Бизга боғланинг
«Ат-Тасҳилуз-зарурий лимасаилил-Қудурий» дан
Ҳаж китоби
Муаллиф: Муҳаммад Ошиқ Илоҳий
Таржимон: Абу Умар ал-Маданий
1. Савол: Араб тили ва Ислом шариатида ҳаж деб нимага айтилади?
Жавоб: Араб тилида ҳаж деб, улуғ жойни зиёрат қилишга айтилади. Шариатда эса махсус жойни маълум вақтда махсус амалларни қилиш учун зиёрат қилишга айтилади. Қуйида иншоаллоҳ буларнинг барчасини батафсил билиб оласиз.
2. С: Исломда ҳаж қилишнинг ҳукми нима?
Ж: Ҳаж ислом арконларидан бири бўлиб, унинг фарзлигини инкор қилган киши кофир бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: (Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир).
3. С: Ҳаж кимларга фарз бўлади?
Ж: Ҳаж балоғатга етган, ақлли, соғлом мусулмон кишиларга йўл тинч бўлиши ва улар сафар харажатига қодир бўлишлари шарти билан фарз бўлади. Нақлиёт воситасига эга бўлиш ёки ижарага олиш сафар харажати жумласидандир. Ҳажга сарфланадиган маблағ турар жой, зарурий эҳтиёжлар, ҳамда бола-чақасининг то у қайтиб келгунга қадар етарлик нафақасидан ортиқча бўлиши шарт.
4. С: Аёл киши ҳаж қилиши учун юқорида айтилган шартлардан ўзга шартлар ҳам борми?
Ж: Ҳа, аёл киши эри ёки бирон маҳрами[1] билан ҳаж қилиши шарт. Агар аёл яшайдиган ер билан Маккаи мукаррама ўртасида намоз қаср ўқиладиган сафар масофаси[2] бўлса, у эри ёки маҳрамисиз ҳажга чиқиши жоиз эмас.
Ҳажнинг фарз, вожиб ва суннатлари
5. С: Ҳажнинг фарзлари нималар ва улар нечта?
Ж: Фарзлари учта, улар қуйидагилар:
1- Эҳром;
2- Арафотда туриш;
3- Зиёрат тавофи.
6. С: Вожиблари нималар?
Ж: Улар қуйидагилар:
1- Қурбон ҳайити куни тонг отгандан кейин муздалифада туриш;
2- Сафо-Марва ўртасида саъй қилиш;
3- Жамарот[3] тошларини отиш;
4- Видолашув тавофини қилиш (Маккалик бўлмаган ҳожиларга хос) ;
5- Сочни қирдириш ёки қисқартириш;
6- Арафа куни Арафотда то кун ботгунча туриш;
7- Ҳадй[4] сўйиш. (Қирон ва таматтуъ ҳажни қилганларга хос).
8- Муфрид[5] 1-тош отиш, 2-соч олдириш тартибга риоя қилиши. Қорин[6] ва мутаматте[7] 1- тош отиш, 2-ҳадй сўйиш, ва 3-соч олдириш тартибга риоя қилиши.
9- Зиёрат тавофини қурбонлик кунлари Зулҳижжа ойининг11-12-13- кунлари дан бирида адо этиш.
10- Сочни ҳарам чегараси ичида, ва қурбонлик кунларидан бирида олдириш ёки қисқартириш.
7. С: Ҳажнинг суннатлари нималар?
Ж: Улар қуйидагилар
1- Қудум тавофини қилиш (ифрод ва қирон ҳажини қилувчи офоқий (мийқотдан ташқаридан келган)ларга хос);
2- Изтибоъ[8] ва рамал[9] қилиш. (тавофдан сўнг Сафо-Марвада саъй қилиш мақсади бўлса);
3- Минога тарвия (8-зулҳижжа) куни бориш ва ўша ерда ертанги кун бомдодидан кейингача қолиш;
4- Арафа куни қуёш чиққандан сўнг минодан арафотга йўл олиш;
5- Қурбонлик куни тонг отмасдан олдин муздалифада тунаш;
6- Арафотда ғусл қилиш;
7- Зулҳижжа ойининг 11-12-13- кечаларида минода тунаб қолиш.
Эҳром ва эҳромга киришга таъйинланган жойлар
8.С: Эҳром нима у?
