327. Тақвонинг фазли ва тақволи бўлишга буйруқлар

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳашр: 18).

    «Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилур». (Моида: 27).

    «Ким Аллоҳдан қўрқса У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур» (Талоқ: 2, 3).

    «Биз сизлардан илгари Китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар, деб амр қилдик» (Нисо: 131).

    «Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, сизлар учун хақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато қилур» (Анфол: 29).

    «(Ҳақ эканлигига) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб ғойибга ишонадиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган тақволи кишилар учун раҳбар-йўлбошчидир» (Бақара: 2,3).

    «У – Биз бандаларимиздан тақводор бўлган кишиларга мерос қилиб берадиган жаннатдир» (Марям: 63).

    «(У кунда) жаннат тақводор бўлган зотларга яқин қилинди» (Шуъаро: 90).

    عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ لِي رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «اتَّقِ اللَّهِ حَيْثُمَا كُنْتَ وَأَتْبِعْ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ» (أخرجه الترمذي).

    Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қаерда бўлмагин, Аллоҳдан қўрқ! Ёмонлик орқасидан яхшилик қил, у ўша (ёмонлик)ни ўчириб юборади, одамларга гўзал хулқ билан муомала қил!» (Имом Термизий ривояти).

    Шарҳ:

    Тақво – Аллоҳнинг буйруқларини қилиш ва қайтариқларидан тийилиш орқали ўзингиз билан Аллоҳнинг азоби ўртасига тўсиқ қўйишингиздир. У дунё ва охиратнинг барча яхшиликларини ўзида жамловчидир. Аллоҳ таоло аввалгилар-у охиргиларни унга буюрган ва амалларни фақат тақводорлардан қабул қилишини айтган.

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
    1. Тақвонинг фазли, у барча яхшиликни ўзида жамлаган экани;
    2. У кулфатларнинг ариши ва ризқнинг кенгайишига сабаб бўлиши;
    3. У жаннатга эришишга сабаб экани.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962