Бизга боғланинг
315. Дўзах ва унинг ҳароратининг кучлилиги ҳақида
Аллоҳ таоло айтади: «Бас, (эй инсонлар), Мен сизларни ловуллаб ёниб турган оловдан — дўзахдан огоҳлантирдим» (Вал-лайл: 14).
«Йўқ, (ҳеч қандай тўлов уни азобдан қутқара олмас)! Албатта (кофирлар ташланадиган дўзах ўз ҳарорати билан бош териларини сидириб олувчи бўлган) бир оловдир!» (Маориж: 15, 16).
«У ҳолда кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир» (Бақара: 24).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «نَارُكُمْ جُزْءٌ مِنْ سَبْعِينَ جُزْءًا مِنْ نَارِ جَهَنَّمَ» قِيلَ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنْ كَانَتْ لَكَافِيَةً قَالَ: «فُضِّلَتْ عَلَيْهِنَّ بِتِسْعَةٍ وَسِتِّينَ جُزْءًا كُلُّهُنَّ مِثْلُ حَرِّهَا» (متفق عليه).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ёқаётган бу ўтларингиз дўзах ҳароратининг етмишдан бир бўлагидир. «Аллоҳга қасамки, бир бўлаги ҳам етарди, Ё Расулуллоҳ», дейилди. «Дўзах ўти ўша ҳолатига олтмиш тўққиз баробар кучайтирилгандир ва ҳар бири ўшанча ҳароратдадир», дедилар (Муттафақун алайҳ).
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «يُؤْتَى بِأَنْعَمِ أَهْلِ الدُّنْيَا مِنْ أَهْلِ النَّارِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيُصْبَغُ فِي النَّارِ صَبْغَةً ثُمَّ يُقَالُ يَا ابْنَ آدَمَ هَلْ رَأَيْتَ خَيْرًا قَطُّ هَلْ مَرَّ بِكَ نَعِيمٌ قَطُّ فَيَقُولُ لا وَاللَّهِ يَا رَبِّ وَيُؤْتَى بِأَشَدِّ النَّاسِ بُؤْسًا فِي الدُّنْيَا مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ فَيُصْبَغُ صَبْغَةً فِي الْجَنَّةِ فَيُقَالُ لَهُ يَا ابْنَ آدَمَ هَلْ رَأَيْتَ بُؤْسًا قَطُّ هَلْ مَرَّ بِكَ شِدَّةٌ قَطُّ فَيَقُولُ لا وَاللَّهِ يَا رَبِّ مَا مَرَّ بِي بُؤْسٌ قَطُّ وَلا رَأَيْتُ شِدَّةً قَطُّ» (رواه مسلم).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дўзах аҳлидан бўлган, дунёда ҳисобсиз ноз-неъматлар берилган киши олиб келиниб, дўзахга бир ботириб олинади-да, ундан: «Эй одам боласи, (дунёда) бирон яхшилик кўрдингми? Сенга бирон неъмат берилганмиди?» деб сўралади. У: «Аллоҳга қасамки, йўқ эй Роббим», дейди. Кейин жаннат аҳлидан бўлган, дунёда энг кўп машаққатни бошидан ўтказган киши олиб келиниб, уни бир марта жаннатга киргизиб чиқарилади-да сўнгра ундан: «Эй одам боласи, (дунёда) бирон бир машаққат кўрганмидинг? Бошингга бирон бир қийинчилик тушганмиди?, деб сўралади. У: «Йўқ, Аллоҳга қасамки эй Роббим, ҳаргиз машаққат кўрмадим ва бошимга бирон қийинчилик ҳам тушмади», дейди» (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ:
Аллоҳнинг азоби шиддатли ва аламлидир. Дўзах олови ҳарорати дунёда биз билган оловдан етмиш баробар кучлидир. Аллоҳ таоло уни кофир ва осийлар учун жазо сифатида ҳозирлаб қўйган.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Дўзах ҳароратининг шиддатли экани;
- У дунёдаги ўтнинг етмиштасига тенг экани.