Ж: Эҳром талбия айтиш билан ҳаж ёки умрага ният қилишдир.
9. С: Киши эҳромсиз ўтиш жоиз бўлмаган мийқот-эҳром чегараларини айтиб берсангиз.
Ж: Мийқотлар бешта бўлиб уларни барчасини Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берганлар.
1- Зулҳулайфа, Мадина аҳолисининг мийқоти;
2- Зоту-ирқ, Ироқликларнинг мийқоти;
3- Жуҳфа, Шом-Сурия, Ливан ва Фаластинликларнинг мийқоти;
4- Қарн, Наждликларнинг мийқоти;
5- Яламлам, Яманликларнинг мийқоти.
Бу мийқотлар мазкур минтақалар аҳолисига ва у ердан ўтиб келувчилар учундир.
10. С: Юқорида айтиб ўтилган мийқотлар, ўша мийқотлардан ташқарида яшовчилар ва ва у ердан ўтиб келувчилар учун бўлса, мийқотнинг ўзида ёки икки мийқот ўртасида, ёки ҳилда яъни мийқот билан ҳарам ўртасида яшовчилар ҳамда ҳарамни ўзида яшовчиларнинг ҳукми нима?
Ж: Мийқотнинг ўзида яшовчилар ўз жойларидан эҳромга кирадилар. Ҳарам билан мийқот ўртасида яшовчилар ҳилдан[10] эҳромга кирадилар. Ҳарамда яшовчилар ҳажда ҳарамнинг ўзидан, умрада эса ҳарам ташқарисидан эҳромга кирадилар.
11. С: Мийқотга етиб келмай туриб, мийқот ташқарисидан эҳромга кирса бўладими?
Ж: Ҳа бўлади. Агар у ҳаж ойларида эҳромда ман қилинган ишлардан ўзини тийишга ишонса шуниси афзалроқ .
12.С: Эҳромга мийқотдан ўтиб кетгандан кейин кирса нима бўлади?
Ж: Бундай қилиш жоиз эмас. Агар мийқотдан ўтгандан кейин эҳромга кирса, унга жонлиқ сўйиш вожиб бўлади.
13.С: Бир киши Маккаи Мукаррамага сафар қилсаю йўлда мазкур мийқотлардан биронтасига ҳам йўлиқмаса, у қаердан эҳромга киради?
Ж: У қайси мийқот ёнидан ўтса, ўша мийқот тўғрисидан эҳромга киради.
14.С: Эҳромга киришнинг суннатда кўрсатилган йўл-йўриғи борми?
Ж: Албатта бор. Киши эҳромга кирмоқчи бўлса, аввал ғусл ёки таҳорат қилади -ғусл афзалроқ.- сўнг икки бўлак матодан иборат янги ёки ювилган, тоза эҳром либосини кияди. Эҳром либосининг бирини белидан пастки қисмига ўрайди, иккинчисини елкасидан ташлаб олади. Агар атири бўлса, баданини хушбўйлаб олади. Атир эҳром либосига тегиб кетмаслиги керак, тегиб кетса дарҳол ювиб ташланади. Сўнгра икки ракъат намоз ўқиб, қуйидагича ният қилади:
Эй, Аллоҳим мен ҳаж қилишни нийят қилдим. Уни Ўзинг осон қилгин ва мендан қабул қилгин дейди, сўнгра талбия айтади:
لَبَّيْكَ اللَّهُمَ لَبَّيْكَ لَبَّيْكَ لا شَرِيكَ لَكَ لَبَّيْكَ إِنَّ الْحَمْدَ وَ النِّعْمَةَ لَكَ وَالْمُلْكُ لا شَرِيَك لَكَ
Маъноси:
(Амрингга тайёрман эй, Аллоҳим амрингга тайёрман. Амрингга тайёрман Сенинг шеригинг йўқдир, амрингга тайёрман. Албатта барча ҳамд-мақтовлар,неъматлар ва мулк фақат Сеникидир Сенинг шеригинг йўқдир.)
Ушбу калималардан ҳеч бирини тушириб қолдирмайди. Талбия айтган киши эҳромга кирган ҳисобланади, энди у эҳромда ман этилган ишлардан эҳтиёт бўлмоғи лозим.
15.С: Аёл киши ҳайз ёки нифос ҳолатида бўлса, эҳромга кирадими ёки қон тўхташини кутадими?
