб берайми? Хавф-хатар ерида лашкарни қўриқлаб турувчи киши (ўтказган тун), эҳтимол у аҳли-оиласига қайтиб келмас» (Ҳоким ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2811).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан риботнинг ажри ҳақида сўралганда у зот: «Ким бир кеча мусулмонлар ортидан қўриқчилик қилишни лозим тутса, унга орқасидаги ҳар бир рўза тутган ва намоз ўқиган кишининг савоби бўлади» (Ҳайсамий «Мажмаъуз-завоид»да (5/289): «Табароний «Авсат»да ривоят қилган, ровийлари ишончли» деган).
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳ йўлида бир кеча риботда турса, гўё минг кеча намоз ва рўзада тургандек бўлади» (Ибн Можа ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 1224).
Бир ривоятида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчиликда туриш кечасида намозда турилиб, кундузида рўза тутилган минг кечадан афзалдир», деганларини эшитганман» (Ҳоким «Мустадрак»да (2/81) ривоят қилиб: «исноди саҳиҳ ҳадис» деган, Заҳабий бунга қўшилган).
Умму Мубашшир розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамларнинг манзилат (даража)да энг яхшиси – отига миниб олиб, душманларга хавф соладиган, душманлар ҳам унга хавф соладиган кишидир» (Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3333).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннатда Аллоҳ таоло Аллоҳ йўлидаги мужоҳидларга ҳозирлаб қўйган юзта даража (мартаба) бор. Ҳар икки даражанинг оралиғи осмон билан ер оралиғичадир» (Имом Бухорий ривояти).
Каъб ибн Мурра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким душманга битта камон ўқи теккизса, Аллоҳ уни бир поғона юксалтиради». Шунда Абдурраҳмон ибн Нажжом: «Бир поғона қанча, ё Расулуллоҳ?», деб сўраган эди: «У онангнинг остонаси эмас, ҳар икки поғона ўртаси юз йил(лик йўл)», деб жавоб бердилар (Насоий, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 1287).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Мени жиҳодга тенглашадиган бирон амалга йўллаб қўйсангиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тополмаяпман», дедилар, сўнг: «Мужоҳид (жиҳодга) чиқиб кетгач, масжидингга кириб, тўхтовсиз намозда туриш ва узлуксиз рўза тутишга қодир бўласанми?», дедилар. У: «Ким ҳам бунга қодир бўларди?!», деди (Имом Бухорий ривояти).
Мусулмон кишининг мусулмон биродари устидаги ҳақ-ҳуқуқлари борасида айтилган барча сўзлар мужоҳидга ҳам тааллуқли, мужоҳид ҳам бунга тўла ҳақли, аслида. Лекин, мужоҳиднинг мужоҳид бўлмаган бошқа мусулмонлардан айрича афзалликлари борлигидан, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳам ортиқроқ ва риоя қилиниши зарурроқ саналади. Шу боис ҳам биз мужоҳиднинг фазилат ва ҳақ-ҳуқуқлари хусусида алоҳида сўз юритишни истадик.
Мужоҳиднинг фазилат ва ҳақ-ҳуқуқлари хусусида сўз юритишдан аввал мана шу фазилат ва ҳақларга лойиқ ва муносиб, қуйида биз зикр қиладиган оят ва ҳадисларни уларга ишлатиш мумкин бўлган “мужоҳидлар кимлар ўзи?”, деган саволга жавоб топиб олайлик. Чунки, бизнинг давримизга келиб мужоҳид номи кўп ҳолларда шайтон ва тоғут йўлида жанг қилувчи кишиларга ҳам истеъмол қилинадиган, тоғут йўлида жанг қилаётган «мужоҳид»лар ҳам ўзларини ҳақиқий мужоҳидлардан санаб, жиҳод ва мужоҳиднинг фазилатлари ҳақидаги оят-ҳадислар уларга ҳам тегишли эканини даъво қиладиган бўлиб кетишган. Мақтовга сазовор, ҳақиқий мужоҳид Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчи мужоҳиддир. Аллоҳ йўлидаги мужоҳид эса Аллоҳнинг калимаси “Ла илаҳа иллаллоҳ” олий бўлиши учун жанг қиладиган мужоҳиддир. Мужоҳиднинг жиҳоди Аллоҳнинг калимасини олий қилиш ва Аллоҳнинг ҳукмини татбиқ этиш учун бўлаётган жиҳод деган номга сазовор бўлиши учун унда иккита сифат ёки шарт топилиши зарур: 1) У жиҳодини Аллоҳ учун холис, ёлғиз Унинг савоби ва розилигини истаб, Унинг амрига итоат қилибгина қилиши, қилаётган жиҳоди ортидан риё ва сумъа истамаслиги, уни жиҳод қилишга ҳамияти ёки ботилга таассуб қилиши олиб келган бўлмаслиги лозим. Зотан, ихлос ҳар қандай ибодатнинг, шу жумладан Аллоҳ йўлидаги жиҳоднинг ҳам Аллоҳ ҳузурида қабул бўлишининг шартидир. 2) Уни жиҳод қилишга олиб келган ва жиҳодга сабаб бўлган иш – Аллоҳ таоло изн берган, машруъ қилган ва уни бандаларига фарз қилган шаръий иш бўлмоғи зарур. Яъни, динни ё номус-обрўни ё мол-мулкни ё ерни ё ислом давлатини ҳимоя қилиб, ёки заиф-ночор, қувғинга учраган мўмин-мусулмонлар ҳимояси йўлида, ёхуд зулму тажовузни бартараф этиш, мазлумнинг ҳаққини олиб бериш каби жиҳод ва жангсиз амалга ошмайдиган ҳар қандай иш учун жангга кириш – Аллоҳ изн берган жиҳод туридан саналади ва бу – ихлос шарти билан биргаликда – Аллоҳ йўлидаги жиҳод васфи ва ҳукмига сазовор ҳисобланади.
