Бизга боғланинг
323. Қиёмат кунидаги ҳисоб-китоб кўринишларидан
Аллоҳ таоло айтади:
«Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида — уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур» (Ёсин: 65).
«Улар териларига «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?»— дейишганида, (терилари): «Бизларни барча нарсани сўзлатган зот Аллоҳ сўзлатди, дедилар. Сизларни дастлаб У яратган ва сизлар яна Унинг Ўзигагина қайтарилурсизлар»» (Фуссилат: 21).
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ كُنَّا عِنْدَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَضَحِكَ فَقَالَ: «هَلْ تَدْرُونَ مِمَّ أَضْحَكُ؟» قَالَ قُلْنَا اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ قَالَ: «مِنْ مُخَاطَبَةِ الْعَبْدِ رَبَّهُ، يَقُولُ يَا رَبِّ أَلَمْ تُجِرْنِي مِنْ الظُّلْمِ قَالَ يَقُولُ بَلَى قَالَ فَيَقُولُ فَإِنِّي لا أُجِيزُ عَلَى نَفْسِي إِلاَّ شَاهِدًا مِنِّي قَالَ فَيَقُولُ كَفَى بِنَفْسِكَ الْيَوْمَ عَلَيْكَ شَهِيدًا وَبِالْكِرَامِ الْكَاتِبِينَ شُهُودًا قَالَ فَيُخْتَمُ عَلَى فِيهِ فَيُقَالُ لأَرْكَانِهِ انْطِقِي قَالَ فَتَنْطِقُ بِأَعْمَالِهِ قَالَ ثُمَّ يُخَلَّى بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْكَلامِ قَالَ فَيَقُولُ بُعْدًا لَكُنَّ وَسُحْقًا فَعَنْكُنَّ كُنْتُ أُنَاضِلُ» (رواه مسلم).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, у зот кулдилар, сўнг: «Нега кулганимни биласизларми?», деб сўрадилар. Биз: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деб жавоб бердик. Шунда дедилар: «Банданинг Робби билан сўзлашувидан (кулдим). У: «Эй Роббим, менга зулмдан паноҳ бермаганмисан, ахир?!», дейди. (Робби) айтади: «Ҳа, шундай». Шунда у: «Мен ўзимга қарши ўзимдан бошқа гувоҳ (келтирилиши)га ижозат бермайман», дейди. (Робби:) «Бугун сенга қарши ўзингнинг гувоҳлигинг ва Киромун Котибийн (яъни амалларни ёзиб турувчи улуғ фаришталар) гувоҳлиги етарлидир», дейди. Сўнг унинг оғзи муҳрланади ва аъзоларига: «Гапиринглар!», дейилади. (Аъзолари унинг қилган) амалларини айтиб беришади. Сўнгра унга гапиришга имкон берилади. Шунда у (аъзоларига): «Қуриб кетгурлар, йўқ бўлиб кетгурлар! Мен сизларни ҳимоя қилаётган эдим-ку», дейди (Имом Муслим ривояти).
Мўминларнинг ҳисоби енгил қилинади:
Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсон, албатта сен меҳнат-машаққат чекиб Парвардигорингга (яъни Унинг мукофот ёки жазосига) борувчисан, (бу ҳаёти дунёдан ўтганингдан сўнг) У зотга йўлиқувчисан. Ана энди кимнинг номаи аъмоли ўнг томонидан берилса, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак» (Иншиқоқ: 6-8).
عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ «إِنَّ اللَّهَ يُدْنِي الْمُؤْمِنَ فَيَضَعُ عَلَيْهِ كَنَفَهُ وَيَسْتُرُهُ فَيَقُولُ أَتَعْرِفُ ذَنْبَ كَذَا أَتَعْرِفُ ذَنْبَ كَذَا فَيَقُولُ نَعَمْ أَيْ رَبِّ حَتَّى إِذَا قَرَّرَهُ بِذُنُوبِهِ وَرَأَى فِي نَفْسِهِ أَنَّهُ هَلَكَ قَالَ سَتَرْتُهَا عَلَيْكَ فِي الدُّنْيَا وَأَنَا أَغْفِرُهَا لَكَ الْيَوْمَ فَيُعْطَى كِتَابَ حَسَنَاتِهِ وَأَمَّا الْكَافِرُ وَالْمُنَافِقُونَ فَيَقُولُ الأَشْهَادُ »هَؤُلاءِ الَّذِينَ كَذَبُوا عَلَى رَبِّهِمْ أَلا لَعْنَةُ اللَّهِ عَلَى الظَّالِمِينَ «» (رواه البخاري).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло мўминни яқин келтириб, унинг устига пардасини ташлайди ва (бошқалар кўзидан) яширади, сўнг уни гуноҳларига иқрор қилдиради: «Фалон-фалон гуноҳни эътироф этасанми?» У: «Ҳа, эътироф этаман эй Раббим», дейди. Барча гуноҳларига иқрор қилдиргач ва банда ўзича энди албатта тамом бўлдим деб ўйлагач, шунда: «Сен учун дунёда буларни яширган эдим, энди бугун эса уларни мағфират этаман», дейди. Сўнг унга яхши амалларининг саҳифаси берилади. Аммо кофир ва мунофиқлар (ҳақида) барча гувоҳлар: «Мана шулар Парвардигорлари шаънига ёлғон сўзларни сўзлаганлар», дейдилар» (Ҳуд: 18) (Имом Бухорий ривояти).
Шарҳ:
Қиёмат куни Аллоҳ таоло адолат ва фазлу марҳамат билан ҳисоб қилади. У Зот кофир ва жиноятчиларга Ўз адолати билан ҳукм қилиб, уларни қилган қилмишларига яраша жазолайди, уларга ўз аъзоларини гувоҳ қилиб, бирон баҳонага ўрин қолдирмасдан шармандаларини чиқаради. Мўмин-мусулмон бандаларини эса Ўз фазлу марҳамати билан гуноҳларини яширади ва мағфират қилади.
Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
- Қиёмат куни кофирнинг аъзойи бадани унинг қилиб ўтган амаллари ҳақида ўзига қарши гувоҳлик беради;
- Мўминларга ҳисоб осонлаштирилади;
- Аллоҳ таоло мўминларнинг гуноҳларини яшириб, мағфират қилади, кофир ва мунофиқларни эса шармандаю шармисор қилади.