Ж: Қон тўхташини кутмайди, агар ювингани жой топса, тозалик учун ювиниб, сочларини тараб, эҳромга киради. Ният қилиб талбия айтса, эҳромга кирган ҳисобланади. Маккаи мукаррамага етиб келгач, қон тўхташини кутади, тўхтагач ғусл қилиб тавоф қилади.
Эҳром маҳзуротлари
16.С: Эҳромда нималар ман қилинган?
Ж: Қуйидагилар ман қилинган:
1. Аёлга яқинлик қилиш;
2. Гуноҳ ишларни қилиш;
3. Жанжал-тўполон қилиш;
4. Қуруқликдаги овланадиган ҳайвонларни ўлдириш;
5. Овчига ов қаерда эканини айтиб бериш; (Ишора билан ҳам кўрсатилмайди.)
6. Кўйлак, шим, тўн ва шулар каби инсон аъзосига мўлжаллаб тикилган ёки тўқилган нарсаларни кийиш;
7. Қўлқоп ва маҳси кийиш. Агар ковуш топа олмаса, маҳсини тупиқдан пастини ковуш симон қилиб кесиб ташлайди;
8. Бошни ва юзни ўраш-беркитиш. Салла, дўппи ва бундан бошқа бош кийимларни киймайди;
9. Хушбўйлик ишлатиш;
10. Соч, соқолни олиш ёки қисқартириш. Бадандаги тукларни қайси йўл билан бўлса ҳам кетказиш;
11. Тирноқ олиш;
12. Эҳроми хушбўй ранглар билан бўялган бўлиши. Агар ювилган бўлиб ҳушбўй ҳид анқимайдиган бўлса, зарари йўқ.
17.С: Мазкур маҳзуротлар ҳаж эҳромида ман қилинган нарсаларми ёки умра эҳромидами?
Ж: Бу нарсалар ҳар икки эҳромда ҳам ман қилинган.
18.С: Маҳзуротларда эркак-аёлнинг ҳукми бир хилми ёки баъзи ишларда аёлларнинг ҳукми фарқ қиладими?
Ж: Бу нарсаларда эркак-аёлнинг ҳукми деярли бир хил. Аёлларнинг фарқи улар барча тикилган кийимларни кияверадилар, уларнинг эҳромлари учун хос кийим йўқ. Бошларини ҳам ўрайдилар. Номаҳрам эркаклар бўлмаган жойларда юзларини тўсмайдилар, акс ҳолда рўмолларини бошларидан ташлаб юзларини тўсадилар.
19.С: Эҳромдаги киши ювинса бўладими?
Ж: Ҳа, ювинса бўлади фақат ҳеч қандай хушбўй нарса ишлатмайди. Хушбўй бўлмаслик шарти билан бошини шампунлаб ёки совунлаб ювса бўлади.
20.С: Эҳромдаги киши уй, капа, соябонлик арава (ва сайёра) ичида сояланса бўладими?
Ж: Буларнинг барчаси жоиз.
21.С: Талбияни кўп айтишнинг ҳукми нима?
Ж: Талбияни кўп айтиш суннат. Хусусан, намозлардан кейин, саҳарда, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтганда: тонг отганда, кун ботганда, шунингдек ҳар тепаликка чиққанда ёки пастликка тушганда ҳамда одамларга йўлиққанда ва ҳоказо.
Маккага кириш ва тавофи қудум[11]
22.С: Ифрод ёки Қирон ҳажини ният қилган киши Маккаи Мукаррамага кирса амални нимадан бошлайди.
Ж: Муфрид ва Қорин Маккаи Мукаррамага етиб келгандан кейин таҳорат олиб масжидул ҳаромга киради. Каъбатуллоҳни кўргач такбир ва таҳлил айтади –Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳ- дейди. Сўнг тавоф қилади.
23.С Таматтуъ ҳажини ният қилган киши нима қилади?
Ж: Мутаматтиъ (яъни шу ҳажни қилаётган одам) Маккаи Мукаррамага киргач юкларини жойлагандан кейин Байтуллоҳга келиб муфрид ва қорин каби тавоф қилади. Бу тавоф мутаматтиъ учун умранинг тавофи ҳисобланади.
24.С: Тавоф қандай бошланиб, қандай тугатилишини айтиб берсангиз?