Аллоҳ таоло айтади: «Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир» (Ҳаж: 39). Бу зулмни даф қилиш учун Аллоҳ йўлидаги жангдир.
Яна айтади: «Улар ўзларига зулм етган вақтда (унга қарши курашиб) ғолиб бўладиган зотлардир» (Шўро: 39). Яъни, улар ўзларининг топталган ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиб ғолиб бўладилар, бу – ихлос билан бўлганда – Аллоҳ йўлидаги жиҳод саналади.
Яна айтади: «(Эй мўминлар), сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида ва «Парвардигоро, бизни эгалари золим бўлган бу шаҳардан озод қил ва бизга ўз ҳузурингдан бир дўст бергин, бизга ўз ҳузурингдан бир ёрдамчи қилгин», деяётган эркаклар, аёллар ҳамда болалардан иборат бўлган бечоралар(ни озод қилиш) йўлида жанг қилмаяпсизлар?!» (Нисо: 75). Бу ҳам Аллоҳ йўлидаги жанг бўлиб, ундан мақсад заиф-бечора кишиларни, нотавон аёллару мурғак гўдакларни кофирларнинг зулму тажовузидан қутқаришдир.
Яна айтади: «Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар!» (Ҳужурот: 9). Бу ҳам Аллоҳ йўлидаги жиҳоддир, ундан мақсад тажовузкорни тажовузидан тийиб қўйиш ва тажовузга учраган тоифага ёрдам қилишдир.
Қасд битта – яъни, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ва Унинг ҳузуридан ажру савоб талаб қилиш – ғаразлар эса кўп ва турли-туман, лекин шарти – Аллоҳ изн берган машруъ иш бўлишидир, Аллоҳнинг калимаси ва ҳукми шудир. Чунки, ботилни рўёбга чиқариш ёки ҳақни йўққа чиқариш ёки золимнинг зулмига ёрдам бериш каби ноҳақ ва номашруъ йўлларда жиҳод қилиш жоиз бўлмайди.
Саҳиҳ ҳадисда келганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким қонини (жонини) ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким динини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким аҳлини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир» деганлар (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 6445), «Ким мазлама (яъни ўзининг поймол қилинган ҳаққини) талаб қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир» деганлар (Насоий ва бошқалар ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 6447). «Молини ҳимоя қилиб» ёки «динини мудофаа қилиб» каби иборалар саҳиҳ шаръий иборалар бўлиб, «Аллоҳ йўлида ерни, номусни, аҳлни, молни, ҳақ-ҳуқуқни ҳимоя қилиб жанг қиламиз» деб айтиш жоиз. Бироқ, «Ер ёки номус ёки аҳл ёки мол йўлида жанг қиламиз» деб айтиш хато бўлади, бундай дейиш кишини ширкка тушириб қўяди.
Аллоҳнинг калимаси Унинг ҳукми, буйруғи, шариатидир. Аллоҳ бандаларига буюрган, шаръий қилган ва у сабабдан жиҳод қилишга изн берган барча нарсаларни ҳимояси йўлида жанг қилиш Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун жанг қилиш саналади.
«Ажр ва зикр талаб қилиб» дегани ихлосга, яъни Аллоҳ таолодан ажру савоб талаб қилишга риё аралашган иккинчи бир ниятни, яъни одамлардан мақтов исташни аралаштириш, демакдир. Бу нарса кишининг амалини фосид қилади, чунки Аллоҳ таоло Ўзи учун холис бўлган амалнигина қабул қилади.
«Аллоҳнинг ўзи ким Унинг йўлида жиҳод қилаётганини яхши билувчироқ», чунки – юқорида ўтганидек – жиҳоднинг бир тарафи қалбга, ихлос ва ниятга алоқадордир. Бу аслида жиҳод амалиясининг энг муҳим тарафидир ва буни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Демак, жиҳоднинг зоҳири ва ботини мавжуд бўлиб, зоҳири шариатга мувофиқ бўлишидир. Ботини эса ихлос ва сидқи ниятга мувофиқ ва уни рўёбга чиқарувчи бўлишидир.
Лашкарни қўриқлаб турувчи киши – урушнинг олдинги чизиқларида, душманга яқин бўлган ўринларда туриб, орқадаги лашкарни душманнинг кутилмаган ҳужумидан қўриқлаб турувчи кишидир. Шубҳасиз, бу энг хатарли ва оғир ўрин бўлиб, душмандан узоқроқ бўлган орқа қаторлардаги жангчиларга нисбатан кўпроқ огоҳлик ва ҳушёрлик талаб қилади. Шунинг учун бундай киши ана шундай катта ажрга лойиқ бўлади.
Орқасидаги кишиларнинг
тинч-хотиржам тоат-ибодат қилишларига имконият яратиб бергани туфайли ҳам у
уларнинг ибодатлари савобига шерик бўлади.