Ж: Тавофни Ҳажарул асвад олдидан унга юзланиб такбир айтиб бошлайди. Сўнгра мусулмонларга озор бермай имкони бўлса Ҳажарул асвадни қўли билан ушлайди ва ўпади. Озор еткизмай ўпишни иложи бўлмаса, ўнг кафти билан ушлаб кафтини ўпади. Бунинг ҳам иложи бўлмаса, қўлидаги ҳасса ёки шунга ўхшаш бирон нарсани теккизиб ўшани ўпади. Бунга ҳам имкон тополмаса, Ҳажарул асвад рўпарасига келиб, унга юзланган ҳолда, қўлини кўтариб Аллоҳу акбар дейди. Бунда кафтининг ташқи тарафини ўзи томонга, ичини Ҳажарул асвадга қаратиб, уни ушлагандай қилиб узатади, кафтини ўпмайди. Сўнгра ўнг томонига юзланиб, Каъбатуллоҳни чап тарафда қилиб, юришни бошлайди. Тавофда ҳатийм[12] орқасидан айланиб ўтади. Рукнул ямоний олдидан ўтганда иложи бўлса уни силаб ўтади. Иложи бўлмаса қўлини унга қаратиб кўтармайди. Ҳажарул асваднинг қаршисига етиб келиши билан битта тавоф тўла бўлади. Шу тарзда етти марта тавоф қилади. Тавофни Ҳажарул асваддан бошлаб, Ҳажарул асвада тугатади. Тугатаётганда Ҳажарул асвадни ушламайди, унга қўли билан ишора ҳам қилмайди.
Рамал ва изтибоъ
25.С: Айрим тавоф қилувчларнинг рамал ва изтибоъ қилаётганларини кўрамиз. Бунинг ҳукми нима?
Ж: Тавофдан сўнг Сафо-Марвада саъй қилиши керак бўлган одамга рамал ва изтибоъ қилиши суннат. Рамал тавофнинг аввалги учтасида, изтибоъ эса ҳаммасида суннат. Тавофи қудум қиладиган киши ундан сўнг саъй қилмоқчи бўлса, рамал ва изтибоъ қилади, бўлмаса, йўқ. Умра тавофини қилувчи эса рамал ва изтибоъ қилаверади. Чунки у тавофдан сўнг албатта саъй қилади.
26.С: Рамал қилиб юриш қандай бўлишини айтиб берсангиз?
Ж: Оҳиста югуриш.
27.С: Изтибоъ қандай бўлади?
Ж: Эҳромнинг бир тарафи ўнг қўлтиғ остидан чиқариб, чап елка устига ташлаб олинади. Ўнг елка очиқ туради.
Тавоф намози
28.С: Тавофдан сўнг нима қилинади?
Ж: Тавофдан сўнг икки ракъат намоз ўқиш суннат.
29.С: Бу намозни қаерда ўқилади?
Ж: Мақоми Иброҳим орқасида ўқиш суннат. Агар Мақомнинг орқасида ўқишнинг имкони бўлмаса, яна ҳам орқароқда ўқийди. Бунинг ҳам иложиси бўлмаса, Масжидул Ҳаромнинг ҳар жойида ўқиса бўлади
30.С: Мазкур намозда бирон муайян сура ўқиш керакми?
Ж: Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салллам бу намозда, Кофирун ва Ихлос сураларини ўқиганликларини айтганлар.
Сафо-Марвада саъй қилиш
31.С: Сафо-Марвада қай тарзда саъй қилиш керак эканини баён қилсангиз.
Ж: Саъй қилувчи Сафо томон кўтарилиб ушбу ояти каримани охиригача ўқийди.
(إِنَّ الصفا وَ الْمِرْوَةَ مِنْ شَعَائِرِ اللهِ…)
Сўнг такбир ва таҳлил айтади, ва Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллламга салавотлар айтиб ўзи ҳоҳлаган дуоларни ўқийди. Ушбу калимани уч марта ўқиш ва ҳар биридан кейин дуолар қилиш суннат:
لا إِلَهَ إِلا اللهُ وَحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ, لَهُ الْمُلْكُ وَ لَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِير
لا إِلَهَ إِلا الله وَحْدَهُ صَدَقَ وَعْدَهُ وَنَصَرَ عَبْدَهُ وَهَزَمَ اْلأَحْزَابَ وَحْدَه.ُ
Сўнг Марва томон юради, зангори белгига етгач то иккинчи зангори белгигача тез югуради. Иккинчи зангори белгига етгандан кейин оддий юришига қайтиб Марвага келади. Марвага кўтарилиб яна Сафода ўқиган дуоларни такрорлайди, оятни ўқимайди. Мана шу бир саъй бўлиб, Марвадан Сафога бориш ҳам бир саъй ҳисобланади. Саъй Сафода бошланиб Марвада битади. У саъйда мудом Аллоҳни зикр қилади. Ҳар гал борганда ҳам келганда ҳам икки зангори белги ўртасида югуради. Аёллар ҳеч ўринда югурмай оддий юришда юрадилар. Қорин ва муфрид бундан кейин то ҳажни тугатиб қайтгунларига қадар бошқа саъй қилмайдилар.
Соч олдириш
32. С: Сафо-Марвада саъй қилиб бўлгандан кейин нима қилади?
Ж: Сафо-Марвада саъй қилиб бўлгандан кейин Таматтуъ ҳажини қилувчи одам сочини қирдиради ёки қисқартиради. Қирдиришни ҳажга қолдириб қисқартиргани афзал. Аёллар сочларини жамлаб учидан бир бармоқ бўғимича қирқиб ташлайдилар.
33.С:Сочни ҳамма олдирадими?
Ж: Йўқ, сочни фақат мутаматтиъ олдиради. Қорин ва муфрид соч олдирмайдилар қисқартирмайдилар ҳам. Улар то Қурбонлик кунигача эҳромда қоладилар ва ўша куни сочларини олдирадилар.
34.С:Мутаматтиъ соч олдиргандан кейин нима қилади?
Ж: Мутаматтиъ эҳромидан чиқади, одатий кийимларини кияди. Унга эҳром сабабли ҳаром бўлган барча нарсалар ҳалол бўлади. У тарвия куни ҳаж учун эҳром боғлагунича шу ҳолда юради.
Минога, сўнг Арафотга бориш
35.С: Ҳожи тавофи қудум ва Сафо-Марвада саъй қилиб бўлгач Маккаи мукаррамада то ҳажгача бир муддат қолса, бу муддат давомида нима қилади?
Ж: У эҳромда қолиб хоҳлаган вақтда тавоф қилади, беш вақт намозни ҳарамда ўқийди. Чунки бу ерда ўқилган бир намоз бошқа жойда ўқилган юз минг намоздан афзалроқдир.
Тарвия (8- Зулҳижжа) куни кун чиққандан кейин минога йўл олади.
36.С: Минога боргач нима қилади?
Ж: Минода қолиб, пешин, аср, шом, хуфтон ва бомдод намозларини ўз вақтида жамоат билан адо этади.
37.С: Арафа куни қуёш чиққач нима қилади?
Ж: Арафа куни қуёш чиққач, Арафотга бориб у ерда то кун ботгунча қолади. Заволдан кейин имом билан пешин ва аср намозларини жамлаб ўқийди. Имом намоздан олдин хутба қилиб, намоз ўқиш тартиби, Арафот ва Муздалифада туриш, минода тош отиш, қурбонлик сўйиш, соч олдириш ҳамда зиёрат тавофи каби ҳаж амалларини ҳожиларга ўргатади. Сўнгра пешин намози вақтида бир азон икки иқомат билан пешин ва аср намозларини жамлаб ўқийди. Мана шу жаму-тақдимдир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздиларида жамъу-тақдим қилиб ўқиш учун мусулмонлар халифаси ёки унинг ноиби бўлиши, ҳаж эҳромида бўлиш, пешин вақти бўлиши шарт. Бинобарин, кимки ўз чодирида ёлғиз ўзи ёки кичик жамоат билан ўқиса, ҳар икки намозни ўз вақтида алоҳида ўқийди. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздиларида эса ёлғиз ўқувчи ҳам жамъу-тақдим қилиб ўқийверади.
38.С: Намоздан сўнг нима билан машғул бўлади?
Ж: Намоздан сўнг то қуёш ботгунча Арафотда туриб, дуо билан машғул бўлади. Раҳмат тоғи яқинида туриш, ва имкони борича тик туриб дуо қилиш мустаҳаб амалдир. Ўз чодирида дуо қилса ҳам бўлади.